Ҳар юрак соғлом уриши учун –меъёрий босим керак
«Мен соғломман, ўзимни яхши ҳис қиляпман...», – дея хотиржам бўласиз. Аммо юрагингиз ҳам шундай деб ўйлаяптими?
Батафсил«Мен соғломман, ўзимни яхши ҳис қиляпман...», – дея хотиржам бўласиз. Аммо юрагингиз ҳам шундай деб ўйлаяптими?
Қон босими баланд бўлса, юрак ҳар уришда зўриқади. У зўриқишда давом этса, бир кун келиб чарчайди. Айнан шунинг учун қон босимининг баланд бўлиши (гипертония) кўплаб мутахассислар томонидан «жим қотил», «ички портлаш», «яширин касаллик» деб аталади. Бу касаллик йиллар давомида ҳеч қандай оғриқ ёки белгилар бермасдан аста-секин юрак, мия, буйрак ва кўз каби ҳаётий аъзоларни зарарлайди.
Энг ачинарлиси, инсон ўзини соғлом ҳис қилиб юрган пайтда ҳам гипертония ичкарида жимгина ўз ишини қилаётган бўлиши мумкин.
«Қон босимим бугун меъёрда-ку», деган алдовга алданманг!
Гипертония бирдан пайдо бўлмайди. У аста-секин, йиллар давомида ривожланади. Босим бугун меъёрда бўлиши – келажакда хавф йўқ дегани эмас. Яширин хавф сизнинг хабарингизсиз юрагингизга ҳар куни зарба бераверади.
Ҳатто 25-40 ёшли инсонларда ҳам гипертония учраши мумкин. Ишдаги стресс, уйқунинг бузилиши, ҳаракатсизлик, ортиқча овқатланиш, туз ва ёғга бой парҳез, ичкилик ва чекиш – буларнинг барчаси босимнинг кўтарилишига замин яратади.
Гипертониянинг олдини олиш учун умумий тавсиялар:
1. Ҳар куни қон босимингизни текшириб боринг
Айниқса 40 ёшдан ошган бўлсангиз ёки оилангизда гипертония билан оғриганлар бўлса, босимни уй шароитида ўлчашни одатга айлантиринг.
2. Ўзингизни шўрдан асранг
Тузни кунига 5 граммдан (1 чой қошиқ) ортиқ истеъмол қилмаслик керак. Шўр овқатлар (норин, тузлама, консервалар) ва чипс, колбаса каби маҳсулотлар босимни оширади.
3. Овқатланишингизга эътибор беринг
Рационингизда сабзавот, мева, ёнғоқлар, сули, қора нон, балиқ ва қайнатилган гўшт бўлиши керак. Ёғли, қовурилган ва ярим тайёр маҳсулотлардан воз кечинг.
4. Ҳаракат – саломатлик гарови
Кунига камида 30 дақиқа пиёда юринг ёки енгил машқлар билан шуғулланинг. Ҳаракатсизлик қон айланишини бузади ва гипертонияга йўл очади.
5. Оғирликни назорат қилинг
Ортиқча вазн юракка ортиқча юк беради. Ҳозирдан бошлаб саломатлигингиз учун вазн меъёрини сақланг.
6. Тинч ухланг
Кечаси камида 7-8 соат уйқу бўлиши керак. Уйқу етишмаслиги босимнинг кўтарилишига олиб келади.
7. Асабийлашманг – стрессни бошқаринг
Стресс вақтида қон босими кўтарилади. Дам олиш, севимли машғулотлар билан шуғулланиш, нафас машқлари ёрдамида асабийликни камайтиринг.
8. Зарарли одатлардан воз кечинг
Чекиш ва спиртли ичимликлар қон томирларини торайтиради ва гипертонияни тезлаштиради. Уларни тўхтатиш юрак ва мия саломатлиги учун муҳим.
9. Доимий тиббий текширувлардан ўтинг
Бир йилда камида 1-2 марта умумий қон таҳлили, юрак текшируви ва қон босими назорати учун поликлиникага мурожаат қилинг. Бу касалликни эрта босқичда аниқлашга ёрдам беради.
10. Тартибсиз тарзда дори ичманг
Турли дори препаратларини ўзбошимчалик билан ичманг ёки тўхтатманг. Агар сизда гипертония ташхиси қўйилган бўлса, шифокор белгилаган дори-дармонларни доимий ва тўғри қабул қилинг.
Юрак сизга бир умр хизмат қилади. Ундан миннатдор бўлиш учун унга қулай шароит яратиш – сизнинг ўз қўлингизда. Ҳар юрак уриши – ҳаёт зарбидир.
Бугун босим меъёрда экан, бугуноқ эҳтиёт чораларини бошланг. Эртанги соғлигингиз учун бугун ҳаракат қилинг. Ҳар нафас, ҳар юрак уруши ўзига муносиб ҳимояга лойиқдир.
Гипертония ҳақида жиддий ўйлаш – соғлом ҳаётга жиддий қадам. Шунчаки «мени бу муаммо четлаб ўтади», дея хотиржамликка берилиш эмас, балки соғлом ҳаёт тарзини одат қилиш, кузатувчан бўлиш ва хасталикнинг олдини олишга бел боғлаш – бу касалликдан узоқ юришнинг ягона йўлидир. Юрагингиз сизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Сиз ҳам уни асранг.
Унутманг, ҳар юрак соғлом уриши учун меъёрий босим керак!
Шаҳзод ҲАМИДОВ,
Шофиркон туман тиббиёт
бирлашмаси Кардиология бўлими
олий тоифали фельдшери
«Мен соғломман, ўзимни яхши ҳис қиляпман...», – дея хотиржам бўласиз. Аммо юрагингиз ҳам шундай деб ўйлаяптими?
БатафсилГуручнинг оқ, сарғиш, қизғиш рангда бўлиши барчамизга аён. Аммо, гуручнинг қора ранглисини кўрганмисиз? Ҳа, айнан қора гуруч! Келинг, гапни дастлаб ушбу маҳсулот ҳақидаги маълумотдан бошласак.
БатафсилКейинги йилларда Ўзбекистонда ўғил болалар кўпроқ туғилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатимизда 321 мингта қиз бола ва 343,6 мингта ўғил бола дунёга келган. Кўриб турганингиздек, ҳар 100 та қиз болага 107 та ўғил бола тўғри келяпти.
Батафсил