Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Она заминга муносабат ўзгариши: бирёқлама аграр тизимдан – инновацион томорқагача

Мустақиллик халқимизга нафақат ўз тақдирини ўзи белгилаши, балки она заминимизни, табиий бойликларимизни, сувимизни, тупроғимизни, ўрмонзорлар ва барча экологик ресурсларимизга эгалик қилиш, улардан бугунги ва келгуси авлодлар манфаати йўлида оқилона фойдаланиш масъулиятини ҳам юклайди.

Она заминга муносабат ўзгариши:  бирёқлама аграр тизимдан – инновацион томорқагача

Шу маънода, истиқлолнинг ҳар бир йили, ҳар бир ойи ва ҳатто ҳар бир дақиқаси қадрлидир. Чунки мустақил давлат учун вақт тақвимдаги ўлчов эмас, балки тараққиёт ва янгиланиш, келажак учун мустаҳкам замин яратиш имкониятидир.

Ўзбекистоннинг 35 йиллик мустақил тараққиёт йўлига назар ташласак, қишлоқ хўжалиги соҳасининг мазмунан янгиланганини кўрамиз. Мисол учун, бугунги кунда ерга фақат ҳосил олинадиган майдон, сувга эса чексиз ресурс сифатида қарашдан аста-секин воз кечилиб, уларни миллий бойлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигининг асосий кафолати сифатида асраб авайлашга қаратилган сиёсий ёндашув шаклланиб бормоқда.

Бу жараённи холис баҳолаш учун мустақиллигимизнинг илк йиллари – 1991 йилдаги бошланғич вазият, 2016 йилга келиб шаклланган ҳолат ва 2017-2026 йиллардаги Янги Ўзбекистон босқичида амалга оширилган туб ўзгаришларни ўзаро таққослаш муҳим.

Ўзбекистон мустақилликка эришган йилда қишлоқ хўжалигидаги вазият бугунги кун билан таққослаб бўлмайдиган даражада мураккаб эди. Собиқ маъмурий-буйруқбозлик тизими шароитида республика иқтисодиёти узоқ йиллар давомида асосан хомашё етказиб беришга мослаштирилган, қишлоқ хўжалигида эса пахта яккаҳокимлиги устун мавқега эга бўлган.

Бу ҳолатнинг фақат иқтисодий эмас, экологик оқибатлари ҳам бор эди. Бир турдаги экинга ҳаддан ташқари ихтисослашув тупроқ унумдорлиги, сув ресурслари, мелиоратив ҳолат ва биологик хилма-хилликка босимни кучайтиради. Демак, мустақилликнинг дастлабки йилларида олдимизда бир вақтнинг ўзида икки стратегик вазифа турарди: халқимизни озиқ-овқат билан барқарор таъминлаш ва ер-сув ресурсларидан миллий манфаатлар асосида фойдаланиш тизимини шакллантириш.

…Бугун дўкон ва бозорларда маҳсулотларнинг кенг ассортиментини оддий ҳол сифатида қабул қиламиз. Аммо бундай барқарорлик ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Унинг ортида ўнлаб йиллик аграр ислоҳотлар, экинлар таркибини ўзгартириш, ғаллачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, фермерлик ҳаракатини шакллантириш каби улкан жараёнлар турибди.

Шу боис мустақилликка мамлакатимизнинг табиий ресурслари устидан миллий масъулиятни тиклаган давр сифатида ҳам қарашимиз лозим. Мустақилликнинг дастлабки чорак асри давомида қишлоқ хўжалигида муҳим таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Ғаллачилик ривожланди, фермер ва деҳқон хўжаликлари шакл­ланди, мева-сабзавотчиликнинг иқтисодиёт ва ички бозордаги аҳамияти ошди.

Миллий статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистонда барча тоифадаги хўжаликларда 8 миллион 261,3 минг тонна донли экинлар, 10 миллион 184 минг тонна сабзавот, 2 миллион 612,9 минг тонна мева ва резаворлар етиштирилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми эса амалдаги нархларда 115,6 триллион сўмни ташкил этган. Айниқса, 2016 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 68 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари, 29,7 фоизи фермер хўжаликлари, 2,3 фоизи эса қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келгани муҳим кўрсаткичдир.

Бу рақамлар муҳим хулосага олиб келади: мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда оддий деҳқон ва томорқа ер эгаларининг ўрни беқиёс. Демак, томорқани қўллаб-қувватлаш маҳалла, туман ва пировардида бутун мамлакат озиқ-овқат барқарорлигига сармоя­дир.

Шу билан бирга, 2016 йилга келиб қишлоқ хўжалигида янги босқични тақозо этаётган муаммолар ҳам тўпланган эди. Ер ва сувдан янада самарали фойдаланиш, маҳсулотни етиштиришдан тортиб қайта ишлаш ва сотишгача бўлган қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш, деҳқон ва фермернинг иқтисодий манфаатдорлигини кучайтириш ҳамда бошқарувни рақамлаштириш зарурати яққол сезила бошлади.

Кейинчалик 2020-2030 йилларга мўлжалланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида ҳам ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қулай агробизнес муҳитини яратиш, юқори қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш, бозор механизмлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Шу тариқа, 2016 йилни бир томондан мус­тақиллик йилларида яратилган аграр пойдеворнинг муайян натижалари намоён бўлган давр, иккинчи томондан эса янги сифат босқичига ўтиш эҳтиёжи кучайган чегара сифатида баҳолаш мумкин.

2017 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалигида ислоҳотларнинг суръати ва мазмуни сезиларли даражада ўзгарди. Янги Ўзбекистон даврида асосий урғу фақат маҳсулот ҳажмини кўпайтиришга эмас, балки деҳқон ва фермернинг манфаатдорлигини ошириш, бозор механизмларини жорий этиш, ер ва сувдан самарали фойдаланиш, кластер ва кооперация тизимини ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш ҳамда маҳсулотни чуқур қайта ишлашга қаратилди.

2019 йилда қабул қилинган 2020-2030 йилларга мўлжалланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ана шу ўзгариш­ларнинг узоқ муддатли ҳуқуқий асосини шакллантирди. Ҳужжатда озиқ-овқат хавфсизлиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, агробизнес учун қулай муҳит яратиш, илмий ёндашув ва рақамли технологияларни жорий этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Натижаларни расмий статистика орқали кўриш мумкин. Масалан, 2016 йилда 10 миллион 184 минг тонна бўлган сабзавот етиштириш ҳажми 2024 йилга келиб 13 миллион 555,1 минг тоннага етди. Бу саккиз йилда қарийб 33 фоизлик ўсиш дегани. Мева ва резаворлар етиштириш эса 2 миллион 612,9 минг тоннадан 3 миллион 271,4 минг тоннагача ошди. Донли экинлар ҳажми шу даврда 8 миллион 261,3 минг тоннадан 8 миллион 946,9 минг тоннага етди.

Бу натижаларни фақат рақам сифатида эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан баҳолаш лозим. Чунки аҳоли сони ошиб бораётган, иқлим ўзгариши ва глобал бозорлардаги беқарорлик кучаяётган шароитда ички ишлаб чиқаришнинг барқарорлиги давлатнинг стратегик мустақиллигини белгилайди.

2024 йилда Ўзбекистоннинг Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси қабул қилинди. Унда озиқ-овқат хавфсизлигининг стратегик мақсади аҳолини етарли ҳажмда хавфсиз, сифатли ва арзон қиш­лоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашдан иборат экани белгилаб қўйилди. Яъни, замонавий тушунчада озиқ-овқат хавфсизлиги фақат кўп маҳсулот етиштириш эмас, балки унинг аҳоли учун мавжудлиги, иқтисодий жиҳатдан ҳамёнбоплиги, сифати ва таъминотининг узлуксизлигини ҳам англатади. Бу 1991 йилда айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотларига ташқи қарамлик мавжуд бўлган шароитдан бутунлай бошқа даражадаги ёндашувдир.

Янги Ўзбекистон давридаги энг муҳим ўзгаришлардан бири ерга бўлган муносабатда намоён бўлди. Бир гектар ёки ҳатто ундан кичик ер майдони кўплаб оилалар учун доимий даромад манбаига айланди. Шу билан бирга, картошка, пиёз, сабзи, сабзавот, полиз ва бош­қа озиқ-овқат маҳсулотлари таклифининг ортиши ички бозор барқарорлигини таъминлашга хизмат қилди.

Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш мақсадида 75 минг гектар ер 180 минг нафардан ортиқ ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли ва ёшларга берилди, бу орқали 200 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Шунингдек, кейинги босқичда яна 100 минг гектар ерни аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ажратиш вазифаси қўйилди.

Бундай ёндашувда табиатга муносабат ҳам ўзгариши шарт. Ерни олган деҳқон ундан фақат бир мавсумлик даромад манбаи сифатида эмас, авлодларга қоладиган ресурс сифатида фойдаланиши керак. Тупроқ унумдорлигини сақлаш, алмашлаб экиш, органик ўғитлардан оқилона фойдаланиш, сувни тежаш ва кимёвий воситалар меъёрига амал қилиш бугун қишлоқ хўжалиги маданиятининг ажралмас қисми бўлиши лозим. Чунки табиатдан кўпроқ олишнинг ягона йўли унга кўпроқ босим ўтказиш эмас, аксинча, ҳар бир гектар ер ва ҳар бир куб метр сувдан илм, технология ва тежамкорлик асосида юқори натижа олиш замонавий тараққиётнинг энг тўғри йўлидир.

Сўнгги йилларда аграр соҳанинг яна бир принципиал ўзгариши рақамли бошқарув тизимларининг жорий этилиши бўлди. Зеро, рақамлаштиришнинг экологик аҳамияти ҳам катта. Агар ер майдони, экин ҳолати, сув сарфи ва агротехник жараён ҳақида аниқ маълумот мавжуд бўлса, ресурсларни ортиқча сарфлаш камаяди. Қайси майдонда қанча сув кераклиги, қаерда ўсимлик ривожи орқада қолаётгани, қаерда агротехник чора зарурлиги аниқ маълумот асосида белгиланади. Шу маънода, рақамли қишлоқ хўжалиги фақат фермер ишини енгиллаштирадиган технология эмас, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш воситаси ҳамдир.

Иқлим ўзгариши, ҳароратнинг кўтарилиши ва сув ресурсларига босим ортиб бораётган шароитда ҳар бир куб метр сувнинг қадри йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу боис сўнгги йилларда сув тежовчи технологияларни жорий этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Сув хўжалиги вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2025 йил якунига келиб мамлакатимизда 2,6 миллион гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинган ва бу суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизига тенгдир. Фақат 2025 йилнинг ўзида 817,2 минг гектарда турли сув тежовчи технологиялар ва лазерли текислаш усуллари жорий қилиниб, натижада 2,3 миллиард куб метр сув тежалган.

Бу ерда гап шунчаки технология ҳақида эмас. Тежалган ҳар бир куб метр сув дарёларимиз, ер ости сувлари, экотизим ва келажак авлодлар учун сақлаб қолинган ресурсдир.

2026 йилда яна 503 минг гектар суғориладиган майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ишлари бошланган. Шундай экан, бугун фермернинг самарадорлиги фақат гектаридан қанча тонна маҳсулот олгани билан ўлчанмаслиги керак. У бир тонна маҳсулот учун қанча сув, электр энергияси, ёқилғи ва ўғит сарфлагани билан ҳам баҳоланиши лозим. Ана шунда иқтисодий самарадорлик экологик масъулият билан уйғунлашади.

