Давр нафаси      Бош саҳифа

«ТУЙДИМ ЭҲТИРОСНИНГ САМОВИЙ КУЧИН...»

Куни кеча АҚШнинг Техас штати Хюстон шаҳридан қайғули хабар олдик: ўша ердаги шифохоналардан бирида икки ойдан буён даволанаётган улуғ шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, мустақил Ўзбекистон мадҳияси матни муаллифи, давлат ва жамоат арбоби, элимиз суйган азиз инсон Абдулла Орипов оғир хасталикдан сўнг вафот этибди...

«ТУЙДИМ ЭҲТИРОСНИНГ САМОВИЙ КУЧИН...»

Бу хабар адабиёт, шеърият мухлисларини, бутун халқимизнинг қалбини ларзага солди. Барчамиз яна бир катта йўқотишдан чуқур қайғуга ботдик.

Абдулла Орипов халқимизнинг буюк фарзандларидан бири эди. Унинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан муносиб ўрин олган, сермаҳсул фаолияти эса барча учун намуна эди.

Шундай мусибатли дамларда севимли шоиримизнинг сафдош дўстларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамдан айни пайтда кўнглидан ўтаётган изтиробли туйғуларини қоғозга тушириб беришини сўрадик.

Таҳририят

Абдулла Орипов дунёдан шоирлик яловини баланд кўтариб ўтди...

Ҳар жиҳатдан баракали бу умр китобида унча-мунча ижодкорга насиб этмайдиган ардоғу эъзозга бой ёруғ, шодумон саҳифалар мўл бўлгани каби алам-андуҳли, турткилаш-тирсаклашлардан иборат нохуш ўринлар ҳам кам эмас эди. Дарвоқе, «аччиқ ва тахир» ҳаёт таъмини туймаган, мудом бахтиёрлик дўмбирасини тинғирлатиб юрадиган шоир – шоирми?! Асл ўтли мисралар изтироблар оловида тобланиб, ранжу аламлар фарзанди бўлиб дунёга келмайдими, ахир?! Рисолабоп рўзгузаронликни афзал билган кимса қалам ишини ҳавас қилмай, беғамлик ялласини айтиб юравергани маъқул, нима дедингиз! Шу тоифани назарда тутибмикан, «Ўгай эрсак не тонг соғлар орасида!» дея тантилик қилингандир.

Шоир умри якун топгач, бу улкан шахсият ва ижодга турлича баҳо беришлар, уни бошқа улуғларимиз билан қиёслашлар, ўзимизча фахрли ўрин ҳадя этишлар авжга минди. Шу кунларда, лоф дейилса ҳам, телефон занглари-ю интернет пучмоқларида энг кўп тилга олинаётган ном ­Абдулла Орипов бўлса, эҳтимол. Биз каби китоб аҳли-ку, шоир баёзларини варақлаганда, бир чоғлар ўқилгандаёқ дилга муҳрланиб қолган юзлаб, минглаб қадрдон сатрлар қайтадан хотирага қуйилиб келаверишига ажабланмаса бўлади, бироқ бу халқчил шеъриятдан бебаҳра, ҳечқурса, беш-ўн мисрасини ёд билмайдиган одам бормикан мамлакатда?!

Кимдир кўрмай кетган бахтни мен кўрдим,

Кимдир айтмай кетган сўзни айтдим мен...    

Мунозаралар ўринсиз — Абдулла Орипов ўхшаши йўқ шоир эди!

Шубҳасиз, ҳаётда шоирнинг тенгсиз шеъриятига, шуҳратига завқ ва ҳайрат кўзи билан боқиб ҳавас қилгувчилар беҳисоб, аммо унга очиқдан-очиқ ҳасад қилгувчилар, гоҳо оёғидан тортиб, ўзлари билан бўйлаштиришга уринувчилар ҳам топиларди.

Бундан ўттиз-қирқ йил бурунги Ёзувчилар уюшмасида ўтган мушоирани эслайман. Шеър ўқиш навбати Абдулла Ориповга берилганда анжуман зали чапагу олқишлардан ёрилгудек бўлган, шунда ёнимда ўтирган ўша кезлардаги хийла таниқли бир ижодкор энсаси қотиброқ «Намунча, Абдулласи ҳам ўзимиз қатори бир шоир-да!» деб минғирлаган эди. Мухлислар талабига кўра, қайта-қайта шеър ўқиб, олқишлар остида минбардан тушаётган ёш шоирни тўрдаги ҳайъатда қўр тўккан оқсоқолларимиздан бири пичинг билан кузатиб қолган: «Биламиз, биламиз! Булар бари Абдуллага чапак уриш учун Озод (Шарафиддинов домлани айтмоқчи) атай олиб келган устудент болалар, ҳайдаб солиш керак бу безориларни!».

Ўша кишиларнинг номини тутгим келмаяпти ҳозир. Бефойда — бугунги авлод уларни эшитмаган ҳам чиқар.

Абдулла ака ҳар қанча топқиру донишманд бўлмасин, кундалик турмушда «ўзимиз қатори» бир одам эди. Қўлига қалам тутганда эса уни таниб бўлмасди, гўёки қаторимиздан узилиб чиқиб, осмоннинг биз етолмайдиган сирли манзилларига юксалиб кетарди. Самовий ҳислар бағрига — уларни қучмоқ, уларни туймоқ, сўнг эса шеърга айлантирмоқ учун!

Авом назарида, катта шоирларнинг шеър битиши осон, ўтириб олиб шартта ёзиб ташлайверади — қонун-қоидасини билиб кетган, қўл қургур ҳам қичиб турибди денг! Назмбоз, қофиябозларга нисбатан айтилса, бу гап тўғри. Лекин юрак қони билан ёзадиган ижодкорнинг йўриғи бошқа, ижод иши унга тобора оғирлашиб, азоб-машаққатга дўниб бораверади, негаки китобхон ҳузурига ҳар гал янгиланиб, янги фикр, янгича руҳ билан чиқмоғи шарт — чин шоирлик талаби шу!

Абдулла аканинг шеърларини журналга тайёрлаш асносида неча бор шунга амин бўлдимки, биз ҳавас қиладиган, бизни ҳайратларга соладиган ўша қуйма сатрлар, авом ўйлаганидек, бир нафасда эмас, не бир азобу изланишлар, иккиланишлар ҳисобига дунёга келар экан. Бундайин муттасил руҳий таранглик, тайинки, ҳар қандай одамни ҳоритади, жисман емиради. Начора, руҳ ила яшамоқни қисмат деб билган шоирнинг куни шу — «вужуднинг ғамини емоқ»  фидойи кўнгилга бегона...

Шу ўринда ўзимча бир тусмолимни айтай. Эшитганмиз, Абдулла аканинг оталари Ориф бобо қарийб юз йил умр кўрган экан. Дейлик, Абдулла ака «бошини зўр ишга бериб қўймаган»ида, ким билсин, бул азиз бош ҳали-вери омон бўлармиди... Лекин унда Абдулла Орипов отлиғ буюк шоир қайда эди денг!

Қаранг, сўнгги кезларда қаторлашиб келган жудоликларни санаб, ўтаётган йилимизни хосиятсизликда айбламоққа тушиб кетдик. Бизнингча, бу мусибатлардан ғойибона бир маъно ёки табиий қонуният ахтариш соддаликдир, худойимнинг йилида айб йўқ. Турли башорату кароматларни қўйиб, бунда рамзий бир боғлиқлик, бошқа бир ҳикматлар борлигини ҳам англасак, оддий инсоний ва ўзга муносабатлар бобида маълум хулосаларга келсак маъқулроқ бўларди...

Тўрт-беш ижодкор бир даврада «Абдулла Ориповдан ким энг кўп шеър билиши» мусобақаси ўйнаганимиз эсимда. Ғолибни аниқлаш иложи бўлмагач, бошқа масалага ўтилган: Абдулла ака шеър қилиб ёзмаган нима бор? Бунисига ҳам аниқ жавоб топилмаган.

Дарҳақиқат, кечаги ва бугунги воқелигимизда Абдулла Ориповнинг шеърига тушмаган гап қолганми? Қайси бир мавзуни олманг, бу улкан бисотдан албатта шунга мос бир сатр топилади. Шоир бор умрини, ҳаётда кўрган-кечирганларини, ўй-хаёлларини бус-бутун шеърга кўчирган, шеърга солган дейиш мумкин. Айниқса, хасталик сабаб кейинги йилларда турли ҳайъату минбарлардан четлашиб, хонанишинликни касб этганида бирор кун қўлидан қалам тушмади, бамисоли «истеъдоди сўнганидан башорат» қилганларга «ҳамон навқирон Абдулла Орипов» шижоатини яна бир карра намойиш қилди.

Ёруғ бу оламда бормикан, ахир,

Шоир вафотидан ортиқроқ мотам! 

Шоир бу фиғонли сатрларни бундан эллик йил муқаддам устози Ғафур Ғулом вафотига битган эди.

Бугун биз — буюк замондошимизнинг дўстлари, укалари, шогирдлари, барча миннатдор мухлислар кўзда ёш ила унинг ана шу сатрларини такрорламоққа мажбурмиз.

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси




Ўхшаш мақолалар

Яшил келажак  ва барқарор тараққиёт томон бошлаётган куч

Яшил келажак ва барқарор тараққиёт томон бошлаётган куч

🕔09:08, 08.09.2025 ✔15

Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Ўтган даврда, айниқса, сўнгги саккиз йилда бошланган ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижаларини табиатнинг «регенерация» ҳодисасига менгзаш мумкин. Жамиятнинг барча соҳа ва қисмларигача қамраб олган бу янгиланишларга таъсир кўрсатган ана шу «куч» – Президент Шавкат Мирзиёев!

Батафсил
Ўзбекистон ШҲТда  «яшил» оламни яратмоқда

Ўзбекистон ШҲТда «яшил» оламни яратмоқда

🕔09:07, 08.09.2025 ✔15

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси нафақат минтақа, балки бутун Евроосиё макони учун стратегик аҳамият касб этмоқда.

Батафсил
«Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади –  инсонга эътибор»

«Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади – инсонга эътибор»

🕔17:43, 29.08.2025 ✔40

Истиқлол ҳар бир ватандошимизнинг нурли тақдири, фаровон ҳаёти ва баркамол келажагини таъмин этаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунинг ортида тўғри танланган ва йўлга қўйилган сиёсий ирода ҳамда фидокорона меҳнатлар турибди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Яшил келажак  ва барқарор тараққиёт томон бошлаётган куч

    Яшил келажак ва барқарор тараққиёт томон бошлаётган куч

    Бу йил мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Ўтган даврда, айниқса, сўнгги саккиз йилда бошланган ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижаларини табиатнинг «регенерация» ҳодисасига менгзаш мумкин. Жамиятнинг барча соҳа ва қисмларигача қамраб олган бу янгиланишларга таъсир кўрсатган ана шу «куч» – Президент Шавкат Мирзиёев!

    ✔ 15    🕔 09:08, 08.09.2025
  • Ўзбекистон ШҲТда  «яшил» оламни яратмоқда

    Ўзбекистон ШҲТда «яшил» оламни яратмоқда

    Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси нафақат минтақа, балки бутун Евроосиё макони учун стратегик аҳамият касб этмоқда.

    ✔ 15    🕔 09:07, 08.09.2025
  • «Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади –  инсонга эътибор»

    «Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади – инсонга эътибор»

    Истиқлол ҳар бир ватандошимизнинг нурли тақдири, фаровон ҳаёти ва баркамол келажагини таъмин этаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунинг ортида тўғри танланган ва йўлга қўйилган сиёсий ирода ҳамда фидокорона меҳнатлар турибди.

    ✔ 40    🕔 17:43, 29.08.2025
  • Парламент қонунларнинг  қатъий ижросини ҳам сўрайди

    Парламент қонунларнинг қатъий ижросини ҳам сўрайди

    Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қуйи палата минбарида мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун муҳим бўлган бир қатор масалалар кўтарилди.

    ✔ 59    🕔 09:19, 25.08.2025
  • Самарали парламент назорати ва халқ  билан очиқ  мулоқот

    Самарали парламент назорати ва халқ билан очиқ мулоқот

    Она табиатни, атроф-муҳитни асраб-авайлаш барчамизнинг асосий бурчимиз. Экологик муҳит бузилса, нафақат инсонга, балки ер, сув, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига зарар етиб ифлосланади, зарарланади.

    ✔ 61    🕔 09:19, 25.08.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар