Фаровонлик сари отланган катта карвон «Яшаш — яхши, яхши яшаш — янада яхши!..»
Машҳур фильмдан олинган ушбу иборани эшитмаган, эшитиб, мийиғида жилмайиб қўймаган киши топилмаса керак.
БатафсилМашҳур фильмдан олинган ушбу иборани эшитмаган, эшитиб, мийиғида жилмайиб қўймаган киши топилмаса керак.
Бир лаҳзалик тасвирда инсон кайфиятини чоғ этувчи бу жумланинг теран маъноси, моҳиятини мушоҳада қилиб кўрсак, кишини ҳаётга чорловчи, руҳни уйғотувчи, юксалтирувчи, эзгулик сари ҳаракатга ундовчи аллақандай куч борлигига амин бўламиз.
Бу тараққий этган жамиятда инсон яхши турмуш кечириши, бахтиёр умргузаронлик қилиши, хотиржам уйқуга кетиб, кўзлари қувончга тўлиб уйғониши учун имкониятлар жуда кўп. Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг «инсон қадри учун» деган улуғ мақсадга қаратилиши ҳам бежиз эмас.
...Талабалик йилларим мамлакатимизнинг иқтисодий тақчиллик пайтларига тўғри келган. Энам қиш чилласи чиқиши, қор остида майсанинг илдизи оқариб, жонлана бошлаган палладан буғдой ундириб, каталак-каталак сумалакни Тошкентга юборар, ҳадеб таъбимиз тортмаса ҳам, шу билан қорин ғамини ғамлаб юрардик. Шоир Махмурнинг «Ҳапалак» шеъридан бир сатр онгимга ўшандан муҳрланиб қолганди, бот-бот такрорлаб юрардим:
Ажириқнинг томирин уғуруда майда туйиб,
Қайнатиб кунда ичар, отини дерлар сумалак...
Тўғриси, ўша даврдаги турмушимиз шоир шеърида акс этган шароитлардан кўп ҳам авло эмас эди. Мен билган қишлоқдошларим ёппасига камбағал эди. Буғдойни ҳованчада туйиб, қайнатиб ичар, ғалла майдонидан бошоқ териб, янчиб донга айлантирган, халқ бир ҳовуч буғдойни тегирмонга тортиб келиб, кун кўрган дамларда ҳам умргузаронлик қилганмиз.
Асосий қатлам камбағал эдию, ҳеч қачон амалда тан олинмасди, бундан бўйин товлар эдик. Ўз-ўзимизга кўзгудаги аксимизни бўяб кўрсатар, газеталарда фаровон турмуш тарзининг суратларини ёрқин кўрсатишга уринардик.
Қийшиқ томингдан бошингга томчи томиб турганини ҳис қилиб, шу муаммони тан олсанг, томбошига чиқиб, тирқишни ямаб тушасан, алалхусус, муаммо бартараф бўлади. Томчи манглайингдан оқиб турганини тан олмасанг, албатта, бир куни том бошингга қулаб тушиши бор гап.
Нега биз камбағал деган сўздан шунчалик қўрқиб, сесканиб яшадик?
Газетада ишлаб юрган кезларимда матнда «камбағаллик» ўрнига юмшоқроқ атамаларни ишлатардик: «кам таъминланган оила», «эҳтиёжманд аҳоли», «ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар» каби иборалар қўлланиларди. Бундай атамалар ўз-ўзидан нотўғри эмас, лекин улар камбағалликнинг умумий кўламини очиқ кўрсатиш ўрнини босиб қолган, муаммонинг ҳақиқий даражасини англашни қийинлаштирарди.
У дамлар камбағалликни тан олмаслик давлатнинг обрўсини сақлашга хизмат қилгандек қиёфа берган бўлиши мумкин. Аммо, асл ҳақиқат шуки, муаммонинг номини ўзгартириш уни бутунлай бартараф этилганини англатмайди!
Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келган илк палладан фаолиятида халқни ҳаётидан рози қиладиган ислоҳотларни илгари сурди. Халқни рози қилиш учун эса, унинг айни турмуш шароитига тўғри баҳо бериш талаб қилинарди. 2020 йил 24 январда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат аҳолисининг 12-15 фоизи, яъни тахминан 4-5 миллион киши кам даромад билан яшаётганини очиқ айтди. Давлат раҳбари камбағалликни яширмаслик ва уни қисқартириш учун комплекс иқтисодий-ижтимоий сиёсат юритиш зарурлигини таъкидлади. «Камбағалликни қисқартириш бу – аҳолига шунчаки пул тарқатиш, нафақа тўлаш эмас. Бу – уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва иш ўринлари яратиш орқали оёққа турғизиш демакдир. Биз узоқ йиллар давомида «камбағаллик» сўзини ишлатишдан қўрқиб келдик. Лекин муаммони яшириш билан у ҳал бўлиб қолмайди. Уни тан олиб, тизимли ишлашимиз керак», деди давлат раҳбари.
Шундан сўнг камбағалликни қисқартириш давлатнинг алоҳида вазифасига айланди. 2021 йилда эса миллий камбағаллик чегарасини белгилаш учун минимал истеъмол харажатларига асосланган мезон жорий этилди. 2022 йил 1 январдан ҳар бир маҳаллада Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланадиган ҳоким ёрдамчиси фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг асосий вазифаси тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтириш экани белгиланди.
...Асия Зангиота тумани Форобий маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлайди. 2026 йил 8 март – Халқаро хотин қизлар куни арафасида давлатимиз раҳбари томонидан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Асиянинг ўзи иштирок этган, баъзиларини ташаббускори бўлган ҳикоялари кўп. Одамлар истаса, ўз тақдирини ўзгартириб юборишига ишонади.
Асиянинг ҳикояси
«Бир куни маҳалла идорасида ўтирсам, ёшгина йигит ёнимга келди. Рангпар чеҳрасидан оғир хасталикка чалингани, айни дамда ҳам оғриқ безовта қилиб турганини яққол ҳис этасиз. Шу маҳаллада истиқомат қиладиган Тамара бувининг набираси Назирулло экан. Йигитча руҳан синиққан, хасталиги бир тараф, руҳий тушкунлиги бир тараф, қалбида ҳаётга ишонч сўниб қолган, кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди.
– Асия опа, тўғриси, яшагим келмай қолди, – дейди гулдай йигит ҳаётдан тўйганини ошкора айтиб. – Бу касалликка чора тополмаяпман, оиламизнинг иқтисодий аҳволи оғир, оперaция учун катта маблағ сўраляпти. Жарроҳлик амалиётини ўтказдик ҳам, кейин ҳаётим ўнгланиб кетармиди?!
Назируллонинг кўзи жиққа ёшга тўлди, менинг юрагимда ҳам ўкинч пайдо бўлди:
– Нега ундай дейсиз? Навқирон ёшда бўлсангиз, ҳаммаси яхши бўлади. Йигит кишига ноумид бўлиш ярашмайди. Худонинг синови ҳар кимнинг бошида бор, – дедим қатъий оҳангда. – Саломатлигингизни тиклаш учун ҳаракат қиламиз албатта!
Давлат раҳбари ҳар бир бола – менинг фарзандим, деб таъкидлаб айтгани, ота ўз фарзандини ҳеч қачон эътиборсиз қолдирмаслигини Назируллога тушунтирдим. У менинг сўзларимни фақат юпанч бўладиган одатий гаплар сифатида тушунгандир эҳтимол. Аммо биз тегишли идораларга мурожаат қилиб, унинг учун етарли маблағни олиб берганимизда ортида кучли ижтимоий ҳимояга қодир давлат турганини, у барча ислоҳотларини авваламбор инсон қадри учун сафарбар этаётганини ўз ҳаётида аниқ ҳис қилди.
Унга буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли ўтди. Йигитнинг аҳволидан хабар олиш, оиланинг турмуш тарзини ўрганиш мақсадида хонадонга кириб бордим. Ҳоким ёрдамчиси сифатида аслида вазифам ҳам шуни тақозо этади. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини камбағалликдан чиқариш, даромадини ошириш бўйича қанчадан-қанча имтиёзлар, имкониятлар бериляпти. Қўлида ҳунари бўлмаганни касб-ҳунарга ўқитяпти, бирор ишнинг бошини тутиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун субсидия ва ссудалар, микрокредитлар ажратиляпти.
Назирулло саломатлигини тиклаб олди, йигит билан маслаҳат қилиб, режа туздик. Унинг қизиқишларини инобатга олиб, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит чиқардик. Барчаси игнадан ип ўтказгандек, осон кечди: уйидаги бўш турган хоналардан бирига 7 та тикув машинасини қатор жойладик.
Йигит кишининг ҳам эплиси эпли бўлади, Назирулло бинойидек тикувчига айланди. Онаси ҳамшира бўлгани учунми, соғлиқни сақлаш ходимлари учун махсус кийим-бош тикишни йўлга қўйди. Қанотига шогирдлар олди, иш кўлами кенгайди. Даромади ошиб боргани сари йигитнинг ҳунарга, ҳаётга иштиёқи ортди. Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, қулай манзилдан тикув корхонасини қурди. Ҳозирги кунда Назируллонинг қўлида маҳалладаги эҳтиёжманд оилаларнинг 18 нафар вакиллари ишлаб, даромад топади.
Буни қаранг, давлат имтиёз берса, қўллаб-қувватласа, масъуллар ислоҳотни тўғри йўналтирса, инсон беморликни ҳам, тушкунликни ҳам енгиб ўтади, боқимандалик кайфиятидан чиқади, ҳатто, унинг ҳаёти, бошқаларга сабоқ, ибрат бўлади.
Бугун Назируллонинг оиласи ижтимоий реестрда эмас, аксинча, ижтимоий реестрда бўлган оилаларнинг даромад топишига кўмаклашяпти».
Бу Асиянинг биргина ҳикояси. Юртимизнинг олис-яқин маҳалла ва қишлоқларида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг эзгуликка йўғрилган ўз ҳикоялари бор.
Онг ва тафаккур ислоҳи
Бир-икки йил муқаддам Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Сзинпингнинг «Қашшоқликдан халос бўлиш» китоби ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилганди. Ушбу китоб ҳақида таассуротларим газетада ҳам нашр қилинган. Хитой раҳбари бу тўпламда бир даврлар Фужианнинг шарқий қисмида раҳбар бўлиб ишлаган кезларида ёзган мақолалари, интервьюларини жамлаган. Чин юртининг бир қисми аҳолисининг қашшоқликдан чиқиб кетиш бўйича кўрилган чоралар борасида ҳикоя қилинади: қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши лозим ислоҳотлар, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар масалалари, коррупцияга қарши курашиш бўйича бажирилган самарали ишлар, барча йўналишлар қамраб олинган. Аммо муаллиф нашрнинг сўнгсўзида, ушбу китоб «Қашшоқликдан халос бўлиш» деб номланса-да, унинг асл маъноси онг ва тафаккур қашшоқлигидан халос бўлишдир, дея хулоса беради. Камбағалликни қисқартиришнинг биринчи мезони ҳам, аввало, инсоннинг маънавий қашшоқлигини бартараф этишдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам доимо бу илғор ғояни илгари суриб, бу борада алоҳида тўхталиб, бот-бот такрорлаб ўтади: «Энг катта бойлик бу – ақл-заковат ва илм, энг катта мерос бу – яхши тарбия, энг катта қашшоқлик бу – билимсизликдир!», деган эди Юртбошимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаларидан бирида.
Биз вояга етган кезда одамларнинг онгида муҳрланиб қолган, нафақат муҳрланиб, бош чаноғида музлаб қолган – «пули бор одам ўқишга киради» деган стереотип бор эди. Биргина бу эмас, улар шунчалик болалаб кетган эдики: «пулинг бўлмаса ишинг битмайди», «ё заринг, ё зўринг бўлиши керак»... Аслида тирикчилиги базўр ўтиб турган одамларнинг гапида жон бордек туюларди. Бу тўсиқлар қаршимизда қад ростлаган, ҳеч қачон ошиб ўтиб бўлмайдиган метин қоядек мустаҳкам кўринарди.
Сўнгги йиллардаги бемисл илоҳотлар, хусусан, таълим соҳасидаги батамом янгиланишлар, ёшларга берилаётган эътибор, имтиёзу имкониятлар, илмга иштиёқ, келажакка рағбат – алмисоқдан қолган стереотипларни парчалаб юборди. Ёшларимиз илмдами, спортдами, ижоддами, роботатехника соҳасидами — дунёни ҳайратга солаётгани бор гап! Онам айтганидек, камбағалнинг елкасига офтоб тегадиган кунлар келди...
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада асосий эътибор ҳар бир оила билан манзилли ишлаш, аҳоли даромадларини ошириш, барқарор бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий хизматларни сифат жиҳатдан яхшилашга қаратилмоқда.
Узоққа бормайлик, келинг, шу йилнинг ортда қолган 9 ойида давомида эришилган натижаларга кўз югиртириб ўтамиз. 2026 йил учун 2,1 миллион нафар аҳолини, яъни 498 мингта оилани камбағалликдан чиқариш ва камбағаллик даражасини 5,8 фоиздан 2,8 фоизгача қисқартириш вазифаси белгиланган.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Вазирлик томонидан «Ижтимоий реестр»га киритилган оилаларнинг эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиқиб, 600 мингта оила учун индивидуал режалар ишлаб чиқилди. Шу режалар асосида 429 мингта камбағал оила, яъни 1,9 миллион нафар аҳоли даромадини оширишга қаратилган 580 мингта хизмат орқали қамраб олинди. Хусусан, камбағал оила аъзоларининг 183 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди, 374 минг нафарига молиявий хизматлар кўрсатилиб, тадбиркорликка жалб қилинди ва 24 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.
Маҳаллаларда даромад манбаларини ошириш мақсадида ҳоким ёрдамчилари томонидан қарийб 62 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 183 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Баъзан, рақамларга шунчаки кўз ташлаб, унинг ортида қанчадан-қанча Назируллоларнинг тақдири, ойдин қисмати турганини ҳис этмаймиз.
Ушбу йилда камбағал оилаларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 63 минг нафар аҳолига 1 трлн сўмлик кредит, 17 минг нафар юртдошимизга 135 млрд сўм ссуда ва субсидия маблағлари ажратилди.
Камбағалликни қисқартиришда фақат моддий ёрдам эмас, балки оилаларнинг мустақил даромад топиш имкониятини кенгайтиришга ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Барқарор даромад манбаларини яратиш мақсадида 1,4 минг гектар ўрмон фонди ерлари 1 831 та камбағал оилага кўчатхона ва доривор ўсимликлар етиштириш учун ижара асосида ажратиб берилди.
Санасак, эришилган натижаларни акс эттирадиган рақамларга бармоқлар етмайди. Муваффақиятли ишлар натижасида жорий йил тўққиз ой якуни билан камбағаллик даражасини 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача туширишга эришилди. Айни дамгача 3 627 та маҳалла «камбағалликдан холи» ҳудудга айлантирилди.
Қувонарлиси, бугун Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш соҳасида ўз тажрибасини яратди. Жаҳон банки ҳисоботларида мамлакатимиз камбағалликни қисқартириш соҳасида эришаётган натижалари бўйича дунё давлатлари орасида етакчилардан бирига айланди. Тошкентда ўтказилган Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этиш II халқаро форумида қатнашган Нобель мукофоти лауреати Абҳижит Банержи камбағалликни фақат пул ёки даромад етишмаслиги сифатида эмас, балки унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш орқали ҳал қилиш кераклигини таъкидлаган эди.
Худди шундай, юртимизда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракати ҳар бир камбағал оиланинг муаммосини алоҳида ўрганиш, унинг сабабини топиш ва шунга мос ечим таклиф қилиш орқали амалга оширилди. Жаҳон банкининг глобал директори Луис Фелип Лопес Калва жаноблари Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш борасида чемпион давлат экани, унинг тажрибаси ва комплекс ёндашуви Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар учун қимматли эканини таъкидлади.
– Биз ҳали БМТнинг барча Барқарор ривожланиш мақсадлари, айниқса, унинг устувор мақсади бўлган камбағалликни глобал даражада қисқартиролмадик, – деди жаноби Калва, – Шунинг учун Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси бошқалар учун намуна бўлиши мумкин.
Камбағалликдан фаровонлик сари отланган катта карвоннинг манзиллари ойдин. Карвоннинг манзилга илдам етиши, йўлнинг унуми, сафарнинг хайри, ҳаракатнинг баракаси сарбоннинг ташаббуси, закийлиги, тинимсиз меҳнати билан амалга ошади.
Зеро, яшаш — яхши, яхши яшаш, бекаму кўст ҳаёт кечириш, ҳаётнинг барча неъматларидан баҳраманд бўлиб умргузаронлик қилиш – янада яхши!
Фахриддин ҲАЙИТ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Машҳур фильмдан олинган ушбу иборани эшитмаган, эшитиб, мийиғида жилмайиб қўймаган киши топилмаса керак.
БатафсилМиллатнинг хотираси ҳам, тафаккури ҳам, орзу-армонлари, дунёқараши ва руҳияти ҳам аввало тилда яшайди.
Батафсил«Жажжи меҳмонларим, омонмисизлар?» деб салом бераман. Дилимда эса пичирлайман: «Шу маконни энди ҳеч қачон тарк этманг...»
Батафсил