Ҳар куни уй ва ишхоналарда тозаликни сақлаш мақсадида фойдаланиладиган маиший кимёвий воситалар кўп ҳолларда инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун жиддий хавф манбаига айланиб бормоқда. Тозалик сари интилган инсонлар баъзан ўзлари билмаган ҳолда ҳаво, сув ва тупроқ ифлосланишига бевосита сабабчи бўлаётганини билишмайди.
Аввало, кўплаб тозалаш воситалари таркибида фосфат, формальдегид, хлор ва учувчан органик моддалар (VOCs) каби бирикмалар мавжуд бўлиб, улар нафақат юзалардаги кирларни кетказади, балки инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Фосфатлар, одатда, ювиш воситаларида учрайди. Улар канализация орқали сув ҳавзасига тушганда, сув ўтлари ва бошқа сув ўсимликларининг ортиқча ўсишига – эвтрофикация жараёнига сабаб бўлади. Бу эса сувдаги кислород миқдорининг камайиши, балиқлар ва сувдаги бошқа организмларнинг ҳалок бўлишига олиб келади. Оқибатда, табиий экотизим мувозанати бузилади.
Формальдегид – хавфли канцероген модда ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, унинг узоқ муддат таъсири инсонда нафас йўллари касалликлари, кўз оғриғи, бош айланиши, безовталик ва ҳатто саратонга олиб келиши мумкин. У кўпинча дезинфекцияловчи воситалар ва ҳавони хушбўйлантирувчи аэрозолларда учрайди.
Учувчан органик моддалар (VOCs) эса ҳавога тарқалиб, одамда аллергия, астма, бош оғриғи, уйқу бузилиши, ҳорғинлик ва иммунитетнинг сусайишига олиб келади.
АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги маълумотларига кўра, хона ичидаги ҳаво баъзида ташқи ҳаводан бир неча баробар ифлос бўлиши мумкин ва бунинг асосий сабаби айнан маиший кимёвий воситалар ҳисобланади.
Айнан шу сабабли, сўнгги йилларда кўплаб одамлар кимёвий воситаларнинг ўрнини босувчи, табиий ва хавфсиз воситаларга ўтишни маъқул кўрмоқда. Масалан, оддий ош сиркаси юзадаги бактериялар, занг ва ёғларни кетказишда самарали бўлса, ош содаси ҳидларни йўқотиш, кир ва доғлардан қутулишда ёрдам беради. Табиий совунлар эса гипоаллерген ҳисобланади ва терига зарар етказмайди.
Уй тозалиги ва шахсий гигиена воситаларини танлашда инсон нафақат юзаки тозалик, балки унинг ортида турган экологик оқибатлар ва соғлиқ учун хатарлар ҳақида ҳам ўйлаб кўриши лозим. Кучли кимёвий воситалар муваққат тозалик берар, лекин узоқ муддатда инсон организми ва табиатга катта зарар етказиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, биз ҳар бир тозалаш воситасини танлаш орқали келажагимизни танламоқдамиз. Шундай экан, табиат ва инсон саломатлигига нисбатан масъулиятли ёндашувгина соғлом ҳаёт сари йўл очади.
Аржумандбону ИСМОИЛОВА,
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 59-мактаб ўқувчиси
Экологик тафаккур ва ёшлар салоҳиятини бирлаштирган майдон
🕔13:24, 20.07.2026
✔37
Экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш учун уларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги рақамли дунёнинг асосий талабидир.
Батафсил
Дарахтлар иссиқдан қуриб қолмасин, бефарқ бўлманг!
🕔13:17, 20.07.2026
✔40
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аномал иссиқда дарахтларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўришга чақирмоқда. Вазирлик аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиришини билдирди.
Батафсил
Инсониятнинг келажакдаги тоза энергия манбаи
🕔15:34, 09.07.2026
✔67
Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда.
Батафсил