Она Ўзбекистонда атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиётга оид ишлар янги босқичга кўтарилади.
Табиат ва иқтисодиётни бир-бири билан уйғун ҳолда барқарор ривожлантириш яшил иқтисодиётнинг асосини ташкил этади. Яшил иқтисодиёт – инсоннинг азиз умри ва ҳаёти учун зарур бўлган ресурслар: тоза ҳаво, дарёлар ва денгизлар, ўрмонлар, боғ-роғлар, ям-яшил қир-адирларни бир бутун, аслича сақлаб қолган ҳолда, қурилиш, хизмат кўрсатиш тизимлари билан уйғунлашган иқтисодий фаолиятнинг янги туридир.
Боболар бизга шохлари осмонларга тегиб турган чинорлар, асрларга салом берган минорлар, сайроқи қушчалар чўмилган анҳорлар қолдиришди. Боболардан бизга денгиздек чайқалган буғдойзорлар, оналарнинг этакларини ўпган олмали боғлар, булутлардан ёмғир соққан пурвуқор тоғлар қолди.
Биз бу оромбахш атроф-муҳитни асраб қола оламизми? Биздан келажак авлодга нима қолади? Лоқайдлигимиз туфайли кесилиб кетган чинорларнинг, эрта баҳорда оппоқ гуллаб, кузда сават-сават олма берадиган олма боғларнинг кундалари қоладими? Бир пайтлар боболаримиз етиштирган, аммо бизга қадар бир-бир унутилиб, навлари йўқолишга юз тутаётган узумзорлар, ўрикзорлар, анжирзорлар, нокзорлар, гилосзорларнинг суратлари қоладими?
Кўчаларда бобо ёнғоқлар бўлар эди. Мактабдан қайтаётган болаларга гала-гала қарғалар қағиллаб ёнғоқ ташлаб қочар эди. Энг баланд шохида туршак бўлиб қолган ўриклар тўкилиб ерда ётганда, бир четидан қушлар, бир четидан биз еганимиз қандай тотли эди. Имтиҳонлардан беш баҳо олган синфдош қизларга мактаб боғидан довуччалар, олчалар, гилослар териб берган ўғил болалар ҳақидаги қувноқ ҳикоялар фақат хотираларда қоладими?!
Элнинг болаларидан ортиб қолган марварид оқ тутлар, томирларга қон улашган шотутлар тотини тотган чумолилар, арилар, сайроқи қушлар қирилиб йўқ бўлиб кетмасдан атроф-муҳитни асраб қола оламизми?
Бугун Ўзбекистонда ҳар қарич ер эъзозда, ҳар томчи сув ҳисобда. Бу борада амалга оширилаётган ишларимиз катта тажрибага, илмга асосланган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Корея Республикасида ўтказилган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқида янграган мана бу сўзлар бутун жаҳон жамоатчилигида акс-садо берди: «Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак. Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди. Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Бугунги кунда «яшил тараққиёт» борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ...»
Замонавий иморатлар қуриш учун энергияни тежайдиган «ақлли бино»ларга асос солиш, қайта тикланадиган энергия манбааларини кўпайтириш, жамоат транспортини электр қуввати билан юрадиганларига алмаштириш, осмонўпар иморатлар барпо этиш учун ям-яшил дарахтларни кесмасликни виждон амри деб билмоғимиз лозим. Сув ичиб турган ҳавзаларни ифлосламаслик, ариқлар ва дарёларнинг йўли беркилиб, йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмасдан, атрофга зарарли газларни чиқармайдиган, экологик тоза технологияларни яратиш яшил иқтисодиёт барқарорлигини таъминлайди.
Президент ташаббуси билан уч йилдан буён ўтказиб келинаётган умумхалқ ҳаракати – «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини 37 миллиондан ортиқ аҳолимиз вақтинчалик масъулият сифатида эмас, қадрият дея қабул қилди. Орзу ниятли эл, доим эзгу мақсадларни кўзлаган халқ бўлганимиз учун ҳам бизда хайрли ишлар мангу яшайди.
Юрт раҳбаридан тортиб, кекса отахону онахонларгача эзгу ният билан дарахт экаётган тарихий кунларда Ўзбекистон маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларига «Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!» деб номланган Мурожаат билан чиқишди. Ушбу Мурожаат 37 миллиондан ошган халқимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Яшил иқтисодиётнинг жон томири ҳисобланган кўчат экиб боғ яратиш ишлари турғунлик йилларида баҳор келиши билан бошланган бўлса, Юртбошимиз томонидан 2024 йилнинг 25 октябр санасидан 1 декабрга қадар юртимизда кузги дарахт экаш мавсуми эълон қилинди.
Яшил тараққиёт сари дадил қадамлар ортга қайтмас ислоҳотларда, олис ва яқин ҳудудларда, жадал тус олган ишларда бўй кўрсатмоқда. Бу борада биргина Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар, Оролбўйи муаммолари биргина Ўзбекистон ёки Марказий Осиёнинг эмас, бутун дунёнинг экологик ҳалокати эканини Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Президентининг таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Ҳужжатларда Ўзбекистон Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фондини таъсис этилгани БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши тарихий ҳужжат бўлди.
Оролбўйида экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, денгиз қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги ишлар йилдан-йил, кундан-кун жадаллашмоқда. Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Орол ҳудудларида яшил қопламалар барпо этилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Бўзатов, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларидаги 41 та аҳоли пунктида бурғулаш орқали қудуқ қазиш ишлари ташкил этилди. 26 та овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 103 та нуқтада 15-500 метр чуқурликдаги қудуқларни бурғулаш ишлари натижасида маҳаллий аҳоли таъминоти ҳамда Оролбўйи ҳудудини кўкаламзорлаштириш учун 177 та артезиан қудуғи орқали сув чиқарилиб, 10 мингдан ортиқ аҳоли кафолатланган тоза ичимлик сув манбаи билан таъминланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бу, таъбир жоиз бўлса, дунёдаги 8 миллиарддан ортиқ инсоният ҳаётига хавф солаётган ҳалокатдан огоҳ этувчи чақириқ бўлиб янгради.
Юртимизда «Менинг боғим» лойҳаси бўйича ғолиб деб топилган 215 та лойиҳа бўйича босқичма-босқич экиш ишлари бошлаб юборилган. 2024 йилнинг баҳорида мамлакат бўйлаб 138 миллион дона кўчат экилиб, вазирлик ва ҳокимликлар 257 та боғ барпо этдилар. Ўтган йили 23 ноябрь куни давлатимиз раҳбари кўчат экиш ишида қатнашаётган жамоатчилик вакиллари ва чет эллик дипломатлар билан суҳбатлашди, ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшганликлари учун миннатдорлик билдирди.
«Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни «она» дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўляпти. Шунинг учун «Яшил макон» лойиҳасини бошладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур.
Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак», – деди давлат раҳбари.
Ҳа, ҳақиқатан бизнинг аждодларимиз ўзларидан гўзал боғлар, чексиз чаманзорлар, яшил қишлоғу шаҳарлар қолдирганлар. Соҳибқирон Амир Темур кўҳна Самарқанд атрофида «Темур боғлари»ни яратган. Боғи Жаннат, Боғи Баланд, Боғи Дилкушо, Боғи Зоғон, Боғи Чинор, Боғи Феруз, Боғи Нав, Боғи Майдон, Боғи Давлатобод, Боғи Шамол. Темурийлардан жами 14 та боғ қолган бўлса, уларнинг 10 тасига Амир Темур асос солган.
Мана, ўша эзгу анъаналар халқимиз ҳаётига қадрият бўлиб кириб келмоқда.
Юртимизда ташкил этилган «Янги Ўзбекистон боғи», «Ёшлар боғи», «Маҳалла маънавият боғи», «Нуронийлар боғи», «Дўстлик боғи», «Оналар боғи» каби боғларнинг авлодларга асл ҳолда етиб бориши учун ҳар биримиз масъулмиз.
Биз асрамасак ким асрайди?
Болаликдан кўзимиз ўрганган гуллару чечаклар, димоғимиз роҳатланган райҳонларнинг ифорини ҳеч бир ясама атир бера олмайди.
Келажак авлод кўклам ёмғирларининг дарахтларга тегиб шитирлашини, ёмғирдан сўнг кўкда камалак жимирлашини ўзимизда, ўзбек заминида кўрсагина табиатга боғланади, қадрдонга айланади, қадрига етади.
Мана, бошланган янги йилимиз – 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш яшил иқтисодиёт йили», деб ном олди. Бу ном ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларимиз, орзу-ниятларимиз, қалб амримиз билан ҳамоҳанг бўлди.
Ассалом, бизга қадриятларни қайтарадиган қадрдон йил!
Ассалом, бизга табиатнинг бир бўлаги эканимизни ҳар лаҳза уқтирадиган янги йил!
Ассалом, атроф-муҳит мусаффолигини асраш ишларида виждонимиз қўнғироғи бўладиган янги йил – яшил йил, яхши йил!
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими