Экоолам      Бош саҳифа

Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

«Oila va TABIAT» газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28-сонида «Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди» сарлавҳаси остида долзарб мақола чоп этилди.

Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

Айтиш жоизки, бугунги кунда атроф-муҳитнинг ифлосланиши нафақат табиатга, балки инсон саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларига пластик чиқиндилар ташланиши сув экотизимидаги тирик организмлар ҳаётига жиддий хавф туғдираётгани – айни ҳақиқат экани мақолада яққол кўрсатилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги 7-8 йил давомида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Мазкур йўналишлар ҳам амалий, ҳам илмий жиҳатдан изчил ривожланиб, соҳага замонавий технологиялар ва илғор ёндашувлар жорий этилмоқда.

Барча соҳаларга юксак эътибор қаратилиб, тараққиёт сари дадил қадамлар ташланаётган бир пайтда кундалик истеъмолимизда муҳим ўрин тутадиган озиқ-овқат маҳсулотларида бундай салбий ҳолатларнинг кузатилиши, албатта, ачинарлидир. Бу ҳолат сув ҳавзаларининг экологик аҳволини мунтазам назорат қилиш, балиқ маҳсулотларини лаборатория ва ветеринария-санитария текширувларидан ўтказиш ҳамда аҳоли истеъмолига фақат сифатли ва хавфсиз маҳсулотларни етказиб бериш чораларини янада кучайтиришни тақозо этади.

Газетада эълон қилинган мақолада Чирчиқ ва Қорадарёдан тутилган балиқлар лаборатория шароитида ўрганилиб, уларнинг организмида микропластик заррачалар аниқлангани ҳақида сўз юритилган. Тадқиқот натижалари сув ҳавзаларининг экологик ҳолатига янада жиддий эътибор қаратиш, ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш зарурлигини кўрсатади.

Микропластик балиқларда учрайдиган юқумли касаллик эмас. У пластик чиқиндиларнинг майда зарраларга бўлиниб, сув муҳитига тарқалиши натижасида юзага келадиган хавфли экологик омилдир. Бундай заррачалар балиқларнинг озиқланиши, ўсиши, кўпайиши ва ички аъзолари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, улар озиқ-овқат занжири орқали бошқа тирик организмларга, жумладан, инсон танасига ҳам ўтиши эҳтимоли мавжуд.

Балиқ маҳсулотлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган ва аҳоли томонидан кенг истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Шу боис балиқ етиштириладиган ва овланадиган сув ҳавзаларининг экологик ҳолатини мунтазам назорат қилиш, сув, балиқ озуқаси ҳамда тайёр маҳсулотларни лаборатория ва ветеринария-санитария текширувларидан доимий ўтказиш долзарб вазифадир.

Экология – бу нафақат тоза ҳаво, мусаффо сув ва обод ҳаёт, балки мустаҳкам сиҳат-саломатлик гаровидир. Аҳоли саломатлиги, генофонд барқарорлиги ва келажак авлоднинг соғлом камол топиши, аввало, биз истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг экологик ва санитария назоратидан ўтгани, сифатли ҳамда хавфсиз эканига бевосита боғлиқ. Демак, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласини атроф-муҳит муҳофазасидан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди.

Мавжуд муаммони бартараф этиш учун, биринчи навбатда, дарёлар ва каналларга пластик идишлар, пакетлар, эски балиқ овлаш тўрлари ҳамда бошқа маиший чиқиндилар ташланишининг олдини олиш зарур. Сув ҳавзалари соҳилларида чиқиндиларни саралаб ва алоҳида йиғиш тизимини йўлга қўйиш, махсус чиқинди қутиларини кўпайтириш, пластик маҳсулотларни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнларини кенгайтириш лозим.

Шунингдек, саноат корхоналари ва аҳоли яшаш ҳудудларидан чиқаётган оқава сувлар дарёларга тўғридан-тўғри қуйилишидан олдин замонавий тозалаш иншоотлари ҳамда махсус фильтрлардан ўтказиш талаб этилади.

Балиқчилик хўжаликларида сув сифати, балиқ озуқаси ва етиштирилаётган маҳсулотларни мунтазам лаборатория назоратидан ўтказиш тизимли равишда йўлга қўйилиши зарур.

Ифлосланган ҳудудлардан овланган балиқларни тегишли ветеринария-санитария хулосасисиз савдога чиқармаслик, сув ва балиқ маҳсулотларида микропластик, оғир металлар ҳамда бошқа зарарли моддалар миқдорини аниқлашга қаратилган илмий тадқиқотларни кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аниқланган ҳолатлар бўйича мутасадди идоралар томонидан тезкор ва таъсирчан чоралар кўрилиши зарур.

Ўзбекистон Экологик партияси сув ресурс­ларини муҳофаза қилиш, пластик ифлосланишни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлайди. Партия экологик муаммоларни фақат муҳокама қилиш билан чекланиб қолмасдан, жамоатчилик, олимлар, мутахассислар ва масъул ташкилотлар иштирокида уларнинг амалий ечимларини белгилаш тарафдоридир.

Шу муносабат билан давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, таълим даргоҳлари, тадбиркорлик субъектлари, балиқчилик хўжаликлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фаол фуқароларни сув ресурсларини асраш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган илғор ғоялар ва амалий таклифларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида ҳамкорликка чақирамиз.

Зеро, экологик муаммоларни бир ташкилот ёки бир соҳанинг саъй-ҳаракатлари билангина бартараф этиб бўлмайди. Бу йўлда жамоатчилик назорати, илмий ёндашув, масъул идораларнинг қатъий позицияси ва ҳар бир фуқаронинг экологик масъулияти муҳим ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, тоза сув – соғлом балиқ, хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлигининг асоси. Табиатга пластик чиқинди ташламаслик, сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш ва истеъмол маҳсулотлари устидан экологик назоратни кучайтириш ҳар биримизнинг умумий вазифамиздир. Атроф-муҳитга масъулиятли муносабатда бўлиш орқали нафақат бугунги кун саломатлигини, балки келажак авлоднинг соғлом ва фаровон ҳаётини ҳам таъминлаймиз.

 

Баҳром ЭЛМИРЗАЕВ,

ЎЭП Марказий Кенгаши

Ижроия қўмитаси

бўлим бошлиғи




Ўхшаш мақолалар

Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ  жиддий   масала

Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ жиддий  масала

🕔15:13, 23.07.2026 ✔7

Бугунги суҳбатдошимиз – шифокорликдан парламентгача бўлган фаолият йўлини босиб ўтган, Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба ИНОЯТОВА.

Батафсил
Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови

🕔15:10, 23.07.2026 ✔8

«Oila va TABIAT» газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28-сонида «Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди» сарлавҳаси остида долзарб мақола чоп этилди.

Батафсил
Германия  «Яшиллар» партияси:  Табиатни асраш йўлида  пешқадам

Германия «Яшиллар» партияси: Табиатни асраш йўлида пешқадам

🕔15:07, 23.07.2026 ✔4

Германияда яшил сиёсат ғояларига алоҳида урғу берадиган «Яшиллар» партияси 1980 йил январдан буён фаолият юритиб келади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар