Бу «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуcидаги халқаро конференциянинг бош мақсади бўлди.
«Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажак учун масъулиятни ҳис этиши минтақанинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори ва кафолатидир...»
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу фикри ўз вақтида ўртага ташланган, минтақа ҳаёти учун энг зарур ва муҳим ғоя ҳамдир. Ўзаро қўшни, ҳамкор ва ҳамжиҳат давлатларнинг бугунги долзарб вазиятда янада жипслашуви нафақат Марказий Осиё, қолаверса, дунё ҳамжамияти учун ҳам жуда аҳамиятли.
10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган мазкур халқаро конференция олдимизда турган мураккаб масалаларга биргаликда ечим топиш учун ҳар томонлама манфаатли бўлди. Айниқса, унда Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон ва Эрон ташқи ишлар вазири, Покистон Бош вазири хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, АҚШ президенти ёрдамчисининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, ўндан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда юзга яқин халқаро экспертларнинг иштирок этиши Ўзбекистоннинг ҳамкорлик, хавфсизлик ва тараққиёт ҳақидаги ғояларига дунё аҳли хайрихоҳ эканидан далолат беради. Бошқача айтганда, бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда нафақат муносиб ўрин эгаллаб бораётгани, балки ўзлигини ҳам намоён қилаётганининг амалий ифодасидир. Айни вақтда, тарихи, дини, маданият ва анъаналари умумий бўлган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни янги, замонавий босқичга олиб чиқиш нақадар муҳимлигини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Нуфузли халқаро минбарларда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни осойишталик, барқарор тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлаган эди. Шу боис, халқаро конференция минтақа хавфсизлиги ва тараққиётига доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, уларни ҳал қилишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш, ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишларини белгилаш, минтақа давлатлари учун аҳамиятли бўлган ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш, турли таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатларини янада юқори поғонага кўтариш масалаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Президентимиз ўз нутқида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни такомиллаштиришга қаратилган олтита йўналиш ўзаро муносабатлар ва ривожланишда устувор вазифалар эканига эътибор қаратди. Минтақада савдо-иқтисодий, транспорт ва транзит-логистика, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, давлат чегараларига доир масалаларни якунига етказиш, сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш, мамлакатлар, халқларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳар бир мамлакатнинг фаровонлиги ва тараққиёти учун хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу минтақада яшаётган етмиш миллиондан зиёд аҳолининг ўз ҳаётидан рози, мамнун ва хотиржам яшаши учун давлатимиз раҳбари илгари сурган ҳар бир жиҳат албатта зарур. Шу пайтгача аждодлари оға-ини, опа-сингил бўлиб яшаб келаётган халқлар бундан кейин ҳам бир-бирини ҳамиша эзгу мақсадлар йўлида қўллаб-қувватлаши шартлигини даврнинг ўзи талаб қиляпти.
Президентимиз ўз чиқишларида доимо янги ғоя ва таклифларни илгари суради. Мазкур конференцияда ҳам белгиланган вазифаларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича мунтазам учрашувларини ташкил қилиш таклифини билдирди. Бу, менимча, жуда яхши, халқларимизнинг асл тарихий табиатини ўзида акс эттирувчи тинчликсевар, халқпарварлик, муҳим ишлар ва масалаларни бамаслаҳат амалга ошириш каби хислатларини ўзида мужассамлаштирган амалий аҳамиятга эга бўлган таклиф. Бунинг амалга ошиши Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жиҳатдан янада ривожланишига ҳисса қўшиш билан бирга, ўзаро қўшничилик, дўстлик, тинч-тотувлик, барқарор муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳам замин яратади.
Шарбат АБДУЛЛАЕВА,
иқтисод фанлари доктори, профессор
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔3
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔67
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔193
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил