У дунёга келганда яқинларининг ҳеч бири хурсанд бўлмади: чақалоқ оёғида нуқсон, бунинг устига, бош миясида перенатал босим билан туғилди. Шифокорлар унинг яшаб кетишига умид йўқлигини айтганда, онаизорнинг юраги тилка-пора бўлди. Бироқ…
Ўшандан буён орадан 28 йил ўтди. Ҳозир бу қизнинг уйига борсангиз, ўзингизни гулзорга тушиб қолгандек ҳис этасиз. Одам бўйича келадиган гуллар қаршисида йўл топа олмай турганингизда Фаёза сизга пешвоз чиқади. Зўр илтифот билан меҳмонхонага бошлайди. Онаси, жигарлари, қўни-қўшни, бутун маҳалла-кўйга югуриб-елиб хизмат қиладиган, юзидан табассум аримайдиган, ғайрат-шижоатли бу қизни кўриб, дардманд дейишга тилинг бормайди, киши.
Фаёза Пўлатова Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Ҳуррият маҳалласида истиқомат қилади. У ака-опаларидан фарқли равишда саломатлигида жиддий нуқсон билан улғайди. Болалиги ҳамма қатори чопқиллаб, капалак қувиб ўтмади. Тенгдошлари каби сумкасини орқалаб мактабга бормади. Бечора онаси тинимсиз меҳнат қилиб, топган пулига уни қайта-қайта шифокорларга олиб борди, ночор турмушига қарамай, қизининг саломатлигини тиклаш учун курашди. Волидасининг саъй-ҳаракати, дуолари туфайли Фаёза ниҳоят, тўққиз ёшга тўлганда ҳассага суяниб юра бошлади.
— Тўрт йил давомида шу таёққа таяниб юрдим, — дейди Фаёза. — Бир куни битта ҳассам синиб қолди. Онамга «Янги ҳасса олиб беринг», дейишга ботинолмадим. Шундоғам ўзи ёлғиз меҳнат қилиб, мени даволатиш учун тер тўкарди. Битта ҳассага суяниб юришга ҳаракат қилдим. Кўп ўтмай, у ҳам синди. Шунда барибир менга янги ҳасса олиб беришди. Лекин ўзимга сўз бердим: уни сира ҳам ишлатмайман, мустақил юраман. Билмадим, қаердан куч топдим. Ҳаракат қилиб, секин-аста қадам ташлай бошладим.
Фаёза ўзи юришга, қандай юмуш бўлмасин, бошқаларнинг кўмагисиз бажаришга интилди. Бора-бора ўн учга кирганда қийналиб бўлса-да, ҳеч кимнинг ёрдамисиз юриб кетди. Кейин бир қанча юмушларни ўзлаштирди.
У гуллар ўстиришга жуда қизиқади. Уларни ўзининг яқин инсонидек авайлайди, дўстидек суҳбат қуради, сирдоши ҳам, дарддоши ҳам гуллар. Бир куни қўшниларидан бири унга билдирмай гулларидан бирининг шохидан синдириб олганда, ўзидаги қанча оғриқларни енга олган Фаёза ўша куни гулига ачиниб, роса йиғлаган экан.
Дарвоқе, Фаёза маҳалладаги болаларни ҳам жуда яхши кўради. Уларнинг ота-онаси иш билан банд бўлганида кичкинтойларга қараб туради. Ғамхўрлик қилади, доим уларга ширинлик улашади.
— Маҳалламизда бирон чақалоқ туғилса, у албатта, Фаёза олиб келган кийимчани киймасдан қолмайди, — дейди қўшниси Дилафрўз Ҳошимова. — Уни бутун маҳалла-кўй яхши кўради. Кимнинг уйида тўй, ҳашар, ҳайит каби тадбирлар ўтказса, биринчи галда Фаёза ёрдамга ошиқади. Хамир ёйишми, уй йиғиштиришми, болаларга қараб туришми, хуллас, ҳамма-ҳаммасини бажонидил бажаради. Хонадонидан кўчага чиқиши билан дарвозаси олдига аввал кичкина болалар, сўнг қўшни аёллар бирин-кетин йиғила бошлайди. Чунки у суҳбатижон, ҳаммага хушкайфият улаша олади.
Дилафрўз опанинг айтишича, Фаёзанинг меҳнаткашлигини маҳалладаги оналар қизига, қайноналар келинларига ўрнак қилиб кўрсатишади. Бутун маҳалла-кўй Фаёзани яхши кўради. Уни кўпчилик тўлқинланиб мақтайди.
— Ҳовлимизда иссиқхона қуриб, Фаёза гуллар ўстиришига имконият яратишни ният қилгандим, — дейди онаси Анорхол опа Пўлатова. — Чунки у фақат тувак гулларинигина ўстира олади. Ерда ишлашга кучи етмайди. Шу амалга ошса, қизим гулчиликни йўлга қўйиб, бир-икки сўм ишлаш имконига эга бўларди. Фаёза оқсоқланиб бўлса-да, ўзи юради, лекин узоқ йўл боса олмайди. Эшитишимча, ногиронлар учун машина бор экан. Унда шундай машина бўлса, бемалол ўзи ўстирган гулларини бозорда сотиб, бошқа юмушларни ҳам бажариб юраверарди...
Инсоннинг қадр-қиммати нима билан ўлчанади? Жамиятга келтираётган фойдаси биланми? Агар шундай бўлса, Фаёза атрофидаги одамларнинг оғирини енгил қилишда, ҳашар ва тўй-ҳашамларда барча юмушларда фаоллиги билан соппа-соғ одамларга ўрнак бўлмоқда. Ё бўлмаса, бировларнинг оғирини енгил қилиш, дарди билан яшаш бобида ҳам у сизу биздан кам эмас. Яқинларининг, маҳалласидагиларнинг, ўрни келса, бегоналарнинг дардини ўзиникидек ҳис этади. Улардан ёрдамини аямайди.
Агар инсоннинг қадри кўрсатган жасорати билан ўлчанса, Фаёзанинг матонати бунга яққол мисолдир. У инсоний фазилатларга эга юраги пок, меҳридарё, шижоати қуёшдек қайноқ қиз. Озгина имкон ва шароит яратиб берилса, ўн ҳисса қилиб қайтаришга тайёр, халқига чин юракдан хизмат кўрсатишга шаҳди баланд унинг...
Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Бекобод: транспорт ва саноат тараққиётида янги босқич
🕔13:29, 20.07.2026
✔42
Президентимизнинг Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига амалга оширган ташрифи стратегик аҳамиятга эга воқелик сифатида муҳрланди. Ушбу ташриф чоғида нафақат ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши кўздан кечирилди, балки транспорт инфратузилмаси, саноат салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган икки муҳим лойиҳага старт берилди.
Батафсил
«Қанча дарахт яшаб қолди?» деган савол муҳимроқ...»
🕔13:28, 20.07.2026
✔39
Абдушукур ҲАМЗАЕВ:
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев яқинда дарахтлар, яшил майдонларнинг аҳамияти хусусида муносабат билдирар экан, бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтди. Иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўп қисмида аномал жазирама авж олаётган паллада бу жуда долзарб ҳисобланади:
Батафсил