Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Оларда кирар жоним, берарда чиқар...

Аслида йўқ, лекин солиқчилар рўйхатида бор шаҳарча

Оларда кирар жоним, берарда чиқар...

Мамлакатимизда шу икки йил ичида анча-мунча ўзгаришлар бўй кўрсатди. Биргина «Обод қишлоқ» дастури асосида қишлоқларимиздаги ўзгаришлар одамларнинг давлатга, эртанги кунига ишончини оширди, дейиш ўринли бўлади. Тобора чирой очиб, яшариб бораётган чекка-чекка ҳудудлардаги қишлоқ ва овуллар шаҳардан қолишмайдиган бўлди. Бу қишлоқларда аҳоли учун ижтимоий объектлар қурилди. Газ, электр, тоза ичимлик сувга бўлган талаблари қондириляпти. Йигирма-ўттиз йилдан бери таъмирни кўрмаган йўллар, кўчалар асфальт қилиняпти. Қўйингки, қишлоқда чиройли инфратузилма шакллантирилди.
Аммо шаҳар бўлиб шаҳарга, қишлоқ бўлиб қишлоққа ўхшамаган шундай манзиллар борки, у ерда яшаётган инсонларнинг дарду ҳасратини тинглайдиган валломат топилмаяпти ҳозирча. Бу қаерда дейсизми, эшитинг унда.

Қўшкўпир тумани Хонобод қишлоғидаги Хонобод маҳалласига 2011 йилда шаҳарча мақоми берилган экан. Шаҳарча бўлса шаҳарча-да, нима бўлибди, дерсиз. Ҳа, энди шаҳар деганимизда кўз олдингизга одамлар учун барча шарт-шароит муҳайё, гўзал бир гўша келади-да. Шаҳар бўлгандан кейин, шунга яраша йўл, кўркам инфратузилма, юксак маданият бўлади. Демак, Хонобод шаҳарчаси ҳам... Андак шошманг. Бунинг учун ҳали анча-мунча вақт керакка ўхшайди. Вақт бўлгандаям а-аанча кўп вақт керак. Балки ўн йиллар, балки  йигирма йиллар...
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги 68-сонли «Ўзбекистон Республикаси Аҳоли пунктларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, туман ҳокимининг 2011 йил 13 январдаги қарори билан Хонобод қишлоғидаги Хонобод маҳалласига шаҳарча мақоми берилган. Аммо мана, орадан саккиз йил ўтдики, шаҳарчада ҳеч қандай ўзгариш кўзга ташланмади.

Реактив тезлик муҳр учун саккиз йил

Майли, ҳамма нарсадан ёмонлик қидирмайлик. Бу бир шаҳарча экану, катта-катта шаҳарларда қанча муаммо тиқилиб ётган бир паллада ваҳима кўтармайлик. Бироқ масаланинг шу жиҳатини ўйлаб, энди тин оламиз деганда  «документнинг чатоқ томони» чиқиб қоляпти-да. Бу энди, тўғриси, кўпчилик учун айни адолатсизликнинг ўзгинаси.
— Маҳалламизнинг шаҳарча бўлганини биз яқинда билдик, — дейди шу маҳаллалик ўқитувчи Бектурди Қуронбоев куйиниб. — Бундан саккиз йил олдин маҳалламиз шаҳарча мақомини олгани билганларнинг ҳам ёдидан кўтарилиб кетган. Аммо буни солиқчилар асло эсдан чиқаришмайди-да.
Ҳа, Хонобод маҳалласи билан ёнма-ён яшаётган иккита хонадон икки хил ер солиғи тўлашга мажбур. Чунки шаҳарча мақомидаги аҳоли ер солиғини 42 минг сўмга кўп тўлаши Солиқ кодексида аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. 
Халқимиз қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, деган иборани топиб айтган. Зотан, хонободликларнинг куйингани ҳам ортиқча ер солиғи тўлаётганида эмас, балки маҳалласи шаҳарча бўлиб, етарли шарт-шароит яратилмаётганида.  Маҳалла аҳли бу тўғрида туман халқ қабулхонасига мурожаат қилишган. Уларнинг бу мурожаатларига туман ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов имзоси билан 4 февраль куни ­ЖР-Қ-36-сонли жавоб хати келган. Унда «Фуқаро Б.Қуронбоев мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 мартдаги 68-сонли «Ўзбекистон Республикаси Аҳоли пунктларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, туман ҳокимининг 2011 йил 13 январдаги  қарорига асосан, туманнинг Шихмашҳад, Шеробод, Хонобод, Ўртақишлоқ, Қоромон маҳаллаларига шаҳарча мақоми берилгани сабабли ер солиқлари шаҳарча ставкасида тўланиб келаётгани тушунтирилди. Шунингдек, фуқаро Б.Қуронбоевга келгусида босқичма-босқич шаҳарча мақоми берилган маҳаллаларга муҳр ва штамп ўзгартирилиши тушунтирилди».
— Во ажабо, — дейди ушбу жавоб хатини ўқиган шикоят муаллифи. — Шу ўтган саккиз йил мобайнида ҳали муҳр ва штампни ўзгартириш босқичига етиб кела олмабмиз-да. Демак, бу ҳудуд ҳатто юридик мақомга ҳам эга эмас экан-да?! Унда нега биз саккиз йилдан бери шаҳар тарифи бўйича солиқ тўлаб келяпмиз?!

«Тез ёрдам»га  тез ёрдам зарур

Хонобод қишлоғи бешта: Хонобод, Дурдона, Олтин воҳа, Қадрият ва Кўктом маҳалларидан иборат. Уларда оз эмас, кўп эмас ўн саккиз минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шу биргина шаҳарча мақомини олган Хонобод маҳалласининг ўзида беш ярим минг нафар аҳоли умргузаронлик қилади. 
Маҳалланинг марказий кўчаларида яшовчи хонадонлар зангори оловдан, водопроводдан фойдаланишаётган бўлишса, шу маҳалланинг Диндом, Акунда каби участкаларидаги минг нафарга яқин аҳолининг яшаш шароити ачинарли. Газ тармоқдан узилган. Ичимлик сув йўқ. Ички йўлларни-ку сўрамай қўяверинг.
Қишлоқдаги йўлларнинг ҳаммаси ўта абгор аҳволда. Ариқ-зовурларнинг устига қурилган кўприклар аянчли ҳолатда. Тўғриси, қишлоқ йўл ва кўприкларига бу яқин йигирма беш йилларда умуман эътибор берилмаган.
Шаҳарча мақомини олган Хонобод маҳалласидаги врачлик пунктини бундан бир ярим йиллар бурун Кўктом маҳалласидаги қишлоқ врачлик пунктига кўчиришиб, у ерни оилавий поликлиника қилишган эди. Тўғрироғи, ҚВПни «шаҳарча»дан олиб, қишлоққа кўчиришди. Оқибатда беморлар саломатлигини тиклаш учун қишлоқнинг бу бошидан у бошига қатнашга мажбур бўлишди. Масофа кошки яқин бўлса… Салкам олти-етти километр. Баъзи маҳаллаларга ўн километр ҳам келади. Бундай ясама оворагарчиликдан хонободликлар қаттиқ ранжишиб ёз-ёз қилишди. Натижада, эски ҚВП таъмирланиб, оилавий поли­клиниканинг филиалига айлантирилди.
Хонобод қишлоғи туман марказидан ўн километр масофада бўлса-да, ­оилавий поликлиника қошида тез ёрдам хизмати ташкил қилинмаган.
— Қишлоқ оилавий поликлиникасига тез ёрдам машинаси берамиз, дейишганига ҳам икки қовун пишиғи ўтди, аммо натижа кўринмаяпти, — дейди шу маҳаллада яшовчи онахон Азиза Матназарова. — Тез ёрдам машиналари учун тураргоҳларни ҳам пул йиғиб тахт қилиб қўйгандик.
Хонобод маҳалласида иккита умумтаълим мактаби ва битта мактабгача таълим муассасаси ишлаб турибди. Аммо 48-мактабнинг торлиги боис ўқувчилар эмин-эркин таълим олишлари анча қийин кечмоқда.
Маҳаллада кўзга кўринарли тадбиркорлик объектлари йўқ. Бу аҳолини иш билан таъминлаш ҳам қониқарли аҳволда эмас, деганидир.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бизга қачон етиб келар экан, зора, қишлоғимиз... и-е кечирасиз, шаҳарчамиз ҳам чиройли бўлиб қолармиди… Ана ўшанда келган меҳмонларга «Мана шу бизнинг Хонобод бўлади!», деб мақтаниб қўярмидик», дейишмоқда хонободликлар.
Ҳурматли хонободликлар! Ниятни холис қилаверинг, зора, сизларнинг муаммоларингизни мутасадди раҳбарлар эшитиб, амалий чора кўришса, ажабмас!

Болтабой Муҳаммад 
ҚУРБОН




Ўхшаш мақолалар

ЮНЕСКО ёшлар форуми:  Иқлим ўзгариши  муаммолари  ва ечимига асосий  эътибор  қаратилди

ЮНЕСКО ёшлар форуми: Иқлим ўзгариши муаммолари ва ечимига асосий эътибор қаратилди

🕔16:36, 30.10.2025 ✔20

Самарқандда бошланган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қадимий шаҳарда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Батафсил
Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔48

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔75

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар