Биласизми, ҳар куни миллионлаб пластик пакетлар ўйламасдан чиқиндига ташланади. Улар чиқиндихоналарда тўпланиб, дарё ва океанларни ифлослантиради, тупроқда эса йиллар давомида сақланиб қолади. Аммо Хоразм вилояти Урганч туманида бошқача манзара юз бермоқда: пластик чиқиндилар нафис гулларга, умид, ижодкорлик ва имконият рамзига айланмоқда.
Бу ўзгариш ортида экофаол ва ижтимоий тадбиркор Дилором Бобониёзова турибди. У бошқалар фақат муаммони кўрган жойда имкониятни илғай олди.
«Одамлар пластик пакетни ташлаганда, унга фақат чиқинди сифатида қарашади. Мен эса унда чиройли бир буюмнинг бошланишини кўраман», – дейди Дилоромхон.
Унинг инновацион ғояси туфайли ташлаб юборилган пластик пакетлар энди ёрқин сунъий гулларга айланмоқда. Бу эса бир томондан аёллар учун барқарор даромад манбаларини яратмоқда, иккинчи томондан эса атроф-муҳитдаги пластик чиқиндиларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
«Онам ўргатган ҳунар…»
Бу ҳикоя таъсирли оилавий лаҳзадан бошланди. Онасининг туғилган кунида Дилором яқинлари билан бирга унга тирик гуллардан иборат гулдаста совға қилди. Онасининг юзи қувончдан ёришди, аммо ҳафта ўтмай гуллар сўла бошлагач, бу қувонч ҳам секин-аста сўнди. Барглар эгилиб, ранглар хиралашаётганини кузатар экан, онаси секингина деди: «Қани энди улар сўлимаса, бу гўзаллик бизга доимо қувонч бағишласа».
Бу сўзлар Дилоромнинг қалбига чуқур ўрнашди. У узоқ сақланадиган гул яратишга қарор қилди ва дастлаб рангли қоғоздан гуллар ясади. Онаси бу меҳрни қадрлади, бироқ вақт ўтиб ҳатто қоғоз гуллар ҳам ўз кўринишини йўқота бошлади. Шунда Дилоромда савол туғилди: сўлимайдиган ва айни пайтда атроф-муҳитга зарар етказмайдиган гўзалликни яратиш мумкинми?
Бу савол уни изланишга ундади. У интернет орқали турли ғояларни ўрганди, материаллар, полимерлар ва қайта ишланган пластикнинг хусусиятларини таҳлил қилди. Кўп ўтмай эса ажойиб кашфиёт қилди: оддий усуллар ва ижодий ёндашув ёрдамида қайта ишланган пластикдан мустаҳкам ва нафис гуллар яратиш мумкин экан. Улар гўзаллиги билан тирик гуллардан деярли фарқ қилмасди.
Пластик чиқиндидан умид гулбаргларигача
«Атрофимиз пластик пакетларга тўла, – дейди Дилором Бобониёзова. – Мен уларга чиқинди эмас, имконият сифатида қарашга қарор қилдим».
Уйида кичик тажриба сифатида бошланган иш тез орада унинг бутун ҳаётига айланди. Аввалига у ишлатилган пакетларни ўз уйидан, кейин дўстлари ва қўшниларидан тўплай бошлади. Илгари пластикни ўйламасдан ташлаб юборадиган одамлар энди уни Дилором учун сақлай бошлашди. Шундай қилиб, чиқиндилар хомашёга, ортиқча пластиклар эса илҳом манбаига айланди.
У яратган гулдасталари сўлимайди, сув талаб қилмайди ва тупроққа зарар етказмайди. Аксинча, улар хотираларни сақлайди, уйларни безайди ва умид рамзига айланади.
Вақт ўтиши билан маҳсулотларга бўлган талаб ошди. Дилором англадики, бу ғоя нафақат эстетик қувонч, балки бошқа аёллар учун ҳам ҳақиқий имконият яратиши мумкин. У ўз жамоасидаги аёлларга пластик чиқиндиларни қўл меҳнати маҳсулотларига айлантиришни ўргата бошлади. Уларнинг кўпчилиги учун иш топиш имконияти чекланган бўлса-да, улар янги кўникмаларни эгаллашга тайёр эди.
Шу жараёнда Дилором амалий тажриба ва иштиёқ етарли бўлса-да, бизнес бошқаруви бўйича чуқурроқ билимлар зарурлигини тушунди. Шу сабаб у «HAMROH» компанияси ташаббуси билан ташкил этилган ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган «Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастури» (WESP) доирасидаги тренингларда қатнашди.
Бу тажриба унга тадбиркорлик, лидерлик ва маркетинг бўйича билимларини мустаҳкамлашга ёрдам берди. Энг муҳими, у ўз фаолиятини кўплаб аёллар ҳаётини ўзгартира оладиган барқарор бизнес сифатида кўра бошлади.
«Тренинг менга ишимни фақат ижодий машғулот эмас, балки аёллар ҳаётига таъсир қилувчи барқарор бизнес сифатида англашга ёрдам берди, – дейди Дилором. – Энди лойиҳамни ишонч билан бошқараман ва бошқаларга ҳам ўз йўлини бошлашда ёрдам бера оламан.
Олдин кўпроқ гуллар яратишга эътибор қаратардим. Энди эса ишлаб чиқаришни қандай йўлга қўйиш, аёлларни қўллаб-қувватлаш ва келажакни режалаш ҳақида ҳам аниқ тасаввурга эгаман».
Олинган билимлар унинг ёндашувларини бутунлай ўзгартирди. Бугунги кунда Дилором 60 дан ортиқ аёлни ушбу фаолиятга жалб қилган. Уларнинг кўпчилиги уйда ишлаб даромад топмоқда. Бу ташаббус имкониятлари чекланган аёллар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиб, уларнинг ишончини ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамламоқда.
Ушбу ташаббус Барқарор ривожланиш мақсадларининг бир нечтасига ҳисса қўшади: аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, даромад имкониятларини кенгайтириш ва қайта ишлашни рағбатлантириш орқали атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш. Аёлларнинг янги кўникма эгаллаб, даромад топа бошлаши эса, уларнинг ўзига бўлган ишончини ҳам оширади.
Қийинчиликлар ва келажак режалари
Муваффақиятга қарамай, бу йўл осон кечмади. Чекланган инфратузилма, юқори логистика харажатлари ва сифатни сақлаган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш бу ишбилармон аёл учун ҳали ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Баъзан шубҳа ва чарчоқ ҳам бўлади, ўсиш кутилгандек тез эмасдек туюлади. Аммо Дилоромни олдинга ундаётган асосий куч, онасининг сўнмайдиган гўзаллик ҳақидаги орзуси бўлди.
У ҳар бир қийинчиликни тўсиқ эмас, балки янги имкониятга айлантира олди. Келажакда у айниқса чекка ҳудудларда яшовчи, иш имкониятлари чекланган аёллар учун таълим дастурларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, у халқаро бозорларга чиқиш, дизайнерлар ва экологик брендлар билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилган.
Дилором Бобониёзованинг ҳикояси фақат пластикни қайта ишлаш ҳақида эмас. Бу фикрлаш тарзини ўзгартириш ҳақида. У бизга шуни англатиб турадики, инновация ҳар доим мураккаб технология ёки катта сармоя талаб қилмайди. Баъзан у оддий бир истак ва уни амалга оширишга бўлган жасоратдан бошланади.
«Ҳақиқий ўзгариш бошқалар чиқинди деб қараган нарсада қадриятни кўра бошлаганимизда юз беради, – дейди Дилором Бобониёзова. – Агар битта пластик пакет гулга айланиши мумкин бўлса, инсонларга имконият берилганда улар қандай натижаларга эриша олишини тасаввур қилинг…»
Ирода МЎМИНОВА