Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар
Ўзбекистон сўнгги ўн йилда том маънодаги демократик ўзгаришлар, жадал иқтисодий ривожланиш ва кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди.
БатафсилИлгари кондукторсиз автобусни тасаввур қила олмасдик. Кондукторлар тиқилиб-сиқилиб, одамларни туртиб-суртиб бир нарса қилиб йўлкирани йиғиб оларди.
Очиғи, ўша вақтларда ривожланган шаҳарлардаги жамоат транспорти кондукторларсиз ҳаракат қилишини, йўловчилар ўз масъулияти билан йўлкирани тўлашларини эшитардик, аммо тасаввур этолмасдик. Мана, кўп ўтмай ўша ҳолат ўзимиздаги автобусларга етиб келди. Бўлар экан-ку!..
Ҳозир Тошкент ва бошқа яна бир қатор шаҳарларимизда жамоат транспортида йўлкирани электрон шаклда тўлаш йўлга қўйилган. Энди бир одам фақат йўлкира учун овора бўлиб куни бўйи транспортда тик юришига ҳожат қолмади. Жамоат транспортидаги валидаторга исталган пластик картани шундоқ теккизиш орқали ёки электрон шаклда тўлайсиз, манзилга етиб олаверасиз. Ҳайдовчи ҳам, бошқа одам ҳам йўлкирани тўлашингизни назорат қилаётгани йўқ, ҳаммаси виждонимизга ҳавола. Дарвоқе, айни мана шу тўлов тизими виждонимиз учун ҳам яхшигина синов бўлди, десак хато эмас.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда шаҳар жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш бўйича катта ишлар бошланди. Янги, шинам ва замонавий қулайликларга эга автобуслар йўналишларга чиқарилди. Тизимни мақбуллаштириш, тирбандликларнинг олдини олиш ва инсон омилини минималлаштириш мақсадида кондукторлар хизматидан воз кечилиб, тўловлар тўлиқ электрон тизимга ҳамда валидаторларга ўтказилди.
Бу ислоҳотлар йўловчилар учун беқиёс қулайлик яратган бўлса-да, тан олиш керак, айрим фуқаролар томонидан ушбу эркинлик ва ишонч суиистеъмол қилинмоқда. Назоратчи йўқлигидан фойдаланиб, ўзини ҳеч нарсадан хабарсиздек кўрсатиш ёки гўёки картасини валидаторга тегизиб, тўлов қилгандай таассурот қолдириб тушиб кетишга уриниш ҳолатлари тез-тез кўзга ташланмоқда. Ваҳоланки, инсоф ва виждон мезонини унутиш аста-секинлик билан ана шу қулай тизимни издан чиқариши ҳеч гап эмас.
82 мингдан ортиқ чиптасиз йўловчи
Амалдаги вазият қанчалик жиддий эканини муайян рақамлар ва аниқ статистика яққол кўрсатиб турибди. Биргина 2026 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида ўтказилган тизимли рейдлар ва текширувлар натижасида жамоат транспортида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатлангани аниқланди. Ушбу ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарималар миқдори 2 миллиард сўмдан ошиб кетди.
Бу шунчаки қуруқ рақамлар эмас – бу ҳар куни минглаб одамлар томонидан содир этилаётган, шаҳар транспорти иқтисодиётига бевосита зарар етказаётган ва виждонли йўловчилар меҳнатини менсимаслик оқибати.
1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Транспорт вазирлиги томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги таклифларга кўра, жамоат транспортида чиптасиз юрадиганларга нисбатан жарималар миқдори ва назорат талаблари кескин кучайтирилмоқда. Эндиликда тўловдан бўйин товлаганлик учун молиявий санкциялар анча оғриқли миқдорга етказилади:
Биринчи марта ушланганда: базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) ярим баравари – 1 сентябрдан эътиборан нақ 220 минг сўм жарима солинади. Атиги бир бекатлик йўл ҳақини тежаб қоламан деган хаёл билан ҳаракат қилган ҳуқуқбузар йўл ҳақидан юз баробардан ортиқ маблағга куйиб қолади.
Такроран қайтарилганда: жарима миқдори 1 БҲМга, яъни 440 минг сўмгача оширилади.
Энг муҳим қоида эса – 1 сентябрдан бошлаб автобусга чиқдингизми, дарҳол карта орқали ёки онлайн тарзда тўловни амалга оширишингиз шарт. Текширув жараёнида «билмай қолибман», «картам ишламай қолди» ёки «тўлагандим» каби баҳоналар асло инобатга олинмайди.
Хориж тажрибасига назар
Дунёнинг энг ривожланган шаҳарларида жамоат транспортида тўлов интизоми ўта қатъий тартибга солинган ва чиптасиз юриш жиддий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Германия: Автобус ва метроларда чиптасиз юрганлик (Schwarzfahren) учун жойида 60 евро жаримага тортилади. Агар фуқаро тўловдан мунтазам бўйин товласа, унга нисбатан Германия Жиноят кодексига мувофиқ жиноий иш қўзғатилиб, қамоқ жазосигача чора кўрилади.
Буюк Британия (Лондон): Лондон транспортида (TfL) чиптасиз ушланган йўловчига 80 фунт стерлинг жарима белгиланган. Иш судгача борса, жарима миқдори 1 000 фунтгача етади ва энг ёмони – шахснинг таржимаи ҳолида умрбод ўчмайдиган судланганлик тарихи (criminal record) қолади.
Сингапур: қонун ва тартиб шаҳрида тўлов қилмаганлик учун жарималар 50 Сингапур долларидан бошланади ва такрорий ҳуқуқбузарликлар учун 1 000 долларгача етади.
Эстония (Таллин): шаҳар аҳолиси учун жамоат транспорти бепул бўлишига қарамай, транспортга чиққач, сафарни валидатор орқали қайд этмаган фуқароларга 40 евро миқдорида жарима қўлланилади.
Маданият белгиси
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, жамоат транспортининг тоза, ўз вақтида ва бекаму кўст ишлаши тўғридан-тўғри ҳар бир йўловчининг тўлов маданиятига боғлиқ. Йўл ҳақи сифатида йиғилган маблағлар шунчаки корхона даромади эмас, балки автобусларни техник соз ҳолатда ушлаб туриш, ёнилғи ва электр энергияси харажатларини қоплаш, ҳайдовчилар ва техник ходимларга муносиб иш ҳақи тўлаш ҳамда транспорт паркини мунтазам янгилашнинг ягона манбаидир.
Жамоат транспорти – бу барчамизнинг умумий мулкимиз ва қулайлигимиз. Ундан фойдаланиб туриб, тўловдан бўйин товлаш нафақат қонунбузарлик, балки шаҳарнинг умумий манфаатларига ва виждонан тўлов қилаётган юртдошларимизга нисбатан ҳурматсизликдир. Шундай экан, 1 сентябрдан кучга кирадиган янги тартиб ва мажбуриятларни чуқур англаган ҳолда, ҳар биримиз тўловни виждонан амалга оширишни ўзимизнинг фуқаролик бурчимиз деб билишимиз зарур.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Ўзбекистон сўнгги ўн йилда том маънодаги демократик ўзгаришлар, жадал иқтисодий ривожланиш ва кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди.
БатафсилИлгари кондукторсиз автобусни тасаввур қила олмасдик. Кондукторлар тиқилиб-сиқилиб, одамларни туртиб-суртиб бир нарса қилиб йўлкирани йиғиб оларди.
БатафсилАҳоли фаровонлигини таъминлаш, одамларимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан яшашига эришиш давлатимиз сиёсатининг бош мезонига айланди.
Батафсил