Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 май куни қабул қилинган 184-сонли қарорига биноан, жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда «Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ойлиги» деб эълон қилинди. Ушбу муҳим ташаббус бутун республика бўйлаб кенг жамоатчилик иштирокида амалга оширилаётган экотарғибот тадбирларини янада фаоллаштиради.
Зарафшон шаҳрида ҳам мазкур ойлик доирасида бир қатор муҳим тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати Дилноза Сувонованинг ташаббуси билан ўтказилаётган маънавий-маърифий ва назорат тадбирлари эътиборга моликдир.
Зарафшон шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган давра суҳбати ушбу ойлик доирасидаги илк қадам бўлди. Унда ўқувчилар, ўқитувчилар ва маҳалла экологик фаоллари иштирок этишди. Суҳбат давомида экологик маданият, атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли муносабат, чиқиндиларни тўғри саралаш, уларни қайта ишлаш тизими ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг ҳаётий аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Ёшларда экологик саводхонликни ошириш, уларни табиатга дўстона қарашга ўргатиш орқали келажак авлод онгида масъулият ҳиссини шакллантириш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда иштирокчиларнинг савол ва таклифлари эшитилди. Депутатнинг фикрича, айнан шу ёш босқичида берилган сабоқлар ҳаётий одатга айланади.
Экологик маданият тарғиботини аҳолининг барча қатламларига етказиш мақсадида «Кончилар» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу сафар суҳбат марказида хотин-қизлар, айниқса, уй бекалари ва маҳалла фаоллари бўлди. Тадбирда экологик хавфсизлик, чиқиндиларни тўғри саралаш ва утилизация қилиш, сув ва ҳаво ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Аҳолининг экологик маданияти фақатгина тарғибот билан эмас, балки амалий ўрганиш ва таҳлил орқали ҳам оширилади. Депутат Дилноза Сувонова Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлиб, муассасада санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиниши, беморлар учун яратилган шароитлар, ходимларнинг иш муҳитидаги қулайликлар ҳамда экологик хавфсизлик даражасини атрофлича ўрганди. Тиббиёт чиқиндиларини тўғри сақлаш ва уларни белгиланган тартибда утилизация қилиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратди.
Аниқланган айрим камчиликлар бўйича мутасадди раҳбарларга депутатлик сўрови юборилди, тавсиялар берилди. Бундай ўрганиш ишлари депутатлик назоратининг амалий самарадорлигини оширибгина қолмай, муассасаларда экологик меъёрларга риоя этилишини таъминлашда ҳам муҳим эътибор касб этади.
Гўзал БОЗОРОВА,
ЎЭП Зарафшон шаҳар кенгаши раиси
Экологик тафаккур ва ёшлар салоҳиятини бирлаштирган майдон
🕔13:24, 20.07.2026
✔37
Экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш учун уларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги рақамли дунёнинг асосий талабидир.
Батафсил
Дарахтлар иссиқдан қуриб қолмасин, бефарқ бўлманг!
🕔13:17, 20.07.2026
✔40
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аномал иссиқда дарахтларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўришга чақирмоқда. Вазирлик аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиришини билдирди.
Батафсил
Инсониятнинг келажакдаги тоза энергия манбаи
🕔15:34, 09.07.2026
✔67
Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда.
Батафсил