Саломатлик      Бош саҳифа

Экологик хавфлар аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

Ҳар бир ота-она соғлом, ақлли ва бахтли фарзанд орзусида яшайди. Бу орзуларнинг рўёбга чиқиши нафақат тиббий ёрдам, яхши овқатланиш ёки руҳий барқарорликка, балки бола дунёга келгунгача бўлган муҳит – яъни ҳомиладорлик пайтидаги ташқи таъсирларга ҳам бевосита боғлиқ.

Экологик хавфлар  аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

Шу жумладан, ҳозирги кунда бутун дунё олимлари ташвиш билан ўрганаётган хасталиклардан бўлмиш аутизмнинг ривожланишига экологик омилларнинг таъсири масаласи кун тартибига чиқмоқда.

Авваллари аутизм фақат генетик муаммоларга боғланган бўлса, бугунги кунда ҳаво ифлосланиши, пестицидлар, оғир металлар, ҳатто уй шароитидаги кимёвий моддаларнинг ҳам ушбу ҳолатга таъсир кўрсатиши илмий жиҳатдан тасдиқланмоқда. Демак, бола тақдири кўпинча нафақат ота-онанинг соғлиғи, балки улар яшаётган муҳит даражаси билан ҳам белгиланади.

 

Аутизм: генлар ва муҳитнинг ўзаро ўйини

Аутизм – боланинг ижтимоий алоқа, нутқ, хулқ ва ҳиссий қабул соҳалари ривожланишидаги узилишлар билан намоён бўладиган ҳолатлар мажмуасидир. Авваллари бу фақат генетик мутациялар билан боғланиб келинган бўлса, сўнгги ўн йилда экологик омиллар билан боғлиқ эпигенетик ўзгаришлар ҳақида жиддий мулоҳазалар билдириляпти.

Яъни, болада аутизмга мойиллик бўлиши мумкин, лекин бу мойилликни амалга оширадиган – уни «уйғотадиган» омиллар кўпинча ташқи муҳит билан боғлиқ. Айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи ва учинчи триместридаги ҳаво сифати ва кимёвий моддалар таъсири ушбу жараённи фаоллаштириши мумкин.

 

Ҳаво ифлосланиши: келажак учун таҳдид

Ҳозирги урбанизация жараёнида инсон нафас олаётган ҳаво сифати йил сайин ёмонлашиб бормоқда. Шаҳарлардаги транспорт оқими, саноат чиқиндилари ва қишлоқ хўжалиги ёқилғилари ҳаводаги PM 2.5 – яъни диаметри 2.5 микрометрдан кичик бўлган заррачаларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

2014 йилда Harvard университети тадқиқотчилари томонидан олиб борилган кенг кўламли тадқиқотга кўра, ҳомиладор аёл учинчи ойликда PM 2.5 заррачаларига кўп дучор бўлган бўлса, фарзандда аутизм ривожланиш эҳтимоли икки баробар ортиши мумкин.

Бу заррачалар нафақат ўпкани, балки қон орқали организмнинг барча аъзолари, жумладан ҳомила миясига ҳам етиб бориши мумкин. Натижада ҳомиладаги нейрон алоқалар шаклланиши бузилиб, бу аутизм белгиларига сабаб бўлади. Афсуски, кўпгина ҳомиладор аёллар ўзларининг бу заррачаларга дуч келаётганини ҳатто билмайди.

 

Пестицидлар: яхши ҳосил эвазига хасталик

Яна бир жиддий хавф – қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган пестицидлар. Улар бегона ўт ва ҳашаротларга қарши ишлатилади, лекин уларнинг таъсири инсон организми учун ҳам зарарли бўлиши мумкин. Айниқса, ҳомиладорлик давридаги таъсири қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин.

2014 йилда Калифорнияда ўтказилган CHARGE тадқиқоти аниқлашича, ҳомиладор аёл агар қишлоқ хўжалигида пестицидлар билан ишлов бериладиган майдонга яқин яшаган бўлса, фарзандда аутизм ривожланиш хавфи 60 фоизгача ортиши мумкин. Бунда органофосфатлар ва пиретроидлар деб аталадиган моддалар айниқса хавфли деб топилган.

 

Эпигенетик таъсирлар ва бола мияси!

Генлар – бу эҳтимол, муҳит эса – триггер. Олимлар бугунги кунда шундай назарияни олға сурмоқда. Яъни аутизм учун жавобгар бўлган генлар ҳар бир инсонда бўлиши мумкин, лекин уларни «уйғотадиган» омиллар ташқи муҳитда жойлашган. Бу жараён эпигенетика деб аталади.

Масалан, ҳомиладорлик пайтидаги стресc, ҳаво ифлосланиши, кимёвий моддалар, ҳатто овқат таркибидаги заҳарлар ҳам генлар ифодаланишига таъсир қилиши мумкин. Бу эса бола нейроривожланишига, натижада аутизм белгиларининг эрта ёки кучли намоён бўлишига сабаб бўлади.

 

Экологик онг зарурати

Аутизм фақат бир кишининг фожиаси эмас, балки бутун жамият олдида турган глобал масаладир. Бугун фарзандида аутизм бўлган оила эртага атроф-муҳитни тоза сақлаш учун фаол курашчига айланиши мумкин. Чунки бу шахсий эмас, умуминсоний масъулиятдир. Аутизм оғир хасталик, айниқса, фарзандига бундай ташхиснинг қўйилиши ота-она учун ўта оғир зарба ҳисобланади.

Шу ўринда бу каби ташхисдан йироқ бўлиш учун айрим тавсияларни ҳам келтириб ўтсак.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳомиладорликда тоза ҳаво жуда ҳам муҳим бўлиб, кўпроқ мусаффо табиат қўйнида бўлиш, ёпиқ биноларда фильтрланган ҳаводан фойдаланиш муҳим ҳисобланади.

Органик маҳсулотларни танлаш, озиқ-овқатни эҳтиётлик билан тайёрлашни тавсия этишмоқда тадқиқотчилар. Айниқса, пестицидлардан ҳимоя усуллари – уйда фильтрлар қўйиш, кийимлар, ювиш воситаларининг экологик тоза, органикларини ташлаш зарур. Табиий детоксикацияни таъминловчи озиқ-овқатлар (сельдерей, исмалоқ, лимонли сув ичиш ва ҳоказо) истеъмоли бўлғуси оналар ва уларнинг вужудидаги гўдак организми учун жуда муҳим ҳисобланади.

Жамият олдидаги вазифа:

– ҳомиладор аёллар учун экологик хавф хариталарини яратиш ва бу ҳақда кенг оммани доимий хабардор қилиб бориш;

– ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш тизимларидан кўпроқ фойдаланиш;

– қишлоқ хўжалигида кимёвий воситаларни чеклаш ва биологик ечимларни қўллашни кенг тарғиб қилиш.

Ушбу хавфдан жамоатчиликни хабардор қилиш кампанияларини ташкил қилиш зарур бўлади.

 

Келажак тоза табиатдан бошланади

Аутизмни келтириб чиқарадиган омиллар кўп, лекин уларнинг орасида бизнинг қўлимизда бўлгани – муҳитни тоза сақлаш. Бу иш давлат сиёсати, фуқаролик жамияти ва ҳар бир ота-онанинг онгли қарори орқали амалга ошиши мумкин. Зотан, соғлом авлодни тарбиялаш учун фақат дуо ва тиббий кўрик етарли эмас – бунинг учун тоза ҳаво, тоза овқат ва тоза муҳит зарур.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси:  Веломарафон –  экологик қадрият  ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси: Веломарафон – экологик қадрият ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

🕔09:01, 08.09.2025 ✔20

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Батафсил
Экологик хавфлар  аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

Экологик хавфлар аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

🕔08:49, 08.08.2025 ✔96

Ҳар бир ота-она соғлом, ақлли ва бахтли фарзанд орзусида яшайди. Бу орзуларнинг рўёбга чиқиши нафақат тиббий ёрдам, яхши овқатланиш ёки руҳий барқарорликка, балки бола дунёга келгунгача бўлган муҳит – яъни ҳомиладорлик пайтидаги ташқи таъсирларга ҳам бевосита боғлиқ.

Батафсил
Ошхонадаги  кичик  буюмнинг катта хавфи

Ошхонадаги кичик буюмнинг катта хавфи

🕔07:23, 04.08.2025 ✔118

Кўзга оддий ва аҳамиятсиз кўринадиган идиш ювиш губкаси аслида ҳар бир хонадондаги энг ифлос воситалардан бири эканини биласизми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар