Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Экология кодекси лойиҳаси: Қатъий муҳофаза, муқаррар жавобгарлик ва жамоатчилик талаби

«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди.

Экология кодекси лойиҳаси:  Қатъий муҳофаза, муқаррар жавобгарлик ва  жамоатчилик  талаби

Иқлим ўзгариши, ҳаво ва сув­нинг ифлосланиши, ерларнинг деградация­га учраши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, маиший ҳамда саноат чиқиндиларининг кўпайиши каби муаммолар экологик қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Айни вақтда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Респуб­ликаси Экология кодекси лойиҳаси ана шу эҳтиёждан келиб чиққан, экологик муносабатларни комплекс ва тизимли тартибга солишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ўзбекистон Экологик партияси сайловолди дастурида экологик қонунчиликни кодификация қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ишончли таъминлашга доир вазифалар белгиланган. Шунинг учун ҳам экологик қонунчиликни тизимлаштириш мақсад қилинган Экология кодекси лойиҳаси муҳокамаларида партия ташкилотлари фаол иштирок этмоқда. Партия фракцияси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари кодекс лойиҳасининг кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинишига, ҳудудлардаги мавжуд экологик муаммолар ечими ва аҳоли таклифлари ҳужжатда муносиб акс этишига ҳаракат қилмоқда. Кодекс лойиҳаси нормаларини янада такомиллаштириш, мутахассисларнинг муҳим таклифларини жамлаш ва депутатлар орқали уларни парламентга киритишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

 

Бир тизимга бирлашаётган меъёрлар

Янги Кодексда экология соҳасига оид 50 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатидаги нормалар ягона ҳуқуқий тизимга бирлашади. Биргина «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу давр мобайнида мамлакатимиздаги экологик, иқтисодий ва ижтимоий шароит тубдан ўзгарди, янги экологик таҳдидлар пайдо бўлди, халқаро стандартлар ва ҳуқуқий ёндашувлар ривожланди.

Шу боис бугун экологик муносабатларни фақат аввалги ёндашувлар асосида тартибга солиш етарли эмас. Соҳага замонавий, комплекс ва илмий асосланган ҳуқуқий механизмларни жорий этиш зарур. Зотан, Экологик партия учун мазкур кодекснинг ишлаб чиқилиши фақат қонунчиликни техник жиҳатдан бирлаштириш масаласи эмас. У, аввало, жамиятда экологик масъулиятни кучайтириш, давлат органлари, бизнес ва фуқароларнинг табиат олдидаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилашга қаратилган тизимли ислоҳотдир.

Муҳокамага қўйилган Экология кодекси лойиҳаси 25 та бўлим, 129 та боб ва 675 та моддадан иборат. Унда атроф-муҳит ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланишни тартибга солиш, экологик мониторинг, давлат кадастрларини юритиш, экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш каби йўналишлар қамраб олинган.

Циркуляр ва «яшил иқтисодиёт»га ўтиш, чўлланишга қарши курашиш, ўрмончилик ва гидрометеорология фаолиятини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишини чеклашга оид нормалар ҳам кодекс лойиҳасидан ўрин олган.

 

Жамоатчилик – катта куч

Экологик муаммоларни фақат давлат идораларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди. Бунда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, илмий муассасалар ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Кодекс лойиҳасида фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг экология соҳасини бошқаришдаги иштироки, ҳуқуқ ва мажбуриятларига алоҳида ўрин ажратилган.

Экология соҳасига оид ахборотнинг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик эшитувлари ва муҳокамаларини ўтказиш, фуқароларнинг экологик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилиш жараёнида иштирок этишига шароит яратиш назарда тутилмоқда. Бу эса атроф-муҳит ҳолати тўғрисида ишончли ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш билан бирга, жамоатчилик экологик назоратининг таъсирчанлигини ҳам оширади. Зотан, аҳоли экологик қарорларнинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчисига айланиши лозим. Чунки ҳар бир ҳудуддаги экологик муаммони энг аввало ўша ерда яшаётган аҳоли ҳис этади.

 

Экологик сертификат,

аудит ва суғурта

Кодекс лойиҳасида миллий қонунчилик учун нисбатан янги бўлган бир қатор инс­титутлар таклиф этилмоқда. Жумладан, экологик сертификатлаштириш, экологик тамғалаш, «Яшил сертификат» бериш, экологик менежмент, экологик аутсорсинг ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш назарда тутилган.

Экологик сертификатлаштириш маҳсулот, хизмат, технологик жараён ва бошқа объект­ларнинг белгиланган экологик талабларга мувофиқлигини баҳолаш имконини беради. Экологик тамғалаш эса истеъмолчига табиат ва инсон саломатлиги учун нисбатан хавфсиз маҳсулотларни танлашда ёрдам беради. Бу механизм ишлаб чиқарувчиларни ҳам ресурс тежамкор, кам чиқиндили ва экологик тоза технологияларни қўллашга рағбатлантиради.

Лойиҳада ихтиёрий ва мажбурий экологик суғурта механизмларининг белгиланаётгани ҳам муҳим янгиликдир.

Авария ёки бошқа фавқулодда ҳодиса оқибатида атроф-муҳитга, фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкига зарар етказилган тақдирда, экологик суғурта уни қоплаш учун молиявий кафолат бўлади.

 

Ресурсларни асрашнинг ҳуқуқий асоси

Кодекс лойиҳасида атмосфера ҳавоси, ер, сув, ер қаъри, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ўрмонлар ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни асрашга доир нормалар тизимлаштирилмоқда. Атмосфера ҳавосини зарарли моддалар ва физикавий таъсирлардан муҳофаза қилиш, озон қатламини емирувчи моддалардан фойдаланишни тартибга солиш, экологик зоналарни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.

Ерларни муҳофаза қилиш соҳасида бузилган ерларни рекультивация қилиш, ифлосланган ҳудудлардан фойдаланиш, тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва тиклаш бўйича талаблар назарда тутилган. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер усти ва ер ости сувларини муҳофаза қилиш, оқава сувларни тозалаш, ёмғир ва тозаланган сувлардан қайта фойдаланишга доир нормалар ҳам лойиҳадан ўрин олган.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларни сақлаш, махсус питомниклар ташкил этиш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш механизмларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Замонавий экологик сиёсатнинг энг муҳим тамойили – табиатга зарар етказилгандан кейин уни бартараф этиш эмас, балки экологик хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг юзага келишининг олдини олишдир. Шу мақсадда кодекс лойиҳасида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, стратегик экологик баҳолаш, давлат экологик экспертизаси ва экологик мониторинг механизмлари ягона тизимга келтирилмоқда.

Йирик саноат, қурилиш, энергетика, транспорт ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилишидан аввал уларнинг ҳаво, сув, ер, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири чуқур ўрганилиши керак. Бундай ёндашув экологик хавфларни лойиҳа бошланишидан олдин аниқлаш ва муқобил ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.

 

Иқлим ўзгаришига мослашиш талаби

Иқлим ўзгариши – бугун фақат экологик эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка дахлдор масала. Шу боис лойиҳада иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш ва унга мослашишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Иссиқхона газлари чиқарилишини ҳисобга олиш ва чеклаш, кам углеродли технологияларни жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини кучайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланмоқда.

Бу нормалар Ўзбекистоннинг «яшил иқтисодиёт»га ўтиш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади.

Аниқ жавобгарлик:

«ифлослантирувчи тўлайди»

Экологик талаблар таъсирчан бўлиши учун уларни бузганлик учун аниқ жавобгарлик чоралари белгиланиши зарур. Бугун айрим ҳолларда экологик ҳуқуқбузарлик­лар аниқланмай, расмий қайд этилмай ёки уларга ўз вақтида тегишли ҳуқуқий баҳо берилмай қолаётгани сир эмас. Экологик зарар оқибатлари баъзан дарҳол намоён бўлмаслиги, унинг таъсири узоқ вақтдан сўнг юзага чиқиши ёки зарар манбасини аниқлаш мураккаблиги бундай ҳуқуқбузарликларни фош этишни қийинлаштиради. Шу боис экологик назорат ва мониторингни кучайтириш, жараёнларни рақамлаштириш ҳамда жамоатчилик назоратини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Кодекс лойиҳасида экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик, табиатга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти ва молиявий санкцияларни қўллаш механизмлари назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, хўжалик ёки бошқа фаолият объектларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини чеклаш, вақтинча тўхтатиш, тугатиш ёки қайта ихтисослаштиришга доир ҳуқуқий механизмлар ҳам аниқлаштирилмоқда. Бу «ифлослантирувчи тўлайди» тамойилини амалда рўёбга чиқариш ва ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг экологик масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Депутатлар олдидаги масъулият

Экология кодекси лойиҳасини янада такомиллаштириш, уни бугунги кун талабларига жавоб берадиган, ҳаётий ва самарали ҳуқуқий ҳужжат сифатида қабул қилиш жараёнида Ўзбекистон Экологик партияси зиммасига катта масъулият юкланади. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси депутатлари ҳамда 760 нафарга яқин маҳаллий Кенгаш депутатлари кодекс лойиҳасини кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш, ҳудудлардаги экологик муаммоларни чуқур ўрганиш ва асосланган таклифларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.

Янги кодекс фақат экологик муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжат бўлиб қолмаслиги керак. У табиат ва инсон манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, ҳар бир давлат органи, корхона, мансабдор шахс ва фуқаронинг экологик масъулиятини аниқ белгилаб берадиган таъсирчан ҳуқуқий механизмга айланиши зарур. Бу эса Экологик партия фаоллари ва депутатларидан ташаббускорлик, фидойилик, юксак масъулият ва ватанпарварликни талаб этади.




Ўхшаш мақолалар

Мустақил Ўзбекистон –  35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар,  натижалар ва истиқболлар

Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар

🕔11:45, 20.08.2026 ✔85

Ўзбекистон сўнгги ўн йилда том маънодаги демократик ­ўзгаришлар, жадал иқтисодий ривожланиш ва кенг кўламли ­ислоҳотлар мамлакатига айланди.

Батафсил
Жамоат  транспорти: тўлов  маданиятимиз кўзгуси

Жамоат транспорти: тўлов маданиятимиз кўзгуси

🕔11:35, 20.08.2026 ✔86

Илгари кондукторсиз автобусни тасаввур қила олмасдик. Кондукторлар тиқилиб-сиқилиб, одамларни туртиб-суртиб бир нарса қилиб йўлкирани йиғиб оларди.

Батафсил
Депутатлар форуми:  Мақсад – ҳудудлар тараққиёти ва  экологик барқарорлик

Депутатлар форуми: Мақсад – ҳудудлар тараққиёти ва экологик барқарорлик

🕔14:38, 14.08.2026 ✔201

Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, одамларимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан яшашига эришиш давлатимиз сиёсатининг бош мезонига айланди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар