Жамиятимизда аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш, қайта тикланмайдиган ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш ислоҳотлари жорий йилда яна бир поғонага кўтарилди. Бу шунчаки шиор ёки расмий қарор бўлиб қолмаслиги учун жойлардаги ҳолатга танқидий назар ташлаш, айниқса, амалий натижаларга эътибор қаратиш ҳар галгидан ҳам долзарб саналади.
Ўзбекистон Экологик партияси Хива шаҳар кенгаши қадимий шаҳарнинг экологик ҳолатига мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш учун муайян чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Тарих ва маданият маркази бўлган Хивада атроф-муҳит муҳофазаси асло назардан четда қолиб кетмаслиги лозим. Бугун кўзга кўринган, аммо кўз юмиб келинаётган муаммолар ҳақида очиқ ва ойдин сўз юритиш вақти келди.
Ҳар йили Хива шаҳрида сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар қайта-қайта кўтарилади. Лекин ечимига келадиган бўлсак, натижаси унчалик кўзни қувонтирмайди. Маҳаллалар ва ташкилотларнинг айрим томорқа ер эгаларига табиий суғориш суви етиб бормагани ва экин ерларининг шўр сувлар билан суғорилиши натижасида унумдорлик масаласи пастлаб, дарахтларнинг қуриб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бугун ичимлик сувга бўлган эҳтиёж аввалгидан ҳам юқори. Бу масалани Амударёдан келаётган сувнинг қисқариши билан изоҳлаш мумкин. Аммо, сувни тежаш масаласини кўндаланг қўядиган бўлсак, эскирган каналларни тузатиш ва янгилаш талаб даражасида эмаслиги боис сув йўқотиш 30-40 фоизгача ошиб боряпти.
Иссиқхона хўжаликларида томчилатиб суғориш, сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш борасида тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Аммо, афсуски, амалда уларни кенг қамровда қўллаш ҳолати кузатилмаяпти. Бу нафақат экологик йўқотиш, балки иқтисодий самарадорликнинг пасайишига олиб келмоқда.
Хива шаҳрида чиқиндилар билан боғлиқ вазият ҳақида сўз кетганда ҳолат ҳамиша ҳам барқарор эмаслиги кўриниб қолади. Баъзи маҳаллаларда чиқинди ташлаш контейнерлари етишмаслиги ва чиқинди йиғиш шохобчаларининг йўқлиги оғриқли нуқталардан биридир. Шунингдек, аҳолининг чиқиндиларни саралаш маданияти шаклланмаган, қайта ишлаш инфратузилмаси деярли мавжуд эмас.
Баъзи жойларда эко-контейнерлар ўрнатилган бўлса-да, аҳолининг улардан тўғри фойдаланиш даражаси паст. Мисол тариқасида шаҳримиздаги «Ангарик» маҳалласи Корибобо кўчасида жойлашган кўпқаватли уйлар олдидаги чиқинди ташлаш шохобчасига айрим одамлар кундалик маиший чиқиндиларни контейнернинг ичига эмас, балки атрофига, ерга тўкиб ёки бир чеккага қўйиб кетиш ҳолатларига тез-тез дуч келяпмиз. Шунингдек, ҳудудда кўпқаватли уйларнинг кўпайиши, аҳоли сонининг ошиши натижасида қўшимча эко-контейнерларга бўлган талаб юқори. Мазкур маҳалладаги чиқиндихонага назорат кузатув камераси ўрнатилди. Афсуски, одамларда шунда ҳам жавобгарлик ҳисси уйғонмаяпти.
Жорий йил август ойидан бошлаб, аҳоли ҳар ойнинг 5-кунида чиқинди қарздорлиги ҳақида SMS-хабарнома олади. Агар белгиланган муддатда қарз тўланмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имкони вақтинча чекланадиган бўлди. Бу аҳолига хизмат кўрсатувчи экокластерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва тўлов жозибадорлигини оширишга катта хисса қўшади.
Шу ўринда «Тозабоғ» маҳалласидаги аҳоли яшаш уйлари олдидан оқиб ўтувчи Полвон каналида маиший чиқиндиларнинг тўпланиб қолаётгани, дарахт шохлари эгилиб, сув юзасида қалқиётган ҳолатлари ҳам шаҳарда аҳоли экологик маданияти юксалмагани ҳамда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари суст эканидан далолат бермоқда.
Шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонаси атрофидаги кўп йиллик терак дарахтларнинг аксари қуриб қолган. Бунга кўзи тушган одамлар бепарво жимгина ўтиб кетишяпти. Маҳаллаларда тозалик ва ободонлаштириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз ҳали талайгина. Аммо, табиатга озор бераверсак, эртага бугунги ресурсларимизнинг ўз ҳолича қолишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Хива атрофида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилаётган минглаб дарахтларнинг тақдири ҳам кўпчиликни қизиқтирмаяпти. Бугун бу лойиҳа нафақат мутасадди раҳбарлар иши, балки, ҳар бир фуқаронинг виждон ва ҳаётий вазифасига айланмоғи керак. Дарахт экилган жойда тоза ва мусаффо ҳаво бўлади. Экология мусаффо ва чанг-ғуборлардан холи бўлса, инсонлар ҳам соғлом ва яхши муҳитда яшайди. Айни жазирамали кунларда табиатга меҳр бериб, экилган дарахт ва гул кўчатларини суғорсак, меҳнатимизнинг маҳсули албатта биз кутгандан ҳам зиёда бўлади.
Хивага ташриф буюраётган сайёҳлар нафақат тарихий қадамжолар, балки ҳудуднинг экологик ҳолати билан ҳам қизиқади. Юзага келаётган чиқиндилар ва белгиланмаган жойларнинг ифлосланиши каби ҳолатлар ҳам кўнгилни хира қилади. Баъзи хусусий меҳмонхоналар марказий канализация тизимига уланмагани ва чиқиндилар очиқ жойга чиқарилаётгани, маиший чиқинди йиғиш шохобчаларининг олдида ҳам чиқиндилар қалашиб ётганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Партиямиз фаоллари ушбу камчилик ва муаммоларни жамоатчилик назорати асосида депутатлар билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда ўрганиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровини ҳам юборишмоқда. Натижада муаммоларга зарурий ечимлар топилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Хива шаҳар кенгаши келгусида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни зарур деб ҳисоблайди:
– Хива шаҳри ва атрофида сув таъминотини янада яхшилаш учун эски ирригация шохобчаларини замонавий, тўғри йўналтирилган сув тармоқлари билан алмаштириш;
– қайта ишлаш цехлари ташкил этиш – чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш корхоналарини маҳаллий тадбиркорлар билан шерикликда ривожлантириш;
– амалий дастур – «экилди» деган расмий маълумотдан воз кечиб, ҳар бир дарахт учун жавобгарлик ва суғориш механизмини жорий қилиш;
– эко-туризмни йўлга қўйиш – тарихий объектлар атрофида махсус эко-зоналар ташкил этиш, меҳмонхоналарда экологик санитария-гигена қоидаларига мунтазам риоя этилишини таъминлаш;
– ёшлар иштирокини кучайтириш – мактаб ва ўрта махсус билим юртларида «Эко-клуб»лар фаолиятини доимий равишда ташкил этиш ва экологик акциялар ўтказиб бориш.
«Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» – бу шунчаки номигагина эмас, балки жавобгарлик ва масъулият йилидир. Агар биз ҳақиқий натижага эришмоқчи бўлсак, муаммоларни яширишдан, сохта ва бўрттириб кўрсатилган маълумотлардан воз кечишимиз керак. Ўзгаришни бошлаш учун энди сўз эмас, амалий ҳаракатлар даври келди. Барча фуқароларимизни она табиатимизни асраш, қайта тикланмайдиган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлашда маданиятли бўлишга, шаҳарларимиз чиройига ўз ҳиссаларини қўшишга чорлаймиз.
Дилмурод МАШАРИПОВ,
ЎЭП Хива шаҳар кенгаши раиси
Магнит бўронлари: чиндан ҳам инсон саломатлигига кўринмас таҳдидми?
🕔08:56, 08.09.2025
✔16
Сўнгги йилларда инсон саломатлигига таъсир этувчи ташқи омиллар қаторида магнит бўронлари тобора кўпроқ тилга олина бошлади. Илгари фақат астрономик тадқиқотларда учрайдиган бу тушунча, энди деярли ҳар бир инсоннинг кундалик сўзлашувида мавжуд. Аслида магнит бўронлари қандай пайдо бўлади ва инсонлар саломатлигига қандай таъсир кўрсатади? Магнит бўронлари таъсиридан кимлар кўпроқ зарар кўради?
Батафсил