Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Илдиз отган муаммолар қалқиб чиқмоқда

Юқоридан буйруқ келгунча, ҳатто, қимирлаб ҳам қўймайдиган мутасаддилар бу муаммоларни нега кўрмаган, билмаган?

Илдиз отган муаммолар қалқиб чиқмоқда

Бугун — ҳар бир раҳбар учун масъулиятли давр. Оддий одамлар ҳаётини яқиндан ўрганиб, дардига қулоқ солиш, муаммоларини ижобий ҳал этишга барча бўғиндаги амалдорларнинг куч-ғайрати сафарбар қилинган. Улар чекка-чекка ҳудудларда бўлиб, аҳоли дардига қулоқ тутаётгани баҳоли қудрат самара беряпти, одамларнинг турмуши яхшилан­япти.

Шу кунларда Наманган вилояти Норин туманида Республика 3-ишчи гуруҳи «Полвонқўл», «Шаҳидмозор», «Шўрариқ» ва «Қозоқовул» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий-маънавий ҳолатни атрофлича ўрганди. Ўрганишлар давомида 1 минг 920 та хонадонда 1 минг 139 та муаммо борлиги аниқланди. Бир қарашда бу оддий рақамлар бўлиб, кўринса-да, ҳар бир муаммо ортида қанчалаб инсон тақдири ва орзу-армонлари турганини ҳисобга олсак, вазият ҳақида муайян тасаввур ҳосил бўлади. Жумладан, ўрганишлар чоғида йўлларнинг аҳволи анчайин танглиги ойдинлашди.

Йўл — одамлар оғирини енгил, узоғини яқин қилувчи восита. Аммо у соз бўлса, албатта. Полвонқўл маҳалласида Ойбек ва Зулфия кўчаларининг жами 9 километрли, Шаҳидмозор маҳалласида эса А.Навоий, Ж.Турғунов, Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчаларининг 5,5 километрли, Шўрариқ маҳалласида Истиқлол, Қўшчинор, Мустақиллик, Юксалиш кўчаларининг 7,5 километрли, Қозоқовул маҳалласининг К.Исақов ва М.Ҳасанов кўчаларининг 1,8 километрли қисмига шағал тўкиш ва асфальтлаш лозимлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан шағал ётқизиш ишлари дарҳол бошлаб юборилди.

Замонавий ҳаётимизни электр энергиясисиз тасаввур этиш мушкул. Ушбу ҳудудларда мазкур муҳим ҳаётий масалани ҳал этиш бўйича талай ишлар қилиниши зарур. Полвонқўл маҳалласидаги Ойбек кўчасига 2 километр, Зулфия кўчасига 3, Шаҳидмозор маҳалласидаги А.Навоий кўчасига 2, Мустақиллик кўчасига 500 метр, ­Шўрариқ маҳалласидаги Қўшчинор ва Мустақиллик кўчаларига 600 метр, Қозоқовул маҳалласидаги М.Ҳасанов кўчасига 500 метрга тенг юзга яқин электр устунлар ўрнатиш ва электр тармоқларини тортиш лозим.

Қозоқовул ва Шўрариқ ­маҳаллалари аҳолиси сони кўпайгани ва янги томорқаларга кўчиб чиққани сабабли М.Ҳасанов кўчасига ўрнатилган янги трансформаторни эҳтиёт қисмлари билан тўлиқ таъминлаш, Истиқлол, Янги ҳаёт ва Обод диёр кўчаларига янги трансформатор ўрнатиш керак. Бу ишлар орқали теракдан ўрнатилган қўлбола ва хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайдиган эски симёғочлар алмаштирилиб, электр етказиб бериш яхшиланади.

Ваҳоланки, ушбу муаммолар бўйича аҳоли туман электр таъминоти мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилган эса-да, бирор самараси бўлмаган. Аҳоли талабларига совуққонлик билан қараш ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланмасликка ишчи гуруҳнинг аралашувидан сўнг барҳам бериладиган бўлди.

Тўртта маҳаллага бирма-бир кириб, ўрганиш асносида жами беш юзга яқин хонадон суюлтирилган газ баллонига эҳтиёжи борлиги аниқланди. Албатта, ишчи гуруҳи тузиб чиққан рўйхат бўйича аҳоли суюлтирилган газ баллон билан тезлик билан таъминланади. Аммо нима учун бу ишни туман газ таъминоти корхонаси вақтида бажармаган? Буни амалга ошириш учун уларга нима халақит берган экан? Одамларни қийнаётган ва рўзғор учун жуда зарур газ баллонларини муддатида етказиб бериш чораларини кўриш шунчалик қийинми?

Мазкур маҳаллаларда ичимлик сув таъминоти ҳам зарур даражада йўлга қўйилмаган. Масалан, Полвонқўл маҳалласида жойлашган Ойбек кўчасидаги 234 та хонадонда, Зулфия кўчасидаги 178 та хонадонда ичимлик сув йўқлиги боис, аҳоли босма кран сувини истеъмол қилмоқда. Ваҳоланки, маҳалла ҳудудидаги Зулфия кўчасига тортилган сув тармоғи бир неча йил ишламай ётгач, носоз ҳолатга келиб қолган. Ойбек кўчасида жойлашган сув қудуғига сув тортувчи насоснинг тушиб кетиши оқибатида қудуқ яроқсиз бўлиб қолган. Насосни тузатиш билан бирга, бу икки кўчада 2,5 километр масофадаги ичимлик сув тармоғини тортиш вазифаси ҳам белгиланди.

Шаҳидмозор маҳалласида жойлашган 355 та хонадонда тоза ичимлик сув умуман йўқ. Бу ердаги тўрт кўчага 6,5 километрли тармоқ тортишга тўғри келади. Бундан ташқари, Мустақиллик ва Ж.Турғунов кўчаларидаги аҳоли томорқасини сув билан таъминлаш учун Ўзбекистон кўчасидан ўтган сув лотогидаги сув чиқарувчи насосларни қайта таъмирлаш керак.

Шўрариқ маҳалласида жойлашган 909 та хонадонда тоза ичимлик сув йўқлиги учун аҳоли пишиладиган кран сувини истеъмол қилмоқда. Бунга ҳам кимнинг қурби етади, кимники эса йўқ. Маҳаллани ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш учун оз эмас, кўп эмас — нақд 18 километр масофага ичимлик сув тортиш керак. Қўшчинор кўчасидаги эски сув минораси аллақачон таъмирга муҳтож.

Ушбу муаммолар ечими бўйича аниқ ишлар бошлаб юборилган, уларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда. Муайян вақт талаб қиладиган йирик муаммолар эса «Йўл харитаси»га киритилмоқда. Лекин мутасаддилар бунинг ижросини йиллар давомида кутиб ўтирганини тушуниш қийин. Сектор раҳбарлари ва туман ҳокими, вилоятдаги бу ишга масъул ташкилотлар раҳбарлари қаерга қараган — буниси маълум эмас. Ўрганишлар асносида англаб етганимиз шуки, бундай ишларга кимдир озроқ эътибор қаратиб, одамлар дардига қулоқ осса, ҳал бўлмайдиган муаммонинг ўзи йўқ. Энг муҳим гап — давлат раҳбари одамларни рози қилиш учун қўяётган вазифалар моҳиятини англаб етишда...

Афсуски, юқоридан буйруқ бўлмаса, ҳатто, бармоғини ҳам қимирлатиб қўймайдиган мутасаддилар буни тушуниб етиши қийин кечмоқда, чоғи...

 

Лазиз РАҲМАТОВ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар