Давр нафаси      Бош саҳифа

Ўжарлик қилманг

У ғурур ҳам, қатъият ҳам эмас, одамнинг обрўсини туширадиган иллатдир

Ўжарлик қилманг

Ўжарлик ўжарликдан бошқа нарса эмас. У одамни бошқалар, ҳатто баъзан мутахассислар маслаҳатини олишдан ҳам чалғитади, худбинликка чорлайди. Ўжарлик кўзга жуда тез ташланадиган камчилик, шу сабабли бундай кишиларни кўпчилик ёқтирмайди, иложи борича, улар билан мулоқотдан қочишади. Аммо…
Сизга тиш қайраган қўшнингиз, мерос учун талашган қариндош ёки тепангизда турган раҳбардан қандай қочиб қутуласиз? Баъзан тушунмовчиликнинг бошланишида битта гапдан қолишни истамаймиз, яъни ўжарлик қиламиз. Натижада «бир сўзлиман», «ғурурлиман» деган тушунча бизни низо ботқоғига бошлайди. Бу ботқоқдан чиқиш осон эмас. Ўн, йигирма йиллаб бир-бири билан судлашган, бир-бирининг устидан ёзиб, идорама-идора «сарсон» бўлган, кўпларнинг бошини қотирган ва пировардида… юрак хасталигига учраган, жамоатчилик ўртасида обрўси тўкилган, аммо ҳамон ўжарлигини қўймаётганлар ҳаёти бунга мисол.
Ўжарлик кўзни кўр, қулоқни кар қилиб қўяди, ўчакишиш, хусуматни бошлайди. Негаки, у бир сўзлилик ёки характердаги ўзига хослик эмас, балки илмсизлик, жаҳолат ва фаросатсизлик оқибатидир. Унинг шиори оддий: «Мен сенга кўрсатиб қўяман кимлигимни!»
Вилоят ҳокимининг сайёр қабулларида бу иллатнинг нечоғлик зарарли эканлигига гувоҳ бўлдим. Икки қўшни бир қарич ер учун 10 йилдан бери бир-бирини судга беради. Самарқанд шаҳрида яшовчи бу фуқаролар бир-бирининг устидан 200 марта ариза ёзган. На маҳалла фаолларининг, на мутахассиснинг, на назорат ва ҳуқуқ органларининг гапига кўнишади. Ваҳоланки, ўртадаги нураб бораётган деворни биргаликда 20 сантиметр суриб, қайта қурса бўлади. Оқибат шу бўлдики, қўшнилар уларникига кирмай қўйишди, асаббузарликдан бири инфарктга учради, иккинчиси суддан қайтаётиб оёғини синдириб олди.
Ўжар одам бора-бора қонунни, кейинчалик ўзини ҳам ҳурмат қилмай қўяди. Сўзига, фикрига қарши чиққанни душман деб билаверади. Уй можароси туфайли Ургут ва Пахтачида шундай ҳолатга тушган ота ва ўғиллар муносабатини кўриб, очиғи, юрагим оғриди. Баъзан бундайларга Худодан бошқанинг бас келишига ишонмай қоласан, киши.
Наҳотки, бундайларга Амир Темур билан муносабатда Йилдирим Боязиднинг не ҳолга тушгани сабоқ бўлмайди? Тўғри айтасиз, бундай кимсалар китоб ўқимайди, маърифатли даврага бормайди.
Давлатимиз раҳбари қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилабгина қолмасдан, уни янги босқичга кўтаргани бизга намуна эмасми? Бизга тескари муносабатда бўлган давлатларнинг эндиликда юртимизга хайрихоҳ бўлаётгани ўжарлик эмас, муросаю мадора, самимият натижаси эканини ҳаммамиз биламизми? Бундан ташқари, ўчакишиш, ўжарлик туфайли мана-ман деган давлат раҳбарлари ўз юртини таҳликага солиб қўяётгани-чи?
Ўжарликдан қочиб бўлмайди, уни четлаб ўтиш ҳам мумкин эмас. Бу касаллик инсонни ич-ичидан емиради. Бошқалар билан ҳисоблашмаган кишини бора-бора ўша бошқалар ҳам қадрламай қўяди. Ўжарлик жамиятга жиддий зарар келтиради, шундай экан, бу иллатга қарши кўпчилик бўлиб курашайлик. Арзимаган сабаб билан ўжарлик қилаётганларга ўз вақтида дашном беришни, керак бўлса, қонун доирасида чора кўришни ўрганайлик. Токи, бундайлар ўз хатти-ҳаракати кўпчиликка ёқмаётганлигини тушуниб етсин.
Ўғлини у истамаган ўқишга ёки ишга қўймоқчи бўлган ота-она, қўшнисининг арзимаган хатосига ёпишиб олганлар, қудасидан иллат қидиришни касб қилганлар, бирор хулоса айтишдан олдин бир тўхтаб, ўйлаб кўринг, ўша одамнинг ўрнига ўзингизни қўйинг, феълингизни бироз кенг қилинг… Кўп ўтмай бошқача одам бўласиз.
Сиз нима дейсиз? Келинг, шу гал ўжарлик қилманг, фикримга қўшилинг, ахир ич-ичингизда сиз ҳам шундай ўйлаяпсизку, тўғрими?
Фармон ТОШЕВ




Ўхшаш мақолалар

Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди

Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди

🕔15:23, 23.07.2026 ✔7

Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл

Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.

Батафсил
Экология кодекси:  Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг  ҳуқуқий  асоси зарур

Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур

🕔13:31, 20.07.2026 ✔69

Айни пайтда Ўзбекистон Респуб­ликаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Батафсил
2030 йилгача  асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва  «яшил шаҳар»  бунёд этиш  Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди

2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди

🕔15:58, 09.07.2026 ✔194

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар