Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Бола тарбиясидаги чегара қаерда?

Зўравонликка қарши қонун ва жамият олдидаги долзарб саволлар

Бола тарбиясидаги  чегара  қаерда?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган нохуш хабар бутун жамоатчиликни жиддий хавотирга солди. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида уч ёшли мурғак боланинг энага қарамоғида оғир жисмоний зўравонликка учрагани ҳақидаги маълумотлар инсонни ларзага келтирмай қолмайди.

Маълум бўлишича, боланинг онаси тирикчилик иштиёқида фарзандини икки ой давомида энагага топшириб, узоқ соатлаб ишлаган, отаси эса оила тебратиш мақсадида хорижда меҳнат миграциясида бўлган. Боладаги оғир жароҳатлар ва куйиш изларидан хабар топган огоҳ қўшниларнинг ички ишлар органларига берган тезкор мурожаати сабабли бола шифохонага ётқизилган. Ҳозирда ушбу мудҳиш ҳолат юзасидан 43 ёшли аёл гумонланувчи сифатида жалб этилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Афсуски, бундай хабарларга ижтимоий тармоқларда кунда-кунора кўзимиз тушишига ўрганиб ҳам қолдик. Этимиз ҳам бироз қотиб бўлгандек...

Албатта, бу тергов органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши лозим бўлган жараён. Бироқ содир бўлган воқеанинг ўзиёқ жамият олдида йиллар давомида тўпланиб қолган оғриқли ва мураккаб саволни яна бир бор кун тартибига кўтарди: ожиз ва ҳимоясиз болани катталар зўравонлигидан ким, қандай ва қай даражада кафолатли ҳимоя қила олади?

Уч ёшли бола мустақил равишда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳақида атрофдагиларга тўлиқ сўзлаб бериш ёки ёрдам сўраб мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум. Демак, унинг хавфсизлиги, жисмоний ва руҳий саломатлиги учун масъулият тўлиқ катталар ҳамда давлат ва жамият институтлари зиммасига тушади. Бу масъулиятни фақатгина ота-онанинг шахсий бурчи сифатида баҳолаш вазиятнинг илдизини кўра олмасликдан бошқа нарса эмас, бизнингча.

 

Зўравонликни «тарбия» деб оқлаш мумкинми?

Сўнгги вақтларда таълим ва тарбия муассасаларида – мактаб ва боғчаларда айрим педагог ҳамда тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар кўзга ташланмоқда.

Болани уриш, ҳақоратлаш, камситиш ёки доимий руҳий босим остида тутишни «тарбия методи», «интизом ўрнатиш» ёки «қаттиққўллик» каби пардозланган сўзлар билан ниқоблашга уринишлар учрайди. Ваҳоланки, тарбия ва зўравонлик ўртасида тубдан фарқ қилувчи, босиб ўтиш мумкин бўлмаган қатъий чегара мавжуд: тарбия болага хатоларини англашга ёрдам беради, уни шахс сифатида шакллантиради ва масъ­улият ҳиссини ўстиради. Зўравонлик эса фақат қўрқув муҳитини яратади.

Тарбия ўзаро ҳурмат ва ишончга асос­ланади. Зўравонлик эса инсоннинг ўз қадр-қимматига шубҳа билан қарашига ва руҳий сингишга олиб келади. Тарбияда ақл ва меҳр етакчилик қилса, зўравонликда фақат жисмоний куч ҳамда устунлик намойи­ши кузатилади.

Шу боис, «бола тарбияси учун қўл кўтардим» деган ҳар қандай оқлов зўравонликнинг моҳиятини ўзгартира олмайди.

 

Таълим муассасаларидаги алоҳида хавф

Педагог ёки тарбиячи шунчаки бир касб эгаси эмас, балки бола учун муайян босқичда асосий ибрат намунаси ва ишонч суянчиғидир. Ота-она ўз фарзандининг энг азиз неъмати – келажаги ва хавфсизлигини таълим масканига ишониб топширади.

Айнан шу сабабли педагог томонидан содир этилган зўравонлик оддий маиший низолардан анча оғирроқ оқибатларга эга. Бу ерда гап фақат жисмоний оғриқ ҳақида эмас, балки бола томонидан жамиятга ва катталарга бўлган ишончнинг тубдан инқирозга учраши ҳақида бормоқда.

Ўқитувчининг асосий вазифаси – болага билим бериш, уни мустақил фикрлашга ундаш ва шахс сифатида эъзозлашдир. Агар бола мактаб ёки боғчага қўрқув билан қадам қўйса, ўқитувчисининг ҳар бир ҳаракатидан чўчиб турса, у ерда ҳеч қачон сифатли таълим ва соғлом психологик муҳит ҳақида сўз очиб бўлмайди.

 

Қонунчиликдаги янги меъёрлар моҳияти

Жамиятдаги ушбу оғриқли нуқталарга жавобан, болалар ҳуқуқларини ишончли кафолатлашга қаратилган муҳим қонунчилик ўзгартишлари амалиётга киритилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланган қонунга кўра, ўқувчи ёки тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатган ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаган ходимларга нисбатан аниқ маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Хусусан, болага нисбатан зўравонлик содир этган педагог ёки тарбиячига маъмурий жазо қўлланилиш билан бирга, унинг 1 йил давомида таълим тизимида фаолият юритиши тақиқланади.

Ушбу норманинг кучи ва аҳамияти шундаки, у таълим тизимига ва ҳар бир педагог­га аниқ ва қатъий огоҳлантириш беради: касбий мақом ва ваколат болага нисбатан ҳукмронлик қилиш ва зўравонлик кўрсатиш ҳуқуқини бермайди. Аксинча, касбий мақом қанчалик юқори бўлса, шахснинг маънавий ва ҳуқуқий масъулияти ҳам шунчалик юқори бўлиши шарт.

 

Тизимли профилактика мувозанати

Албатта, жазо чораларининг белгиланиши жуда муҳим. Болага нисбатан ғайриқонуний ҳаракат содир этган ҳар бир шахс қонун олдида жавоб бериши – жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлайди.

Бироқ фақат жазони кучайтириш орқали муаммони илдизи билан қуритиб бўлмайди. Жавобгарлик билан бир қаторда чуқур ва тизимли профилактика механизмлари ҳам йўлга қўйилиши лозим. Педагогларнинг ҳаддан ташқари юқори иш юкламаси, касбий толиқиш, психологик стресс ҳамда низоли вазиятларни босиқлик билан бош­қариш кўникмаларининг етишмаслиги каби ички омиллар ҳам комплекс таҳлил қилиниши зарур.

Бу сабабларни таҳлил қилиш зўравонликни оқлашга хизмат қилмайди, аксинча, муаммо оқибати билан эмас, балки унинг келиб чиқиш манбалари билан курашиш имконини беради.

Зўравонликнинг энг фожиали жиҳати – боланинг ўзига нисбатан қилинаётган ноҳақлик ҳақида очиқ гапира олмаслиги ва ёлғизланиб қолишида. Кичик ёшдаги бола рўй берган фожиани баён қилишга сўз топа олмаса, мактаб ёшидаги бола жазоланишдан ёки «ўзинг айбдорсан» деган таънадан қўрқиб жим қолади.

Шу сабабли муассасаларда болалар мурожаатларини бевосита ва холис қабул қилувчи, уларни эшита оладиган ишончли механизмлар шакллантирилиши зарур. Бола томонидан берилган «менга бақиришди», «мен қўрқяпман» каби оддий бўлиб туюлган мурожаатларга инжиқлик сифатида қаралмасдан, жиддий омил сифатида эътибор қаратилиши лозим.

Ота-она масъулияти

Каттақўрғондаги нохуш воқеа ота-­оналар зиммасидаги масъулият масаласини ҳам яна бир бор кун тартибига қўйди. Албатта, ижтимоий ва иқтисодий зарурат туфайли ота-оналар фарзандини энагага ёки яқинларига топшириши мумкин. Аммо энг муҳим нуқта – боланинг кимга ишониб топширилаётгани ва унинг хавфсизлиги доимий назоратда бўлиши.

Боланинг хатти-ҳаракати, кайфияти ва жисмоний ҳолатидаги кичик ўзгариш­лар ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур. Муомаладан қочиш, муайян шахсдан чўчиш ёки танадаги тушунарсиз излар бефарқликни кечирмайдиган омиллардир.

Зўравонликка қарши кураш содир бўлган воқеадан сўнг реакция билдириш билан чекланмаслиги, балки унинг олдини олувчи яхлит ва мустаҳкам тизим сифатида ишлаши керак. Таълим муассасаларидаги ички назорат, кадрларни саралаш, психологик кўмак ва ота-оналар билан ўзаро ҳамкорлик ягона ва узлуксиз занжирга айланмоғи лозим.

Айрим зўравон шахсларнинг хатти-ҳаракати бутун педагогик жамоа шаънига соя солмаслиги керак. Мамлакатимизда ўз касбига садоқат билан ёндашиб, фарзандларимиз камолоти учун кечаю кундуз меҳнат қилаётган минглаб заҳматкаш ўқитувчи ва тарбиячилар бор. Шу нуқтаи назардан, зўравонликка қарши қатъий чоралар фақат болани эмас, балки ҳалол ва фидойи педагогларнинг обрў-эътиборини ҳам ҳимоя қилади. Чунки ҳақиқий ўқитувчининг маҳорати қаттиққўллик ёки қўрқитишда эмас, бола қалбига йўл топа олиш санъатида намоён бўлади.

Сўнгги босқичда, болаларга нисбатан зўравонликка қарши жавобгарликни кучайтириш фақатгина маъмурий ёки ҳуқуқий моддалар йиғиндиси эмас. Бу жамиятнинг инсон қадрига, айниқса, келажагимиз бўлмиш боланинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган муносабатини кўрсатувчи асосий кўзгудир.

Бола шунчаки тарбия объекти ёки катталар иродасига итоат қилувчи мавжудот эмас, у аввало мустақил шахс. Ва унинг хавфсизлигини, шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳар қандай омил ва тушунчалардан устун турмоғи зарур.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Бола тарбиясидаги  чегара  қаерда?

Бола тарбиясидаги чегара қаерда?

🕔16:26, 04.09.2026 ✔118

Зўравонликка қарши қонун ва жамият олдидаги долзарб саволлар

Батафсил
«ИЖТИМОИЙ  ҚАРМОҚ»ЛАР  ёшлар руҳиятига катта таъсир ўтказмоқда

«ИЖТИМОИЙ ҚАРМОҚ»ЛАР ёшлар руҳиятига катта таъсир ўтказмоқда

🕔16:25, 04.09.2026 ✔105

Тобора рақамлашиб бораётган бугунги дунёда электрон ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмасини ёшларда тўғри шакллантириш кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолмоқда.

Батафсил
Она заминга муносабат ўзгариши:  бирёқлама аграр тизимдан – инновацион томорқагача

Она заминга муносабат ўзгариши: бирёқлама аграр тизимдан – инновацион томорқагача

🕔16:07, 27.08.2026 ✔234

Мустақиллик халқимизга нафақат ўз тақдирини ўзи белгилаши, балки она заминимизни, табиий бойликларимизни, сувимизни, тупроғимизни, ўрмонзорлар ва барча экологик ресурсларимизга эгалик қилиш, улардан бугунги ва келгуси авлодлар манфаати йўлида оқилона фойдаланиш масъулиятини ҳам юклайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар