Асрлар соясидаги ҳаёт
Фарғона водийси нафақат ҳосилдор тупроғи, балки табиатсевар инсонлари билан ҳам қадрлидир. Бу юртда дарахтни оддий ўсимлик эмас, балки ҳаётнинг нафаси, авлодлар хотираси деб билувчи одамлар кўп.
БатафсилФарғона водийси нафақат ҳосилдор тупроғи, балки табиатсевар инсонлари билан ҳам қадрлидир. Бу юртда дарахтни оддий ўсимлик эмас, балки ҳаётнинг нафаси, авлодлар хотираси деб билувчи одамлар кўп.
Экологик соҳасида кўп йиллар давомида меҳнат қилган устоз Бахтиёржон Муратов яқинда қадимий Шаҳрисабз томон сафар қилди. У сафардан қайтгач, гўё кўнглида бошқача туйғулар пайдо бўлганди. Чунки у ерда оддий дарахтларни эмас, минг йиллик арчаларни кўрган эди.
Айтишларича, Шаҳрисабз тоғлари бағрида ўсиб турган айрим арчалар бир неча сулолалар алмашинувига, неча асрлик шамоллару, қорларга гувоҳ бўлган. Уларнинг танасида вақт излари бор. Қадимий шохлари осмонга интилганча худди инсонга сабр ва бардош ҳақида сўзлаётгандек туюлади. Табиатсевар меҳмон ана шу арчалар қаршисида узоқ туриб қолганини айтади.
«Дарахтлар ҳам инсон каби хотира сақлайди, – дейди устоз. – Фақат улар гапирмайди. Лекин шамол эсганида барглари билан бизга ниманидир айтади». Унинг фикрича, минг йил яшаган дарахтни кўриш вақт билан юзма-юз туриш демакдир. Чунки бу арчалар Амур Темур замонидан ҳам олдин униб чиққан бўлиши мумкин. Улар тарих китобларига сиғмаган воқеаларнинг жонли гувоҳидир.
– Фарғона водийси табиати нафақат серҳосиллиги, балки асрлар давомида сақланиб келаётган қадимий дарахтлари билан ҳам машҳур. Бу дарахтлар вилоятнинг қадимий қишлоқлари, зиёратгоҳлари, масжид-мадрасалари, тарихий боғлари ва хиёбонларида учрайди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими Баҳромжон Мадумаров. – Улар нафақат табиат ёдгорлиги, балки халқнинг маданий ва маънавий меросининг бир қисми ҳисобланади. Узоқ умр кўрувчи дарахт турлари орасида айниқса чинор муҳим ўрин тутади. Фарғона деганда, аввало, кўз ўнгимизда баланд ва қадим чинорлар намоён бўлади. Уларнинг ёши 800-1000 йилгача ҳам етади. Шунингдек, ёнғоқ, тут, арча дарахтлари ҳам узоқ умр кўрувчи дарахтлар қаторидан ўрин эгаллаган.
Фарғона туманидаги энг гўзал ва сўлим қишлоқ Водилда Ўзбекистондаги энг машҳур қадимий чинорлардан бири ўсади. Манбаларда унинг ёши тахминан 800 йил деб келтирилади. Ривоятларга кўра, дарахтнинг улкан ковагига бир вақтлар кичик дўкон ҳам сиғган.
Шунингдек, Фарғона водийсининг энг гўзал, тоғли ҳудудларидан бири саналган Шоҳимардонда ҳам кўп асрлик дарахтлар яхши сақланиб ўсмоқда. Айниқса, Шоҳимардон сойи атрофи, Хўжа Аҳмад Валий зиёратгоҳи яқини, тоғ йўллари ва сой бўйларида 300-800 йиллик чинорлар, ёнғоқзорлар ва арчалар учрайди. Қадимий дарахтлар бу ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш билан бирга, зиёрат ва экотуризм салоҳиятини ҳам оширади. Қўқон шаҳри атрофидаги тарихий боғлар ва зиёратгоҳларда ҳам қадимий тут ва чинор дарахтлари сақланган. Айрим дарахтлар Қўқон хонлиги давридан қолгани ҳақида маҳаллий тарихчилар маълумот беради. Шунингдек, шаҳар марказидаги хиёбонларда, тарихий обидалар атрофида, истироҳат боғларида 100 йилдан ошган чинорларни учратиш мумкин.
Ҳа, табиат бағрида оламга яшиллик, гўзаллик бахшида этувчи дарахтлар, инсониятга саломатлик, тоза ҳаво етказиб туриши билан ҳам аҳамиятлидир. Дарахтлар шунчаки табиат бойлиги эмас, балки халқимизнинг экологик мероси, келажак авлодга қоладиган бебаҳо неъматидир. Асралар давомида водий иқлимига мослашиб, инсониятга соя, ҳавога тозалик ва юртга гўзаллик бағишлаб келаётган бу юрт дарахтларини асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Агар биз бугун табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлсак, эртанги кун авлодлари ҳам Фарғона водийсининг яшил, файзли манзараларидан баҳраманд бўлади.
Зотан, табиатни асраш – келажакни асраш демак.
Фотима МАНСУРОВА
Фарғона водийси нафақат ҳосилдор тупроғи, балки табиатсевар инсонлари билан ҳам қадрлидир. Бу юртда дарахтни оддий ўсимлик эмас, балки ҳаётнинг нафаси, авлодлар хотираси деб билувчи одамлар кўп.
БатафсилВазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида гидрометеорология хизмати инфратузилмасини ривожлантириш ва мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини метеорологик таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
БатафсилЎзбекистон Журналистлар уюшмаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, миллий контентни бойитиш, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, одамларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситалари ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий-таҳлилий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни рағбатлантириш мақсадида «Олтин қалам» XX Миллий мукофоти учун халқаро танловини эълон қилади.
Батафсил