Долзарб мавзу      Бош саҳифа

СЎХДА НИМА ГАПЛАР?

Икки халқ ва миллатнинг азалий дўстлиги сувда оқиб кетмасин!

СЎХДА НИМА ГАПЛАР?

Сўнгги кунларда Фарғона вилоятининг Сўх туманида бўлиб ўтган воқеалар кўпчиликни ташвишга солди. Мана шу ҳолат, шу воқеалар сабаб юзага чиққан бу ҳудуд аҳолисининг неча йиллик дарду ташвишлари нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки халқаро миқёсда муҳокамалар марказига чиқди.

Гап шундаки, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикасининг Сўх тумани ўзбек-қирғиз чегарасидаги Чашма булоғида қирғизистонлик ва ўзбекистонликлар орасида жанжал келиб чиққан. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари ҳам хабар қилди. Юзага келган вазиятни бартараф этиш учун икки давлат маҳаллий ҳокимиятининг масъул раҳбарлари воқеа жойида учрашишган.
Аммо бу масала шу билан тўлиқ тинчиб кетмади. Сўх тумани аҳолисининг сабрини синаб келаётган неча йиллик муаммоларнинг кичик кўриниши эди аслида бу муаммо. Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ ҳудудда жойлашган Сўх тумани аҳолисини сув ва яйловлардан фойдаланиш, чегарадан ўтиш муаммолари доимий қийнаб келган.
Юз берган муаммо ҳам сув туфайли келиб чиққан. Ўзбекистон ва Қир­ғизистон Республикалари чегарасида жойлашган Чашма қишлоғининг чашма булоғи олдида икки давлат фуқаролари ӯртасида катта жанжал чиққан. Вужуд­га келган тошбўрон натижасида кўп киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган, дея хабар тарқатди Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.
Вазиятни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Президенти топшириғига асосан Сўх туманига Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош вазири Абдулла Арипов етиб борди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан Боткен вилоятидаги «Чечме-Автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида учрашди. Учрашувда ДХХ раиси Абдусалом Азизов ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам иштирок этди. Учрашув чоғида икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида юз берган можаро муҳокама қилинди.
Томонлар давлат чегарасининг Ўзбекистон-Қирғизистон қисмида содир бўлган воқеадан афсусда эканини билдириб, вазиятни тўғрилаш, унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик ва чегара ҳудудларидаги ҳолатни юмшатиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришга чақиришди.
Икки давлатнинг илгари эришилган келишувларга содиқлиги ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга конструктив ёндашуви алоҳида қайд этилгани айтилди. Шунингдек, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов икки томонлама ҳамкорлик ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Шундан сўнг, икки мамлакат вакиллари воқеа содир бўлган жойга ташриф буюришди. Жанжал натижасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги учта хонадонда ёнғин келиб чиққан. «Зарар кўрган оилалар хонадонларини қисқа муддатда тиклаб берамиз, – деди Абдулла Арипов. – Чашма булоғи – бу мўъжиза, инсонларга Яратган томонидан берилган неъмат. Шунинг учун, бу муқаддас чашмадан ҳам бизнинг фуқаролар, ҳам қўшни республика фуқаролари бирдек фойдаланишади».
Келишувга биноан, чашма булоғининг атрофи панжара билан иҳоталаниб, унинг ҳудудида замонавий дам олиш маскани барпо этиладиган бўлди.
Сўнгра «Чечме-Автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида икки давлат фуқароларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга А.Арипов ва К.Бороновлар бошчилик қилишди. Учрашувда икки халқ ва миллатнинг дўстлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик ришталари асрларга татигулик эканлиги қайд этилди.
«Бизнинг дўстлигимиз минг йиллардан сарчашма олади. Бизнинг бозоримиз ҳам, мозоримиз ҳам бир. Бўлиб ўтган воқеалардан зарурий хулоса чиқариб, дўстлигимизни мустаҳкамлашга албатта эришамиз», – дейишди икки халқ жамоатчилик вакиллари.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Сўх тумани аҳолиси билан учрашув ўтказди. Учрашувда аҳоли вакиллари ҳукумат раҳбарига ўзларини қийнаётган муаммо ва камчилик­лар ҳақида гапириб, уларнинг ечилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўрашди. Бош вазир яқин кунларда туманда ободончилик ишлари бошланишини маълум қилди. Бунга минг нафар ёшлар жалб этилиши таъкидланди. Қўшни республика билан келишилган ҳолда яйловлардан фойдаланиш, сув муаммосини ҳал этиш, туманда жойлашган Қайроқ, Жавпая, Тоён массивларини ўзлаштириш ва шу йўл билан аҳоли ўртасида ишсизлик муаммосини ҳал этилишига эришилиши айтилди. Маҳаллий аҳолини қийнаётган энг асосий масала – йўл муаммоси ҳам ўртага ташланди. Сўх – Риштон йўли ҳам икки давлат ҳукуматининг ўзаро келишувига биноан очилиши таъкидланди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги ҳал этилмаган ҳудудлар бўйича ҳам делимитация ва демаркация ишлари бир вақтда амалга оширилиши алоҳида айтиб ўтилди.
Бош вазир Сўх тумани марказий шифохонасига бориб, беморлар ва жароҳат олганлар ҳолидан хабар олди. Оғир аҳволдаги яралаганларни вилоят марказий шифохоналарига етказиш учун санавиация хизмати сафарбар этилди.
Ижтимоий тармоқларда мазкур можароларга дахлдор бўлган турли видеолар, хабарлар тарқалишда давом этмоқда. Ҳар ким ўз тафаккури доирасида фикр билдиряпти, муносабатини айтяпти. Аввало шуни таъкидлаш жоиз, туман аҳолиси жуда катта талаб ёки шартларни қўяётгани йўқ. Шунчаки, асрлар давомида ота-боболари фойдаланиб келган ер-сувдан тинчгина фойдаланиб яшаш, Фарғона ёки бошқа ҳудудларга бехавотиргина йўллардан бориб-келиш.
Агар Сўх туман ёки Фарғона вилоят раҳбарлари халқнинг мана шу ҳақли талабларини ўз вақтида эшитиб, уни қўшни республиканинг тегишли ҳудудлари раҳбарлари билан муҳокама этганида, муросаю мадора қилишганида балки мана шу можаро ҳам бўлиб ўтмас, муаммо ҳукумат даражасигача чиқиб кетмаган бўлар эди эҳтимол. Қанча-қанча хонадонларга нотинчлик хавф солмас эди ўшанда. Видеоёзувлардан англашиляптики, йиллар давомида қайсидир даражадаги раҳбар келиб бу жафокаш элнинг дардига қулоқ тутмаган, улар билан дўстона гаплашмаган. Вилоят раҳбарлари қачондир борган бўлса ҳам фақат расмий йиғилишларга бориб, расмий одамлар билан учрашиб қайтишган холос.
Ҳукумат раҳбарининг ташрифидан сўнг, 2 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ва бир гуруҳ вазирлар Сўх туманига боришди. Мутасадди раҳбарлар Президент топшириғига асосан эсклав ҳудуддаги муаммоларни ўрганиб, дастур тайёрлаш ва бу орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун ташриф буюришган. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган суратларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Қишлоқ хўжалиги, Халқ таълими вазирлари ва бошқаларни кўриш мумкин.
Вазирликлар, уларнинг вилоят бош­қармалари раҳбарлари вазиятни барқарорлаштириш, ижтимоий-сиёсий ҳолатни яхшилаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида манзилли бирламчи вазифалар дастурини ишлаб чиқдилар.
Айни дамда Сўх тумани аҳолиси ва фаоллари вужудга келган вазиятни юмшатиш борасида ҳукумат вакиллари билан биргаликда ҳаракат қилмоқда.
Ҳа, Сўх тумани аҳолиси ҳам юртимизда бўлаётган ўзгаришлар жараёнига катта умид кўзи билан қараб тургани аён. Улар ҳам сўнгги ўн йилликларга чўзилган муаммолари тезроқ барҳам топиши учун борларини беришга тайёр. Кеча ҳукумат раҳбари билан бўлган учрашувда бу яққол ўз ифодасини топди. Умид қиламизки, айтилган гапларнинг ҳаммаси тез орада амалга ошади. Шу вақтгача ўзининг кўрку чиройи ва жозибаси билан барчани ўзига мафтун этиб келган бетакрор Сўх тумани бундан кейин ҳам Фарғона водийсининг энг гўзал масканларидан бири бўлиб қолади.
Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар