Куни кеча мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзига хос глобал аҳамиятга эга бўлган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси иштирокчиси бўлдик. Бу тарихий мулоқот жаҳон мамлакатлари учун
бир қанча йирик масалаларга жавоб топилишида муносиб ҳисса қўшади.
Дунёдаги 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг ушбу юбилей анжуманида 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд иштирокчилар қатнашгани мазкур мулоқотнинг қанчалик долзарб эканини яққол кўрсатиб турибди. Жаҳонда юз бераётган геосиёсий вазият, инсон ҳуқуқларининг муносиб қадр топиши, қамбағалликка қарши курашиш, иқлим ўзгариши доирасидаги экологик буҳронлар, сунъий интеллект ва янги замонавий технологиялар истиқболлари хусусидаги энг муҳим ва долзарб масалалар бугунги кунда ҳар бир давлат парламенти олдида турган эътиборли жараёнлардир. Улар юзасидан мувофиқ қонуний меъёрлаш ишлаб чиқиш, соҳа амалиётини тартибга солиш ҳамда тараққиётга хизмат қилиш барчани бирдай ўйлантириб келмоқда.
Ҳар бир давлат парламентида бу борада ўзига хос фаолият олиб борилмоқда. Шу билан бирга, бугунги кундаги айрим долзарб масалаларга жавоб топиш фақат биргина мамлакат доирасида амалга ошиши имконсиз. Кун сайин жадаллашиб бораётган глобаллашув жараёни давлатлар, халқлар ва маданиятларни жиспликда, ўзаро тенг ҳуқуқли ҳамкорлик билан фаолият юритишини тақозо этмоқда. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, бугун халқаро ҳамкорликсиз бирон соҳа ривожини тасаввур қилиш ўта мураккаб ҳодисага айланиб қолди. Бундай ҳаётий зарурат давлатлар ва халқларни ўзаро ҳамжиҳатликда янада мустаҳкам бўлишга даъват этмоқда.
Мамлакатимиз қадимдан бошқалар билан дўстона муносабатни қадрлаб, ёқлаб келган. Охирги етти-саккиз йилликда бундай мулоқотлар янги формат ва катта кўламда давом эта бошлади.
Буни барчамиз интиқиб кутган ва ҳамма учун манфаатли бўладиган сиёсий ирода, дейиш мумкин. Шунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасига катта ишонч ва эътибор билдирилмоқда. Бунга ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо энг катта халқаро мулоқотнинг ватанимиз пойтахти бўлган Тошкент шаҳрида ўтказилиши бизга билдирилган катта ишончнинг юксак намунаси бўлганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
Ассамблеяда бир-биридан долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев нуфузли сиёсатчилар эътиборини ҳозирги куннинг энг муҳим мавзуларига қаратгани, назаримда, ҳамманинг кўнглидаги гап бўлди. Ҳеч бир давлат, ҳеч бир инсон урушли тўқнашувлар юзага келишини истамайди. Тинчлик ҳар қандай ислоҳот ва тараққиётнинг бош мезони ҳисобланади. Жаҳоннинг қайсидир бир бурчагида юз бераётган қуролли ҳаракатлар кўплаб соҳа, тармоқ ва тизимларга зиён етказади. Халқимизда ёши улуғ, донишманд инсонлар «Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кўтарилади», деган пурмаъно гапни беҳуда ўйлаб топмаган. Бу йиллар, эҳтимол асрлар синовидан ўтиб келаётган ҳаёт формуласи. Тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш, фаровонлик барқарор бўлиши учун барча имкониямизни ишга солиб, ҳамкорликда ҳаракат қилиш дунё аҳлида ана шундай файз-барака мустаҳкам бўлишининг етакчи омилидир. Шунинг учун давлат раҳбари таъкидлаб ўтган бу масалани барча иштирокчилар чин юракдан самимий қабул қилишди, деб ўйлайман. Сабаби, тинчлик барчанинг фаровонлиги учун асос-пойдевордир.
Халқаро мулоқотда давримизнинг ўткир муаммосига айланган, сайёрамиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган глобал экологик масалаларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.
Бугун кутилмаган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан азият чекмаган бирон бир давлат йўқ, десак муболаға бўлмайди. Экологик омилларнинг ҳар бири чегара билмас хусусиятга эга бўлиб, жаҳон оммасини биргаликда иш олиб боришга ундамоқда. Биз бу сиёсатни анчадан бери кенг тарғиб қилиб келяпмиз. Ўзбекистон бу борадаги энг йирик халқаро битимларга аъзо бўлди. Мамлакатимиз ва минтақада юз бераётган экологик жараёнларга мослашиш, иқлим ўзгаришлари талафотини имкон қадар камайтиришда бундай ёндашув жуда зарур аҳамиятга эга. Мана, ўтган ҳафтада Оролбўйида ҳамда Самарқандда бўлиб ўтган халқаро тадбирларда ҳам айни шу каби масалалар халқаро доирада муҳокама қилинди. Бу борада Ўзбекистоннинг ўзига хос мустаҳкам позицияси мавжуд. Уни минтақадаги қўшни давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият билан биргаликда амалга ошириш ҳар жиҳатдан тўғри бўлиши таъкидлаб келинмоқда. Табиат олдидаги бурчдорлик, эртанги кун учун қайғуриш, келажак авлодлар муносиб ҳаёт тарзига бўлган масъулият биздан ҳар қачонгидан ҳам ҳушёрроқ, огоҳ ва ҳамжиҳат бўлишни талаб этмоқда. Зеро, барқарор тараққиётга эришиш учун барча соҳаларда мустаҳкам ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўйиш жуда муҳимдир.
Камбағалликни қисқаририш, аёллар ҳуқуқини тиклаш, ёшларга оид сиёсатни қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллектдан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ истиқболли ёндашувлар ҳам халқаро сиёсатчиларни бефарқ қолдирмади. Буларнинг ҳаммаси ҳар бир давлатнинг бугуни ва келажаги учун зарур бўлган ислоҳотлар негизини ташкил этади.
Мен миллий парламентимизнинг бир аъзоси сифатида тарихий Ассамблеяда иштирок этиб, бир неча давлатдан келган хорижий ҳамкасблар билан мулоқот қилиб, барчанинг мақсади уйғун эканининг гувоҳи бўлдим. Халқаро мулоқот вакилларининг Ўзбекистон сиёсатини мамнуният ва хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватлашларини эшитиб, кўнглимдан фахр-ифтихор туйғулари ўтди. Бу бизнинг танлаган йўлимиз тўғри ва барқарор эканидан, дунё аҳли буни самимий эътироф этаётганидан далолат беради.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги
ЎЭП фракцияси раҳбари
Яшил келажак ва барқарор тараққиёт томон бошлаётган куч
🕔09:08, 08.09.2025
✔14
Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Ўтган даврда, айниқса, сўнгги саккиз йилда бошланган ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижаларини табиатнинг «регенерация» ҳодисасига менгзаш мумкин. Жамиятнинг барча соҳа ва қисмларигача қамраб олган бу янгиланишларга таъсир кўрсатган ана шу «куч» – Президент Шавкат Мирзиёев!
Батафсил
Ўзбекистон ШҲТда «яшил» оламни яратмоқда
🕔09:07, 08.09.2025
✔13
Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси нафақат минтақа, балки бутун Евроосиё макони учун стратегик аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
«Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади – инсонга эътибор»
🕔17:43, 29.08.2025
✔39
Истиқлол ҳар бир ватандошимизнинг нурли тақдири, фаровон ҳаёти ва баркамол келажагини таъмин этаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунинг ортида тўғри танланган ва йўлга қўйилган сиёсий ирода ҳамда фидокорона меҳнатлар турибди.
Батафсил