Экология      Бош саҳифа

Касбий таълим инновацион талабларга мослашиши лозим Ёшлар нега техникумларда ўқишга интилмаяпти?

Ёшларни техникумларга кенг жалб этиш, таълим сифатини ошириш, меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш ва таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Касбий  таълим инновацион талабларга мослашиши лозим Ёшлар нега техникумларда ўқишга интилмаяпти?

Гурлан туманидаги «Ёрмиш» маҳалласида жойлашган 3-сон техникум педагогик жамоаси билан ўтказган очиқ мулоқотимизда соҳа ривожига халал бераётган бир неча жиҳатлар таҳлилий-танқидий ўрганилди. Мулоқот давомида техникум раҳбарияти ва педагоглар бугунги кунда касбий таълим муассасалари олдида турган энг долзарб муаммолардан бири қабул режасини бажариш масаласи эканини таъкидлашди. Уларга кўра, аксарият ҳолларда 9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналари техникумни танлашга қизиқиш билдирмаяпти. Бунинг асосий сабабларидан бири техникум битирувчисининг дипломи меҳнат бозорида етарлича талабга эга эмаслиги ҳақида шаклланган қарашлар билан боғлиқ.

Шунингдек, айрим таълим йўналишлари бўйича меҳнат бозори эҳтиёжлари ва ўқув жараёни ўртасида узвий боғлиқлик етарли эмаслиги, айрим мутахассисликлар бўйича иш берувчилар эҳтиёжи камайгани, амалиётнинг етарли даражада ташкил этилмагани ҳам таъкидланди. Натижада ўқувчиларнинг муайян қисми техникумни тамомлаган бўлса-да, ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётгани қайд этилди.

Учрашув иштирокчилари касбий таълимнинг нуфузини ошириш учун таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди. Бу борада мамлакатимизда ижобий тажрибалар ҳам мавжуд. Масалан, айрим ҳудудларда йирик саноат корхоналари ўз эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда техникумлар билан ҳамкорлик қилиб, ўқув дастурларини ишлаб чиқариш талабларига мослаштирган ва битирувчиларни иш билан таъминлаш тизимини йўлга қўйган. Бундай ёндашув ҳам таълим муассасаси, ҳам иш берувчи, ҳам ёшлар учун манфаатлидир.

Очиқ мулоқот чоғида Президентимизнинг 2025 йил 23 октябрдаги ПҚ-316-сон қарори билан 9-синф битирувчиларини касбий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичлари босқичма-босқич оширилиши белгилангани алоҳида қайд этилди. Шу муносабат билан иштирокчилар техникум раҳбарияти ва ходимлари қабул кўрсаткичларини таъминлаш билан бир қаторда, касбий таълимнинг жозибадорлигини ошириш, техникум дипломининг меҳнат бозоридаги нуфузини кучайтириш ва битирувчиларнинг бандлигини кафолатлашга қаратилган тизимли чораларни амалга ошириш зарурлигини билдирдилар. Жумладан, ходимлар қабул режасини бажаришдаги қийинчиликларга тўхталар экан, 9-синф битирувчилари учун давлат имтиҳон натижарига қараб, маълум натижага эриша олмаган ўқувчиларни техникумларга мажбурий йўналтириш тизимини жорий этиш таклифи билдирилди.

Менинг фикримча, бу тизимнинг етарли даражада оммалашмаётгани ортида бир нечта ижтимоий, иқтисодий ва ташкилий муаммолар ётибди.

Аввало, касбий таълимнинг самарадорлиги қабул режасининг бажарилгани билан эмас, балки битирувчиларнинг ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш билан таъминлангани, иш берувчилар эътироф этадиган билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлангани билан баҳоланиши лозим. Биз ёшларни техникумга жалб қилиш ҳақида эмас, аввало техникум битирувчисини иш берувчи излайдиган мутахассисга айлантириш ҳақида ўйлашимиз керак. Агар битирувчига талаб кучли бўлса, ёшларнинг ўзи техникумга интилади. Яъни, талаба техникумга кираётганда «Бу техникумни битирсам, фалон корхона мени албатта ишга олади», деган ишончга эга бўлиши керак. Бизда эса йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва техникумлар ўртасидаги алоқа ҳали тизимли йўлга қўйилмаган. Дуал таълим тизими синовдан ўтаётган бўлса-да, ҳали оммавий тус олгани йўқ.

Юқорида ҳам таъкидланганидек, ота-оналар ва ёшлар ўртасида техникум ёки коллежда ўқиган барибир олий маълумотли ҳисоб­ланмайди, шу сабабли фарзанди олийгоҳда ўқимаса, яхши жойга ишга киролмайди, деган қараш жуда кучли.

Бундан ташқари, техникумларда ҳам қабул квоталарининг катта қисми тўлов-контракт асосида ташкил этилган. Ёшлар ва уларнинг ота-оналари барибир пул тўлаб ўқиладиган бўлса, ундан кўра сал кўпроқ тўлаб ёки репетиторга пул бериб, тўғридан-тўғри олий таълимга киргани яхши, дея фикр билдиришади. Яъни, техникум шартномаси учун ажратиладиган маблағ одамлар кўзига иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдигандек кўринади.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, кўп­лаб техникумлар собиқ коллежлар негизида ташкил этилган бўлиб, уларнинг ичидаги лабораториялар, амалиёт ускуналари ва технологиялар бугунги кун бозори талабларига жавоб бермайди. Ёшлар у ерда фақат «қуруқ назария» ўқитилишидан, замонавий касбларни (масалан, IT, замонавий инжиниринг, маркетинг) мукаммал ўргата оладиган кадрлар камлигидан шикоят қилишади.

Ёшлар техникумларни «орзудаги маскан» эмас, балки олий ўқув юртига киролмай қолганлар учун «вақтинчалик чора» ёки «иккинчи даражали тизим» сифатида кўришмоқда. Олий таълимга кириш осонлашгани ва хусусий университетлар кўпайгани сабабли техникумлар рақобатда ютқазиб қўймоқда. Тизимни қутқариш учун диплом эмас, реал иш ўрни кафолати ва юқори сифатли амалиёт зарур.

Техникумларда келажак касбларини жорий этиш орқали айнан шу муаммога аниқ ва амалий ечим топишга эришилади. Дарҳақиқат, электромобиллар сонининг ортиб бориши уларга техник хизмат кўрсатадиган мутахассисларга бўлган талабни ҳам оширмоқда. Яшил энергетика соҳасида қуёш панелларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш бўйича малакали кадрлар ҳар бир ҳудуд учун долзарб. Шу билан бирга, замонавий пайвандлаш технологиялари нафақат анъанавий қурилишда, балки юқори аниқликдаги ишлаб чиқариш тармоқларида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект эса барча соҳаларга кириб келаётган универсал кўникма сифатида келажак мутахассислари учун асосий касбий капиталга айланмоқда.

 

 

Ойбек ОТАМУРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎЭП фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Тошкент ва   Самарқанд ФАОнинг «Яшил  шаҳарлар»  тармоғига қўшилди

Тошкент ва  Самарқанд ФАОнинг «Яшил шаҳарлар» тармоғига қўшилди

🕔16:28, 04.09.2026 ✔62

Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Яшил шаҳарлар» тармоғига аъзо бўлди.

Батафсил
Келажакка  Тикилган манфаатли  сармоя

Келажакка Тикилган манфаатли сармоя

🕔16:03, 27.08.2026 ✔121

Экологик тарбия – шунчаки назарий билимлар ёки табиат ҳақидаги қуруқ маърузалар йиғиндиси эмас. Бу инсоннинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини белгилайдиган, болаликдан шаклланиб, умрбод сақланиб қоладиган дунёқараш ва муҳим ҳаётий кўникмадир.

Батафсил
Она табиатни  асраш ва соғлом ҳаёт чорлови

Она табиатни асраш ва соғлом ҳаёт чорлови

🕔15:58, 27.08.2026 ✔127

ЎЭП Сурхондарё вилоят партия ташкилоти ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағиш­лаб, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» ғояси асосида Сангардак туризм масканида экофестиваль ташкил этилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тошкент ва   Самарқанд ФАОнинг «Яшил  шаҳарлар»  тармоғига қўшилди

    Тошкент ва  Самарқанд ФАОнинг «Яшил шаҳарлар» тармоғига қўшилди

    Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) «Яшил шаҳарлар» тармоғига аъзо бўлди.

    ✔ 62    🕔 16:28, 04.09.2026
  • Келажакка  Тикилган манфаатли  сармоя

    Келажакка Тикилган манфаатли сармоя

    Экологик тарбия – шунчаки назарий билимлар ёки табиат ҳақидаги қуруқ маърузалар йиғиндиси эмас. Бу инсоннинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини белгилайдиган, болаликдан шаклланиб, умрбод сақланиб қоладиган дунёқараш ва муҳим ҳаётий кўникмадир.

    ✔ 121    🕔 16:03, 27.08.2026
  • Она табиатни  асраш ва соғлом ҳаёт чорлови

    Она табиатни асраш ва соғлом ҳаёт чорлови

    ЎЭП Сурхондарё вилоят партия ташкилоти ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағиш­лаб, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» ғояси асосида Сангардак туризм масканида экофестиваль ташкил этилди.

    ✔ 127    🕔 15:58, 27.08.2026
  • Сирдарё ҳавоси:  мусаффолик  мониторинги

    Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги

    Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.

    ✔ 147    🕔 11:42, 20.08.2026
  • Унутилган экологик «мерос»:  Пестицид омборлари ва  «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

    Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

    1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисос­лаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.

    ✔ 140    🕔 11:39, 20.08.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар