Сўнгги йилларда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам иқлим ўзгариши жадаллашиб боряпти. Шаҳарларнинг кенгайиши, саноат ва транспорт тизимининг тез суръатлар билан ривожланиши натижасида атроф-муҳитга бўлаётган салбий таъсир сезиларли даражада ошиб бормоқда.
Бугун юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг туб маъноси ҳам аслида мана шу – табиатга бўлаётган инсон таъсирини (антропоген юкламани) камайтириш, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ҳамда экологик тоза, ресурс тежамкор технологияларни ҳаётимизга жорий этишдан иборатдир.
Бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳани тартибга солишда муҳим асос бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 мартдаги «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони бу йўналишдаги энг муҳим тарихий қадамлардан бири бўлди.
Ушбу Фармон билан 2026-2030 йилларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасининг асосий мақсадлари белгилаб берилди. Унга кўра, энергетика, саноат, қурилиш, транспорт ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида, шунингдек, ҳаводаги табиий чангнинг олдини олиш бўйича тезкор ва комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилади. Лойиҳанинг аниқ мақсадли кўрсаткичлари тасдиқлангани эса белгиланган ишларнинг ўз муддатида ва самарали бажарилишини кафолатлайди.
Қурилиш ва транспортдаги экологик мезонлар
Янги тартибларга кўра, энди қурилиш соҳасида экологик экспертиза хулосаларини олишда ҳудудларнинг бош режалари лойиҳасида «шамол гули» коридорларининг ҳаракатланиши мажбурий тартибда инобатга олинади ва махсус «шамол йўлаклари» тасдиқланади. Бу шаҳарларда ҳаво айланишини таъминлаш ва димланиб қолишларнинг олдини олиш учун жуда зарур.
Транспорт соҳасида ҳам бир қатор умуммиллий экологик тадбирлар белгиланган. Мисол учун, 2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида юртимизда «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ўтказиб келинмоқда. Бу ташаббус аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани келгусида ҳудудларимизда ҳаво мусаффолигини таъминлашда катта аҳамият касб этяпти.
«Яшил» энергия ва иссиқлик марказлари назорати
Ҳаммамизга маълумки, ҳавонинг ифлосланишида энергетика соҳаси салмоқли ўрин эгаллайди. Шу сабабли мазкур соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш том маънода давлатнинг ягона энергетик ва экологик сиёсати этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бу борадаги натижаларга алоҳида тўхталиб ўтган эдилар. Жумладан, бир йилнинг ўзида 6,5 миллиард киловатт-соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилди. Энг муҳими, жами генерация қувватларида «яшил» энергиянинг улуши 30 фоизга етди. Эндиликда мамлакатимиз бу борада янада улкан мақсадларни ўз олдига қўйди: 2030 йилгача яна 35 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобидан «яшил» энергия улушини 54 фоизга олиб чиқиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан саноат корхоналари тақдим этаётган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларига хулоса беришда энг қатъий экологик талаблар қўйилмоқда. Бу борада қуйидаги тизимли чоралар кўрилмоқда:
Биринчидан, биргина Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атроф-муҳитга таъсири бўйича I-III тоифага мансуб бўлган 1 233 та корхона, 7 та иссиқлик электр станцияси (ИЭС) ва 9 та иссиқлик маркази томонидан табиий газ билан бир қаторда кўмир ва мазут ёқилғиларидан фойдаланиш жараёнлари қатъий назоратга олинди.
Иккинчидан, республиканинг барча ҳудудларида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарида ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланди. Шу сабабли иссиқлик марказларини табиий газ билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилди. Эндиликда янги энергия ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши лойиҳаларига ҳам ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилмоқда.
Учинчидан, ҳавога заҳарли моддалар ташланишини камайтириш мақсадида, атроф-муҳитга юқори даражада салбий таъсир кўрсатувчи корхоналарга атмосферани ифлослантирувчи манбаларини тўлиқ чанг-газ тозалаш ускуналари билан жиҳозлаш талаби қатъий қўйилмоқда.
Тўртинчидан, аҳоли пунктларида экологик хавфли корхоналар фаолияти бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланмоқда. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг экологик экспертизаси жараёнида эса қурувчиларга нисбатан кўп қаватли уйлар атрофида яшил ҳудудлар ва дарахтларни суғориш тизимини яратиш бўйича мажбурий талабларни белгилаш механизмлари жорий этилди.
Бешинчидан, йирик аҳоли пунктларида ишлаб турган, энергия сиғими катта ва атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган саноат объектларини босқичма-босқич шаҳар ва қишлоқлардан ташқарига кўчириш жараёнлари бошланди.
Маҳаллийлаштириш ва имтиёзлар зарурати
Бугунги куннинг муҳим талабларидан яна бири – атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқишини таҳлил қилувчи мониторинг станциялари ҳамда чанг-газ тозалаш ускуналарини четдан олиб келишда (импорт қилишда) давлат божи миқдорини қайта кўриб чиқиш ҳисобланади.
Шунингдек, юртимизда чанг-газ тозалаш ускуналарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш зарур. Бу йўналишда тадбиркорларга имтиёзли кредитлар, субсидия ва преференциялар бериш, мол-мулк солиғи бўйича енгилликлар кўзда тутилиши амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини тубдан оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтганда, атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш бўйича жорий этилаётган бундай инновацион ёндашувлар Бош қомусимиз Конституцияда белгиланган экологик ҳуқуқларни таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларини бажариш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг энг муҳим омилига айланмоқда.
Темур АЙТМУРАТОВ,
Давлат экологик экспертизаси маркази
бош директорининг биринчи ўринбосари
Ер қаъри ҳам муҳофазага муҳтож
🕔13:25, 20.07.2026
✔31
Ер қаърини муҳофаза қилиш, экология ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масаласи Ўзбекистон Экологик партияси дастурий мақсадларида алоҳида кўзда тутилган. Партиядан сайланган депутатлар томонидан ушбу йўналишда доимий жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилмоқда.
Батафсил
Биогаз технологияси – «яшил» энергетиканинг муҳим манбаи
🕔13:22, 20.07.2026
✔33
Бугунги кунда дунёда энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Табиий газ, нефть ва кўмир каби анъанавий ёқилғилардан ортиқча фойдаланиш эса экологик муаммоларни янада кучайтиради. Шу сабабли қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқиш тобора кучайиб бораяпти. Бу борада истиқболли йўналишлардан бири бўлган биогаз технологияси алоҳида аҳамиятга эга.
Батафсил
Елим пакетлар: қулайликми ёки экологик муаммо?
🕔13:16, 20.07.2026
✔31
Бугунги ҳаётимизни пластик пакетларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар енгил, арзон ва қулай. Аммо ҳар бир қулайликнинг ўз баҳоси бор.
Батафсил