Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида муҳим масала – «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муокама қилинди. Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳар галгидек, партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлган позициясини қатъий ҳимоя қилар экан, 2026 йилда қандай мақсадлар учун маблағни кўпайтириб бериш, атроф-муҳит муҳофазаси, умуман, экологик лойиҳалар учун йўналтирилаётган маблағлар миқдори юзасидан ўзининг аниқ таклифлари келгуси йил Бюджетномасига киритилишига эришди.
Стратегик йўналишлар молиявий ечим топди
Келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ўтган йиллардагига нисбатан фарқ қилди. Хусусан, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнлари «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларнинг молиявий ва иқтисодий ечимига қаратилди.
Қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар ҳамда сиёсий партияларнинг фракцияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ савол, 10 дан ортиқ концептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилди. Асослантирилган қатор таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Экология, Оролбўйи ва яшил ташаббуслар
Депутатлар билдирган таклиф ва тавсияларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасига бир қанча концептуал аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан билдирилган таклиф қониқтирилгани экологик муаммоларга давлат даражасидаги эътиборни акс эттирди. Экопартия фракциясининг таклифига кўра, глобал экологик вазиятни яхшилашда муҳим аҳамият касб этувчи Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириш учун 24 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Экологик партия ўз таклифларида, хусусан, Орол фожиасидан зарар кўрган минтақада «Яшил қоплама» барпо этиш, чўлланишга қарши курашиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини оширишга қаратилган дастурлар учун маблағ ажратиш зарурлигини асослаб берди.
Бу маблағлар минтақадаги ижтимоий-экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади, шунингдек, мамлакатнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини молиявий қўллаб-қувватлашдаги изчилликни намоён этади.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир ҳафта олдин бўлиб ўтган мажлисда ҳам экология масаласига чуқур тўхталиб ўтилган эди. Ўзбекистонда ҳавони яхшилаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар учун қанча маблағ ажратилиши назарда тутилаётгани борасидаги депутатлар саволига масъуллар жавоб беришган эди.
Ўзбекистон Экологик партияси депутати Моҳира Ходжаева лойиҳа муҳокамаси давомида масъулларга қуйидаги саволни берди: «Биринчи ва иккинчи тоифадаги саноат корхоналарини замонавий фильтрлаш ва тозалаш иншоотлари билан таъминлаш, жиҳозлаш учун қанча маблағ ажратилган, бу маблағлар ҳавони соғломлаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишларнинг натижадорлигига етадими?»
«2026 йилги қўшимча тушумлар ва даромадлар бизнинг прогноз қилишимиз бўйича 548 миллиард сўмни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича махсус комиссия иш олиб боряпти, 24 соат ишлайдиган штаб тузилган, – дея саволга жавоб берди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков. –Учта йўналишда ишлар олиб бориляпти: яқин мақсадли ва узоқ мақсадли тизимли масалалар бўйича. Улар илмий асослантирилган, ҳисоб-китобларга асосланган бўлиши керак. Шунинг учун сиз кўтарган масалалар ҳаммаси ҳисобга олинган. Унинг режасини қиляпмиз ва унинг натижадорлиги мана шу янги тизим томонидан тўлиқ таъминланади».
Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам ушбу савол юзасидан ўз фикрини билдириб ўтди.
«Давлатимиз раҳбарининг қарори билан 900 миллиард сўм 2025 йилнинг ўзида ушбу масалалар учун ажратилиб, жамғармага (Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси назарда тутилмоқда) ўтказиб бериш кўзда тутилган. Биз йил якунигача бу маблағни жамғармага ўтказиб берамиз. Бюджетнинг келгуси ўқишларида шунинг ҳаммасини жой-жойига қўйиб, ўйлаймизки, депутатларимизда бу соҳа учун ажратилаётган маблағларнинг етарли, етарли эмаслиги ҳақида ҳеч қандай шубҳа қолмайди», деди вазир.
Маълумот учун, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиши Президентнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарорида кўзда тутилган. Ҳужжатда ушбу жамғарма экология соҳасидаги умуммиллий лойиҳалар, экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотлар ва амалга ошириладиган лойиҳалар дастурларини молиялаштириш учун Экология қўмитаси ҳузурида ташкил этилиши, унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб 2025 йилда республика бюджетидан ажратиладиган 900 миллиард сўм, 2026 йилда Республика бюджетидан ажратиладиган 548 миллиард сўм белгиланган.
2026 йил 1 январдан бошлаб углерод бирликлари савдосидан тушумларнинг 20 фоизи, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жарима ва компенсация тўловларининг белгиланган қисмлари ҳамда импорт қиладиган транспорт воситалари учун тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи ҳам жамғармага йўналтирилади.
Асосий ижтимоий ажратмалар
Қонунчилик палатасидаги муҳокамалар натижасида ижтимоий соҳага оид муҳим йўналишлар бўйича ҳам қўшимча маблағлар ажратиладиган бўлди.
Соғлиқни сақлаш: ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари таклифига мувофиқ, оғир беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатадиган ҳудудлараро хосписларни (Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятларида) ташкил этиш учун 50 млрд сўм маблағ кўзда тутилмоқда.
Туризм: «Миллий тикланиш» ДП фракцияси таклифлари асосида туризм соҳасини тизимли ва барқарор ривожлантириш мақсадида Туризм қўмитаси учун республика бюджетидан 194 млрд сўм ажратилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя: ЎзХДП ва «Адолат» СДП фракциялари томонидан билдирилган таклифга мувофиқ, оғир вазиятга тушган болаларни қўллаб-қувватлаш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 67 млрд сўм ажратиладиган бўлди.
Масъулият ва назорат
Муҳокамаларга бой бўлган мажлисда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича кўтарилган масалаларга Ҳукумат томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари ойдинлик киритдилар.
Шунингдек, халқ вакиллари бюджетдан ажратилаётган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланиш борасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Парламент ва депутатлик назорати олиб борилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Депутат ёрдамчилари ўз масъулиятини етарлича ҳис этяптими?
🕔11:01, 04.12.2025
✔119
Депутат ёрдамчиси лавозими депутатнинг самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг вазифалари фақатгина техник ишларни бажариш билан чекланмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев таъкидлаганидек, ёрдамчининг асосий миссияси халқ ва депутат ўртасидаги ишончли кўприк бўлишдан иборат.
Батафсил