«Табиий» деган ёрлиқ остидаги катта хавф
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
БатафсилБугун тезкор технологиялар, сунъий интеллект ва глобаллашув асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши мактабларда ўқишини, бир нечта хорижий тилларни мукаммал билишини, замонавий касбларни эгаллашини хоҳлайди.
Озиқ-овқатнинг энг сарасини, кийимнинг брендини олиб беришга ҳаракат қиламиз. Бироқ, гоҳида мана шу моддий ва интеллектуал пойга ичида бир муҳим саволни унутиб қўймаяпмизми: «Боламнинг ички дунёси, қалби нима билан озиқланяпти?..»
Жамиятнинг келажаги фақатгина иқтисодий бойлик, баланд бинолар ёки замонавий инфратузилма эмас, балки руҳан соғлом инсонларни тарбиялаб вояга етказиш билан белгиланади. Руҳан соғлом инсон эса тасодифан шаклланмайди. У соғлом тарбия, меҳр-муҳаббат, ахлоқий қадриятлар ва тўғри муносабатлар муҳитида вояга етади. Тан олишимиз керак, бугун биз моддий томонни қуриб, маънавий пойдеворни бўш қолдирмаяпмизми, деган хавотир ҳар қачонгидан ҳам долзарблашиб боряпти.
Одобдан қалбгача
Кўпчилик тарбия деганда фақат одоб-ахлоқ қоидаларини, яъни катталарга салом бериш, тўғри гапириш ёки рўзғор тутиш, меҳмон кутишни ўргатишни тушунади. Албатта, булар ҳам муҳим. Аммо руҳий тарбия бундан анча кенгроқ ва чуқурроқ тушунчадир.
Руҳий тарбия – бу боланинг ички дунёсини бунёд этиш санъатидир. Бу болада ўз ҳиссиётларини (қўрқув, ғазаб, хафалик) англаш ва уларни бошқара олишни, ўзини ва ўзгаларни қадрлашни, меҳр ва раҳмдилликни шакллантириш жараёнидир. Шунингдек, қийинчиликлар қаршисида сабр ва маънавий барқарорлик, қилган иши учун масъулият ва виждон амри ҳам айнан шу тарбиянинг маҳсули бўлади.
Агар бола ақлан супер-ривожланган, аммо руҳий тарбиядан маҳрум бўлса, у келажакда ўз манфаати йўлида бошқаларни аямайдиган «интеллектуал робот»га айланиши ҳеч гап эмас.
Кўчада қўлидаги музқаймоқ қоғозини ерга ташламаслик учун чўнтагига солиб, ахлат қутисигача кўтариб борадиган болани кўрганмисиз? Уни ҳеч ким кузатмаётган бўлса ҳам, у масъулиятни ва атрофдагиларга ҳурматни ич-ичидан ҳис қилади. Ёки ўзидан кичик бола йиқилиб тушганда, уни устидан кулмай, югуриб бориб қўлидан тортадиган мактаб ўқувчисини эсланг. Мана шу кичик деталлар руҳий тарбиянинг мевасидир.
Қалб гўзаллигининг биологик исботи
Сўнгги ўн йилликларда неврология ва ривожланиш психологияси соҳасида ўтказилган тадқиқотлар ҳайратланарли фактларни ошкор қилди: болалик давридаги эмоционал муҳит шунчаки «характер»ни эмас, балки бола миясининг физиологик тузилишини шакллантирар экан.
Психотерапевтлар боланинг дастлабки 5-7 йиллик ҳаётини шахсият шаклланишининг асосий даври деб ҳисоблайдилар. Бу даврда бола онг ости даражасида дунё ҳақида глобал хулосалар чиқаради: «Бу дунё хавфсизми ёки хавфлими? Мен қадрлиманми ёки кераксизманми?» Кейинчалик бу бутун бир умр давомида унинг одамларга бўлган ишончига, ўзини баҳолашига ва руҳий саломатлигига таъсир қилади.
Болалигида ҳар бир хатоси учун қаттиқ жазоланган, «сендан одам чиқмайди» каби камситилишларни эшитган бола катта бўлганида ҳам ички қўрқув билан яшайди. У ишхонада янги лойиҳа бошлашдан, ўз фикрини баралла айтишдан доим қўрқади. Чунки унинг онг остида «балки мен хато қиларман ва мени яна таҳқирлашар» деган қўрқув занжири қолган бўлади. Аксинча, хато қилганда «ҳечқиси йўқ, бу сафар ўхшамади, кейинги сафар ҳаракат қилиб кўрамиз» қабилида қўллаб-қувватланган бола муваффақиятсизликдан синмайдиган, кучли шахс бўлиб улғаяди.
Нейробиология буни янада аниқроқ тушунтиради. Бола меҳр, хавфсизлик ва қабул қилинганликни ҳис қилганда, унинг миясида ижобий нейрон алоқалар занжири қурилади. Меҳр-муҳаббат ва яқинлик ҳисси бахт гормони – окситоцин ажралишини таъминлайди. Бу эса стресс гормони, яъни кортизол даражасини пасайтиради. Натижада, эмоционал назорат ва қарор қабул қилиш учун масъул бўлган префронтал кортекс (бош мия пўстлоғи) соғлом ривожланади.
Шу сабабли, руҳий тарбия фақатгина қуруқ ахлоқий чақириқ эмас, балки жиддий биологик ва тиббий жараёндир. Болани севиш ва уни тинглаш унинг миясини соғлом ривожлантириш демакдир.
«Қалб соғломлиги» концепцияси
Миллий менталитетимиз ва шарқона қадриятлар тизимида тарбия ҳеч қачон инсоннинг ташқи хулқи, яъни «формаси» билан чекланмаган. Асосий эътибор ҳамиша қалб тарбиясига, яъни «мазмун»га қаратилган.
Аждодларимиздан бизгача етиб келган жуда кўплаб қимматли манбаларнинг аксарияти тарбиянинг энг олий нуқтаси қалб эканига ишора қилади. Боланинг нияти пок, ички дунёси собит бўлса, унинг қилаётган иши ҳам гўзал бўлади. Биз бугун мана шу ички гўзаллик инсоф, диёнат ва виждон тарбиясини биринчи ўринга олиб чиқишимиз шарт.
Руҳий тарбиячининг ўзи соғломми?
Кўп ота-оналардан эшитамиз: «Боламга кечаю кундуз насиҳат қиламан, лекин гап уқмайди…» Энг катта хатомиз ҳам шунда, болалар бизнинг гапларимизни эмас, қилган ишларимиз ва хонадон муҳитидаги ҳолатни айнан такрорлайдилар. Бола – бу оиланинг акси.
Агар оилада меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, адолат, шукроналик ва сабр-тоқат устувор бўлса, бола ҳеч қандай ортиқча насиҳатларсиз ҳам муҳаббатни, одамларга ишончни ва руҳий барқарорликни ўзлаштиради. Аксинча, доимий жанжаллар, таҳқирлаш, қўрқитиш ва тинимсиз танқид ҳукмрон бўлган уйда ўсган боланинг ички дунёсига фақат хавотир, тажовузкорлик, алам ва ўзига ишончсизлик туйғулари кўчади.
Уйда ўзи телефондан бош кўтармай ўтириб, боласига «китоб ўқи» деб бақирадиган ота-онанинг насиҳати кор қилмайди. Ёки дастурхон атрофида қўшнисини ёки қариндошини ғийбат қилиб, кейин болага «ёлғон гапирма, одамларни ҳурмат қил» дейиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Бола отанинг онага бўлган қўпол муносабатини кўрса, келажакда аёлларга нисбатан худди шундай тажовузкор бўлади. Аммо отанинг уйга чарчаб келганда ҳам онага табассум билан «раҳмат, чарчамадингизми» деганини кўриб ўсган ўғил бола келажакда ўз оиласини ҳам меҳр устига қуради.
Шунинг учун, фарзанд тарбияси бу аввало ота-онанинг ўзини тарбия қилиши, ўз руҳий жароҳатларини даволашидан бошланади. Сиз бақироқ ва агрессив бўлган хонадонда боладан вазмин ва меҳрибон бўлишни талаб қилолмайсиз.
Жамият учун ҳаёт-мамот масаласи
Бугун ижтимоий тармоқларни варақласак, юрагимиз увишади: арзимаган сабаб билан бир-бирига пичоқ урган ўсмирлар, оилавий ажрашишлар, кўчадаги тажовузкорлик, лоқайдлик, депрессияга тушиб, ўз жонига қасд қилаётган ёшлар...
Хўш, бу муаммоларнинг илдизи қаерда? Иқтисоддами? Етишмовчиликдами? Йўқ, кўп ҳолларда бу руҳий тарбиянинг етишмаслиги оқибатидир.
Икки хил инсонни тасаввур қилайлик. Биринчиси болалигидан руҳан соғлом, меҳр кўриб ўсган шифокор. У беморга фақат «пул манбаи» деб қарамайди, балки унинг дардига шерик бўлади, илиқ сўз билан ҳам даволайди. Иккинчиси эса ақлли, ўз ишининг устаси, лекин ички дунёси нафрат ва аламга тўла мансабдор. У ўз манфаати йўлида юзлаб одамларнинг ҳақини ейишдан, коррупциядан тап тортмайди. Сизнингча, жамиятга қай бири кўпроқ фойда келтиради?
Руҳий тарбияланган бола катта бўлганда масъулиятли фуқаро, оиласини ардоқлайдиган меҳрибон турмуш ўртоғи, фарзандига бақирмайдиган онгли ота ёки она, ҳалол мутахассис ва жамиятга нафи тегадиган шахс бўлади. Аммо бу тарбия оқсаган жойда эса гиёҳвандлик, жиноятчилик, оилавий низолар ва чуқур руҳий инқирозлар урчийди. Шу сабабли, руҳий тарбия фақатгина битта оиланинг шахсий иши эмас. Бу бутун бир миллатнинг, жамиятнинг келажагига, хавфсизлигига киритилган энг катта сармоя аслида.
Хулоса қиляпмизми?
Болага яхши кийим олиб бериш, нуфузи баланд мактабда ўқитиш ёки порлоқ касб пойдеворини қўйиш муҳим, шубҳасиз. Аммо буларнинг барчасидан олдин унга хавфсиз болалик, соғлом руҳият ва меҳрга тўла қалб беришимиз зарур. Метиндек мустаҳкам бинолар ҳам пойдевори бўш бўлса, илк зилзиладаёқ қулайди. Руҳий соғлом бола келажакдаги жамиятимизнинг ана шундай зилзилабардошли пойдеворидир.
Шундай экан, фарзанд тарбиясида ақлни илм билан тўлдириш баробарида, қалбни ҳам меҳр, яхшилик, инсонийлик ва иймон билан суғоришни, тарбиялашни унутмайлик. Бу нафақат педагогик вазифа, балки миллий, илмий ва ижтимоий бурчимизга айланиши шарт.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Ўзбекистон Экологик партияси органик маҳсулотлар етиштириш, халқимиз эҳтиёжини экологик тоза маҳсулотлар ҳисобига қоплаш масаласи учун доимий курашиб келмоқда.
БатафсилБугун тезкор технологиялар, сунъий интеллект ва глобаллашув асрида яшаяпмиз. Ҳар бир ота-она фарзандининг энг яхши мактабларда ўқишини, бир нечта хорижий тилларни мукаммал билишини, замонавий касбларни эгаллашини хоҳлайди.
БатафсилҲар йили 11 июль санаси бутун дунёда Халқаро аҳоли куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана аҳоли сонининг ўсиши, инсон саломатлиги, оила фаровонлиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор тараққиёт масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим аҳамият касб этади.
Батафсил