Самарқанд яна бир халқаро мулоқот майдонига айланди. «Silk Road Samarkand» мажмуасида ўз ишини бошлаган «Eco Expo Central Asia 2026» халқаро экологик кўргазмаси нафақат экологлар ва инвесторларни, балки минтақанинг барқарор ривожланиш истиқболларига бефарқ бўлмаган минглаб мутахассисларни бир жойга жамлади.
Юздан ортиқ давлат вакиллари, халқаро ташкилотлар, донорлар, инвесторлар, экоинноваторлар ва давлат идоралари иштирок этаётган тадбирнинг асосий мақсади экологик муаммолар ҳақида умумий баёнотлар бериш эмас, балки уларни амалий лойиҳалар ва инвестицияларга айлантиришдан иборат.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) ижрочи директори Ингер Андерсен ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) бош директори Гретел Агилар иштирок этди.
Тадбирда Азиз Абдуҳакимов Самарқандни Марказий Осиёнинг «яшил» инвестициялар ва инновациялар пойтахтига айлантириш ташаббусини илгари сурди.
– Ушбу кўргазма Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида инновациялар, инвестициялар, билим ва аниқ ечимларни бирлаштирувчи яшил технологик кўприкка айланиши керак, – деди қўмита раиси.
Бу йилги кўргазманинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда экологик муаммолар ҳақида гапириш эмас, балки уларни молиялаштириладиган лойиҳаларга айлантиришга алоҳида урғу берилмоқда.
– Бу тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у экологик муаммолар ҳақида гапириш билан чекланиб қолмаяпти. Бу ерда давлатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ва илмий доиралар бир майдонда учрашиб, аниқ ечимлар ва ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилмоқда. Биз учун айнан шундай платформалар жуда зарур, деди IUCN бош директори Гретел Агилар.
Дарҳақиқат, кўргазмада Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари инвесторлар ва донорлар учун иқлим ўзгаришига мослашиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ҳамда маҳаллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга қаратилган амалий таклифлар билан иштирок этмоқда.
Аслида мамлакат олдидаги вазифалар ҳам аниқ. Фермер хўжаликларига сувни тежовчи технологиялар зарур, шаҳарларда экологик транспорт ва замонавий чиқинди тизимларига эҳтиёж катта, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эса узоқ муддатли молиявий қўллаб-қувватлашни талаб қилмоқда. Самарқанддаги учрашувлар ана шу эҳтиёжларни халқаро молия институтлари, БМТ агентликлари ва яшил иқтисодиётга сармоя киритаётган компаниялар билан боғлашга хизмат қилмоқда.
Кўргазманинг биринчи кунидаги энг муҳим тадбирлардан бири Оролбўйи ва Қуйи Амударё ҳудудлари экологик барқарорлигига бағишланган «Барқарорлик ороллари» мавзусидаги халқаро сессия бўлди. Унда Орол денгизи ҳавзасидаги экотизимларни тиклаш, биохилма-хилликни сақлаш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ва иқлимга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Сессия якунида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қуйи Амударё ҳавзаси сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш концепциясини имзолади. Мутахассислар ушбу ҳужжат минтақада сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва экологик хавфларни камайтиришда муҳим қадам бўлишини таъкидлашди.
Самарқанддаги учрашувлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги экологик кун тартибидаги асосий масала фақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш эмас. Гап экологик муаммоларни иқтисодий имкониятларга айлантириш, яшил технологияларни жалб қилиш ва барқарор ривожланишни реал инвестициялар билан таъминлаш ҳақида бормоқда. Шу маънода, «Eco Expo Central Asia 2026» Марказий Осиёда яшил иқтисодиёт бўйича энг муҳим мулоқот майдонларидан бирига айланмоқда.
Ўз мухбиримиз
Президент ташаббуслари яшил тараққиёт ва иқтисодий интеграцияда янги босқични бошламоқда
🕔17:05, 04.06.2026
✔21
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти чуқур трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Геосиёсий ўзгаришлар, таъминот занжирларидаги узилишлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши давлатлар олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда.
Батафсил
Eco Expo Central Asia 2026: Экологик ғоялар инвестицияга айланмоқда
🕔17:00, 04.06.2026
✔24
Самарқанд яна бир халқаро мулоқот майдонига айланди. «Silk Road Samarkand» мажмуасида ўз ишини бошлаган «Eco Expo Central Asia 2026» халқаро экологик кўргазмаси нафақат экологлар ва инвесторларни, балки минтақанинг барқарор ривожланиш истиқболларига бефарқ бўлмаган минглаб мутахассисларни бир жойга жамлади.
Батафсил
Экология, тадбиркорлик ва аҳоли манфаатлари
🕔16:50, 04.06.2026
✔19
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳияти чекка ҳудудлар, айниқса, маҳаллалар ҳаётида яққол бўй кўрсатмоқда.
Батафсил