Экоолам      Бош саҳифа

Чиқиндига чиқаётган озиқ-овқатлар – ахлоқ, маърифат ва атроф-муҳит муаммоси

Кўпқаватли уйимиз яқинидаги чиқинди ташлаш жойидаги ҳар куни кўзим тушадиган бир манзара таъбимни хира қилади. Ерда сочилиб ётган нонлар, овқатлар...

Чиқиндига чиқаётган озиқ-овқатлар –  ахлоқ, маърифат  ва атроф-муҳит  муаммоси

Жудаям нохуш ҳолат, шундай эмасми?! Афсуски, бу фаровонлик белгиси эмас. Аксинча, бу бизни камбағаллик томон бошлайди. Ана шу озиқ-овқатларга сарфланаётган ресурслар етишмовчилигига, иқтисодий инқирозларга олиб келади.

Баъзи ёши катта ёки ёшлигидан исроф нималигини билиб ўсган ёшлар нон ва овқат чиқиндиларини, пўчоқларни шу яқинимиздаги чорваси бор хонадонлар дарвозаси олдида қолдиришади. Ва хонадон аҳли бундан фақатгина хурсанд бўлади. Аммо чиқиндига улоқтирилаётган озиқ-овқатлар муаммосини биргина шу йўл билан ҳал қилиб бўлмайди-да...

Ҳа, бугунги замонда ҳар куни миллионлаб одамлар очликдан азият чекаётган бир пайтда, бошқа бир гуруҳ инсонлар юзлаб килограмм овқатларни чиқиндилар қутисига ташламоқда. Бу нафақат ахлоқий – бу глобал иқтисодий, экологик ва ижтимоий муаммога айланди бугун.

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, сайёрамиз бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқиндига чиқиб кетмоқда. Бунинг натижасида глобал иқтисодиёт ҳар йили бир триллион долларга яқин зарар кўрмоқда. WFP мутахассислари ресторан, дўконлар эгалари ва оддий фуқароларни ҳаддан ташқари ортиқча харидларга йўл қўймаслик ёки сақлаб қолиш мумкин бўлган овқатни ташлаб юбормасликка чақирмоқда.

Ўз навбатида, БМТ дунё бўйлаб ҳар йили 4 млрд тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва агар бу озиқ-овқат маҳсулотлар оқилона тарқатилса, сайёрамизнинг барча аҳолиси учун етарли бўлиши мумкинлигини эслатади. Яъни ишлаб чиқарилган озиқ-овқатнинг тахминан учдан бир қисми дастурхонга етиб бормасдан чиқиндихоналар томон йўл олмоқда.

Масалан, биргина АҚШда ҳар йили 130 млрд фунт озиқ-овқат чиқиндиларга айланади. Бу 218 млрд долларлик иқтисодий зарар дегани. Европа давлатларида ҳам аҳвол шундан кам эмас – бой давлатлар аҳолиси истеъмол қилганидан кўра кўпроқ овқатни чиқиндиларга ташламоқда.

Озиқ-овқат исрофи табиий ресурсларга салбий таъсир кўрсатади: сув, ер, энергия, меҳнат – буларнинг барчаси бекорга сарфланади. Масалан, 1 килограмм гўшт етиштириш учун тахминан 15 минг литр сув талаб қилинади. Агар бу гўшт чиқиндиларга ташланса, у билан бирга сув ҳам йўқ қилинган бўлади. Бундан ташқари, чириб ётган овқат чиқиндилари метан гази чиқаради, бу эса глобал исишни кучайтиради.

Чиқиндиларнинг асосий қисми (60 %) уй хўжаликларидан келади. Ҳар бир инсон йилига ўртача 79 кг озиқ-овқатни чиқиндига ташлар экан. 2022 йилда чиқитга чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 млрд 50 минг тоннани ташкил этган. Шунча озиқ-овқат билан бугун сайёрамизда қашшоқликдан азият чекаётган қанча инсонни қанча вақт тўйдириш мумкинлигини биласизми? Қарийб бир йил!..

Давлатлар кесимида таҳлил этилса, АҚШда йилига киши бошига ўртача 115 кг, Европада 65 кг, Россияда эса 56 кг озиқ-овқат маҳсулоти чиқиндига ташланар экан. Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунёда 800 миллионга яқин одам озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Ҳисобот муаллифлари таъкидлаганидек, озиқ-овқат чиқиндилари жаҳон иқтисодиётига зарар етказади ва иқлим ўзгаришига, табиий муҳитнинг ифлосланишига ва бузилишига олиб келади.

Масаланинг қизиқ томони шундаки, озиқ-овқат маҳсулотларининг «ортиб қолиши» нафақат бадавлат мамлакатлар, балки ривожланаётган давлатларда ҳам кузатилаётир. Мутахассисларнинг фикрича, бу айниқса, иссиқ иқлимли мамлакатларда кўпроқ кузатилмоқда. Табиийки, бундай шароитда маҳсулотларни сақлаб туриш бироз мушкул ва янги маҳсулотларга талаб катта.

Ижтимоий жиҳатдан эса, бу парадоксал ҳолатдир: дунёда 800 миллион киши очликдан азият чекаётган бир пайтда, етарли озиқ-овқат ишлаб чиқарилса-да, унинг катта қисми исроф қилинади. Тақсимот тизимининг нотўғрилиги ва ишлаб чиқаришдан истеъмолчигача бўлган занжирдаги камчиликлар бу фожиани келтириб чиқармоқда.

Аҳолини рўйхатга олиш бюроси томонидан мунтазам равишда ўтказиладиган сўровлар АҚШда оч одамлар сони ортиб бораётганини кўрсатяпти. Қишлоқ хўжалиги департаменти ҳисоботига кўра, 2023 йилда 33,8 млн америкалик озиқ-овқат маҳсулотларидан етарлича фойдалана олмайди. 7 миллион хонадоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги жуда паст даражада. 13 миллиондан ортиқ бола (мамлакат болалар аҳолисининг 18,5 фоизи!) тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган оилаларда яшайди. Ва бу деярли барча кўрсаткичлар бўйича дунёдаги энг бой мамлакатлардан биридаги аҳвол!..

Исрофнинг илдизларини таҳлил қилсак, икки асосий омил кўзга ташланади: маданий ва иқтисодий. Айрим жамиятларда овқат мўлчилиги бойлик тимсоли сифатида қаралади. Меҳмондорчиликда кўп овқат тайёрлаш одатга айланган. Реклама ва маркетинг эса инсонни керагидан ортиқча овқат сотиб олишга ундайди. Оқибатда, музлаткичлардаги овқат муддати ўтиб, чиқиндига айланади.

Хўш, озиқ-овқат маҳсулотларини меъёрида сотиб олиш ва чиқиндига ташлаб юборишни камайтириш орқали очликдан қийналаётганларга ёрдам кўрсатиш мумкинми? Бир қарашда бу тўғри ечимдек кўринади, лекин аслида вазият бошқача. Ҳар йили тахминан 1,2 млрд тонна озиқ-овқат дўконларга етиб бормасдан исроф бўлади. Бу эса 10 миллион кўк китнинг оғирлиги билан тенг дегани. Бунга сабаб озиқ-овқат маҳсулотлари даладан йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва ташиш жараёнларида маҳсулотларнинг исроф қилинишидир.

Озиқ-овқатнинг чиқиндига ташланиши нафақат ахлоқий, балки экологик муаммо ҳамдир. Чириган озиқ-овқат чиқиндилари далалар, яйловлар ва қишлоқ хўжалиги ерларини ифлослантиради. Атроф-муҳитга зарар етказади. Атмосферага йиллик иссиқхона газлари чиқиндиларининг 8-10 фоизини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, глобал авиация саноатидан 5 баравар кўп! Буларнинг барчаси, умуман олганда, салбий иқлим ўзгаришига сезиларли ҳисса қўшади.

БМТ ҳисоботининг асосий хулосаси шундан иборатки, исроф қилинган озиқ-овқат миқдорини камайтириш ресурсларни тежаш, атроф-муҳитга етказилган зарарни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш имконини беради.

Ўзбекистонда ҳам ҳар йили қарийб 3 млн тонна озиқ-овқат чиқиндилари ҳосил бўлади. Озиқ-овқат чиқиндиларининг ҳар бир килограмми йилига ўртача 2,5 килограмм ис газини ажратиб чиқаради. 3 млн тонна озиқ-овқат чиқиндиси зарур даражада утилизация қилинмаса, атмосферага 7,5 миллион тонна иссиқхона газлари чиқаради.

Хўш, муаммонинг ечими нимада? Аввало, албатта тарбия ва таълим. Фарзандларимизга овқат қадрини уқтирайлик. Мактабларда озиқ-овқат исрофи ҳақида дарслар ташкил этайлик. Қолаверса, бахт бу фақат ейишда эмас. Одамнинг қорни бир коса овқатга тўяди. Бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган дабдабабозлик, хўжакўрминлик иллатлари ҳам исрофни камайтиришга йўл бермаётир. Айниқса, минг марта гапирилган тўйлар, уларнинг ёнига қўшилган узундан-узоқ тадбирлар ҳам бу муаммони фақат қийинлаштирмоқда.

Иккинчидан, инфратузилмани яхшилаш керак: махсус омборлар, тўғри логистика, кам таъминланганларга етказиб бериш тизими. Шунингдек, балки махсус иловалар орқали ресторан ва дўконларда қолган овқатни арзон нархда таклиф қилиш амалиётини кенгайтириш мумкин. Энг биринчи ўринда эса ушбу чиқндиларни қайта ишлаш масаласи зудлик билан ҳал этилиши керак.

Хулоса қилиб айтганда, озиқ-овқат исрофи – бу ахлоқ, маърифат ва масъулият муаммосидир. Унга қарши курашиш – инсоннинг инсонийлик бурчи. Ҳар бир луқма – кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Болалигимда бувим ноннинг ушоғи ҳам нон, исроф қилма, нимани қилсанг хор, ўшанга бўласан зор, дер эди. Эртага бугун хор қилган неъматларимизга зор бўлиб қолмаслик учун ҳам эсимиз борида этагимизни йиғиштириш керак.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Ҳар бир  гиёҳ эътиборда

Ҳар бир гиёҳ эътиборда

🕔09:00, 08.09.2025 ✔14

Мен Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими сифатида узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келяпман.

Батафсил
Эҳтиёт бўлинг,  хавфли: улар таркибидаги моддалар  қаерга  кетмоқда?

Эҳтиёт бўлинг, хавфли: улар таркибидаги моддалар қаерга кетмоқда?

🕔08:58, 08.09.2025 ✔17

Эл орасида «Эскини ямагунча эсинг кетади», деган ибора бор. Бугун биз шу гапни сал бошқачароқ – эскини йўқотгунча эсинг кетади, дея талқин қилмоқчимиз.

Батафсил
Экологик жараёнлар  ҳар доим ҳушёр ва огоҳ  бўлишни тақозо этади

Экологик жараёнлар ҳар доим ҳушёр ва огоҳ бўлишни тақозо этади

🕔17:44, 29.08.2025 ✔43

Аҳолининг экологик барқарор муҳитда ҳаёт кечиришини таъминлаш барча ислоҳотлар марказида турувчи энг долзарб масалалардан бири. Мусаффо ҳаво, тоза ичимлик сув, атрофимиздаги яшил олам, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ҳар доим кундалик ҳаётимизнинг асосини ташкил қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар