«Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
БатафсилБугун табиий неъматлардан унумли фойдаланиш энг муҳим ва долзарб масала бўлиб турибди. Баъзи ҳолларда табиий ашёлар ўрнида ишлатилувчи сунъий муқобиллар яратиш ҳам кенг тарғиб этилмоқда.
Сунъий ресурслардан фойдаланиш табиий борлиқни ҳимоя қилишда катта самара беради. Шу билан бирга, сунъий ресурслардан тайёрланган маҳсулотлар ўз вазифасини бажариб бўлгандан кейин уларни хавфсиз бартараф қилиш муаммоси ҳам жиддий масала сифатида кун тартибига чиқади.
Табиий мувозанат муаммоси
Полиэтилин хомашёдан тайёрланиб, бир марта ишлатишга мўлжаллаган маҳсулотларни имкон даражасида камайтириш, шу орқали табиатга етказиладиган зарарнинг олдини олиш ҳозирда жуда кўп давлатларда кенг тарғиб қилиняпти. Бир қарашда бу жуда самарали ёндашувдай таассурот қолдиради. Боиси, бундай маҳсулотнинг табиий ҳолда бартараф қилиниши учун баъзан бир неча юз йиллар керак бўлади. Шубҳасизки, бу атроф-муҳитдаги тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа тирик мавжудотлар учун асрлар давомида зарар етказилишини билдиради.
Дунё аҳли учун табиий неъматлардан фойдаланиш имконининг чеклангани каттароқ фожиага сабаб бўладими ёки сунъий хомашёдан тайёрланган маҳсулот истеъмолининг хавф-хатарлари каттароқми?
Инсоният бу савол қаршисида, афсуски, ҳали аниқ бир тўхтамга келган эмас. Шу боис ҳозирда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳам, муқобил ресурслар излаш жараёни ҳам бирдай давом этиб келяпти. Шулардан бири, эҳтимол энг кўп фойдаланиладигани – қоғоз маҳсулотлари ва унинг муқобилини истеъмол қилиш борасидаги фаолиятга қисқача назар ташлаб кўрайлик.
Бугунги кунда ҳаётнинг бир қанча соҳаларида қоғоздан ёки қоғоз маҳсулотларидан фойданалишга тўғри келмоқда. Ёзув-чизув амалиётидан тортиб, ўраш-қадоқлаш ҳамда ҳамманинг эҳтиёжи тушадиган шахсий гигиена воситаларигача қоғоз маҳсулотлар ишлатилмоқда. Қоғознинг табиий хусусияти барча соҳаларда кенг қўлланиш учун энг қулай воситага айланди. Шу важдан бугун кундалик ҳаётида қоғоздан фойдаланмайдиган кишини топиш деярли имконсиз.
Қимматга тушаётган қоғозлар
Дунё аҳолиси саккиз миллиарддан ошган ва бу аҳолининг барчаси кундалик ҳаёт тарзида қоғоздан фойдаланади. Хўш, бу эҳтиёжни қоплаш учун қанча қоғоз ишлатилади? Бунчалик катта миқдордаги қоғоз маҳсулотини ишлаб чиқариш учун қанча маблағ сарфланади?
Бу бўйича аниқ статистик маълумотлар йўқ. Эҳтимол, уни аниқ ҳисоблаш имкони ҳам йўқдир. Лекин ишлаб чиқарилаётган қоғоз маҳсулотларининг йиллик кўламидан келиб чиққан ҳолда айрим рақамларни келтириш мумкин. Мисол учун, А-4 ўлчамдаги бир варақ сифатли ёзув қоғозининг бугунги кундаги бозор нархи ўрта ҳисобда 80 сўмни ташкил этади. Уни ишлаб чиқариш учун эса, тақрибан 10 литр сув, катта миқдордаги энергия, ишчи кучи ва ёғоч сарфланади. Шунда, ўйлаб кўринг-чи, бир варақ қоғознинг таннархи қанча бўлади?
Тасаввур қилиш қийин. Бир зумда ишлатиладиган ва бир пасда яроқсиз ҳолга келиб қоладиган бир варақ қоғоз ортида шунча меҳнат, табиий ресурслар, харажат ва ҳаракат турибди. Энг ачинарлиси, бу жараён ортидан табиатга етказилаётган таъсир аксарият ҳолларда ҳатто мулоҳаза қилиб ҳам кўрилмайди.
Табиий қоғоз маҳсулотлари айрим соҳаларда муқобили йўқ хомашё сифатида истеъмолда бўлиб келяпти. Масалан, китоб саноатида кўп миллион нусхаларда чоп этиладиган дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва бошқа ўқув адабиётларини қоғозсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Гарчи рақамли технологиялар асосида электрон китоблар ҳам тобора оммалашиб бораётган бўлса-да, уларни анъанавий босма нашрлар билан тўлиқ алмаштириш имкони мавжуд эмас. Шу сабабли инсониятнинг буюк кашфиёти саналувчи босма китоблар катта қоғоз захирасини талаб қилмоқда. Шунингдек, дафтар, офис қоғози каби канцелярия моллари учун ҳам катта миқдорда қоғоз сарф бўлмоқда.
Кейинги пайтларда онлайн савдо ва логистика ривожи қоғоз маҳсулотларига бўлган талабнинг янада ўсишига олиб келди. Айниқса, дунёни ларзага келтирган пандемия ҳодисасидан кейин бундай талаб кескин кучайгани кузатилган. Картон қутилар, қоғоз пакетлар, ўров материаллари учун минг-минглаб тонна қоғоз сарф бўлмоқда. Аҳолининг бу борадаги эҳтиёжлари ортгани сайин қоғоз истеъмолига бўлган талаб ҳам шиддат билан ўсиб боряпти.
Босма оммавий ахборот маҳсулотлари – газета-журналлар, реклама маҳсулотлари ҳамда каталоглар учун ҳам катта миқдорда қоғоз маҳсулотлари ишлатиляпти. Айрим мутахассислар босма нашрлардан буткул воз кечиш таклифини илгари суриб, шу тариқа қоғоз сарфини камайтиришга эришиш мумкинлигини таъкидлашади. Аммо газета ва журналлар юқорида кўриб ўтилган асосий китоб саноати билан бир даражада туриши инобатга олинса, дунёда бу амалиёт имконсиз экани маълум бўлади. Қоғоз босма маҳсулотлар учун асосий ва муқобили йўқ хомашё ҳисоблангани боис уни бошқа ресурслар билан алмаштириш имкони мавжуд эмас. Шу боис, бу соҳага сарфланаётган қоғоз хомашёси ўзининг катта миқдорини сақлаб қолмоқда.
Бир қарашда унча кўзга ташланмайдиган, аммо аслида салмоқли қоғоз сарфини талаб қиладиган яна бир соҳа бу озиқ-овқат саноатидир. Бир марталик қоғоз идишлар, стаканлар, салфеткалар, қоғоз қоплар учун бир талай қоғоз сарф қилинмоқда. Бу соҳада озиқ-овқат маҳсулотларини ўраш ва ташишда қоғоз маҳсулотлари кенг ишлатилади. Афсуски, озиқ-овқат маҳсулотлари учун сарф қилинадиган қоғоз атроф-муҳит ифлосланишига ҳам катта салбий таъсир кўрсатиши аниқланган. Боиси, шаҳар ва шаҳар ташқарисидаги дам олиш масканларида овқатланишдан қолган қоғоз маҳсулотларини чиқинди сифатида йиғиб олиш ва утилизацияга топшириш масаласи ҳам катта муаммолар келтириб чиқармоқда.
Озодаликка риоя қилиш соғлом турмуш тарзининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Озодалик ҳам бир жиҳатдан қоғоз маҳсулотлари билан боғлиқ тарзда амалга оширилади. Дунёда гигиеник маҳсулотларга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Тиббиёт ва гигиена соҳасида салфетка, қоғоз сочиқ, тиббий бир марталик буюмлар инсон саломатлигини муҳофаза қилиш билан бирга, катта миқдорда қоғоз сарфини юзага келтирмоқда. Бошқача айтганда, инсон ўз ҳаёти ҳамда саломатлиги учун ҳар куни миллионлар дарахтлар кушандасига айланмоқда. Ҳаётнинг бундай бешафқат қонуни қаршисида иложсиз қолган инсоният ё ўз ҳаётини соғлом тарзда сақлаб қолиш ёки табиий ресурслар барқарорлигини таъминлаш каби икки аёвсиз танлов қаршисида турибди.
Арзимагандай кўринадиган савдо ва хизмат кўрсатиш чеклари, ёрлиқлар, визитка ва реклама маҳсулотлари учун ҳам ҳар куни катта миқдорда қоғоз ишлатилмоқда. Расм чизиш, архитектура лойиҳалари, қадоқлаш дизайни соҳасида ҳам кунига минглаб тонна қоғоз сарф этилмоқда. Буларнинг барчаси учун ҳар йили дунё бўйлаб 400 миллион тоннадан ортиқ қоғоз ишлаб чиқарилади. Глобал эҳтиёжни қондириш учун ҳар йили 15 миллион гектардан ортиқ ўрмонлар кесилади. Ишлаб чиқарилган барча қоғознинг 40 фоизгача қисми офисларда ва қадоқлашда ишлатилади.
Қоғознинг муқобили борми?
Қоғоз маҳсулотларига бир қатор муқобиллар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари экологик жиҳатдан самаралироқ ҳисобланади. Лекин ҳар бир муқобилнинг ўз афзаллик ва камчиликлари бор. Энг кенг тарқалган муқобил қоғоз айланмасини электрон шаклга ўтказишдир. Электрон китоблар ва PDF ҳужжатлар, электрон имзо ва электрон архивлар, планшет ва ноутбукларда қайдлар юритиш қоғоз ресурсларига бўлган юкламани сезиларли даражада камайтиради. Мазкур муқобилдан фойдаланишда қоғоз сарфи камайишига эришиш, маълумотларни сақлаш ва излаш осон бўлиши эътироф этиладиган ютуқлардан саналади. Аммо бундай тежамкорлик яна бир экологик ва иқтисодий масалани юзага келтиради. Бу электрон қурилмаларнинг кўпайиши натижасида электр энергияси истеъмолига бўлган талабнинг ортишидир. Энергия тежамкорлигига кенг тарғиб қилинаётган бир даврда бу муқобилни ҳам кенг жорий этиш алоҳида стратегик платформа яратиш ҳамда махсус инфратузилмани талаб қилмоқда.
Баъзи мутахассислар қоғоз хомашёси сабабли қирилиб кетаётган ўрмонларга босимни камайтириш учун қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан целлюлоза саноатида фойдаланишни таклиф қилишади. Мамлакатимизда кўп етиштириладиган буғдой, шоли каби ўсимликлар пояси, пахта толаси қолдиқлари ҳамда қамишдан қоғоз хомашёси муқобилини тайёрлашда фойдаланиш самарали бўлиши таъкидланмоқда. Айниқса, Ўзбекистон учун пахта целлюлозаси истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бунда чиқиндилардан қўшимча хомашё сифатида фойдаланиш имкони пайдо бўлиши эвазига ёғоч кесиш эҳтиёжини сезиларли даражада камайтиришга эришиш мумкин.
Экологик самарадор ёндашув
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам қоғоз чиқиндиларини камайтириш ва қайта ишлаш бўйича қатор чоралар амалга оширилмоқда. Шундай стратегик чора-тадбирлар сифатида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин.
1. Давлат идораларини қоғозсиз ишлашга ўтказиш.
2026 йилдан давлат органларида қоғоз сарфини меъёрлаштириш, харажатларни қисқартириш ва электрон ҳужжат айланмасини кенгайтириш чоралари жорий этилмоқда. Идораларда қоғоз йиғиш контейнерлари ўрнатиш ва уларни қайта ишлаш корхоналарига топшириш тизими йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, «Қоғозсиз кун» каби ташаббуслар ҳам режалаштирилган.
2. Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш.
Мамлакатда қоғоз, картон, шиша, металл ва бошқа чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қоғоз ва картон чиқиндиларини қайта ишлаш қувватлари босқичма-босқич кенгайтирилмоқда.
2024 йилда қайта ишланиши мумкин бўлган материаллар, жумладан қоғоз маҳсулотлари учун махсус белгиларни кўрсатиш бўйича талаблар тасдиқланди. Бу аҳоли ва бизнесга маҳсулотларни саралаш ва қайта ишлашни осонлаштиради.
Тадқиқотларга кўра, бир тонна қоғозни қайта ишлаш:
– минглаб литр сувни тежайди;
– катта миқдорда энергия сарфини камайтиради;
– чиқиндихоналарга юбориладиган чиқинди ҳажмини қисқартиради;
– иссиқхона газлари чиқарилишини камайтиради.
3. «Яшил иқтисодиёт» сиёсатини қўллаб-қувватлаш.
Экология миллий қўмитаси ва тегишли агентликлар чиқиндиларни саралаш, макулатура йиғиш ва қайта ишлаш улушини оширишга қаратилган дастурларни амалга оширмоқда.
Энг самарали ёндашув – қоғоз чиқиндисини фақат қайта ишлаш эмас, балки унинг ҳосил бўлишини камайтириш. Бунинг учун электрон ҳужжат айланмаси, икки томонлама чоп этиш, қайта ишланган қоғоздан фойдаланиш ва макулатурани алоҳида йиғиш каби чоралар энг яхши натижа бермоқда. Ўзбекистон ҳам рақамлаштириш ва айланма иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали шу йўналишда изчил ҳаракат қилмоқда.
Боболар кашфиёти
Бундан қарийб бир минг беш юз йил олдин аждодларимиз ўз ҳаётидаги муҳим воқеалар ҳамда қайғули ва шонли тарихини, тажрибаларини кейинги авлодларга ёзиб қолдиришни маъқул кўришган. Улар бундай улкан ахборотни ҳеч қачон йўқолиб кетмаслиги ва авлодлар учун мангу сабоқ бўлиб қолишини ихтиёр қилишган. Бошқа халқлар ўз тарихини дастлаб ҳайвон териларига, дарахт пўстлоқларига, кейинчалик қоғозга ёзишган бўлса, туркийлар катта ҳарсангтошларга ёзиб қолдиришни афзал билишган. Улар ҳалигача сақланиб турибди.
Ҳозирда ҳам аждодлар таомилини тутган «тош қоғоз» деган тушунчалар пайдо бўлди. Аммо унинг оммавий тарзда фойдаланишга чиқарилиши утилизация муаммосига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам мулоҳаза қилиняпти.
Бундан кўринадики, ҳам табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш, ҳамда она заминни ифлослантирмасдан озода сақлаш борасида ҳар бир давр кишиларининг ўз ёндашувлари ҳамиша устувор бўлган. Бунинг натижасида борлиқдаги табиий мувозанат барқарорлиги таъминланган. Қоғоз маҳсулотларидан фойдаланишга талаб кун сайин ортиб бораётган бугунги кунимизда ҳам худди шундай ёндашув ҳар бир инсон учун муҳим ва эътиборлидир.
Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
БатафсилБугун тезкор технологиялар, сунъий интеллект ва глобаллашув асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши мактабларда ўқишини, бир нечта хорижий тилларни мукаммал билишини, замонавий касбларни эгаллашини хоҳлайди.
БатафсилҲар йили 11 июль санаси бутун дунёда Халқаро аҳоли куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана аҳоли сонининг ўсиши, инсон саломатлиги, оила фаровонлиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор тараққиёт масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим аҳамият касб этади.
Батафсил