Экология      Бош саҳифа

Томди шамоли уйларга нур бўлиб киради

Навоийда яшил энергетика соҳасида янги саҳифа

Томди шамоли  уйларга нур  бўлиб киради

Экологик барқарорликни таъминлашда мавжуд ресурслардан унумли ва оқилона фойдаланиш энг етакчи аҳамият касб этмоқда. Бугун сув, тупроқ, қуёш, ҳатто шамол ҳам экологик ресурс сифатида катта манфаатларга эга бўлган, мамлакат иқтисодий-ижтимоий юксалишига таъсир кўрсатадиган омиллар экани бежиз эътироф этилмаяпти.

Экологик хавфсиз бўлган қайта тикланувчи ресурслар аллақачон бугунги ва эртанги тараққиётнинг ҳал қилувчи воситасига айланиб улгурди. Шу маънода, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини кўпайтириш йўналишида салмоқли фаолият йўлга қўйилди. Давлатимизнинг бевосита тўғри ва оқилона стратегик ёндашуви самараси сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг МВт га ҳамда истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур фаолиятнинг йилдан-йилга тезкор ўсиш суръатига эга бўлиб бораётгани ҳам фикримиз исботидир.

Ўтган йил жами қуввати 1 850 МВт га тенг бўлган қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди. Шундан умумий қуввати 1 050 МВт бўлган 5 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда умумий қуввати 800 МВт бўлган 3 та шамол электр станцияси ишга тушди.

2023 йилда 74 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2024 йилда умумий ишлаб чиқариш кўрсаткичи 81,7 млрд кВт соатни ташкил қилди. Шундан қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий ишлаб чиқариш кўрсаткичи 12,5 млрд кВт соатни ташкил этди. Бу эса, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган яшил энергиянинг қарийб тўртдан бир улушини ташкил қилмоқда. Қайта тикланувчи яшил энергетиканинг ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошгани ҳисобига 2030 йилга бориб, мазкур рақамни 120 млрд кВт соатга етказиш мақсад қилинган. Ушбу маррага эришиш Ўзбекистоннинг энергия ресурслари борасида ўзига хос барқарор йўли мавжудлигидан далолат беради.

Яшил энергия манбалари ҳақида сўз кетганда шамол электр станциялари ўзининг самарадорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Оддийгина эсаётган шамолдан ҳосил бўладиган қувватнинг афзалликлари бир талай. Мамлакатимизда ҳам бу борада катта ўзгаришларни кузатиш мумкин. Юқоридаги рақамлар қайта тикланувчи яшил энергияга ўтиш тобора жадаллашиб бораётганини яққол кўрсатиб турибди. Кейинги беш йил ичида қуёш ва шамол электр станциялари тезкор суръатларда барпо этила бошлади.

2020 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида йирик лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ана шундай йирик ва муҳим лойиҳалардан бири Навоий вилоятининг Томди туманида амалга оширилмоқда.

Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компанияси томонидан барпо этилаётган қуввати 500 мегаватт бўлган шамол электр станцияси нафақат вилоят, балки бутун мамлакат энергетика тизими учун стратегик аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида Хитой Халқ Республикасининг «Голдвинд» компанияси билан ҳамкорликда жами 111 та замонавий шамол турбинаси ўрнатилиши режалаштирилган эди. Ҳозирда бу режадаги ишлар тўлиқ тугалланиш арафасида. Ҳар бир турбинанинг қуввати 4,7 МВт бўлиб, баландлиги қарийб 97 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 77 метрни ташкил қилади. Бу кўрсаткичлар турбинани деярли 30 қаватли уй баландлигига тенглаштиради.

– Маълумки, бугунги кунда Хитой, АҚШ, Ҳиндис­тон, Бразилия ва Дания шамол энергиясидан энг кўп фойдаланаётган фаол давлатлар саналади. Ҳозирда Хитойда «Гансьу» – энг кучли шамол электр станцияси тўлиқ қувват билан ишлаётганидан кўпчиликнинг яхши хабари бор. Ушбу мажмуанинг қуввати 8 ГАт га етади ва бу ўнта атом электр станциясининг ўрнини боса олади, – дейди биз билан суҳбатда «Масдар» компанияси масъул ходими Нишам Ал-Саркҳи. – Ўзбекистон шароитида ҳам мана шундай йирик шамол электр станцияларини барпо қилиш имконияти етарли. Бу минтақада куз, қиш ва баҳор фаслларида ҳар доим шамол эсиб туради. Кучли шамолли кунлар эса кўп бўлади.

– Хитойнинг Ланчжоу шаҳридан махсус транспорт воситалари ёрдамида шамол электр станцияси учун ускуналар олиб келдик, – дейди «Масдар» компанияси мутахассиси Ҳусниддин ЗОИРОВ. – Мазкур ускуналар бугунги кунда дунёдаги энг илғор ва самарали технологиялар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, кам шамол шароитида ҳам юқори қувватда ишлаш имкониятига эга.

2024 йил июнь ойида лойиҳа доирасидаги биринчи шамол турбинаси муваффақиятли ўрнатилган эди. Станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса қарийб 500 минг хонадонни барқарор ва тоза электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Эътиборлиси шундаки, мазкур лойиҳа орқали йилига 540 миллион куб метр табиий газ тежалади. Пировардида атмосферага 720 минг тоннагача зарарли газлар чиқарилишининг олди олинади.

 Бу кўрсаткичлар экологик барқарорликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ушбу лойиҳа Навоий вилоятида яшил энергетика улушини кескин оширишга хизмат қилади.

– Ўзбекистон Экологик партияси доимо табиатни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга хизмат қилувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келади. Томди туманида тўлиқ ишга тушиш арафасидаги шамол электр станцияси ана шундай ташаббусларнинг амалий ифодасидир, – дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Алижон ЖАЛИЛОВ. – Бугунги кунда анъанавий иссиқлик электр станцияларига муқобил равишда шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам энг мақбул ечимга айланмоқда. Бу эса келажак авлодлар учун соғлом атроф-муҳитни сақлаб қолиш йўлидаги муҳим омил саналади.

Томди туманидаги шамол электр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа сифатида тарихга кириши баробарида, мамлакатимизнинг экологик тоза энергетика йўлидаги қатъий қадамларини яна бир бор намоён этмоқда. Яқин кунларда у ишга тушгач, Учқудуқ, Томди туманлари ва Зарафшон  шаҳрини тўлиқ электр қуввати билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади. Айниқса, Зарафшондаги Навоий кон-металлургия комбинати, 2-Мурунтов кон бошқармаси ҳамда Учқудуқдаги Шимолий кон бошқармалари узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

– Қувонарлиси шуки, шамол электр станциялари туну кун, йил ўн икки ой давомида узлуксиз қувват манбаи бўлиб қолади. Мутахассислар ишга тушиш арафасидаги Томди шамол электр станциясини катта ҳажмдаги саноат ва кончилик объектларини барқарор энергия билан таъминлайди, дея баҳолашмоқда. Энг муҳими, аҳоли эҳтиёжини ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз таъминлашга эришилади. Шу боис ҳам Навоий вилояти шамол электр станцияларини барпо этиш энг мақбул ечим сифатида танланган.

Мен «Кончилар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишларканман, ҳар куни кўплаб ишбилармон ва тадбиркорлар билан ҳам учрашиб, суҳбатлашаман. Илгари улар электр таъминотидаги узилишдан норози бўлиб гапиришарди. Эндиликда улар жуда хурсанд. «Шамол электр станцияси ишга тушса, ишимизнинг ривожланиб кетишини бир кўринг», – деб қўйишади.

Ҳа, янги шамол электр станцияси ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркорлар ва кенг аҳоли хонадонлари учун ҳам янги ҳаёт, намунали турмуш шароитларини олиб келишига ишонаман, – дейди фахр билан Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси, халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати Дилноза СУЛТОНОВА.

Навоий вилояти чўл ҳудудларида қад ростлаётган ушбу улкан шамол турбиналари – бу шунчаки техник иншоот эмас. Улар Ўзбекистоннинг яшил келажакка бўлган интилиши, экологик масъулият ва инновацион тараққиёт рамзидир.

 

Сардор ИСЛОМОВ,

ЎЭП Навоий вилоят кенгаши бош мутахассиси,

Эрпўлат БАХТ,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Томди шамоли  уйларга нур  бўлиб киради

Томди шамоли уйларга нур бўлиб киради

🕔09:32, 19.12.2025 ✔73

Навоийда яшил энергетика соҳасида янги саҳифа

Батафсил
Миришкорнинг чўл ҳудудларида  яйловлар  тикланишга  муҳтож

Миришкорнинг чўл ҳудудларида яйловлар тикланишга муҳтож

🕔09:31, 19.12.2025 ✔84

Қашқадарё – чўл ва яйловларга энг бой ҳудудлардан бири. Иқлим ўзгаришлари тобора чуқурлашиб бораётган, биохилма-хиллик камая­ётган бугунги шароитда яйловлар ҳамда чўлларни муҳофаза қилиш жуда долзарб ҳисобланади. Ўзбекис­тон Экологик партияси ва унинг депутатлари бунга масъул ташкилотлар ҳамда жамоатчилик эътиборини доимий қаратиб келмоқда.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланиши жисмоний  машқлар  фойдасини йўққа  чиқаради...ми?

Ҳаво ифлосланиши жисмоний машқлар фойдасини йўққа чиқаради...ми?

🕔09:25, 19.12.2025 ✔78

Ҳаводаги заҳарли моддаларнинг узоқ муддат таъсири мунтазам жисмоний машқлар таъсирини икки бараваргача камайтириши мумкин. Лондон Қироллик коллежи тадқиқотчилари иштирокидаги халқаро олимлар гуруҳи шундай хулосага келди. Тадқиқот натижалари BМC Medicine журналида эълон қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар