Иқлим      Бош саҳифа

Глобал экологик масъулият: Табиатнинг нозик ва бебаҳо чегараси

Афсуски, бу хатонинг бадали жуда қимматга тушди. Сув-ботқоқ ҳудудлари йўқолиши билан иқлим кескин ўзгарди, ерости сувлари камайди ва миллионлаб миграция қилувчи қушлар ўзларининг одатий қўнимгоҳларидан маҳрум бўлди. Бу нафақат табиатга, балки инсоният озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам таҳдид сола бошлади.

Глобал экологик масъулият:  Табиатнинг нозик ва  бебаҳо  чегараси

Шунинг учун ҳам 1971 йилнинг 2 февралида Эроннинг Каспий денгизи соҳилидаги сўлим Рамсар шаҳрида дунёнинг етакчи экологлари ва давлат арбоблари Ер юзидаги энг муҳим сув-ботқоқлик ҳудудларини асраб қолишга қаратилган «Рамсар Конвенцияси»ни имзолашди. Бу ноёб экотизим муҳофазасига қаратилган муҳим халқаро ҳужжатга айланди. Бугунги кунда 172 мамлакат мазкур Конвенцияга аъзо бўлиб, уларнинг ҳудудида халқаро аҳамиятга эга бўлган 2 520 та сув-ботқоқлик ҳудуди махсус рўйхатга киритилган. Конвенция Котибияти Швейцариянинг Гланд шаҳрида жойлашган бўлиб, у бутун дунё бўйлаб табиатни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштиради. Ҳар йили 2 февраль санаси – «Бутунжаҳон сув-ботқоқлик ҳудудлари куни» сифатида дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам нишонланиб келинмоқда.

 

Сайёранинг «ўпкаси»  ва табиий фильтри

Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга 2001 йил 30 августда қўшилган. Бу шунчаки халқаро ҳужжатни қўллаб-қувватлаш эмас, балки мамлакат зиммасидаги улкан масъулиятдир. Бу давлат томонидан мазкур ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларни илмий тадқиқ этиш, сувда сузувчи қушлар учун табиий резерватлар яратиш ва энг муҳими, улардан «оқилона фойдаланиш» мажбуриятини англатади.

Рамсар Конвенциясининг муҳим тамойили «оқилона фойдаланиш»дир. Бу дегани, биз табиатни бутунлай «музлатиб» қўймаймиз, балки ундан инсоният манфаати учун шундай фойдаланамизки, экотизимнинг барча табиий хусусиятлари ва фазилатлари сақланиб қолади. Сув-ботқоқликлар сайёрамизнинг «ўпкаси» ва табиий сув фильтрларидир. Улар сувни заҳарли моддалардан тозалайди, тошқинларнинг олдини олади ва карбонат ангидридни ютиб, глобал исиш таъсирини камайтиришда муҳим роль ўйнайди.

 

Ўзбекистондаги бешта мўъжиза қисмати

Юртимиздаги Рамсар рўйхатига киритилган жами 739 115 гектар майдонни эгаллаган бешта сув объекти – бу бизнинг миллий хазинамиз ва келажак авлодларга қолдирадиган меросимиз ҳисобланади. Ҳар бир ҳудуд ўзининг бетакрор фаунаси ва флораси билан ажралиб туради.

 

Денгизкўл

Бухоро вилоятида жойлашган Денгизкўл 2001 йилда биринчи бўлиб халқаро рўйхатга киритилган. Зарафшон дарёсининг қуйи оқимида жойлашган бу шўр кўл чўл экотизими учун ҳаётий аҳамиятга эга. Бу ерда дунё миқёсида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб оқбош ўрдак (савка) ва бошқа кўплаб сув қушлари қўним топади. Денгизкўл – миграция йўлидаги қушлар учун Марказий Осиёдаги энг муҳим «аэропорт»лардан биридир.

 

Айдар-Арнасой кўллар тизими

527 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бу тизим Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган. Бу Ўзбекистондаги энг йирик сув-ботқоқлик ҳудуди бўлиб, 2008 йилда Рамсар рўйхатига киритилган. Сардария дарёси суви билан тўйиниб турувчи бу кўллар тизимида юзлаб турдаги қушлар ва ўнлаб турдаги балиқлар яшайди. Бу ерда ҳатто Арктика ва Сибирь кенгликларидан учиб келган ноёб қизил бўйинли ғозларни ҳам учратиш мумкин.

 

Тўдакўл ва Қуйимозор

2020 йилда рўйхатга олинган Навоий вилоятидаги бу икки сув омбори бир-бирини ажойиб тарзда тўлдиради. Қуйимозор чучук сувли ва чуқур бўлиб, ичимлик сув манбаи ва қушларнинг хавфсиз тунлаш жойи ҳисобланса, Тўдакўл шўрроқ ва серқамиш бўлиб, қушларнинг асосий озиқланиш маконидир. Бу мажмуа қурғоқчил (засушли) минтақада биологик хилма-хилликни сақлаб қолишнинг юксак намунасидир.

 

Судочье кўллар тизими

Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Судочье кўли 2022 йилда рўйхатга олинган. Бу ер Орол денгизининг собиқ қўлтиғи бўлиб, ҳозирда Афро-Евроосиё ва Марказий Осиё қуш учиш йўллари кесишган нуқтадир. Судочьедаги фламинго колонияларининг гўзаллигини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бу маскан Орол инқирози шароитида ҳам табиатнинг яшаб қолиш учун кураши рамзидир.

 

Жилтирбос кўли

2022 йилда Рамсар рўйхатига киритилган Жилтирбос кўли ҳам Қорақалпоғистонда жойлашган. У собиқ Орол денгизининг қолдиқ сув ҳавзасидир. Бу кўл нафақат қушлар, балки Амударёнинг эндемик ва ноёб балиқ турлари, жумладан, катта ва кичик сохта куракбурунлар учун сўнгги паноҳгоҳлардан бири ҳисобланади. Бу ердаги биохилма-хилликни сақлаб қолиш минтақавий экологик барқарорлик учун жуда муҳим.

Ўзбекистоннинг Рамсар ҳудудлари асосан чўл ва ярим чўл зоналарида жойлашган бўлиб, уларнинг мавжудлиги бевосита инсон фаолияти ва трансчегаравий сув ресурсларига боғлиқ. Бугунги кунда ушбу ҳудудлар қуйидаги тизимли муаммолардан азият чекмоқда.

Сув танқислиги ва сув сатҳининг беқарорлиги. Бу энг асосий ва долзарб ҳисобланади. Рамсар объектларимизнинг аксарияти (масалан, Айдар-Арнасой ва Денгизкўл) коллектор-дренаж сувлари ва дарёлардан ташланадиган ортиқча сувлар ҳисобига тўйиниб туради. Иқлим ўзгариши ва сувга бўлган талабнинг ортиши туфайли кўлларга келадиган сув миқдори йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бу эса сувнинг шўрланишига, қирғоқ чизиғининг чекинишига ва оқибатда қушларнинг уя қўйиш жойлари қуриб қолишига олиб келмоқда.

Экотизимнинг ифлосланиши. Қишлоқ хўжалиги далаларидан келаётган коллектор сувлари таркибида минерал ўғитлар ва кимёвий пестицидларнинг кўплиги сув сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу «эвтрофикация» жараёнини тезлаштириб, сувда кислород кама­йишига ва балиқларнинг қирилишига, шунингдек, сув ўсимликларининг меъёрдан ортиқ кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Браконьерлик ва назоратсиз фойдаланиш. Ноёб қушларни ноқонуний овлаш, балиқларни тақиқланган воситалар (электр қармоқ, майда кўзли тўрлар) билан тутиш ва қамишзорларга ўт қўйиш ҳолатлари экотизимнинг қайта тикланишига йўл бермаяпти. Айниқса, қушларнинг уя қўйиш ва полапон чиқариш даврида инсон омилининг (безовта қилиш) кучлилиги популяцияларнинг камайишига олиб келяпти. Рамсар ҳудудларини асраб қолиш нафақат табиатни муҳофаза қилиш органлари, балки кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини талаб этади.

Биз Рамсар ҳудудлари ҳақида гапирганда, шунчаки харитадаги нуқталар ёки илмий терминлар мажмуасини назарда тутмаймиз. Бу ҳудудлар – минг йиллар давомида шаклланган, инсоният ҳали тўлиқ англаб етмаган мураккаб ва нозик ҳаёт занжирининг энг муҳим ҳалқаларидир.

Агар биз бугун сув-ботқоқлик ҳудудларини бой берсак, эртага нафақат фламинголарнинг гўзал рақсидан, балки мусаффо ҳаво, тоза сув ва барқарор иқлимдан ҳам маҳрум бўламиз. Табиат муҳофазаси фақат давлат ташкилотлари ёки экологларнинг иши эмас. Бу ҳар бир оиланинг, фарзандларимиз келажагини ўйлайдиган ҳар бир инсоннинг виждон ишидир.

 

Луиза МАРДОНОВА,

Экологоя қўмитаси бош мутахассиси




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистонда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтирган саноат корхоналари  рағбатлантирилади

Ўзбекистонда атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтирган саноат корхоналари рағбатлантирилади

🕔15:47, 06.03.2026 ✔47

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28 февраль кунги қарори билан «Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб саноат корхоналарининг атроф табиий муҳитга таъсирини камайтириш ҳаракатларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Батафсил
Ўзбекистон Саудиянинг  илғор  иқлим тажрибасини ўрганади

Ўзбекистон Саудиянинг илғор иқлим тажрибасини ўрганади

🕔15:35, 06.03.2026 ✔73

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонида бўлди. Мазкур ишчи сафар давомида

Батафсил
Ўзбекистон энергия тежовчи совитиш бўйича  минтақавий ташаббусга қўшилди

Ўзбекистон энергия тежовчи совитиш бўйича минтақавий ташаббусга қўшилди

🕔16:38, 26.02.2026 ✔51

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакиллари Бокуда бўлиб ўтган энергия тежовчи совитиш тизими бўйича янги минтақавий лойиҳани тасдиқлаш йиғилишида иштирок этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар