халқнинг рози яшаши учун омил бўлмоқда
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровнома натижаларига кўра, бугун юртдошларимизнинг қарийб тўртдан уч қисми давлат ҳокимияти ҳамда хўжалик бошқаруви органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ўз муаммоларига ижобий ечим топяпти. Бу эса «Халқ қабулхоналари», «Виртуал қабулхона» ва «Фуқаролар қабулхонаси» каби тушунчалар ҳар бир юртдошимиз ҳаётидан ўзига хос ўрин эгаллаётганидан далолат беради.
Ғузор туманидаги «Тенгдош» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи II гуруҳ ногирони Мавлуда Ҳасановага тураржойи томини ёпиш учун шифер ҳамда газ плитаси берилди. Салқин кунлар бошланиб, ҳамма куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўраётган пайтда давлатнинг ўз фуқароларига бундай муносабати мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя, оталарча ғамхўрлик ҳамда адолат тамойилларининг қай даражада амал қилаётганини яққол кўрсатиб турибди. Бу биргина мисол, холос. Лекин томчида қуёш акс этганидек, биргина фуқаро воситасида миллионлаб инсонларнинг мамнун ва рози яшаши учун жонбозлик кўрсатилаётганини илғаб олиш қийин эмас.
Самарқандлик фуқаро С.Акбарова вилоят раҳбарлари хонадонига бориб, ҳол-аҳвол сўраганидан боши осмонга етганини катта ҳаяжон ва мамнуният билан сўзлайди. Унинг билдиришича, раҳбарлар фуқаронинг турмуш шароити, муаммолари билан қизиқиши катта самимият ва ғамхўрликдир.
Нукуслик Олмагул Реймованинг билдиришича, уч йилдан бери ҳал бўлмай келаётган муаммо ечим топиб, у ўз мулкининг қонуний эгасига айланган.
Охирги икки ой ичида раҳбар ва масъулларнинг уйма-уй юриб, фуқаролар муаммолари билан танишиши асносида биргина Қашқадарё вилоятида тўқсон мингга яқин хонадондаги вазият ўрганиб чиқилган. Ўрганиш асосида ногирон ва кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, доимий иш билан банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, уюшмаган ёшларни ижтимоий фойдали меҳнат жабҳаларига бирлаштириш каби ўнлаб масалалар ҳал қилинган.
...Буларнинг барчаси халқни мамнун ва рози қиладиган ишлар...
Эсингизда бўлса, бундан қарийб бир йил олдин Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган маърузасидаги «халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак»лиги ҳақидаги гаплари кўпчилик учун кутилмаган бир воқеа бўлган эди.
«...Мен бир нарсага амин бўлдим, — дейилган эди ўша маърузада. — Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш бизнинг фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди».
Бу ҳеч ким инкор қилолмайдиган ҳақиқат эди. Буни айрим фуқаролар, раҳбар-ходимлар билиб турса ҳам, ушбу муаммонинг ечими учун нима қилиш зарурлиги, унинг доимий механизмини қандай яратиш ва ҳаётимизга қай ҳолда татбиқ этиш ҳақида аниқ бир хулосага эга бўлмаган. Лекин халқнинг дилида тўпланиб бораётган оғриқли саволларга кимдир ҳаққоний жавоб ва мувофиқ ечим топиб бериши зарур эди.
Инсон манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда халқ билан мулоқот ўрнатишнинг янги механизми йиллар давомида йиғилиб бораётган муаммоларга тез ва осон ечим топишда асосий омил бўлди. Президентимиз асос солган бу жараён ҳар бир раҳбарга халқ олдидаги масъулиятини ҳис қилиб яшаш зарурлигини англатувчи бир маёқ мисоли ҳаммани ҳушёрликка чорлаб келаётгани сир эмас. Ҳозирда давлат ҳокимияти ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг шахсан биринчи раҳбарлари фуқароларни қабул қилиб, уларни қийнаётган муаммога ечим топишга кўмаклашаётгани қувонарлидир. Айниқса, фуқаролар ўз муаммосига ечим истаб халқ учун энг яқин тузилма ҳисобланган маҳалла институтига мурожаат қилиш орқали тез ва осон жавоб олаётганлари одамларимиз орасида бу тузилмага ишонч ортиб бораётганидан далолат.
Шу ўринда бир мулоҳаза: нега шу пайтгача фуқаролар бу янги тизимга давомли мурожаат қилишмоқда? Ҳар бир мурожаати, аввало, фуқаронинг давлатимизда қарор топаётган ижтимоий адолат томойилларига ишонч ва эътирофини намойиш этиб турибди. Жорий этилган янги тизим инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва одамларнинг ижтимоий адолатга ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Соҳибназар ТУРДИАЛИЕВ
Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар
🕔16:35, 04.09.2026
✔119
Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.
Батафсил
Давлат ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?
🕔16:33, 04.09.2026
✔118
Мустақиллик бизга, энг аввало, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш сингари буюк имкониятни берди.
Батафсил
Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр
🕔16:32, 04.09.2026
✔114
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.
Батафсил