Зарафшон миллий табиат боғи – Зарафшон дарёси водийсидаги ноёб тўқай экотизимлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг биологик хилма-хиллигини сақлашга хизмат қиладиган муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд.
Бу ердаги сув ҳавзалари, жумладан, боғ чегараси бўйлаб оқиб ўтувчи Чегара канали кўп йиллар давомида ўнлаб ҳайвон ва ўсимлик турлари учун муҳим сув манбаи ҳамда яшаш муҳити бўлиб келган.
Айниқса, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғуси ва Зарафшон қирғовули учун Чегара канали муҳим сув ичиш манбаларидан бири ҳисобланади. Боғда яшовчи бошқа кўплаб жониворлар ҳам ушбу канал сувидан баҳра олади. Шу боис ундаги сув оқимининг тўхташи ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар ҳаётига бевосита таҳдид солади.
Бироқ сўнгги йилларда антропоген омиллар таъсирида мазкур экотизим жиддий хавф остида қолмоқда. Миллий табиат боғи илмий ходимлари томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, боғнинг 1-бўлими юқори қисми ва 2-бўлимининг бошланиш ҳудудида Чегара каналидаги доимий сув оқими тўсиб қўйилган. Айрим шахслар ва фермер хўжалиги вакиллари канал сувини ўзбошимчалик билан экин майдонларига йўналтириб олмоқда.
Маълумотларга кўра, канал бўйлаб доимий сув оқими охирги марта 2023 йилда кузатилган. Шундан буён уч йил давомида канал сувсиз қолмоқда. Бу эса бир неча ўн йиллар давомида шаклланган табиий яшаш муҳитининг издан чиқишига олиб келмоқда.
Сувсизлик оқибатида Чегара каналида яшовчи ондатралар, сув илонлари, балиқлар, сувда ва қуруқликда яшовчилар (амфибиялар), моллюскалар ҳамда ҳашаротлар ҳаёти хавф остида қолган. Сувга боғлиқ ўсимлик қоплами ҳам йўқолиш хавфига дуч келмоқда. Бу турлар ўзлари учун табиий равишда шаклланган яшаш муҳитидан маҳрум бўлмоқда.
Энг ташвишлиси, Бухоро буғуси ва Зарафшон қирғовули ҳам муҳим сув манбаларидан айрилмоқда. Сув излаб, муҳофаза этиладиган табиий ҳудуддан ташқарига чиқишга мажбур бўлган Бухоро буғуси браконьерлик ва бошқа хавф-хатарларга кўпроқ дуч келиши мумкин. Демак, каналнинг сувсиз қолиши фақат бир сув объектининг қуриши эмас, балки бутун бошли экотизимнинг барқарорлигига таҳдиддир.
Бундай жараёнлар маҳаллий флора ва фауна турларининг камайиши, ҳатто айримларининг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, ҳудуд микроиқлимининг ўзгариши, тупроқ ва ер ости сувлари мувозанатининг бузилиши хавфини ҳам кучайтиради. Табиатдаги ҳар бир боғлиқлик муҳим: бир сув манбаининг йўқолиши унга боғлиқ ўсимликлар, жониворлар ва бутун табиий муҳитга таъсир кўрсатади.
Шу муносабат билан мутасадди ташкилотлардан Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида юзага келган мазкур муаммога жиддий эътибор қаратишларини сўраймиз. Чегара каналидаги табиий сув оқимини тиклаш, сувдан фойдаланиш ҳолатини қонуний тартибга солиш, «Қизил китоб»га киритилган турлар ва ноёб тўқай экотизимини сақлаб қолиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши лозим.
Зеро, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги сув манбаларини асраш – нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар олдидаги масъулиятимиздир.
Эркин ХОЛМАНОВ,
Зарафшон миллий табиат боғи илмий ходими,
СамДУ География ва экология йўналиши
2-босқич мустақил изланувчиси (PhD)
Суғориладиган Ерларнинг ярми шўрланган
🕔15:31, 12.11.2026
✔53
Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг қарийб ярми шўрланишга учраган. Экинларни суғориш учун олинадиган сувнинг 37 фоизи эса каналларда йўқотилмоқда. Бу Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ўтказилган илмий тадқиқотда қайд этилди.
Батафсил
Қурғоқчилик ва ўзбошимчалик миллий табиат боғига хавф туғдирмоқда
🕔14:47, 05.11.2026
✔115
Зарафшон миллий табиат боғи – Зарафшон дарёси водийсидаги ноёб тўқай экотизимлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг биологик хилма-хиллигини сақлашга хизмат қиладиган муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд.
Батафсил
Сув – танқис, аммо 79 фоизи беҳуда кетмоқда
🕔14:20, 30.10.2026
✔110
Марказий Осиёда сув танқислиги тобора долзарблашмоқда. Иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши ва сувни ташишдаги йўқотишлар минтақанинг сув хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бундай шароитда ер ости сувларини муҳофаза қилиш нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга ҳам эга.
Батафсил