Саломатлик      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси: Веломарафон – экологик қадрият ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси:  Веломарафон –  экологик қадрият  ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

Фарғоналиклар ҳамда вилоят меҳмонлари учун оммавий сайр ва катта мусобақага айланиб кетган тадбир юртимизда соғлом турмуш тарзига интилувчилар, атроф-муҳит ва она табиатни асровчилар сафи тобора кенгайиб бораётганини яна бир бор намойиш этди. Мазкур ўзига хос саломатлик мусобақаси Ўзбекистон Президентининг жорий йил 15 майдаги «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Концепцияда белгиланган тадбирлар ҳаётийлиги, халқимиз турмуш тарзига ҳамоҳанглигини кўрсатди.

Бугунги кунда жаҳон миқёсидаги энг долзарб муаммолардан бири – атроф-муҳит ифлосланиши ва иқлим ўзгаришидир. Йўл ҳаракатининг асосий қисми автомобилларга тўғри келади ва улардан чиқадиган заҳарли газлар атмосферага катта зарар етказади. Бу ҳолат инсон саломатлигига ҳам, табиатнинг барқарорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Велосипед эса барқарор ва экологик тоза транспорт воситаси сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда. Углерод изини камайтириш, шаҳар ҳавосини тоза сақлаш ва энергия тежашда велосипеддан фойдаланишнинг ўрни беқиёс. Веломарафонлар эса бу ғояни кенг тарғиб қилишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади.

Велосипед ҳайдаш нафақат табиат, балки инсон саломатлиги учун ҳам фойдали. Юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, турли касалликларнинг олдини олиш – велосипед ҳаракатининг муҳим жиҳатларидандир. Шу боис веломарафонлар икки мақсадни бир вақтда амалга оширади: экологик маданиятни юксалтириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш. Шу маънода Фарғонада ўтказилган «Табиат учун бирлашайлик!» веломарафони атроф-муҳитни асраш ғояларини тарғиб этиш, аҳолида масъулият туйғусини кучайтириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги байрами арафасида веломарафон Фарғона шаҳрида соат 7:00 да Ал-Фарғоний кўчасидан старт олди ва Ислом Каримов номидаги театр ва концерт саройи майдонида якунланди.

Тадбирда турли ёш ва тоифадаги юртдошларимиз – нуронийлар, ёшлар, ҳарбий хизматчилар, спортчилар, параспортчилар ва ҳаваскорлар иштирок этишди. Бу мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки жамиятдаги ҳамжиҳатлик ва бирдамлик рамзи сифатида ўтди.

 

Саидориф ота Маматов,

«Нуронийлар» йўналиши ғолиби:

– Бундай тадбирларда қатнашиш биз, нуронийлар учун ҳам катта шараф. Веломарафонга чиқиб, ёшлар билан бир сафда педаль босиш – биз учун нафақат соғлиқ, балки руҳий қувонч ҳам беради. Йиллар ўтса-да, табиатни асраш, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшишга бўлган иштиёқим сўнгани йўқ. Менимча, бу марафоннинг энг катта ғояси – бирдамлик. Ёшлар ва кексалар елкадош бўлиб, табиат учун ҳаракат қилдик. Бу бизга шунчаки мусобақа эмас, балки келажак авлодга ибрат, фарзандларимиз учун тоза ҳаво ва соғлом муҳит қолдириш йўлидаги масъулият эканини ёдга солди.

Фарғонада ўтказилган мазкур марафон аҳолида экологияга оид билим ва маданиятни ошириш, шу билан бирга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда алоҳида аҳамиятга эга. Тадбир байрамона кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтгани иштирокчиларнинг табиатга ва жамият ҳаётига бўлган масъулияти кучайиб бораётганидан дарак берди.

 

Шохруҳ Каричаев,

ЎЭП Фарғона вилоят партия

ташкилоти раиси ўринбосари:

– «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида ўтказилган бугунги веломарафоннинг асосий мақсади — аҳолида экологик маданиятни ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдан иборат. Биз, партия вакиллари, фақат сиёсий майдонда эмас, балки жамиятнинг ҳар бир қатлами билан ҳамжиҳат бўлиб, атроф-муҳитни асраш ғоясини ҳаётга татбиқ этишга интиляпмиз. Фарғонада ўтган мазкур марафонда турли ёшдаги юртдошларимизнинг бир сафда иштирок этиши шуни кўрсатадики, табиатни асраш – умумий ишимиз, биргаликдаги масъулиятимиз. Велосипед нафақат спорт воситаси, балки экологик тарбия ва барқарор ҳаёт рамзи ҳамдир. Ўзбекистон Экологик партияси келгусида ҳам бундай тадбирларни қўллаб-қувватлаб, аҳоли орасида «яшил ҳаёт» ғояларини кенг ёйишда давом этади.

«Табиат учун бирлашайлик!» веломарафони Фарғона аҳли учун экологик қадриятларнинг янги рамзига айланди ва соғлом ҳаёт сари ташланган муҳим қадам сифатида тарихда қолди.

 

Веломарафон – ҳаёт тарзига айланса...

Дунёда веломарафонлар кенг оммалашган ва улар турли мамлакатларда йирик ижтимоий-спорт тадбирлари сифатида ўтказилади. Масалан, Нидерландия, Германия ва Данияда велосипед ҳаёт тарзининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу давлатларда веломарафонлар нафақат спорт беллашуви, балки экологик ҳаракат ва барқарор транспорт ғояларини тарғиб этувчи йирик фестиваллар сифатида ўтказилади. Осиё мамлакатларида ҳам велосипед маданияти тобора ривожланмоқда. Япония, Жанубий Корея ва Хитойда веломарафонлар аҳоли саломатлиги ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим восита сифатида қўллаб-қувватланади.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, веломарафонлар нафақат спорт руҳини кучайтиради, балки жамиятда бирдамлик, соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятни ҳам оммалаштиради. Шу жиҳатдан, Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган бундай тадбирлар халқаро анъаналар билан ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Фарғонада ўтказилган веломарафон ҳам мамлакатимизнинг дунёдаги экологик ҳаракатлардаги фаол иштирокини ифодалайди. Бу тадбир Ўзбекистонда ҳам велосипед маданиятини ривожлантириш, экологик ҳаёт тарзини шакл­лантириш ва жамиятда барқарорлик ғоясини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамдир.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси:  Веломарафон –  экологик қадрият  ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси: Веломарафон – экологик қадрият ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

🕔09:01, 08.09.2025 ✔19

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Батафсил
Экологик хавфлар  аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

Экологик хавфлар аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

🕔08:49, 08.08.2025 ✔95

Ҳар бир ота-она соғлом, ақлли ва бахтли фарзанд орзусида яшайди. Бу орзуларнинг рўёбга чиқиши нафақат тиббий ёрдам, яхши овқатланиш ёки руҳий барқарорликка, балки бола дунёга келгунгача бўлган муҳит – яъни ҳомиладорлик пайтидаги ташқи таъсирларга ҳам бевосита боғлиқ.

Батафсил
Ошхонадаги  кичик  буюмнинг катта хавфи

Ошхонадаги кичик буюмнинг катта хавфи

🕔07:23, 04.08.2025 ✔118

Кўзга оддий ва аҳамиятсиз кўринадиган идиш ювиш губкаси аслида ҳар бир хонадондаги энг ифлос воситалардан бири эканини биласизми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар