Ўзбекистон яна бир йирик халқаро анжуман мезбони сифатида халқаро ҳамжамият диққат-эътиборида турибди. Жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусидаги 150-юбилей Ассамблеяси бўлиб ўтади. Унда 180 мамлакат, 15 кузатувчи давлат, йигирмадан зиёд халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2 мингга яқин юқори мартабали вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.
Бу воқеанинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз юритишдан аввал, келинг, дастлаб Парламентлараро иттифоқнинг қандай тузилма эканини билиб олайлик. Parliamentary Union деб аталувчи бу ташкилот 1889 йилда ташкил этилган халқаро парламент тузилмаси бўлиб, парламентлараро мулоқот учун энг йирик платформа – қулай ва хушмуҳит мулоқот майдони ҳисобланади.
Айни пайтда унга 181 давлат парламенти аъзо бўлган. Шунингдек, унинг ишида 15 минтақавий парламент бирлашмаси уюшган аъзо сифатида қатнашади.
Парламентлараро иттифоқнинг бош мақсади тинчлик ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашиш, вакиллик органларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан халқаро миқёсда алоҳида ўрин тутади.
Бунда бир неча тамойилга амал қилинади. Аввало, барча мамлакатлар парламентлари ва парламент аъзолари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга, ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва тажриба алмашишни рағбатлантиришга эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, долзарб халқаро масалалар бўйича ўз нуқтаи назарини билдириш, булар юзасидан парламентлар ва парламентарийлар даражасида қабул қилинадиган тегишли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ҳам Иттифоқнинг диққат марказида бўлади. Баъзан давлатнинг ва парламентдаги айрим фракцияларнинг турли нозик масалаларга қарашлари фарқланади. Буни тўғри қабул қилиш керак. Бундай ўринларда географик, этник, маданий, диний, конфессиявий мансублик ва бошқа омиллар бир-бирига уйғун келавермаслиги мумкин.
Албатта, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва парламент демократиясини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимо Иттифоқдаги муҳокамаларнинг асосий ва марказий масалалари бўлиб қолади. Бу табиий, негаки, ҳар қандай давлатда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – омбудсман парламентга қарашли институт саналади. Қолаверса, парламент демократияси мустаҳкам бўлмас экан, қонунлар самарадорлиги, энг муҳими, уларнинг устуворлигини таъминлаш ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча.
Айни пайтда бевосита парламентаризмнинг ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш, имконият ва салоҳиятини юксалтириш учун вакиллик органлари фаолияти ҳақидаги ижтимоий билимларни ошириш масаласи Иттифоқ учун ҳамиша долзарб саналади. Зеро, жамият аъзоси, яъни сайловчи парламентнинг мамлакат ҳаётидаги ролини аниқ тасаввур қилмас, у ҳақда етарли тушунчага эга бўлмас экан, халқ ноибини сайлашга ҳам, парламентаризмга ҳам ҳеч қандай қизиқиш билдирмайди. Бора-бора бундай шахсда вакиллик органига ишонч сўнади ва у ижтимоий фаол ҳаётдан четлашади.
Айримларни «Парламентлараро иттифоқининг қандай зарурати бор?» деган савол ўйлантириши мумкин. Умуман олганда, бу тўғри ва табиий савол. Миллий парламентлар, БМТ каби тузилмалар мавжуд экан, бу иттифоқнинг қандай алоҳида жиҳати бор?!
Ҳар бир давлат жуғрофий жойлашув, иқтисодий қудрат, ҳарбий салоҳият каби омиллардан ташқари, нуфуси, аҳолисининг таркиби, зичлиги, жипслиги, анъаналари, урф-одатлари, қадриятлари, эътиқоди сингари белгилар билан ҳам ажралиб туради. Шу боис кўп давлатларда ҳам қонунчилик палатаси, ҳам сенат тузилади. Қонунчилик палатаси одам сонига қараб тузилган сайлов округлари орқали шакллантирилса, сенат жуғрофий бўлинишга кўра таркиб топади. Бу орқали кўпчилик нуқул озчилик устидан ҳукм юритишининг олди олинади. Соддароқ айтганда, оз нуфусли тумандан битта, кўп сонлисидан бир нечта депутат сайланиб турган пайтда, сенаторликка шу икки жойдан бир хил мандат ажратилади. Натижада қонунчилик палатаси кўпчиликнинг босими билан тасдиқлаган, аммо аҳолининг озчилиги унга рўй-хоҳиш бермаган қонун сенатдан ўтмайди. Парламентаризмнинг мана шу олий адолат тамойилини дунёга татбиқ этадиган бўлсак, Парламентлараро иттифоқ худди сенат каби ҳаётий зарурат экани осонгина англашилади.
Иттифоқ фаолиятининг сўнгги йиллардаги натижалари анчайин ёрқин тус олмоқда. 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, миллий парламентлар ва Парламентлараро иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик» деб номланган резолюцияси асосида 30 июнь – Халқаро парламентаризм куни деб эълон қилинди.
2021 йилда эса, Парламентлараро иттифоқнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги стратегияси қабул қилинди, унда беш йиллик сиёсатнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб қўйилди – иқлим ўзгаришига мослашиш чора-тадбирлари, демократияни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар, гендер тенглик, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш.
Демак, Иттифоқнинг фаолияти бутун инсониятни ташвишга солаётган муаммолар ечимига қаратилган. Яъни, унинг интилишлари ҳар бир алоҳида давлат ва халқаро ташкилотнинг мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, Иттифоқ жаҳон ҳамжамияти билан ҳар жабҳада ҳамнафас ва муштаракдир.
Бундан келиб чиқадики, минтақавий, халқаро ва глобал муаммоларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш ишларига фақат давлат ва ҳукумат раҳбарлари, БМТ ва ихтисослаштирилган бошқа халқаро ташкилотлар эмас, балки парламентарийлар ҳам бош қўшар экан.
Шу жиҳатдан Иттифоқнинг юбилей Ассамблеясига мезбон этиб айнан Ўзбекистоннинг танланишида чуқур рамзий маъно бор.
Аввало, дунё ҳамжамияти Ўзбекистон юқорида санаб ўтилган барча масалалар –
экологик барқарорликка эришиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, демократия, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш борасида ўта илғор ва фаол сиёсат юритиб, ибрат бўладиган даражада изчил ислоҳотларни амалга ошираётганини тан олганликларидан далолатдир.
Шунингдек, сўнгги йилларда ўзбек парламент дипломатияси амалий ҳаракатга айланганининг халқаро эътирофи бу. Зотан, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва шу каби йўналишлардаги миллий тажрибамиз дунё ҳамжамияти, хориж парламентарийлари ва жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилаётгани кўплаб йирик платформаларда тилга олинмоқда.
Биргина хорижий компанияларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортаётгани, 2024 йилда 34,9 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 2023 йилга нисбатан қарийиб 1,6 баробарга ўсиш таъминлангани ҳам мамлакатимизда қонун устуворлигига бўлган ишонч мустаҳкамланганидан далолатдир. Мисол учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 3 млрд АҚШ долларини (ўсиш 1,5 баробар) ташкил қилгани ҳам бу ўриндаги муҳим аргумент ҳисобланади.
Иқлим ўзгаришига, бевосита экологияга бориб тақаладиган барча масалаларга Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани ҳам Иттифоқ мақсадларининг узвий қисми ҳисобланади. Кўппартиявийлик доирасида Экологик партия тузилгани ва анчадан буён мамлакатимиз сиёсий жараёнларининг фаол иштирокчиси экани, муттасил ўтказилиб келаётган «Яшил макон» лойиҳаси, Оролбўйига дунё ҳамжамияти эътиборини қаратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва кўплаб бошқа мисолларни келтириш мумкин. Қолаверса, бошланган 2025 йил Ўзбекистонда Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили деб эълон қилиниши ҳамда алоҳида давлат дастури амалга оширилаётганини Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришлари ва экологик муаммоларга қарши курашиш сиёсатининг халқаро намунаси, дейиш мумкин.
