Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар
Ўзбекистон сўнгги ўн йилда том маънодаги демократик ўзгаришлар, жадал иқтисодий ривожланиш ва кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди.
БатафсилЎзбекистон сўнгги ўн йилда том маънодаги демократик ўзгаришлар, жадал иқтисодий ривожланиш ва кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва ғоялари асосида қабул қилинган ва мамлакатимизни ривожлантиришнинг янгича модели ҳисобланган Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ижроси доирасида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда бу алоҳида қайд этилди. Иштирокчилар мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг давлатчилик ва тараққиёт тажрибасини, барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини муҳокама этишди. Ўнга яқин давлатлар парламентлари аъзолари, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистон тараққиётининг кейинги босқичи юзасидан фикр билдиришди.
Анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ташаббуси билан Адлия вазирлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган парламент дипломатияси бугун сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Конференцияни кириш сўзи билан очар экан. – Кейинги ўн йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Россия, Туркия парламентлари билан алоқалари динамикаси мунтазам ўсиб борди. Қонунчилик палатасининг қардош давлатлар парламентлари билан «дўстлик гуруҳ»ларининг мақоми оширилди.
Ўзбекистон вакиллари дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми ва бошқа платформаларда фаол иштирок этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилди. Бу Ўзбекистоннинг глобал парламентлар мулоқоти марказларидан бири сифатида жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Конференция ишида нутқ сўзлаган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева сўнгги ўн йилликда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган туб ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида янги ёндашувларни шакллантирганини таъкидлади.
Конференциянинг марказий муҳокамаларида конституциявий модернизация, парламентаризмни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, давлат бошқарувини инсон манфаатларига хизмат қилиш тамойили асосида янада такомиллаштириш, тарихий-маданий меросни асраш, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ҳамда халқаро ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўзаро уйғун ҳолда кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда айтилганидек, мамлакатимизнинг 35 йиллик тараққиёт йўли ўзаро боғлиқ институционал модернизация жараёни сифатида давлат, ҳуқуқ ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олди. Айниқса, сўнгги ўн йилликда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида Янги Ўзбекистон ғояси асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати, фаровонлиги ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини таъминлашга йўналтирилган янги тараққиёт стратегияси шаклланди ва изчил амалга оширилмоқда.
Парламентаризмни ривожлантириш масалалари муҳокамасида парламент роли фақат қонун қабул қилиш билан чекланмаслиги, балки қонун ижодкорлиги сифати, парламент назорати, фуқаролар манфаатларини ифода этиш, очиқлик ва жамият билан доимий мулоқот самарадорлигини ошириш билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, ислоҳотларни амалга оширишда икки палатали парламент институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳудудлар, маҳаллий вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти билан мулоқотни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида айтилди.
Миллий қонунчиликни такомиллаштириш барқарор ислоҳотларнинг муҳим шарти сифатида баҳоланди. Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги, жамиятдаги реал муносабатларга мослиги ва амалиётда самарали ишлаши қонун ижодкорлигининг асосий мезонлари бўлиши лозимлиги урғуланди.
Иқтисодий йўналишдаги муҳокамаларда таркибий ислоҳотлар натижасида иқтисодий ўсиш, инвестиция фаоллиги, хусусий сектор ва ташқи савдо имкониятларининг кенгайиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, 2025 йил якунига кўра ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 147 миллиард АҚШ долларидан ошгани, кейинги йилларда иқтисодиётга 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар жалб этилгани, ташқи савдо айланмаси 81,17 миллиард долларга етгани самарали иқтисодий сиёсат натижаси ўлароқ конференция иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.
Экологик барқарорлик ва «яшил» иқтисодиёт масалалари конференция кун тартибининг муҳим қисми бўлди. «Яшил макон» лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилгани, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилаётгани ҳамда қайта тикланувчи энергиянинг ишлаб чиқаришдаги улуши қарийб 45 фоизга етгани қайд этилди.
Конференциянинг халқаро парламентлараро мулоқот қисмида парламент дипломатиясининг ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувини ривожлантириш ва умумий минтақавий ҳамда глобал чақириқларга биргаликда жавоб излашдаги амалий аҳамияти таъкидланди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик муҳитини шакллантиришдаги роли алоҳида эътироф этилди.
Муҳокамаларда маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт-коммуникация ва экология соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро савдодаги тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона жараёнларини соддалаштириш, техник стандарт ва тартиб-таомилларни уйғунлаштириш, транспорт-логистика ҳамда рақамли боғлиқликни ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси, «яшил» технологиялар, инновациялар, таълим ва инсон капитали соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши урғуланди. Бу жараёнларда парламентларнинг қонунчилик ва парламентлараро ҳамкорлик механизмларидан фаол фойдаланиши муҳим экани қайд этилди.
Конференция якунида ялпи муҳокамалар ва тематик шўъбаларда баён этилган ёндашувлар асосида бир қатор хулосалар шакллантирилди. Хусусан, ислоҳотлар самарадорлигини нафақат қабул қилинган қарорлар, балки уларнинг инсон ҳаёти, бизнес муҳити, таълим, давлат хизматлари сифати ҳамда ҳудудлар ривожига бевосита таъсири орқали баҳолаш муҳимлиги таъкидланди.
Иштирокчилар давлат бошқаруви, қонунчилик, иқтисодиёт, инсон капитали ва ижтимоий сиёсат, экологик барқарорлик ва халқаро ҳамкорликни ягона ва ўзаро боғлиқ тараққиётнинг узвий қисмлари сифатида кўриш зарурлигини қайд этдилар. Бундай комплекс ёндашув ислоҳотларни барқарор ва узоқ муддатли натижаларга айлантириш имконини бериши таъкидлаб ўтилди.
Конференцияда билдирилган фикрлар, таклиф ва тавсиялар «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига эришишга қаратилгани билан аҳамиятли экани қайд этилди. Шу билан бирга, хорижий парламентлар ва халқаро ташкилотлар билан экспертлик алоқаларини, қонунчилик тажрибаси алмашинувини ва қўшма ташаббусларни кенгайтириш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди.
Анжуман Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт тажрибасини халқаро ва экспертлик нуқтаи назаридан муҳокама қилиш билан бирга, ислоҳотларни амалга оширишда парламент олдида турган долзарб вазифалар ҳамда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичларини белгилашда муҳим мулоқот майдони бўлди.
Иштирокчилар Янги Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнларини изчил давом эттириш, илғор халқаро тажрибани кенг қўллаш, парламентлараро ва экспертлик мулоқотини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Конференция якунида мамлакатлар тараққиёти йўлида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган мулоқотни мустаҳкамлаш, қонунчилик тажрибаси алмашинувини кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилган Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Ислоҳотлардан янги марралар сари
Абдушукур ҲАМЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари:
– Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистоннинг босиб ўтган тараққиёт йўли, бугунги ютуқлари ва келгусидаги устувор вазифалар халқаро экспертлар ҳамда парламент вакиллари иштирокидаги муҳим мулоқотлар марказида турибди. Ана шундай муҳим масалалар муҳокама қилинган халқаро илмий-амалий конференция мамлакатимизда катта воқеа бўлди.
Мазкур халқаро илмий-амалий конференцияда мамлакатимизнинг 35 йиллик тараққиёт тажрибаси, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари халқаро ҳамда парламентлараро мулоқот доирасида кенг муҳокама қилинди.
Мулоқотлар давомида инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш, парламентаризмни ривожлантириш, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Конференция доирасида инвестицияларни жалб этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтиш каби долзарб йўналишлар ҳам муҳокама қилингани айниқса аҳамиятлидир.
Мазкур конференция 35 йиллик тараққиёт йўлимизни сарҳисоб қилиш билангина чекланмай, келгуси ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва стратегик вазифаларини белгилаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бундай очиқ мулоқот ва тажриба алмашувлар «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасидаги мақсадларга эришиш, парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичи учун муҳим замин яратмоқда.
Сабине МАХЛ, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Доимий координатори:
– Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини ислоҳотларнинг марказига қўйишга қаратилган кенг кўламли ўзгаришларни алоҳида эътироф этиш лозим. Мамлакатда иқтисодий янгиланишларни ижтимоий тараққиёт, самарали давлат институтлари ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан уйғун олиб боришга интилиш яққол кўзга ташланмоқда.
Аслида Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий мантиғи ҳам шундан иборат. Улар иқтисодий трансформация, ижтимоий тараққиёт ва экологик барқарорликни, шунингдек, самарали институтлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ўзаро боғлиқ ҳолда таъминлашни назарда тутади.
Ўзбекистон бу йўналишларнинг барчасида салмоқли натижаларга эришди. Ўтган йилги Барқарор ривожланиш ҳисоботида Ўзбекистон 167 та мамлакат орасида 62-ўринни эгаллаб, ушбу рейтингда 19 поғона юқорилади.
Мамлакатда олиб борилаётган инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача қисқарди.
Азер АМИРАСЛАНОВ, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Иқтисодий сиёсат, саноат ва тадбиркорлик қўмитаси раиси:
– Озарбайжон учун Ўзбекистон нафақат дўст давлат ва стратегик ҳамкор, балки умумий тарих, маданий яқинлик, муштарак мерос ва қадриятлар, ўзаро ҳурмат ришталари билан боғланган қардош мамлакатдир. Қисқа давр мобайнида мамлакатларимиз анъанавий дўстликдан стратегик шерикликка, ундан эса иттифоқчилик муносабатларигача бўлган муҳим йўлни босиб ўтди.
Ушбу жараёнда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган муносабатлар алоҳида ўрин тутади. Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Юксак савияда ташкил этилган мазкур халқаро илмий-амалий конференция муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ўзига хос мулоқот майдони бўлди.
Людмила САПЕГО, Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши аъзоси:
– Ўзбекистон замонавий тараққиётнинг тамомила янги даврида яшамоқда. Мамлакатингизда модернизация жараёнлари жуда самарали кечмоқда ва у инсон манфаатларига йўналтирилгани учун халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда.
Биз ўзбек дўстларимизнинг муваффақиятларидан чин дилдан хурсандмиз. Ўзбекистон Беларусь учун дўст ва руҳан яқин мамлакатдир. Мамлакатларимиз ўртасидаги ишончли мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, энг аввало, давлатларимиз раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли мустаҳкамланиб бормоқда.
2026 йил июль ойида Ўзбекистон Президентининг Беларусга ташрифи чоғида икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзолангани тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Бугун парламентлараро ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилган. Дўстлик гуруҳлари билан бир қаторда, икки мамлакат парламентларининг юқори палаталари ўртасида парламентлараро комиссия ташкил этилган. У олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан парламент мониторингини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Осман МЕСТЕН, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, Туркия-Ўзбекистон дўстлик гуруҳи ҳамраиси:
– Бугун Туркия ва Ўзбекистон муносабатлари икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва самимий дўстлик туфайли юксак босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарлари яратган ана шу мустаҳкам сиёсий асос парламентлараро алоқаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Парламент дипломатияси, дўстлик гуруҳлари орқали ўзаро ишонч ва ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда. Бу ҳамкорлик парламент дипломатиясининг мавқеини юксалтиришга замин яратади. Айни пайтда Олий Мажлиснинг Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолият олиб бораётир.
Қонун чиқарувчи органлар ва парламент аъзолари сифатида жамиятларимиз ва давлат институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида зиммамизда катта масъулият бор.
Минтақамизда ва бутун дунёда кечаётган жараёнлар биздан – Туркий давлатлар парламентлари аъзоларидан – самарали ва мақсадга йўналтирилган парламент дипломатиясини амалга ошириш, янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ва аниқ натижаларга эришишни талаб этмоқда.
Мазкур халқаро конференция эса парламент дипломатиясидан янада самарали фойдаланиш ва парламентларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги қатъий интилишларимизни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон сўнгги ўн йилда том маънодаги демократик ўзгаришлар, жадал иқтисодий ривожланиш ва кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатига айланди.
БатафсилИлгари кондукторсиз автобусни тасаввур қила олмасдик. Кондукторлар тиқилиб-сиқилиб, одамларни туртиб-суртиб бир нарса қилиб йўлкирани йиғиб оларди.
БатафсилАҳоли фаровонлигини таъминлаш, одамларимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан яшашига эришиш давлатимиз сиёсатининг бош мезонига айланди.
Батафсил