Йигирманчи аср охирида инсоният олдида улкан экологик ҳалокат – озон қатламининг емирилиши хавфи пайдо бўлган эди. Ўшанда қабул қилинган тезкор қарорлар бизни қуёшнинг ҳалокатли радиациясидан асраб қолгандек туюлди. Аммо бугун маълум бўлишича, бир муаммони ҳал қилиш йўлида қўлланган моддалар янада мураккаб ва хавфлироқ «абадий кимёвий моддалар» муаммосини келтириб чиқарди.
Озонни ҳимоялаймиз деб...
Ўтган асрнинг 80-йилларида озон қатламидаги тешиклар бутун дунёни хавотирга солган эди. Шу сабаб 1987 йилдаги Монреал протоколига асосан совиткич ва кондиционерларда ишлатиладиган хлорфторуглеродлар (CFC) бошқа газлар билан алмаштирилди. Кейинчалик глобал исишга қарши кураш доирасида яна янги совитувчи моддалар жорий қилинди.
Бироқ, вақт ўтиб айнан шу алмаштиришлар ҳавода хавфли «абадий кимёвий моддалар» тўпланишига олиб келгани маълум бўлди. Олимлар бу моддаларни PFAS деб атайди. Уларнинг энг кўп учрайдигани трифторуксус кислотаси ҳисобланади.
Улар қанчалик хавфли?
PFAS – бу минглаб сунъий кимёвий моддалар гуруҳи бўлиб, улар табиатда деярли парчаланмайди ва йиллар давомида тупроқ, сув ва тирик организмларда тўпланиб боради. Шу сабабли ҳам улар «абадий» номини олган.
Ўтказилган тадқиқотлар PFAS моддаларининг инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкинлигини кўрсатди:
ҳомила тушиши хавфини оширади, фарзанд кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади;
ҳомиладор аёлларда қон босимининг хавфли даражада кўтарилишига сабаб бўлади;
иммунитетни заифлаштиради ва вакциналар самарадорлигини пасайтиради (айрим PFAS турлари саратон чақирувчи модда сифатида ҳам тан олинган);
организмдаги ички безлар фаолияти бузилишига олиб келади.
Муаммо кўлами: рақамлар нима дейди?
Бугунги кунда тефлон, PFAS асосидаги изоляция материаллари ва бошқа маҳсулотлардан фойдаланишни чеклашга уринишлар бор. Аммо бу ҳаракатлар ҳозирча катта самара бермаяпти. Буюк Британия олимлари тадқиқотига кўра, 2000-2022 йиллар орасида трифторуксус кислотаси миқдори қарийб 6,8 баробарга ошган ва атмосферага 0,335 миллион тонна «абадий кимёвий моддалар» қўшилган.
Муаммони ҳал қилиш мумкинми?
Олимлар совитувчи газлардан фойдаланишни янада қаттиқ назорат қилишни таклиф қилмоқда. Аммо вазият мураккаб: эски моддаларни қайта ишлатиб бўлмайди, янги муқобиллар эса етарлича самарали эмас. Масалан, пропан, изобутан ва аммиак каби альтернативалар бор, лекин улар заҳарли ёки портловчи бўлгани учун катта хавф туғдиради.
Шу сабаб ҳозирча бу муаммо ечими топилмаган ва олимлар 2025-2100 йиллар оралиғида атмосферадаги трифторсирка кислотаси миқдори янада ошишини кутишмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, инсоният озон тешигини ёпишга муваффақ бўлди, бироқ бунинг эвазига ер юзини кимёвий «ахлат» билан тўлдириб юборди. Эндиги вазифа сайёрани нафақат радиациядан, балки ўзимиз яратган «абадий» заҳарлардан ҳам асраб қолишдир.
Шаҳруза САТТОРОВА тайёрлади.
Депутат сўрови вазирликни ҳаракатга келтирадими?
🕔15:57, 21.05.2026
✔36
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бир лавҳа кўпчиликни ларзага келтирди: ўз хонадони ҳовлисида беғубор ўйнаб юрган кичкина қизалоқ кутилмаганда юз берган кучли портлаш ва ундан чиққан ваҳимали овоз туфайли даҳшатга тушиб, қаёққа қочишини билмай қолади. Бу воқеа шунчаки тармоқдаги навбатдаги пиар видео эмас, балки инсон ҳаётига бўлган беписандликнинг оғриқли ифодасидир.
Батафсил
Экологик ўзгаришлар болалар орасида аллергик ринитни кўпайтиряпти
🕔15:36, 15.05.2026
✔62
Баҳор аллергик касалликлар, айниқса, аллергик ринит билан оғриган болалар учун энг мураккаб мавсум. Сўнгги йилларда бу касалликнинг болалар орасида ортиб бораётгани кузатилмоқда ва бу ҳолат бевосита экологик ўзгаришлар билан боғлиқ.
Батафсил
Пойтахтдаги оқава сув муаммоси қачон ечим топади?
🕔09:14, 08.05.2026
✔99
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фракцияси аъзолари Борий Алихонов, Олга Литвинова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари Муродхон Жўраев, Сергей Миронов, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Севара Файзиева, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи Акмал Расулов ва бошқа масъул ташкилот вакиллари билан биргаликда пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган оқава сувларни тозалаш иншоотида ўрганиш ишлари олиб бордилар.
Батафсил