Давр нафаси      Бош саҳифа

ИНСОН МАНФААТИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ

2017 йил юртимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди

ИНСОН МАНФААТИ ҲАР НАРСАДАН УЛУҒ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда маъруза қилди.

Мустақиллик йилларида халқимиз эришган барча ютуқ ва марралар, иқтисодиётимизнинг улкан суръатлар билан ўсиши Конституциямизнинг ҳаётбахш қудратини, унда мужассам бўлган қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйлангани, ҳар томонлама мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади, деди Шавкат Мирзиёев.

Инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган ислоҳотлар халқимиз турмушининг янада юксалиши, мамлакатимиз ободлиги ва тараққиётини таъминлаш, Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида обрў-эътиборини юксалтириш ва ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда юксак самаралар бермоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган эди. Бу борада ишлаб чиқилган Давлат дастури асосида она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, юксак маънавиятли авлодни тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ушбу дастурда белгиланган тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олиб, соғлом авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий тузилмалар, ишлаб чиқариш корхоналари, бизнес вакиллари фаол қатнашгани бу ғоянинг умумхалқ ҳаракатига айланганининг яққол намоёни бўлди.

Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ҳар янги йилга муайян ном бериш яхши анъанага айлангани, бу борада алоҳида давлат дастури ишлаб чиқилиб, комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини қайд этди. Мустақиллигимиз асосчиси бошлаб берган бу анъанага биноан кириб келаётган янги — 2017 йилни мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилишни таклиф этди. Бу таклиф йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Тантанали маросимда «Ватан манзумаси» номли адабий-мусиқий дастур намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикасининг сайланган ­Президенти Шавкат Мирзиёев «Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш — юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги гарови» маърузасида юртимизнинг бугуни ва эртаси учун қуйидаги энг муҳим мақсад-вазифалар, амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбир ва дастурлар хусусида сўз юритди:

Конституциямиз муаллифи — Биринчи Президентимиз

Айнан Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан Конституциямизда «Инсон ва унинг қадр-қиммати» деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилди.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Конституциямизнинг лойиҳаси бўйича 1992 йил 8 декабрда, Олий Кенгашнинг тарихий сессиясида сўзлаган нутқида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эдилар:

«Биз сўнгги етмиш йил мобайнида давлатга қарамлик ва сиғиниш ҳолатида яшадик. Мамлакатнинг, ундаги барча бойликларнинг, мулкнинг эгаси давлат, деб ҳисоблаб келдик. Ана шу масалада ҳам Конституцияда туб бурилиш ясалган.

Яъни, Асосий қонунимизга «давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслари жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар», деган модда киритилган.

Эндиликда инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқ ҳамда эркинликлари муқаддас саналиб, улар давлат томонидан кафолатланади».

Биринчи Президентимизнинг ана шу фикрлари у кишининг давлат, жамият ва инсон ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир масалага нақадар теран ёндашганидан, шу асосда Конституциямизда энг мураккаб саволларга ҳам жавоб топиш мумкин эканидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, Ислом Каримовни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муаллифи, деб эътироф этиш учун барча асосларга эгамиз.

Халқ ишончи — олий бахт

Куни кеча мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз фаол иштирок этди.

Биз бу сайловни Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий меросига ва у киши ўзининг чексиз меҳрини берган халқимизга муносиб тарзда ўтказдик...

...Мана шу юксак минбардан туриб, аввало, бўлиб ўтган сайловда менга юксак ишонч билдириб, мен учун овоз берган барча сайловчиларга, нуроний отахон ва онахонларимизга, муҳтарама опа-сингилларимизга, навқирон ёшларимизга, кўпмиллатли бутун халқимизга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдириб, таъзим қиламан.

Халқимиз ўзининг хоҳиш-иродаси билан мени мана шундай юксак лавозимга муносиб кўрганини ўзим учун олий шараф деб биламан. Сизларнинг менга билдирган юксак ишончингизни оқлаш учун бор куч ва салоҳиятим, билим ва тажрибамни, бутун борлиғимни сафарбар этаман.

Қонунлар инсонлар учун ишлаши керак

Айни вақтда қонунларнинг тўлиқлиги, ҳаётийлиги ва тўғридан-тўғри амалга ошириш механизмларига эга экани ҳақида сўз юритганда, бу борада ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини таъкидлаш зарур.

Афсуски, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсири етарлича сезилмаяпти. Уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли пастлигича қолмоқда.

Бу ҳолат мамлакатимиз қонунчилик тизимига фуқароларимиз, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг ишончсизлигини келтириб чиқариши мумкинлигини унутмаслигимиз керак...

... Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.

Афсуски, мазкур йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас. Бунинг оқибатида охирги уч йилда давлат органларининг 157 та қарори ўз кучини йўқотган қонунлар асосида чиқарилган.

Энди ўйлаб кўрайлик, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар ўз вақтида жойларга, айниқса, ижрочиларга етказилмайдиган бўлса, уларнинг бажарилиши ҳақида нима дейиш мумкин?

Бу муаммони самарали ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли – қонунлар ижросини ташкил этиш бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратишдир.

Судлардаги бюрократизмга чек қўйиш вақти келди

Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Бунинг учун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини албатта барчамиз яхши тушунамиз.

Бу борада яқинда қабул қилинган Фармон ижросини таъминлаш биринчи даражали вазифамиздир.

Хусусан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантиришимиз лозим.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, айниқса, фуқаролик ишларида овора бўлиб юришларнинг олдини олиш, айнан бир инстанция судида ишни бир неча маротаба кўриб турли қарорлар қабул қилиш амалиётига чек қўйиш вақти келди.

Қонунчилигимизда адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган. Лекин, афсуски, адвокатура ҳанузгача фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институтига айлангани йўқ.

Шу боисдан ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак.

Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак

Яқинда бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида мен бир нарсага амин бўлдим. Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди.

Ҳозирги вақтда одамлар давлат идораларидан нимани истаяпти? Бу ҳақда гапирганда, эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман.

Хабарингиз бор, шу йил 25 сентябрда Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхонаси ташкил этилган эди. Ўтган даврда ушбу қабулхонага фуқароларимиздан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг қарийб 59 фоизи ечимини топган бўлса, 41 фоизи кўриб чиқилмокда.

Очиқ айтишим керак, бу мурожаатлар таҳлилидан кўп нарса аён бўлди. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётимизда мавжуд бўлган ўткир муаммоларга кўзимизни очиб берди.

Мана, одамлар нималар ҳақида мурожаат қилмоқда. Аввало, улар турли соҳалардаги бюро­кратик тўсиқларни олиб ташлаш, қонунга зид бўлган кўплаб идоравий йўриқномаларни бекор қилиш, ставкаси оптимал бўлган банк кредитлари ажратиш, тадбиркорлик бўйича ноқонуний текширишларга барҳам бериш ҳақида, ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти ҳақида мурожаат қилмоқда...

...Қонун талабларини бажармаётган раҳбар ва мансабдор шахсларни нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка тортиш зарур, деб ҳисоблайман.

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур.




Ўхшаш мақолалар

2026 йил учун  Давлат бюджети:  Экологияни  асраш учун  қанча маблағ ажратилади?

2026 йил учун Давлат бюджети: Экологияни асраш учун қанча маблағ ажратилади?

🕔16:41, 11.12.2025 ✔68

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида муҳим масала – «2026 йил учун Ўзбекистон Респуб­ликасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Батафсил
Фуқаролик жамияти ривожи

Фуқаролик жамияти ривожи

🕔16:10, 04.12.2025 ✔152

Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътироф топмоқда
2025 йилнинг 1 декабрь куни  пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилган эди.

Батафсил
Депутат ёрдамчилари ўз  масъулиятини  етарлича ҳис этяптими?

Депутат ёрдамчилари ўз масъулиятини етарлича ҳис этяптими?

🕔11:01, 04.12.2025 ✔137

Депутат ёрдамчиси лавозими депутатнинг самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг вазифалари фақатгина техник ишларни бажариш билан чекланмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев таъкидлаганидек, ёрдамчининг асосий миссияси халқ ва депутат ўртасидаги ишончли кўприк бўлишдан иборат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • 2026 йил учун  Давлат бюджети:  Экологияни  асраш учун  қанча маблағ ажратилади?

    2026 йил учун Давлат бюджети: Экологияни асраш учун қанча маблағ ажратилади?

    Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида муҳим масала – «2026 йил учун Ўзбекистон Респуб­ликасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

    ✔ 68    🕔 16:41, 11.12.2025
  • Фуқаролик жамияти ривожи

    Фуқаролик жамияти ривожи

    Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада эътироф топмоқда
    2025 йилнинг 1 декабрь куни  пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилган эди.

    ✔ 152    🕔 16:10, 04.12.2025
  • Депутат ёрдамчилари ўз  масъулиятини  етарлича ҳис этяптими?

    Депутат ёрдамчилари ўз масъулиятини етарлича ҳис этяптими?

    Депутат ёрдамчиси лавозими депутатнинг самарали фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг вазифалари фақатгина техник ишларни бажариш билан чекланмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев таъкидлаганидек, ёрдамчининг асосий миссияси халқ ва депутат ўртасидаги ишончли кўприк бўлишдан иборат.

    ✔ 137    🕔 11:01, 04.12.2025
  • Депутатлар муҳокамасида:  Экологик вазият, одометр учун жавобгарлик ва  парламент назорати

    Депутатлар муҳокамасида: Экологик вазият, одометр учун жавобгарлик ва парламент назорати

    Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шу куннинг долзарб муаммоларига ечим берадиган, аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим Қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

    ✔ 211    🕔 15:50, 27.11.2025
  • Бизнинг кучимиз –  бирликда!

    Бизнинг кучимиз – бирликда!

    Куни кеча мамлакатимиз яна бир тарихий йиғинга мезбонлик қилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

    ✔ 267    🕔 15:45, 20.11.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар