Баҳор аллергик касалликлар, айниқса, аллергик ринит билан оғриган болалар учун энг мураккаб мавсум. Сўнгги йилларда бу касалликнинг болалар орасида ортиб бораётгани кузатилмоқда ва бу ҳолат бевосита экологик ўзгаришлар билан боғлиқ.
Аллергик ринит – бу бурун шиллиқ қаватининг аллергик яллиғланиши бўлиб, у аксириш, бурундан сувсимон ажралиш, қичишиш ва бурун битиши билан намоён бўлади. Баъзи болаларда кўз ёшланиши, кўз қичишиши ва умумий ҳолсизлик ҳам кузатилади. Бу симптомлар, айниқса, баҳор ойларида кучаяди.
Баҳор фаслида асосий аллерген – ўсимлик чанглари ҳисобланади. Дарахтлар, ўтлар ва турли ўсимликлар гуллаши натижасида ҳавода поллен миқдори кескин ошади. Бу эса аллергияга мойил болаларда касаллик белгиларини қўзғатади. Бироқ фақат табиий омиллар эмас, балки инсон фаолияти натижасида юзага келган экологик муаммолар ҳам аллергик ринитнинг оғир кечишига сабаб бўлмоқда. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши – автомобиль газлари, саноат чиқиндилари, қурилиш чанглари ўсимлик чанглари билан бирлашиб, уларнинг аллергик таъсирини бир неча баробар кучайтиради. Айниқса, майда чанг заррачалари (PM 2.5 ва PM 10) бурун ва нафас йўллари шиллиқ қаватига чуқур кириб бориб, яллиғланиш жараёнини кучайтиради. Бу эса аллергик ринит симптомларининг узоқ ва оғир кечишига олиб келади.
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ҳам аллергик касалликлар динамикасига таъсир кўрсатмоқда. Ҳароратнинг ошиши ва фаслларнинг ўзгариши туфайли гуллаш даври эртароқ бошланиб, узоқроқ давом этмоқда. Натижада болалар узоқ вақт давомида аллергенлар таъсирида қолмоқда. Аллергик ринитни оддий шамоллаш билан адаштириш ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Бироқ бу касалликни ўз вақтида аниқламаслик унинг асоратларига олиб келиши мумкин. Масалан, даволанмаган аллергик ринит бронхиал астма ривожланишига замин яратиши мумкин. Шунинг учун уни барвақт аниқлаш ва назорат қилиш жуда муҳим.
Педиатрия нуқтаи назаридан қараганда, аллергик ринит – бу фақат бурун касаллиги эмас, балки бутун организмнинг аллергик ҳолати билан боғлиқ муаммо ҳисобланади. У иммун тизим, нафас йўллари ва ҳатто боланинг психоэмоционал ҳолатига таъсир кўрсатади. Аллергик ринит билан оғриган болаларда уйқу бузилиши, тез чарчаш, диққатнинг пасайиши кузатилади. Бу эса мактабдаги ўқиш самарадорлигига ҳам салбий таъсир қилади. Шу боис бу касалликка жиддий ёндашиш талаб этилади.
Баҳор фаслида ота-оналар ва тарбиячилар болалар саломатлигини ҳимоя қилиш учун қуйидаги профилактик чораларга амал қилишлари зарур:
– болани эрталаб ва шамолли кунларда кўчага кам чиқариш;
– уйда нам тозалашни мунтазам амалга ошириш;
– хона ҳавосини тозалаш ва фильтрлаш;
– кўчадан қайтгач, боланинг юз-қўли ва бурнини ювиш;
– ташқи кийимларни тоза сақлаш;
– шифокор тавсиясига кўра антиаллергик воситалардан фойдаланиш.
Экологик ҳолатни яхшилаш эса бу муаммонинг илдизини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳавони ифлосланишдан ҳимоя қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, шаҳарларда экологик назоратни кучайтириш орқали аллергик касалликлар тарқалишини камайтириш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, баҳор фасли гўзаллик билан бирга болалар соғлиғи учун маълум хавфларни ҳам олиб келади. Экологик омиллар ва аллергик касалликлар ўртасидаги боғлиқликни инобатга олган ҳолда, профилактика ва тўғри ёндашув орқали болаларни ҳимоя қилиш мумкин.
Дилбар ҚУРБОНОВА,
Тошкент давлат тиббиёт университети
Болалар касалликлари кафедраси доценти
Ер қаъри ҳам муҳофазага муҳтож
🕔13:25, 20.07.2026
✔34
Ер қаърини муҳофаза қилиш, экология ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масаласи Ўзбекистон Экологик партияси дастурий мақсадларида алоҳида кўзда тутилган. Партиядан сайланган депутатлар томонидан ушбу йўналишда доимий жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Батафсил
Биогаз технологияси – «яшил» энергетиканинг муҳим манбаи
🕔13:22, 20.07.2026
✔35
Бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Табиий газ, нефть ва кўмир каби анъанавий ёқилғилардан ортиқча фойдаланиш эса экологик муаммоларни янада кучайтиради. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқиш тобора кучайиб бораяпти. Бу борада истиқболли йўналишлардан бири бўлган биогаз технологияси алоҳида аҳамиятга эга.
Батафсил
Елим пакетлар: қулайликми ёки экологик муаммо?
🕔13:16, 20.07.2026
✔33
Бугунги ҳаётимизни пластик пакетларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар енгил, арзон ва қулай. Аммо ҳар бир қулайликнинг ўз баҳоси бор.
Батафсил