Сўнгги йилларда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда низоларни судгача ва суддан ташқари тартибда ҳал этиш механизмларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Адлия органлари, судлар ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар фаолиятида медиация институтидан фойдаланиш босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали, кам харажатли ва тезкор усул сифатида медиациянинг аҳамиятини оширмоқда.
Медиация институтини қўллаш жараёнида қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, Ўзбекистонда аҳоли ўртасида медиациянинг мазмуни ва афзалликлари ҳақида етарли тушунча шаклланмаган, медиаторларнинг малака ва тайёргарлик даражаси бир хил эмас. Шунингдек, судлар ҳамда ҳуқуқни қўлловчи органларнинг тарафларни медиацияга йўналтириш амалиёти етарли йўлга қўйилмагани ушбу институт самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари глобал аҳамият касб этмоқда. Иқлим ўзгариши, сув ва ер ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, саноат чиқиндилари билан боғлиқ муаммолар жамият ва давлат органлари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Экологик низоларни ҳал этишда анъанавий суд тартиби кўп ҳолларда узоқ вақт талаб қилади ва томонлар манфаатларини тўлиқ таъминлай олмайди. Шу боис, муқобил низоларни ҳал этиш усули сифатида медиация алоҳида ўрин тутади.
Қонун ҳужжатларига кўра, тарафлар ўртасида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳолатлардан, мижоз ва банк (кредит ташкилотлари), суғурта шартномаси, меҳнат ва оилавий ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор, жумладан, келишувни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этилган шахс кўмагида ҳал қилиш медиация дейилади.
Жаҳонда кейинги йилларда (охирги 15 йилликда) низоларни ҳал қилиш ва бартараф этишда медиация институтининг ўрни, аҳамияти ва ҳуқуқий тартибга солиш доираси долзарб аҳамият касб этиб, тобора кенгайиб бормоқда. Бунинг исботи сифатида дунё миқёсида деярли барча (ривожланган ва ривожланаётган) давлатларда медиация соҳасини тартибга солувчи махсус қонунлар (хусусан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) қабул қилинмоқда.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, қонунчиликка янги киритилаётган медиация амалиёти бугун АҚШ, Германия, Буюк Британия, Австрия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби жаҳоннинг қатор мамлакатларида ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.
Хусусан, АҚШда медиация институти кенг ривожланган бўлиб, турли штатларда амал қиладиган 2 500 дан ортиқ норматив ҳужжатни бирлаштирган «Медиация тўғрисида ягона қонун» қабул қилинган. Шунингдек, БМТ «Халқаро тижорат яраштирув тартиб-таомиллари тўғрисида»ги намунавий қонунни эълон қилган.
АҚШ тажрибасининг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳуқуқ тизими низоларни имкон қадар судгача ихтиёрий ҳал этишга йўналтирилган. Ҳатто суд жараёни бошланган тақдирда ҳам судья уни вақтинча тўхтатиб, томонларга медиация орқали келишувга эришишни тавсия қилиши мумкин. Шу боис медиация нафақат суд тизимида, балки иқтисодиёт, сиёсат ва бизнес соҳаларида ҳам кенг қўлланиб, бугунги кунда АҚШ ҳуқуқий маданиятининг ажралмас қисмига айланган.
Яна шуни қайд этиш мумкинки АҚШ экологик медиациянинг илк шаклланган давлатларидан бири ҳисобланади. 1970 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фуқаролик фаоллиги кучайиши натижасида давлат ва жамоатчилик ўртасидаги низоларни музокара йўли билан ҳал қилиш амалиёти ривожланди.
Хусусан, АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ҳузурида низоларни музокара йўли билан ҳал қилиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Айниқса, саноат объектлари қурилиши, чиқиндиларни жойлаштириш ва сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида медиация самарали қўлланади. АҚШ амалиётининг асосий жиҳатлари ихтисослашган экологик медиаторлар институти, жамоатчилик иштирокини таъминлаш ҳамда келишув натижаларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборатдир.
Буюк Британияда бетараф воситачилар иштирокида яраштириш тартиб-таомили жуда оммабоп. Бу мамлакатда махсус телефон хизмати ҳам мавжуд бўлиб, унга мамлакатнинг исталган ҳудудидан қўнғироқ қилиш, низони таърифлаш, шунингдек медиаторликка ўзига маъқул номзодларни келтириш, талабларга мос келадиган мутахассислар рўйхати бўйича таклифлар олиш мумкин.
Германияда медиация одил судлов тизими билан уйғунлашган бўлиб, медиаторлар судларда фаолият юритади ва суд ишларининг камайишига хизмат қилади. У умумий юрисдикция, маъмурий ҳамда бошқа турдаги судларга кенг интеграция қилинган. Шунингдек, кўплаб ҳуқуқ мактабларида медиация алоҳида фан сифатида ўқитилади ва юридик факультет битирувчилари ушбу йўналишда тайёргарликдан ўтади.
Бундан ташқари, экологик низоларни судгача ҳал этиш Германияда қонунчилик даражасида қўллаб-қувватланади. Йирик инфратузилма лойиҳалари юзасидан қарорлар аҳоли ва манфаатдор томонлар иштирокида медиация орқали муҳокама қилинади.
Жаҳоннинг айрим мамлакатларида бўлгани каби Австрияда медиатор касби расмий касблар рўйхатига киритилган бўлиб, медиация тўғрисидаги федерал қонун медиаторларни тайёрлаш ва уларнинг фаолиятини тартибга солади. Қонунчиликка кўра, суд жараёнида тузилган медиатив келишув суд томонидан тан олинади, бироқ судгача эришилган келишувлар суд ҳимоясига эга эмас.
Нидерландияда эса сув ресурслари ва ер муносабатларига оид низоларда медиация кенг қўлланади. Мамлакатда «полдер модели» деб аталувчи келишув маданияти шаклланган бўлиб, қарорлар барча манфаатдор томонлар иштирокида қабул қилинади. Айниқса, сув тошқинларининг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва шаҳарсозлик масалаларида медиаторлар муҳим роль ўйнайди.
Трансчегаравий экологик низоларда эса халқаро ташкилотлар воситачилик қилади. Жумладан, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури барқарор ривожланиш ва экологик дипломатияни қўллаб-қувватлайди, Жаҳон банки экологик ва ижтимоий стандартлар асосида келишув жараёнларини рағбатлантиради, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ОССЕ) эса трансчегаравий сув ресурслари бўйича мулоқот платформаларини яратади. Ушбу ташкилотлар медиацияни можароларнинг олдини олиш ва барқарор тинчликни таъминлаш воситаси сифатида кўради.
Хорижий тажриба экологик медиация низоларни ҳал этишда самарали, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан мақбул механизм эканини кўрсатади. Ривожланган давлатлар амалиёти медиациянинг экологик адолатни таъминлаш, манфаатлар мувозанатини сақлаш ва барқарор ривожланишга эришишдаги муҳим ўрнини тасдиқлайди.
Айни пайтда бундай амалиёт Ўзбекистон учун ҳам янгилик эмас. Чунки мамлакатда медиация соҳасидаги муносабатлар аллақачон қонун билан тартибга солинган.
Жумладан, Ўзбекистоннинг «Медиация тўғрисида»ги қонунига кўра, медиация тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида қўлланади. У суддан ташқари тартибда, суд муҳокамаси жараёнида (суд маслаҳатхонага киргунига қадар), шунингдек суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш босқичида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бундан ташқари, медиация низони кўриб чиқишга ваколатли органларда, ҳакамлик судларида ва арбитражда қарор қабул қилинишидан олдин қўлланиши мумкин. Муҳими, медиацияда иштирок этиш айбни тан олиш сифатида баҳоланмайди.
Мазкур институтни ривожлантириш мақсадида 2025 йил 20 октябрда медиацияни кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун қабул қилинди. Ушбу янгиликлар низоларни муқобил ҳал этиш механизмларини кучайтиришга хизмат қилади. Хусусан, нотариуснинг «Медиация тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда медиатор вазифасини бажариш ҳуқуқи мустаҳкамланди. Қонун медиация соҳасини тартибга солувчи 11-боб билан тўлдирилиб, унда ваколатли давлат органи, медиаторлар малака комиссиялари, реестрни юритиш ва унга киритиш учун малака имтиҳонини ўтказиш, медиатор жавобгарлиги, фаолиятни тўхтатиш ёки тиклаш, реестрдан чиқариш ҳамда медиатив келишувни ижро этиш тартибига оид нормалар белгиланди.
Медиаторлар фаолиятида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик ишончи ва ҳурматини ошириш ҳамда одоб-ахлоққа зид хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли нормалар белгиланган. Шунингдек, медиаторлар қонунчилик ва касб этикаси талабларига қатъий риоя этиши шартлиги қайд этилган.
Жумладан, медиаторлар фаолиятини махфийлик, ихтиёрийлик, медиация тарафларининг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторларнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширади. Ушбу тартибнинг амалга ошириш механизмлари кучайган сари, мазкур принциплар ҳам келгусида такомиллашиб бораверади. Айниқса «ихтиёрийлик», «махфийлик» оилавий низоларни ҳал қилишда муҳим саналади. Чунки ихтиёрийлик принципи моҳиятига кўра, медиация фақат тарафларнинг уни қўллашга доир ўзаро эркин ва ихтиёрий келишуви мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Махфийлик принципи эса медиация иштирокчиларига жараён давомида маълум бўлган барча маълумотларни, уларни тақдим этган тарафнинг, унинг ҳуқуқий вориси ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор этишни тақиқлайди.
Медиация тартиби тарафлар сирини сақлашга, ёпиқликни ҳамда муддаолар ташқарига чиқмаслигини таъминлашга кафолат беради. Медиация хизмати (медиатор)нинг мустақил ва холис бўлиши медиациянинг кафолатларидан бири саналади ва бу тарафларнинг эркинлик, ишонч принципига имконият яратади.
Медиаторлар медиация тарафларининг шахсий хислатлари, ижтимоий келиб чиқиши, қадриятлари, эътиқоди ёки уларнинг медиацияда ўзини тутишига қараб уларга нисбатан бир томонлама муносабатда бўлмаслиги, медиация тарафлари медиация ўтказишнинг қонуний воситалари ва усулларини қўллаш бўйича медиаторларга ихтиёрий розилик билдириши лозим.
Шу билан бирга медиаторлар медиация тарафлари билан муносабатларда қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва медиаторнинг касб этикаси қоидаларига риоя этиши, медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши керак.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва медиация соҳасидаги тажрибани таҳлил қилиш амалдаги қонундаги номувофиқлик, қарама-қаршилик ва бўшлиқларни бартараф этиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, медиацияга оид қонунчиликда медиатив келишув орқали низоларни ҳал этиш институти томонлар ўртасидаги масалаларни тинч йўл билан бартараф этиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ҳамда оилавий муносабатларни тиклаш имконини беради. Бу, айниқса, эр-хотин (ота-она) ва болалар ўртасидаги мулкий ҳамда номулкий муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга.
Оила кодекси ҳамда «Медиация тўғрисида»ги қонун нормаларини уйғунлаштириш орқали эр-хотиннинг мол-мулкий низоларини судгача ҳал этиш мақсадида Оила кодексининг 27-моддасида эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш масаласини тарафларнинг ўзаро келишувига кўра медиация тартибида ҳал этишни белгилаш таклиф этилади.
Медиация жараёнининг асосий тамойилларидан бири махфийликдир. Агар медиация жараёнида олинган ахборотни ошкор қилганлик учун аниқ ҳуқуқий жавобгарлик белгиланмаса, ушбу институтнинг самарадорлиги пасаяди. Медиацияга тааллуқли маълумотларни ноқонуний ошкор этганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш тарафларнинг ишончини мустаҳкамлайди ва медиация институтининг обрўсини оширади.
Шу боис Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасига медиацияга тааллуқли ахборотни ошкор қилиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини назарда тутувчи қўшимчани киритиш лозим.
Илғор хориж тажрибаси шуни кўрсатадики, рақамли технологияларни медиация жараёнига татбиқ этиш орқали унинг самарадорлигини ошириш мумкин. Хусусан, онлайн медиация, масофавий келишувлар тузиш, электрон шаклда медиация келишувларини расмийлаштириш каби механизмлар замонавий ҳуқуқий муносабатларда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда ҳам электрон ҳукумат тизими ривожланиб бораётган бир шароитда «e-mediation» институтини жорий этиш, аҳоли учун қулай ва очиқ медиация хизматларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бу, айниқса, ҳудудлар ўртасидаги масофавий низоларни ҳал қилишда самарали натижа бериши мумкин.
Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, медиация институти Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида низоларни судгача ва суддан ташқари тартибда ҳал этишнинг самарали механизми сифатида босқичма-босқич шаклланмоқда. Шу билан бирга миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили амалдаги нормаларда айрим номувофиқлик ва бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, оилавий муносабатларда медиатив келишувни кенгроқ қўллаш, махфийлик принципини ҳуқуқий жавобгарлик механизмлари билан мустаҳкамлаш, шунингдек медиацияга оид нормаларни кодекслар билан уйғунлаштириш зарурати мавжуд.
Илмий нуқтаи назардан медиация институтини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишларда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ:
– қонунчилик нормаларини тизимлаштириш ва ўзаро мувофиқлаштириш;
– медиаторлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона стандартларини жорий этиш;
– махфийлик ва ихтиёрийлик принципларини кафолатловчи ҳуқуқий механизмларни кучайтириш;
– рақамли технологиялар асосида «e-mediation» платформасини шакллантириш;
– экологик ва инвестициявий низоларда ихтисослашган медиация амалиётини ривожлантириш.
Умуман олганда медиация институтининг такомиллаштирилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, судлар юкламасини камайтириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда барқарор ижтимоий муносабатларни таъминлашда муҳим омил бўлади.
Шуҳрат АБДУҲАЛИМОВ,
Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси
бошлиғи ўринбосари,
ТДЮУ мустақил изланувчиси