Демократия, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бир-бири билан узвий боғлиқ бўлгани учун Ўзбекистонда бу уч йўналишда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, юртимизда аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллиги ортиб бораётгани бу йўналишларнинг ҳар бирига мос келадиган самарали натижаларидан биридир. Хотин-қизларга эътибор фақат бунда эмас, бошланғич паллада ҳам намоён бўлмоқда. Бунга қизларимиз учун олий таълим соҳасида яратилаётган қулайликлар, уларни касб-ҳунар ўрганишга, спорт ва санъат мактабларига тобора кенг жалб қилиш борасидаги ишларни, Зулфия номидаги давлат мукофоти ва турли танловларни мисол келтириш мумкин. Бир вақтлар аёлларимизнинг механизаторлик, пахтакорлик, колхозчилик каби касблардаги ютуқларини санаган бўлсак, бугун матбуот ва телерадиода, ижтимоий тармоқларда кунда-кунора ишбилармон аёл, раҳбар аёл, вазир ёки ҳоким аёл, тадқиқотчи аёл, қонун чиқарувчи аёл, офицер аёлга кўзимиз тушади ва бу гап муболаға эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шунга мос фикрни тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт масалаларига нисбатан ҳам айтиш мумкин. Хусусан, тинчлик ва хавфсизлик бир-бирига чамбарчас боғлиқ тушунчалар бўлиб, иккисини алоҳида тасаввур қилишнинг имкони йўқ. Шу билан бирга, мана шу икки омилнинг мавжудлиги ва мустаҳкамлигини таъминламай туриб, барқарор тараққиётга эришиб бўлмаслиги ҳам аксиомадек гап. Фақат тинч юрт фаровон бўла олади. Аммо бу ўринда яна бир омил бор – бу ҳамкорликдир. Ўзбекистон кейинги йилларда стратегик шерик мақомидаги барча давлатлар, айниқса, қўшни ўлкалар билан муносабатларни мутлақо янги босқичга кўтариб, янгича асосда ривожлантириш йўлидан бормоқда. Буни куни кеча Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги учта қўшни давлат раҳбарларининг учрашувидан ҳам кўришимиз мумкин. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома ҳамда уч давлат раҳбарларининг қўшма декларацияси қабул қилингани минтақадаги иттифоқчилик янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Бундай стратегик шериклик нафақат иқтисодий ва хавфсизлик жиҳатдан муҳим, балки минтақадаги экологик муаммоларга қарши биргаликда курашишда ҳам катта имконият яратади.
Биз бугунги куннинг энг оғир муаммоларидан бўлган экстремизм, терроризм, ақидапарастлик каби иллатларга қарши курашда ҳам олдинги сафда турибмиз. Бу курашимизга жаҳолатга қарши – маърифат шиори берилган. Қисқа вақтда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази очилгани, улар буюк аждодларимизнинг асрлар оша долзарблигини йўқотмай келаётган меросини халқимизга тақдим этиб, жаҳон ҳамжамияти олдида баралла тарғиб этаётгани, юртимизда миллатлараро, динлараро, конфессиялараро бағрикенглик муҳити шакллангани ва мустаҳкамлиги ҳам инкор этиб бўлмас ютуқларимиздандир.
Мана шу ҳақиқатларни кўплаб йирик сиёсий арбоблар эътироф этаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Парламентлараро иттифоқнинг Ассамблея учун Ўзбекистонни танлагани шундай юксак эътирофларнинг яна биридир. Бу қарор мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, парламентаризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигининг жаҳон майдонида галдаги яққол тасдиғи бўлди.
Ушбу анжуман фақат Ўзбекистон эмас, бутун Марказий Осиё учун ғоят аҳамиятли воқеа бўлади. Негаки, у минтақамизда илк бор ташкил этилмоқда.
Ассамблея мавзуининг «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» деб белгиланиши Ўзбекистоннинг бугунги сиёсатига тўла мос келади, албатта.
Табиийки, ижтимоий тараққиётни таъминлашда ҳам, адолат тантанасига эришишда ҳам парламент ғоят муҳим ўрин тутади. У қабул қиладиган қарор ва қонунлар, унинг назорат борасидаги қатъий ва изчил амалиёти зотан шу мақсадларга хизмат қилади.
Парламентлараро иттифоқнинг юбилей Ассамблеяси Ўзбекистон қонун чиқарувчилари ва хориждан келадиган парламентарийлар учун мавзудан ташқари кўплаб масалаларни ҳам ўртага ташлаш, халқаро ҳамжамият кун тартибига қўйиш имконини беради. Айни мана шу жиҳати билан ушбу Ассамблея халқаро миқёсда кўплаб масалаларга ечим топиш учун глобал ҳамкорликнинг залварли платформасига айланиши кутилмоқда. Анжуман Ўзбекистон ва жаҳон сиёсати тарихига кенг имкониятларни очиб бериши шубҳасиз.