Экоолам      Бош саҳифа

Германия «Яшиллар» партияси: Табиатни асраш йўлида пешқадам

Германияда яшил сиёсат ғояларига алоҳида урғу берадиган «Яшиллар» партияси 1980 йил январдан буён фаолият юритиб келади.

Улар экологик хавфли лойиҳаларга қарши туришади. Шу билан бирга, халқаро миқёсда нейтралитет сақлаш, Германиянинг НАТОдан чиқишини, мамлакатда баллистик ракеталар ва атом қуролини жойлаштирмасликни талаб қилди. Иммиграция чекловларини олиб ташлашни, хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтиришни исташади.

«Яшиллар» илк бор 1983 йилда Бундестагда 27 та жойни (5,7 фоиз) эгаллаб, парламентга кирган эди. Ўшанда Европада жуда оғриқли қабул қилинган Чернобиль АЭСдаги ҳалокат, кислота ёмғирларининг пайдо бўлиши аҳолининг сиёсий тафаккурига таъсир этди. Бу каби ўзгаришлар 1987 йилдаги сайловларда уларга 8,7 фоизлик муваффақиятни таъминлаб берди.

2010 йилда қимматга тушадиган «Штутгарт 21» вокзалининг қурилишига қарши бўлган маҳаллий аҳолининг эътирозларини қўллаб-қувватлаган партиянинг аъзолари кескин ошди. 2021 йилда эса тарихда биринчи бор партия канцлер лавозимига ўз етакчиси Анналена Бербокни илгари сурди. Улар янги сиёсий тафаккурнинг ёрқин рамзига айланди. 2025 йил февралда эса Бундестаг сайловида «Яшиллар» 11,6 % овоз жамғариб 4-ўринни эгаллади.

Бугунги кунга келиб партиянинг амалдаги ҳамраислари Франциска Брантнер ва Феликс Банашак бўлиб, қароргоҳи Берлин шаҳрида жойлашган. 130 минг нафар аъзони ўзига жамлаган бўлиб, Бандестагда 630 ўриннинг 85 тасини эгаллайди. Маҳаллий парламентлардаги 1891 та жойнинг 284 таси уларга тегишли. Шу билан бирга Европарламентда Германияга ажратилган 96 ўриннинг 12 тасига айнан «яшиллар» эгалик қилади.

Сўл либерал қарашларга эга партиянинг асосий ғоялари – экология атрофида бирлашиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, энергиядан ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар ҳуқуқларини муҳофаза этишдан иборат. Шунингдек, иқлим ўзгаришларига қарши тизимли курашиш, денгизнинг ифлосланишга йўл қўймаслик, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва муҳожирларнинг немис жамиятига интеграциясини таъминлашни таъкидлаб келишмоқда.

Шу билан бирга, партия элитасининг айрим ҳаракатлари сайловчиларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, электромобиллар учун яратилган имтиёзни олайлик. Германияда 40 минг еврога автомобиль сотиб олган харидорга 4500 евро экологик бонус берилар эди. 2016-2023 йилларда 2,1 миллион автомобилга Иқлим ва трансформация жамғармасидан 10 миллиард евро ажратилган.

Ўша йили Федерал иқтисодиёт вазири, «Яшиллар» аъзоси Роберт Хабек томонидан уларни харид қилиш учун субсидиялар ажратишнинг тўхтатгани ҳам аҳоли орасида турли эътирозга сабаб бўлди.

Албатта, ҳозирги кунда Яқин Шарқдаги энергетик инқироз сабабли юзага келган нархларнинг ошиши, атом электр станцияларининг тўхтатилгани боис электр энергияси нархлари кескин ўсишининг аҳоли фаровонлигига таъсири «яшил» партия стратегик вазифаларини, марказий сиёсий «линияси»ни жиддий ислоҳ қилишга ундайди.

Ҳар бир инсоннинг табиат олдидаги масъулиятини ошириш, ҳукуматнинг бу борада самарали чора-тадбирларни кўришга ундаш, ташқи сиёсатда тинчликпарварлик ғояларини илгари суриш орқали «Яшиллар» Германияни ўзгартирмоқда. Атроф-муҳит ва табиатни асраб-авайлаш бугун Германия учун асосий устувор сиёсат ҳисобланади.

Экология масаласи ҳар бир сиёсатчининг дас­турида ажралмас қисмга айланиб улгурди. Бугун 16 та федерал ерлар ҳукуматларининг 10 тасида «яшиллар» аъзолари бор.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Германия Асосий қонунида 1994 йилдан буён давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Германия Иқлим ўзгариши бўйича БМТ ҳадли конвенцияси, 2015 йилдаги Париж битими, «2030 йилгача бўлган даврдаги кун тартиби», иқлим адолати тамойилларига қатъий содиқлигини эълон қилган. 2023 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларда иқлим ўзгаришларига мослашиш ва табиатни муҳофаза қилиш мақсадларида Германия салкам 6 миллиард доллар ажратиб келаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича федерал агентлик маълумотларига кўра, ўтган йили қайта тикланадиган манбалар ҳисобига мамлакат энергия истеъмолининг 56 фоизи қопланди. 2045 йилга бориб Германия иқлим ўзгаришларига қарши курашиш доирасида атмосферага зарарли газлар чиқаришни ноль даражасига туширишни, саноатни тўлиқ яшил энергияга, асосан, шамол ва қуёш энергиясига ўтказишни режа қилган.

Афсуски, саноат корхоналаридан чиқинди чиқариш кескин камайган бўлса-да, охирги йилларда транспорт ёнилғиси савдоси, қурилиш сектори улуши ошгани ва биноларни иситиш учун газ ҳамда нефтдан фойдаланиш кўпайгани сабабли, ушбу тармоқларнинг атмосферани ифлослантириш кўрсаткичлари ошмоқда.

Иқлим ўзгаришларига қарши курашишга оид биринчи миллий қонун 2019 йилда қабул қилинган бўлса, унга «Яшиллар» ташаббуси билан 2021 ва 2024 йилларда ўзгартиришлар киритилди. Ва унда аниқ-равшан қилиб белгилаб қўйилдики, 2030 йилга бориб Германия иссиқхона газлари чиқаришни 1990 йилга нисбатан камида 65 фоизга (438 миллион тоннага) қисқартиради. 2040 йилга бориб эса бу рақам 88 фоизга етказилади.

Ҳужжатда алоҳида тармоқлар, жумладан, саноат ва транспорт соҳалари, ердан фойдаланувчиларнинг чиқинди чиқариш бўйича йиллик миқдори белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, қонун доирасида қайта тикланадиган электр энергиясини ўрнатувчи операторларга давлат томонидан субсидиялар берилиши акс этган.

Биохилма-хиллик, яъни генлар, турлар ва маҳаллий табиатнинг турфа хиллигини сақлаб қолиш учун ҳукумат Иқлимни табиий муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиққан. Дастур табиий экотизимларни, яъни ўрмонлар, ботқоқлар, дарё қирғоқларидаги ўсимликлар дунёсини қайта тиклашни кўзлайди ва 2027 йилгача бунинг учун 3,5 миллиард евро ажратилади.

Бир сўз билан айтганда, Германияда «Яшиллар» партияси мамлакатда экологияга муносабатни ўзгартиришда муҳим ўрин тутмоқда. Айнан бу сиёсий куч саъй-ҳаракатлари билан экология масаласи федерал ва маҳаллий ҳукуматнинг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда.

 

Мунира МУХТОР

қизи




Ўхшаш мақолалар

Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ  жиддий   масала

Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ жиддий  масала

🕔15:13, 23.07.2026 ✔7

Бугунги суҳбатдошимиз – шифокорликдан парламентгача бўлган фаолият йўлини босиб ўтган, Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба ИНОЯТОВА.

Батафсил
Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

🕔15:10, 23.07.2026 ✔7

«Oila va TABIAT» газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28-сонида «Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди» сарлавҳаси остида долзарб мақола чоп этилди.

Батафсил
Германия  «Яшиллар» партияси:  Табиатни асраш йўлида  пешқадам

Германия «Яшиллар» партияси: Табиатни асраш йўлида пешқадам

🕔15:07, 23.07.2026 ✔4

Германияда яшил сиёсат ғояларига алоҳида урғу берадиган «Яшиллар» партияси 1980 йил январдан буён фаолият юритиб келади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар