ЮНЕСКО ёшлар форуми: Иқлим ўзгариши муаммолари ва ечимига асосий эътибор қаратилди
Самарқандда бошланган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қадимий шаҳарда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми бўлиб ўтди.
БатафсилСайҳон ерга ниҳол экилса, йиллар ўтиб бу ер кўркам манзара касб этади. Қўр тўка бошлаган дарахт соясида одамлар ҳузур топадилар. Мевасидан тотиб, роҳатланадилар. Эски иморатлар ўрнига янгилари тикланса, манзиллар янада кўркамлашади. Йўллар кенг ва равон бўлганида эл-юрт тароватига кўрк қўшилади. Аслида буларнинг барчаси одамзоднинг ободликка интилиши меваси.
 
							Кишининг ободликка интилиши даставвал унинг яшаётган манзил-маконидан бошланади. Ҳовлига турфа гуллар экиб, хонадонни саранжом-саришта тутишнинг ўзи ободлик дебочасидир. Бундай гўзал ва тароватли манзара кўнгилга кўчирилса-чи, бу эса инсон интилиши керак бўлган энг асосий мақсад саналади.
Ҳовли ва хонадондаги бетартиблик хунук кўринишни келтириб чиқаради. Хунуклик кўзга ташланган ондаёқ диллардаги хижиллик, изтироб  алангаланади. Бундай ёмон манзаралар орасида яшаш, мутахассисларнинг фикрига кўра, умрнинг қисқаришига ҳам сабаб бўлар экан. Буни чуқур англаб етганлар манзил-макони вайрона, хароб аҳволда бўлса, таъмирлашга, кўркамлантиришга ҳаракат қилади. 
Аждодларимиз кўнгил ободлигига азалдан энг муҳим масала сифатида эътибор қаратишган. Инсон сўлим ва гўзал масканда яшаб туриб ғам-аламлардан дили зада бўлса, ҳаёт нашъаси унга татиши даргумон. Муаммо ёхуд дарду ҳасратлари қалашиб ётган кенг ва чиройли гўшалар ҳам кўзига тор ва файзсиз кўринади. Ундан ҳол сўргувчи, ҳасратини тинглаб, таскин ва зарур маслаҳатларни бергувчи топилмаса, дили вайронага айланиб бораверади. 
Донолар инсон инсоннинг ҳолидан огоҳ бўлишини одамийлик шеваси деб талқин қилишган. Ўксиб турган кишидан ҳол сўрашнинг савоби нақадар  чексизлиги ҳақида кўп таъкидланиб, ҳатто бу иш муқаддас қибламиз саналмиш Каъбани зиёрат қилиш, уни обод этиш билан тенглаштирилган. 
Айниқса, Алишер Навоий асарларида бу мавзуга тез-тез мурожаат қилинади.
Васл ила қилғил бузуғ кўнглим 
иложинким, қилур
Шоҳ адл этмак била 
вайроналар таъмирини, 
дея хитоб қилган бобомиз «Бадоеъ ул-васат» девонидаги ғазалларидан бирида. 
Дарҳақиқат, хаста, дардманд, дили ўксиган кишилардан ҳол сўраш — шоҳлик маснадидаги тадбирлар билан тенг. Чунки ҳол сўрагувчи кўнгил муҳитидан хабардор бўлади. Кўнгил кошонаси нималар билан зийнатланган? Ҳаёт ишқи деб аталмиш нақшу нигорларни ғамнинг қора дудлари босиб қўймаяптими? Дард тўзони шодлик чаманини пайҳон этмадими? Булардан воқиф бўлиш улуғ мансаб эгаларига хос фазилатдир. Шу боис ҳам Алишер Навоий ҳижрондан изтироб чекаётганида қошига ҳол сўраб келган дўстни шоҳ маснадига кўтаради. Чунки аҳволи руҳияга ўз дийдори ила фараҳлик бағишловчи дўст — ўксик кўнгил учун одил ҳукмдор саналади. Ғамгин дил соҳиби эса дўстнинг қошида ўзини мададга муҳтож фуқародай ҳис этади.
Бошқа бир ғазалида ҳазрат Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг 
хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, 
обод айлагай,
деб ўзининг қимматли сабоғини берган.
Каъба қадимий Ҳижоз ўлкасининг Макка шаҳрида жойлашган. Уни ҳаёти давомида имкон топган одам ҳеч бўлмаганда бир марта зиёрат қилиши мусулмонлар учун фарз амал ҳисобланади. Хўш, инсон учун бу табаррук маскан каби азиз ва авлороқ бўлган ўзга бир маъво борми? Алишер Навоий одамзод кўнглини Каъбатуллоҳ сингари қадрли деб билишга чақиради. Ўзгалардан ҳол-аҳвол сўраш, чорасизларни қўллаб-қувватловчи бўлиш нафақат Каъбани зиёрат қилиш, балки уни таъмирлаб, қайта тиклаб, обод этиш билан тенг экани даҳо шоир дарсларида жуда кўп бора уқтирилади. 
Айтишларича, ер юзидаги Каъбатуллоҳнинг нақ тепасида — еттинчи фалакда Парвардигорнинг Байтул Маъмури жойлашган экан. Байтул Маъмур — Аллоҳнинг самовотдаги уйи сифатида таърифланади. Ҳар куни ушбу муқаддас даргоҳни лак-лак фаришталар зиёрат қилиши тўғрисида бир қанча диний-маърифий манбаларда айтиб ўтилади.
Байтул Маъмур — Аллоҳнинг қудрати, қодирлиги, раҳиму раҳмонлиги, жобиру қаҳҳорлиги тимсоли. Таъкидланишича, Байтул Маъмур ўн саккиз минг оламга маъмурлик қилинадиган бошқарув қароргоҳи саналади. Нақ унинг остида — ер юзининг марказида Каъбаи муаззама жойлаштирилиб, мўминлар учун зиёратгоҳ қилиб берилган. Уни Аллоҳнинг ер юзидаги уйи, деб эътироф қилинади. Ҳақиқатда эса Парвардигорнинг жойи ломакондир, деб уқтиради ҳикмат соҳиблари. «Ломакон» сўзи  маконсиз, аниқ манзил, қўналғасиз деган маъноларни англатади.
Дарҳақиқат, Аллоҳ ўз қудрати чексизлигидан келиб чиқиб, макон ва манзилга муҳтож эмас. У чиндан ҳам ломакондадир. Уни бандаси қаерда ва қачон истаса, У ўша ерда ҳозирдир. У яқинлашган бандага яқин, юзланганнинг рўпарасидадир. Инсон ўзи севган, ёқтирган кишисига уйининг тўридан жой бергани каби Яратганга қалбидан жой беради. Шу боис ҳам қалб Аллоҳнинг назаргоҳи дея талқин қилинади. Инчунун, кўнгил, қалбнинг қадр-қиммати  пурфайз Каъбаники билан тенгдир.
Юз Каъбадан ортуқдур
Бир Каъба зиёрати,
деб ёзган эди ўрта аср турк мутасаввиф шоири Юнус Эмро. 
Нетай, Бедил, бориб обод Каъба,
У бўлмас дилдаги вайроналарча,
дея ҳайқирган экан ўз даврида Мирзо Абдулқодир Бедил. Алишер Навоий бу хитобларни  янада жонлантириб: 
Эрурсен шоҳ — агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен сен — шоҳсен сен,
дея бонг урган ўзининг «Хамса»сида.
Аслида ҳар бир инсон ўз руҳий дунёсининг ҳукмдори. Унинг адолат ва одамийлик тамойилига нечоғли содиқлиги қалб салтанати — сийратидан белги беради. Сийрати пок инсонлар эса ўзгалар кўнглини муқаддас ва муаззам гўша деб билади ва уни ҳамиша ардоқлашга, зиёрат қилишга ошиқади. Зеро, буни мир Алишер Навоийнинг мангуликка дахлдор сабоқлари ҳам шууримизга нақш этиб туради. 
Эрпўлат БАХТ
Самарқандда бошланган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қадимий шаҳарда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми бўлиб ўтди.
БатафсилБугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
БатафсилЎзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил