Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ОЛТИ ЯШАР ҚИЗНИНГ СЕПИ

ёхуд камёблашаётган ҳақиқатлар

Оила муқаддаслигига риоя қилиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш оиланинг ҳар бир аъзосига алоҳида вазифа ва масъулият юклайди.

ОЛТИ ЯШАР ҚИЗНИНГ СЕПИ

Оила қуриб фарзанд ўстираётган ёки ҳали қирқ-қирқ бешга чиқмай қайнотаайнона бўлаётганлар оила борасидаги тарихий-миллий тутумларимиздан қанчалик хабардору уларга қай даражада риоя қила оляпти? Баъзида турмушдаги майда тушунмовчиликлар катта муаммоларга сабаб бўлаётгани, оилалар ажрашиб, фарзандлар тирик етим қолаётгани оила билан боғлиқ асрий қадриятлар, миллий урф-одат ва анъаналаримизни кундалик ҳаётимиздан узоқлаштириб қўяётганимиз важидан келиб чиқмаяптими?

Тошкент шаҳридаги «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби, «Олтин қалам — 2016» миллий мукофоти ғолиби Исҳоқжон БЕГМАТОВ билан суҳбатимиз кундалик турмушимиздаги ана шундай долзарб ва оғриқли саволлар устида кечди.

— Фарзандга таълим-тарбия бериш, уни ҳаётга, жамиятга, оила қуришга тайёрлаш босқичма-босқич ривожланиб борадиган жараён, — дейди Исоқжон Бегматов. — Таълим-тарбия борасида кечикилган нарсани тузатиш, ўрнига қўйиш мушкул, кўпинча имконсиз бўлиб қолади.

Албатта, ҳаммамиз ҳам фарзандимизнинг турмуш қуриши, эртанги ҳаёти қандай бўлиши тўғрисида қайғурамиз. Лекин инсоф билан тан олиб айтишимиз керакки, бунда, асосан, моддий тарафга эътибор бер­япмиз. Айниқса, аёлларимиз эртага узатишимиз керак, деб олти яшар қизига сеп йиғишни бошлайди. Лекин тарбия тўғрисида нимагадир шунақа хатти-ҳаракатлар йўқ...

Ҳозир ҳар бир янги чиққан нарса, албатта, сарпога қўшиляпти. Бунга айрим аёл-қизлар гўёки энг асосий нарсадек қараяпти. Қизларнинг бахти-саодатини шунга боғлаб қўйишяпти. Ўғил болаларнинг бахтини эса, келаётган келиннинг сарпоси қанчалигига қараб баҳолашяпти. Ана шу дунёқараш жудаям нотўғри.

Бугунги кунда келинликка тайёрлайдиган алоҳида ўқув курслари ташкил қилинган. Бундай курслар ёшларни оилага тайёрлашда қанчалик самара бера олади, деб ўйлайсиз?

— Уларнинг кўпи ўз олдига қўйган мақсадга муносиб хизмат қилмаяпти. Ҳаётда керак бўладиган энг асосий нарсалар — ҳаё, иффат, маънавият, одоб-ахлоқ эса ўргатилмайди.

Оилага тайёрлашни даъво қиладиган ўқув марказларининг баъзилари  тирикчиликни биринчи ўринга қўйишган, холос. Бундай курслардан кераксиз, бачкана нарсаларни олиб ташлаб, унинг ўрнига фойдали таълим-тарбияни режали равишда тегишли дастур асосида олиб бориш керак. У ердаги ҳали турмуш қурмаган ёки турмушидан ажрашиб келган кишилар ўрнига маҳаллалардаги кўпни кўрган онахонлар таклиф қилинса, бир неча қуда-андали, эллик-олтмиш йил бир ёстиққа бош қўйган момоларимиз ўша жойларда ўзларининг ҳаёти мисолида дарс бериб, тажрибаларини ўргатишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.                                               

Бугун айрим ота-оналар оилада берилиши керак бўлган тарбияни ҳам таълим муассасаларига юклаб қўяётгани сир эмас. Оқибатда фарзандлар таълим-тарбиясида баъзи ноқисликлар кўзга ташланмоқда. Ҳамма ота-она ҳам таълим-тарбияда етарли билим, тажриба, кўникмага эга дея олмаймиз...

— Бу оғриқли нуқталаримиздан бири. Буни муолажа қилишнинг ҳеч қанақа имкони йўқ, деб айтолмаймиз. Имкони бор, албатта. Бунинг учун таълим-тарбия соҳасидаги мўътабар инсонлар бир ёқадан бош чиқариб, астойдил ҳаракат қилишлари керак.

...Оила даврасида тарбия кўрмаган ёшлар орасида шундайлари пайдо бўлдики, уларнинг ҳаёт тарзи хорижликларга кўр-кўрона тақлид қилишдан иборат. Мен аллақачон вояга етганман, деб ўзбошимча бўлиб кетиш, ота-онанинг панд-насиҳатига қулоқ солмаслик, фақатгина ўз ҳою ҳавасини ўйлаб, ўз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш, фақатгина кўнгли тусаганини қилиб яшашга интилиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни менсимаслик каби ҳолатлар айрим ёшларда, афсуски, кузатилиб турибди. Энг ачинарлиси, баъзи ота-оналар бундай ҳолатларни қўллаб-қувватлашяпти. Улар ҳамма нарсани моддиятга боғлаб қўйишади. Биз, аввало, шуларни тарбиялашимиз керак.

Назаримда, бундайларни қонун орқали жазолаб, қонун қолипига солиш керак. Ёшларимиз келажагига зиён етказмаслиги учун баъзиларнинг танобини тортиб қўйишга, маълум бир жазога тортишга тўғри келади. Чунки улар ёшларнинг таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатиш билан жамиятга ҳам зарар етказяпти.

Даволашнинг усулларидан яна бири — кўпни кўрган, тажрибали, муносиб инсонларнинг тажриба ва кўмагидан фойдаланиш.

Илгарилари фарзанд тарбияси билан бобо-бувилар кўпроқ шуғулланишган. Чунки ота-она ҳали ёш, тажрибасиз, бунинг устига, доимо иш билан банд. Бобо-бувилар эса, ҳам таълим-тарбия борасида катта  тажрибага эга, ҳаёт мактабида тобланган, ҳам неваралари билан шуғулланишга вақтлари етарли.

Болалигимизда бобо-бувилар неваранинг қўлидан етаклаб олиб, кўчада юрган йўлида таълим-тарбия бериб борарди. Меҳмондорчиликка олиб борсаям шу аҳвол. Дастурхон бўйида фарзанд-неваралар атрофда ўтиришиб, таомланишни бошламагунча ҳеч ким овқатга қўл узатмас эди.

Ҳозирда ёшлар шуни истаяпти, деб уйлантирибоқ алоҳида қилиб чиқариб қўйяпмиз. Улар бир-икки ойда ота-онасини кўришга келса, келади, келмаса, йўқ. У ерда туғилган набира бобо-бувисини бир-икки ойда ё кўради, ё йўқ. Баъзилари ҳатто бобо-бувисини яхши танимайди. Таниса ҳам улардан бир оғиз панд-насиҳат эшитмаганлари бор. Ўзининг ота-онаси эса ҳали ёш, таълим-тарбия борасида ҳеч қандай тажрибага эга эмас, ҳали улар ҳаётий мактаб олдида анчагина ғўр. Шунинг учун дунёга келган гўдакни рисоладагидек тарбиялай олмайди. Улар то қирқ беш-элликка киргунича бобо билан буви невараларни катта ҳаётга, оилага тайёрлаб, жамиятга манфаати етадиган, ота-онасини иззат-ҳурмат қиладиган қилиб тарбиялаб қўяди. Шунинг учун халқимиз келин қидираётганда бувиларнинг қўлида таълим-тарбия топган қизларга кўпроқ харидор бўлишади. Чунки бувининг тарбиясини олган келин пишиқ бўлади, ҳеч қаерда қоқилиб қолмайди.

— Турмуш қураётганларнинг баъзилари оилада эр-хотиннинг вазифаси, бурчи, масъулияти каби масалаларда аниқ бир тушунчага, афсуски, эга эмас. Бу оилада турли келишмовчилик, низо, жанжаллар, ҳатто сал вақт ўтмасдан ажрашиб кетишга сабаб бўляпти. Бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун бугун ёшлар нималарга эътибор қаратиши муҳим?

— Тўғри, ҳақиқатда ажрашишга энг кўп сабаб бўлаётган нарсалардан бири шу — оилада эр-хотин ўз вазифаларини билмаслигидир.

Ҳозирги кунда ҳаққингни талаб қил, бировга бериб қўйма, деган «тарбия» кўпроқ ўргатил­япти. Айрим келинлар биринчи кунданоқ ўз ҳаққини талаб қилишни бошлайди. Куёв эса ҳали тўй бўлмасдан туриб, келиннинг олдига ўз шартларини қаторлаштириб ташлайди. Шу пайтданоқ келиндан ҳаққини талаб қилишни бошлайди. Лекин ўз масъулиятини бажариш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Эр моддий, маънавий ва руҳий жиҳатдан келинни ҳимоя қилиши ҳамда оиланинг барча таъминотини тўла адо этиши зарур. Бир инсон тўлақонли ҳаёт кечириши учун керак бўлган барча шароитни яратиб бериш оилада эрнинг вазифаси ҳисобланади. Оиладаги барча молиявий ва моддий харажатларни эр кўтариши керак. Хотин агар ўзи истамаса, ҳеч қачон бунга мажбур қилинмайди. Аёлини ишлаш, маблағ топишга мажбурлаш эркаклик шаънига муносиб иш эмас. Бугун ҳамма эркак ҳам ўзининг мана шу вазифаларини бажаряпти, дея олмаймиз-да. Оила шарафини ҳимоя қилиш, эркаклик ғурури, ор-номус ҳақида ҳеч қаерда таълим-тарбия олмаган эркакларда ана ўша орият тансиқлашиб боряпти... Шунинг учун аёллар кўча-кўйда тирикчиликнинг оғир ва машаққатли кўчаларига киришга мажбур бўляпти.

Аёлларнинг жамият олдидаги энг буюк вазифаси соғлом ва ҳар томонлама баркамол фарзандлар тарбиялашдир. Эрига итоат қилиш, унинг розилиги, йўл-йўриғи ва маслаҳати билан иш тутишдан иборат. Бир умр солиҳ амалларни қилиш билан эрининг розилигини топган аёлга ҳатто жаннат башорати берилган.   

Келинларнинг вазифасига келсак, оилада бирор юмушни бу менинг вазифам эмас, деб туриши шу орқали эрга, қайнота-қайнонага гап қайтариши орадаги самимий муносабатларга путур етказади. Менинг вазифам эмас, деб қўполлик қилиб тураверса, қайнона ўғлини ҳам унга қарши қайрайди. Оқибатда бир оила барбод бўлиб, ўртада фарзандлар тирик етимга айланади.  

Бир оилада яшаётган келин эри ё қайнонасидан ҳаққини талаб қилаверса, хонадондан файзу барака, инсонийлик, самимийлик кўтарилади. Агар келин савоб, хайрият, одамгарчилик юзасидан — гарчи бу унинг вазифасига кирмаса-да, шу ишларни қилса, оилада ҳамманинг меҳр-муҳаббатига, ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлади. Унинг одобидан, хулқидан ҳамма мамнун бўлади. Албатта, келин ҳам бу ишларнинг ажру мукофотини олади. 

— Оилаларимизнинг тинч, мустаҳкам, фаровон бўлиши учун яна нималарни тавсия қилган бўлардингиз?    

— Аввало, тажрибали инсонларнинг панд-насиҳатини олиш, улардан ҳаёт мактабини ўрганиш, саодатли оила вакиллари, ёши улуғлар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш зарур.

Яна бу борада ёзилган китоблардан фойдаланишни тавсия қилган бўлардим. Китоб ўқиш орқали турмуш, оила, рўзғор тутиш, оиладаги ўзаро муносабатлар, бурч ва масъулиятлар ҳақидаги барча саволларга жавоб топиш мумкин.        

«Оила даврасида» мухбири

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔132

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔173

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар