Табиатнинг энг сирли ва бетакрор мўъжизаларидан бири бўлган қор қоплони нафақат юртимиз, балки бутун дунё миқёсида йўқолиб кетиш хавфи остидаги ноёб жонзотдир.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ва CITES конвенцияси рўйхатига киритилган ушбу йиртқич бугунги кунда Ер юзининг бор-йўғи ўн иккита ҳудудида сақланиб қолган. Мутахассисларнинг эътироф этишича, дунё бўйлаб уларнинг умумий сони етти минг бошдан ошмайди. Ўзбекистон ҳудудида эса ушбу ноёб мушуксимонларнинг асосий яшаш ареаллари Угам-Чотқол, Зомин ва Ҳисор тоғ тизмаларининг баланд қисмларида жойлашган.
Илвирс деб ҳам аталувчи қор қоплони Марказий Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларида, асосан, денгиз сатҳидан уч минг метрдан беш минг метргача бўлган баландликларда, доимий музликлар чегарасида ҳаёт кечиради. У ўзининг қалин ва пахмоқ кулранг-сарғиш юнги ҳамда узун думи билан бошқа йиртқичлардан ажралиб туради. Бу эҳтиёткор жонзот асосан тунда фаол ҳаракат қилиб, кундузи қоялар орасида дам олади. Қиш фаслида эса озуқа излаб тоғ эчкилари ортидан арчазорлар жойлашган пастроқ ҳудудларга тушади. Илмий маълумотларга кўра, бу мағрур жонзотлар табиат қўйнида йигирма бир ёшгача умр кўриши мумкин.
Қор қоплонларининг биологик хусусиятлари ҳам ўзига хос бўлиб, улар одатда икки йилда бир марта болалайди. Жуфтлашиш даври февраль ва март ойларига тўғри келиб, июнь ойида биттадан бештагача бола дунёга келади. Кичик қоплонлар бир ярим ёшгача онасининг қарамоғида бўлади ва фақат икки-уч ёшга етгандагина мустақил ҳаётга қадам қўяди.
Мутахассислар маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қор қоплонлари сони 60-90 бошни ташкил этади. Қувонарлиси шундаки, мамлакатимиздаги мавжуд ареалларнинг салмоқли қисми «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ҳиссасига тўғри келади. Таққослаш учун: 1983 йилда қўриқхона ташкил этилганда бу ерда бор-йўғи 3-4 бош атрофида қор қоплони бўлган.
2025 йилги кузги саноқ натижаларига кўра, қўриқхона ҳудудида уларнинг сони 71 бошга етди. Бу тизимли муҳофаза чораларининг юксак самарасидир.
Бу кўрсаткич нафақат юртимиз, балки минтақавий миқёсда ҳам катта ютуқдир. Ҳисор давлат қўриқхонасининг илмий ва қўриқлаш бўлимлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар баланд тоғ экотизимини асраш ва бу ноёб хазинани келажак авлодларга безавол етказишни мақсад қилган. Табиатни асраш ва биохилма-хилликни сақлаб қолишда ҳар бир инсоннинг масъулиятли муносабати муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистонда қор қоплонини ўрганиш ва муҳофаза қилиш борасида Ҳисор давлат қўриқхонасининг ўрни беқиёс. Бу борада кўп йиллар давомида заҳматли изланишлар олиб борган олим (марҳум) Бахтиёр Оромовнинг меҳнатларини алоҳида таъкидлаш лозим. У киши 1981 йилдан бошлаб Ҳисор тоғларидаги ноёб фауна вакилларини ўрганиб, уларнинг яшаш тарзи ҳақида кўплаб илмий мақолалар чоп эттирган.
2017 йил БМТнинг тадқиқот дастури, Глобал экологик жамғарма ва Давлат экология қўмитаси томонидан «Ҳисор» давлат қўриқхонасига 85 та «Bushnell» русумидаги яширин фото-видео қопқонлар тақдим этилди. Улар қўриқхонанинг 4 та – Қизилсув, Танхоздарё, Мираки ва Ғелон бўлимлари ҳудудларидаги фауна вакиллари кўп учрайдиган қоя ва тоғ ён бағирлари, арчазорлар, сойлар ва даралар ҳамда уларнинг ўтиб-қайтиш эҳтимоли кўп бўлган йўлакчаларга ўрнатилди. Ушбу ускуналар ёрдамида қўриқлаш ходимлари томонидан жами 21 бош қор қоплони тасвирга муҳрланди.
Қор қоплонини асраш – фақат мутахассисларнинг иши эмас. Бу лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад баланд тоғ экотизимларини муҳофаза қилиш ва бу бойликни келгуси авлодларга безавол етказишдир. Ҳар бир фуқаро табиатга нисбатан масъулиятни ҳис этиши, ноёб флора ва фауна вакилларини эъзозлаши лозим.
Толмас АРОМОВ,
«Ҳисор» давлат қўриқхонаси
директори ўринбосари
Ер қаъри ҳам муҳофазага муҳтож
🕔13:25, 20.07.2026
✔34
Ер қаърини муҳофаза қилиш, экология ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масаласи Ўзбекистон Экологик партияси дастурий мақсадларида алоҳида кўзда тутилган. Партиядан сайланган депутатлар томонидан ушбу йўналишда доимий жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Батафсил
Биогаз технологияси – «яшил» энергетиканинг муҳим манбаи
🕔13:22, 20.07.2026
✔35
Бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Табиий газ, нефть ва кўмир каби анъанавий ёқилғилардан ортиқча фойдаланиш эса экологик муаммоларни янада кучайтиради. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқиш тобора кучайиб бораяпти. Бу борада истиқболли йўналишлардан бири бўлган биогаз технологияси алоҳида аҳамиятга эга.
Батафсил
Елим пакетлар: қулайликми ёки экологик муаммо?
🕔13:16, 20.07.2026
✔34
Бугунги ҳаётимизни пластик пакетларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар енгил, арзон ва қулай. Аммо ҳар бир қулайликнинг ўз баҳоси бор.
Батафсил