Қашқадарё – чўл ва яйловларга энг бой ҳудудлардан бири. Иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётган, биохилма-хиллик камаяётган бугунги шароитда яйловлар ҳамда чўлларни муҳофаза қилиш жуда долзарб ҳисобланади. Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг депутатлари бунга масъул ташкилотлар ҳамда жамоатчилик эътиборини доимий қаратиб келмоқда.
Миришкор тумани марказидан 30 километр узоқликдаги Авазчўл кенгликларида жойлашган чегара олди «Бўстон» маҳалласи ҳудудида туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси туман кенгаши ҳамкорлигида деградацияга учраган яйлов майдонларини рекультивация қилиш, чўл зонаси учун хос яйлов ўсимликларининг бирламчи уруғчилик плантацияларини барпо этиш ҳамда яйловларни босқичма-босқич яшиллаштиришга бағишланган амалий-кўргазмали семинар ўтказилди.
Унда туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгашига Экопартиядан сайланган депутат Файзулло Ғуломов, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидан келган илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, партия фаоллари, Қашқадарё вилояти ҳудудий яйлов хўжаликлари бошқармаси масъуллари, Туркман миллий маданий маркази раҳбари, «Дўстлик» ордени соҳиби Умрзоқ Қувватов, ҳудудий кенгаш депутатлари, вилоятда фаолият юритаётган яйлов чорвачилиги йўналишидаги корхоналар раҳбарлари, маҳаллалар – жами 500 нафарга яқин мутахассислар иштирок этди.
Семинарда сўзга чиққанлар чўл ҳудудларида яйлов майдонларини қайта тиклаш, чўл ўсимликларининг бирламчи уруғчилик майдонларини ташкил этиш бўйича мутахассисларга кўрсатмалар беришди. Шунингдек, келгусида уруғчилик майдонларини янада кўпайтириб, етарли уруғ билан таъминлаш ҳақида фикрларини билдирди.
– Яйловлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, минтақамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилашда асосий табиий манбалардан бири ҳисобланади, – дейди халқ депутатлари туман кенгаши депутати, қоракўлчилик-чорвачилик йўналишидаги корхона раҳбари Зулфиқор Сафаров. – Чўл ва ярим чўл ҳудудларида иҳота дарахтзорларини барпо этиш, инқирозга учраган яйлов майдонларини қайта тиклаш ишлари амалга оширилмагани туфайли шамол таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чанг-тўзонлар ҳосил бўлиш жадаллиги ортмоқда.
Миришкор туманида Республика Чорвачилик ва ветеринарияни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан чўл ландшафтларини тиклашга қаратилган йирик экологик-агроботаник лойиҳа амалиётга жорий этилди.
Ўтган йилда 1000 гектар майдон рекультивация қилинган бўлса, жорий йилда ҳашар ва жамоатчилик иштироки асосида яна 1000 гектарда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 14 турдаги қимматли кўп йиллик чўл ўсимликлари – саксовул, қараган, черкес, илоқ, изен, коврак, чуған ва бошқа ноёб флора вакилларининг уруғлари экилди. Ушбу ишлар минтақанинг яйлов потенциалини ошириш, шамол эрозиясига қарши табиий барьерни шакллантириш ҳамда чорвачилик учун барқарор ем-озуқа базасини яратишга хизмат қилади.
Мазкур семинарнинг фойдали томони, яйлов хўжалигига доир илмий-амалий ишланмалар, соҳага доир препаратлар, чўл ўсимликларининг уруғчилик технологиялари, агротехник тадбирлар намойиш этилди. Шунингдек, туячилик, йилқичилик, қўйчилик, овчилик, қолаверса, агротехника воситалари ҳамда маҳаллий миллий таомлар кўргазмалари ташкиллаштирилиб, иштирокчиларга кенг қамровли маълумотлар тақдим қилинди.
Айтиб ўтиш жоизки, ушбу ташаббус Миришкор туманида экологик барқарорликни таъминлаш, чўл ландшафтларининг табиий ресурс салоҳиятини тиклаш ва яйлов чорвачилигини замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Сожида АЛЛАЯРОВА,
ЎЭП Қашқадарё вилоят кенгаши бош мутахассиси
Ер қаъри ҳам муҳофазага муҳтож
🕔13:25, 20.07.2026
✔34
Ер қаърини муҳофаза қилиш, экология ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масаласи Ўзбекистон Экологик партияси дастурий мақсадларида алоҳида кўзда тутилган. Партиядан сайланган депутатлар томонидан ушбу йўналишда доимий жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Батафсил
Биогаз технологияси – «яшил» энергетиканинг муҳим манбаи
🕔13:22, 20.07.2026
✔35
Бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Табиий газ, нефть ва кўмир каби анъанавий ёқилғилардан ортиқча фойдаланиш эса экологик муаммоларни янада кучайтиради. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқиш тобора кучайиб бораяпти. Бу борада истиқболли йўналишлардан бири бўлган биогаз технологияси алоҳида аҳамиятга эга.
Батафсил
Елим пакетлар: қулайликми ёки экологик муаммо?
🕔13:16, 20.07.2026
✔34
Бугунги ҳаётимизни пластик пакетларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар енгил, арзон ва қулай. Аммо ҳар бир қулайликнинг ўз баҳоси бор.
Батафсил