Эътиборлиси, 2025 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмининг 62,3 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари ҳиссасига тўғри келган. Бу рақам яна бир бор хонадон ва томорқанинг мамлакат озиқ-овқат тизимидаги ўрни нақадар катта эканини кўрсатади.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ҳам ижобий динамика сақланиб қолди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот ва хизматлари ҳажми 270,95 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоиз ўсди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмининг ўзи 3,8 фоизга ошган. Сабзавотлар етиштириш 6,7 фоизга, донли экинлар 13,8 фоизга, картошка 15,5 фоизга, полиз маҳсулотлари 18,2 фоизга кўпайган.

Демак, 1991 йилдаги бирёқлама аграр тизимдан бугунги кўп тармоқли, бозор механизмлари, фермерлик, томорқачилик, замонавий агротехнология ва рақамли бошқарувга таянаётган тизимгача катта йўл босиб ўтилди. Аммо бу натижалар бизни хотиржамликка эмас, янада катта масъулиятга ундаши керак.

Чунки аҳоли сони кўпаймоқда. Иқлим ўзгармоқда. Сув ресурсларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Тупроқ деградацияси, шўрланиш, чўлланиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш масалалари тобора долзарблашмоқда. Демак, келажакда қишлоқ хўжалигининг асосий мезони «кўпроқ ер ва сув ҳисобига кўпроқ маҳсулот» эмас, балки камроқ ресурс сарфлаб, юқори сифатли ва экологик тоза маҳсулот етиштириш бўлиши шарт.

Она табиат бизга аждодларимиздан қолган мулк эмас, балки фарзандларимиздан олган омонатдир, деган фикр бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Мустақиллик бизга ер-сувимиз тақдирини ўзимиз белгилаш ҳуқуқини берди. Энди эса бу ҳуқуқ билан бирга улкан бурч ҳам бор: табиий бойликларимизни асраш, уларни исроф қилмаслик ва келажак авлодларга соғлом ҳолда етказиш.

1991 йилда мамлакат олдида аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бирёқлама аграр тизимни ўзгартириш каби ҳаётий вазифалар турган бўлса, 2016 йилга келиб озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам базаси ва фермерлик тизими шаклланди. 2017 йилдан кейин эса ислоҳотлар янги мазмун касб этиб, ерни аҳолига яқинлаштириш, бозор тамойилларини кенгайтириш, аграр соҳани рақамлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигига тизимли ёндашиш ҳамда сув тежовчи технологияларни оммалаштириш йўлидан борилди.

Бугун фермер сувни тежаса, деҳқон туп­роқ унумдорлигини асраса, томорқа эгаси ердан оқилона фойдаланса, ҳар бир корхона табиатга етказаётган таъсирини камайтирса ва ҳар бир фуқаро экологик маданиятни ўз ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирса, бу ҳаракатлар бирлашиб, мамлакат миқёсида улкан натижа беради.




Ўхшаш мақолалар

Бола тарбиясидаги  чегара  қаерда?

Бола тарбиясидаги чегара қаерда?

🕔16:26, 04.09.2026 ✔118

Зўравонликка қарши қонун ва жамият олдидаги долзарб саволлар

Батафсил
«ИЖТИМОИЙ  ҚАРМОҚ»ЛАР  ёшлар руҳиятига катта таъсир ўтказмоқда

«ИЖТИМОИЙ ҚАРМОҚ»ЛАР ёшлар руҳиятига катта таъсир ўтказмоқда

🕔16:25, 04.09.2026 ✔105

Тобора рақамлашиб бораётган бугунги дунёда электрон ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмасини ёшларда тўғри шакллантириш кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолмоқда.

Батафсил
Она заминга муносабат ўзгариши:  бирёқлама аграр тизимдан – инновацион томорқагача

Она заминга муносабат ўзгариши: бирёқлама аграр тизимдан – инновацион томорқагача

🕔16:07, 27.08.2026 ✔234

Мустақиллик халқимизга нафақат ўз тақдирини ўзи белгилаши, балки она заминимизни, табиий бойликларимизни, сувимизни, тупроғимизни, ўрмонзорлар ва барча экологик ресурсларимизга эгалик қилиш, улардан бугунги ва келгуси авлодлар манфаати йўлида оқилона фойдаланиш масъулиятини ҳам юклайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар