Зафар Саидович уч-тўрт кундан буён бетоб. Ҳеч ким билан гаплашмайди ҳам. Уйдагилар ҳайрон. Нафсиламбирини айтганда, ишхонадагилардан бироз хафа.
Шунча йил жон куйдириб ишлади. Йигирма беш йил-а... Айтишга осон. Ҳар сафар юқоридан топшириқ бўлганда ҳатто туни билан мижжа қоқмай ишлади.
Тунов кунги мажлисда ёшгина бир қиз нима дейди денг: «вақтида ишлади, энди дам олиши, ўрнини ёшларга бўшатиб бериши ҳам керак-ку», дейди-я. Тўғри, замон ёшларники. Ўйлаб қараса, яқиндагина ўзи ҳам ўқишни тугаллаб, иш бошлаганди. Лекин у доим катталарнинг ҳурматини ўрнига қўйган.
Ўша кунги мажлисдан сўнг Зафар Саидович анчагача ўзига келолмади. Тез-тез қон босими ошиб турди. Ўтган воқеадан сўнг дўсти Садриддин:
— Сенга маслаҳатим, арзимаган нарсани кўнглингга олаверма. Хўш, ўша қиз мажлисда гапирибди. Билиб гапирганми ёки йўқми? Бунақада касал орттириб олишинг ҳеч гап эмас, дўстим, — деди насиҳатомуз.
Зафар Саидович дўстининг гапларини тингларкан, худди нажоткорига тикилгандек паст овозда:
— Уйда ҳам нима қилдим, бир-икки йил ишлай дегандим, дўстим. Ишхонада кимдан кам ишлаяпман, ахир, — деди йиғламсирагандек бўлиб.
Ҳаммасидан ҳам аёли Зоҳида опанинг гапи унга ёмон таъсир қилди:
— Бўлди-да, энди, дадаси, ўлармонлик ҳам эви билан-да! Шунча йил ишладингиз, биров раҳмат дедими? — деди аччиқланиб.
Шу гап-сўзлардан сўнг бетобланиб, касалхонага тушиб қолди. Шу даражага етдики, тепасида ҳар куни Зоҳида опа қизи Насиба билан навбатчиликда. Кундан-кунга ранги кетиб борарди. Зафар Саидович ётган жойида кўргани келган қариндош-уруғ, таниш-билишлар билан истамайгина гаплашарди.
Эртага Зафар Саидовичнинг туғилган куни. Кун пешиндан ошгандан сўнг уни табриклаб келиб-кетувчиларнинг оёғи узилмади. Қўл телефони тинмади ҳисоб. Зоҳида опа ҳайрон. Охири чидай олмай:
— Барака топкурлар, касал бўлсалар, боз устига, уларни безовта қилиш мумкин эмас, — дея худонинг зорини қилса ҳамки бефойда.
Туғилган куни эрталаб палата эшиги тақиллади. Бирга ишлайдиган ҳамкасблари келибди. Қўлларида тугун. Насиба опа бир кўнгли уларни қайтармоқчи ҳам бўлди-ю, эрининг феълини яхши билгани учун тил учида бўлса ҳам «келинг-келинг» деди.
Зафар Саидовичнинг яқин дўсти ва ҳамкасби Бахтиёр ака кела солиб дўстини ётган жойида қучоқлади. Нодиржон эса тугунни оча солиб, тўн-дўппи-ю қийиқчани чиқарди.
Бир неча ҳафтадан бери афти-ангори бир ҳолатда бўлиб қолган Зафар Саидовичнинг чеҳрасига сал табассум югургандек бўлиб, ётган жойидан туриб ўтирди. Бахтиёр ака гапдон эмасми, Насиба опанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, «чақалоқ»нинг устига тўн ёпди-да, дўстини қучоқлаб:
— Дўстим, сен билан не-не воқеаларни бошимиздан кечирмадик, чойхонадаги ошларнику айтмасам ҳам бўлади. Бугун келаётиб, бир чойхона палов ҳам буюртирмоқчи ҳам бўлдим-у, лекин фикримдан қайтдим. Худо хоҳласа, тузалиб чиқсанг, ош қочмас, — деди.
Дўстларининг ташрифидан Зафар Саидович анча тетиклашиб қолди. Дўстлари эшик томон йўналишди. Бир пайт «бемор» ҳам туриб, уларнинг орқасидан йўл олди.
Шу пайт Насиба опанинг телефони жиринглади. Ўғли Сардор экан. Отасининг ҳол-аҳволини суриштирди, шекилли, Насиба опа:
— Ўғлим, айтсам, ишонмайсан. Ҳамкасблари келишувди. Шунча кун ўрнидан турмай ётган дадангга қаердан куч келди, билмайман, уларни кузатгани чиқиб кетдилар, — деди ҳайратини яшира олмай.
— Ойи, ҳозир етиб бораман, — деди ҳеч нарсага тушунолмаган Сардор шоша-пиша ва телефонни ўчирди.
Неъмат РАФИҚОВ
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔63
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔192
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил
Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида
🕔15:58, 09.07.2026
✔183
Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Батафсил