Давлат ва жамият бошқарувида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат органларининг жавобгарлиги ва ижтимоий масъулиятини ошириш бугунги ислоҳотлар жараёнининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш масаласи парламент фаолиятининг доимий диққат марказида.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қуйи палата йиғилиши олдидан одатдагидек Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси депутатлари томонидан кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама этилди. Партия фракцияси позицияси шакллантирилди.
Депутатлар парламент назорати фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартиришларни кенг муҳокама этдилар. Эндиликда Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталари давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг Конституция ва қонунлар ижроси, шунингдек, давлат дастурларининг амалга оширилиши бўйича ахборотларини эшитиш ваколатига эга бўлади. Бу орқали Ҳукумат ва ижро этувчи органларнинг масъулияти оширилиб, қўмита мажлисларида тегишли соҳа раҳбарларининг шахсан иштирок этиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, йиғилишда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, болалар манфаатларини таъминлашга қаратилган долзарб қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Янги ташаббусларга мувофиқ, «Inson» ижтимоий хизматлар маркази вакилларига суд жараёнларида жабрланувчи аёллар манфаатларини бевосита ифодалаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда. Эътиборли жиҳати, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёллар реабилитация даврида бўлган вақтда уларнинг иш жойи ва лавозими сақланиши қонунан кафолатланмоқда.
«Қонун лойиҳасига кўра ушбу харажатлар давлат бюджетидан қопланмайди. Хўш, бу лойиҳа қабул қилинса эртага иш берувчиларга қўшимча харажатларни келтириб чиқармайдими?», дея савол қўйди Экологик партия депутати Дилдора Камалова.
Шунингдек, миллий қонунчиликка халқаро ҳуқуқий андозаларга мос келувчи «боланинг энг устувор манфаатлари» тушунчасини киритиш таклиф этилди. Фракция аъзолари ушбу ўзгаришлар давлат органларининг ҳисобдорлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва жамиятда ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, муҳокама этилган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватладилар.
Вазирнинг жавоби
депутатларни
қониқтирдими?
Қишлоқ хўжалиги мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини ошириш, органик, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш масаласига Экологик партия фракцияси депутатлари алоҳида эътибор қаратиб келишмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг «Экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва мақсадли экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги парламент сўровига берилган жавоби қуйи палата йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди. Мамлакатимизда экспортбоп мева-сабзавотлар ҳажмини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати вазирнинг жавобида келтириб ўтилди.
Маълум қилинишича, кейинги йилларда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини тизимли ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилишга доир ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида»ги ва «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси қабул қилиниб, соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланди.
2025 йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида халқаро стандартлар талабларини жорий этган сертификатланган корхоналар сони 2045 тага етказилиб, белгиланган режа бажарилган. Айни пайтда республикада органик сертификат бериш ҳуқуқига эга 12 та мувофиқликни баҳолаш органлари фаолият юритмоқда.
Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 10 минг гектарда органик маҳсулот етиштириш вазифаси белгиланган бўлиб, амалда 36 та субъект томонидан 10,3 минг гектар майдонда органик маҳсулот етиштирилди. Ушбу майдонлардан жами 26,5 минг тонна ҳосил олинган. Шу билан бирга, GlobalG.A.P. халқаро стандарти талаблари асосида 955 гектар ер майдонида 14 минг тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилган.
Вазирнинг парламентга жавобида қайд этилганидек, халқаро стандартларни жорий этган 48 та қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат корхоналарига 2025 йилда давлат томонидан 3,8 млрд сўм молиявий ёрдам ажратилган. Бугунги кунда республикада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида жами 4 233 та стандарт амал қилмоқда, шундан 1 957 таси халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт географияси 95 та давлатни қамраб олган бўлиб, Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Хитой асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади. Шу билан бирга, Япония, АҚШ, Корея Республикаси ва Европа давлатлари бозорларига чиқиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Муҳокамалар якунида депутатлар мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилганини қайд этган ҳолда, экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини янада кўпайтириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлик кўрсаткичларини ошириш бўйича тегишли тавсиялар бердилар. Мазкур масала доимий парламент назоратида бўлиши таъкидланиб, Қишлоқ хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз
Қонун устуворлиги ва ижтимоий ҳимоя – парламент муҳокамасида
🕔17:11, 08.01.2026
✔20
Давлат ва жамият бошқарувида қонун устуворлигини таъминлаш, давлат органларининг жавобгарлиги ва ижтимоий масъулиятини ошириш бугунги ислоҳотлар жараёнининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини кафолатли таъминлаш масаласи парламент фаолиятининг доимий диққат марказида.
Батафсил
Саида МИРЗИЁЕВА: «Экологияни Ўзбекистонда муҳим масала даражасига олиб чиқдик»
🕔17:10, 08.01.2026
✔23
«Ҳаво ифлосланишига қарши курашиш учун барча имкониятлар сафарбар қилинди ва бу ўз натижасини берди», — деди Саида Мирзиёева. Унинг қайд этишича, одамлар ва бизнеснинг кўникмалари ўзгармаса, ижобий ўзгаришлар бўлмайди. Шунингдек, у қишда уйини кучли иситмаслигини айтди: «Ишни ўзимдан, фарзандларимдан бошладим…»
Батафсил
Мурожаатнома юзасидан муҳим экологик вазифалар белгиланди
🕔11:23, 31.12.2025
✔123
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Батафсил