Чиқинди деганда кўз олдимизга фақат кўчаларни супуриш ёки маҳалладан чиқадиган ахлатни узоқроққа ташлаб келиш келмаслиги керак. Замон ўзгарди, соҳага бўлган қарашлар ҳам бутунлай янгиланди.
Эндиликда бу масала соғлиғимиз, фарзандларимиз келажаги, юртимизнинг энергия таъминоти ва энг муҳими, «яшил» иқтисодиёт билан бевосита боғлиқ стратегик йўналишга айланди. Аҳоли сони йил сайин ортиб, турмуш тарзимиз замонга мос равишда кенгаяётган бир пайтда маиший чиқиндилар ҳажми ҳам табиий равишда кўпаймоқда. Агар биз бу жараённи шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйсак, ўзимиз нафас олаётган ҳавони, ичаётган сувимиз ва ризқ бераётган тупроғимизни заҳарлаб, яроқсиз аҳволга келтириб қўямиз. Шу боис чиқиндига яроқсиз маҳсулот деб эмас, балки қайта ишланадиган қимматбаҳо хомашё ва даромад келтирувчи иқтисодий ресурс сифатида қараш мажбурияти қаршисида турибмиз.
Бундай қарашни шакллантириш эса биринчи навбатда экологик маданиятимизга боғлиқдир. Негаки, соҳага энг замонавий техникаларни олиб келмайлик ёки ҳар бир кўчага янги контейнерлар қўймайлик, агар жамиятда масъулият ва озодаликка интилиш бўлмас экан, қилинган ҳаракатлар беҳуда кетаверади. Афсуски, бугун ҳам чиқиндини қутининг ичига эмас, балки унинг атрофига, ариқларга ёки йўл четига ташлаб кетишдек нохуш ҳолатларга гувоҳ бўляпмиз. Бундай бепарволик нафақат антисанитария ва нохуш ҳидни келтириб чиқаради, балки маҳалладошларимизнинг ҳақли эътирозига ҳам сабаб бўлмоқда. Айни шу сабабли Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб ҳар ой тизимли равишда маҳаллаларни чиқиндидан холи ҳудудга айлантириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маҳаллалардан бошланаётган янгиланиш ва ўзгаришлар
Экологик маданиятни юксалтириш аввало одамларга муносиб шароит яратиб беришни талаб этади. Чиқинди йиғиш масканларидаги оддийгина эътиборсизлик, яъни рўзғор маҳсулотлари билан қурилиш материалларини аралаштириб ташлаш бутун бошли тизимнинг ишини бошидан қийинлаштиради. Шу боис соҳани рақамлаштириш ва назоратни кучайтириш мақсадида санитар тозалаш корхоналари фаолиятини «яшил», «сариқ» ҳамда «қизил» тоифалар бўйича очиқ баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Бу чоралар хизмат сифатини қоғозда эмас, балки амалда яхшилаш имконини бермоқда.
Ушбу тизимли ислоҳотлар натижасида 2025 йил якунларига кўра маҳаллаларда санитар тозалаш хизмати қамрови 88 фоизга етказилди. Халқимизнинг тизимга бўлган ишончи ортиб, тўлов маданияти шакллангани сабабли дебитор қарздорлик 9 фоизга қисқарди. Бу эса соҳадаги тушумларни 2023 йилга нисбатан 3 баробар ошириб, йиллик айланмани 1,5 триллион сўмга етказиш имконини берди. Тўпланган маблағлар эса дарҳол инфратузилмани мустаҳкамлашга йўналтирилди. Агентлик томонидан лизинг шартлари асосида жойларга 38 та мотороллер, 108 та махсус техника ва 572 та янги контейнер етказиб берилди. Корхоналар ҳам қараб турмасдан, 2026 йил бошидан буён ўз маблағлари ҳисобидан 1 077 та контейнер харид қилди ва бу кўрсаткич йил якунигача 2 000 тага етказилади. Жорий йилда яна 300 та махсус машина ва 80 та мотороллер олиб келиниши режалаштирилган. Бу ерда кичик ва чаққон мотороллерларнинг ўрни бўлакчадир, чунки улар катта техникалар кириши қийин бўлган тор кўчалар ва ички маҳаллалардаги чиқиндиларни тезкорлик билан йиғиб олишда жуда қўл келмоқда.
Ерларни асраш ва чиқиндидан энергия олиш
Тўпланган чиқиндини шунчаки ерга кўмиш эскирган ва табиатга энг кўп зарар етказадиган йўлдир. Шу сабабли бугун маиший чиқиндиларни термик қайта ишлаш, яъни уларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш масаласи кун тартибига чиқди. Бунинг учун бир нечта жиддий сабаблар бор.
Биринчидан, юртимизда 1 824 гектар майдонни эгаллаб ётган 228 та полигоннинг юкини камайтиришимиз шарт. Иккинчидан, қайта ишлаб бўлмайдиган қолдиқларни хавфсиз усулда йўқотиш лозим. Учинчидан, бу жараён орқали мамлакатимиз учун қўшимча энергия манбаи яратилади.
Ҳозирги кунда Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Бухоро, Жиззах вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси каби 9 та ҳудудда йирик инвестиция лойиҳалари бошланди. 2025 йилдан 2028 йилгача амалга ошириладиган ва умумий қиймати 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу лойиҳалар доирасида кунига 15,3 минг тонна чиқинди қайта ишланади. Бунинг эвазига йилига 2,2 миллиард киловатт соат электр энергияси олинади ва 1 450 та янги иш ўрни яратилади. Албатта, бу заводларда ҳаво мусаффолигини сақлаш учун халқаро стандартларга мос кучли фильтрлар ва доимий экологик назорат тизими ўрнатилади.
Бу ҳаракатлар нафақат янги чиқиндиларнинг олдини олишга, балки эски чиқиндихоналар эгаллаб ётган ерларни она табиатга қайтаришга ҳам қаратилгандир. Йиллар давомида тўпланган полигонлар тупроқ ва ер ости сувларини заҳарлаб келгани сир эмас. Шу боис 2024 ва 2025 йиллар давомида 47 та маиший чиқинди полигони ёпилиб, рекультивация қилинди, натижада 243 гектарга яқин ер асл ҳолига қайтарилди. Шунингдек, 132 та полигон атрофида 391 минг тупдан зиёд кўчат экилиб, яшил белбоғлар барпо этилди. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, 2026 йилда яна 18 та полигон тугатилади ва уларнинг умумий сони 32,6 фоизга қисқартирилади. 2030 йилга қадар эса юртимиздаги чиқинди полигонларини камида 50 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
«Нол чиқинди» модели ва келажак логистикаси
Биз интилаётган якуний мақсад «нол чиқинди» тамойилини ҳаётимизга жорий этишдан иборатдир. Бу чиқинди умуман чиқмайди дегани эмас, балки ҳосил бўлган чиқиндининг полигонларга бориб тушадиган қисмини максимал даражада камайтириш, уни қайта ишлаб, иқтисодий айланмага қайтариш демакдир. Бугун юртимизда 300 га яқин қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда, бироқ улар йилига олинадиган жами чиқиндининг атиги 5,2 фоизини қайта ишлаяпти холос. Бу кўрсаткични ошириш учун бизга «Тоза макон» платформаси, экополиция ва энг муҳими, замонавий қайта юклаш станциялари ёрдамга келади.
Қайта юклаш станциялари чиқиндини тўғридан-тўғри кўмиб ташлаш эмас, балки аввал қабул қилиб, саралаш ва керакли йўналишларга тақсимлаш маркази ҳисобланади. Режага кўра, 2026 йилгача 28 та шундай станция қурилади ва улар йилига 5 миллион тонна чиқиндини қабул қилиб, логистика харажатларини 15-20 фоизга қисқартиради. Бу ерда чиқиндининг 1,5 миллион тоннаси сараланиб қайта ишлашга, бир қисми энергия олишга йўналтирилади. 2030 йилга бориб эса станциялар сони 120 тага етказилади ва улар юртимиздаги жами чиқиндининг 100 фоизини қабул қилиш қувватига эга бўлади. Натижада транспорт харажатлари 35 фоизгача тежалади, миллионлаб тонна чиқиндидан сифатли органик ўғит ҳамда энергия олинади, полигонларга ташланадиган қолдиқ эса бир неча баробарга камаяди.
Бу тизимнинг молиявий жиҳатдан барқарор ишлаши ва маҳаллалардан чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши учун биллинг тизими жорий этилди. Тўпланаётган маблағлар соҳа ходимларининг иш ҳақига, янги техникалар ва рақамли назорат тизимларига қайта йўналтирилмоқда. Шундай экан, чиқинди учун ўз вақтида тўланган маблағ шунчаки маиший хизмат ҳақи эмас, балки оиламиз соғлиғи ва тоза маҳалламиз учун қўшилган шахсий ҳиссамиздир.
Хулоса қилиб айтганда, чиқиндиларни бошқариш соҳасида бошланган ислоҳотлар юртимизда яшил келажакни барпо этишга қаратилган. Кенг қамровли хизматлар, юзлаб янги техникалар, ёпилаётган хавфли чиқиндихоналар ва йирик инвестиция лойиҳалари соҳада янги давр бошланганидан далолат беради. Эндиги энг муҳим вазифа ҳар биримизнинг экологик маданиятимизни оширишимиз, уйимиздан чиқаётган чиқиндини саралашни кундалик турмуш тарзимизга айлантиришимиздир. Зеро, табиатни асраш ва уни келажак авлодга соғлом ҳолда қолдириш ўз уйимиз ва маҳалламиздан бошланади.
Шарифбек ҲАСАНОВ,
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори