ёхуд танқидни ўз вақтида «эшитмаётган» раҳбарлар қачон уйғонади?
Сўнгги кунлардаги икки ҳолат бугун айрим раҳбарлар қонунга, умуминсонийлик принципларига эмас, кўпроқ ўзидан юқори турувчи «катта»ларнинг ёки жиддий таъсир кучига эга бирор шахсларнинг муносабатига қараб иш тутишини кўрсатиб қўйди. Аслида ҳар қандай муаммоли ҳолат юзасидан биринчи бўлиб муносабат билдириши керак бўлган раҳбарлар ҳамон кимлардандир имдод кутиб тургани жуда ачинарли ҳолдир.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди. Айримлар оммавий ахборот воситаларининг саволларига, оммавий ахборот муҳитини яратишга чидамаяпти, адолат овозини эшитишни хоҳламаяпти. Лекин мажбур бўлади. Ёки хайрлашамиз», дея бежиз таъкидламади.
Мисол учун, Наманган вилоятида МИБ ходимлари ҳаракатига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл билан боғлиқ гап-сўзлар тинмаяпти. Аввалига ўша аёл уйни ноқонуний сотиб олгани, унинг руҳий ҳолати яхши эмаслиги ҳақидаги гапларга ҳам ишонтирмоқчи бўлишди.
Аммо ижтимоий тармоқларда гап-сўзлар тинмаганидан кейин мавзу анчайин жиддий тус ола бошлади. Кеча Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг телеграмдаги саҳифасида «Биз, ҳозирги кунда журналистлар ҳамжамияти билан биргаликда иккита шов-шувли ҳолатни бирлаштирган «Аёллар мусибатда» мавзусидаги воқеаларни кузатиб бормоқдамиз. Мен учун, ҳам аёл, ҳам она ва гендер тенглиги комиссиясининг аъзоси сифатида бу жуда муҳимдир…» деб ёзганидан сўнг негадир бу масала маҳаллий раҳбарларнинг ҳам бирдан «эсига тушиб» қолибди.
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ўзини ёқиб юборган Гуландом Дадабоеванинг хонадонига борибди. «Бу йигитлар менинг ҳимоям ва қанотим остидадир. Наманганда барча соҳада адолатсизликка қарши курашамиз», дебдилар ҳоким бува. Марҳуманинг 15 ва 12 яшар ўғиллари муносиб шароитларда вояга етишларида ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлабди.
Албатта, вилоят ҳокими марҳуманинг фарзандларига ғамхўрлик кўрсатишга ваъда бериши таҳсинга лойиқ. Аммо шунча кундан бери ҳеч бўлмаса вилоят МИБ, ИИВ бошлиқлари, суд раҳбарлари бу масала юзасидан нега бир оғиз ҳам муносабат билдириб қўйишмади?
Нега шунақа? Нега аксарият раҳбарлар, айниқса ҳокимлар масаланинг адолатли ва ҳаққоний томонига эмас, «юқори»нинг шунга реакциясига қараб ҳаракатни бошлайди? Нима учун ўз позициясини билдиришда адолатга эмас, унга нисбатан «каттаконлар» фикрига қараб туришади?
Ёки Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи, вилоятнинг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўзғатилган жиноят ишини олайлик. Бу иш бўйича айбловлар обдан илгари сурилди ва ЖКнинг тегишли моддалари билан айбланувчи тариқасида ишга жалб қилингани ҳамда суднинг ажрими билан унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилгани маълум қилинди. Ҳатто «ZOʻR TV» айбсизлик презумпцияси ҳамда журналистика қонун-қоидаларига зид равишда «журналистик суриштирув» тайёрлаб эфирга узатди.
Буни қарангки, яқинда Сенат раиси Танзила Норбоева ушбу масала юзасидан муносабат билдириб, «Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг кичик ёшдаги болалари борлигини эътиборга олиб, иш бўйича суд ҳукми чиқмагунича уни қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди», дея гапирганидан сўнг вазият бутунлай бошқа томонга ўзгариб кетди.
Кўп вақт ўтмай, шифокорга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Тошкент вилоят прокуратураси расмий баёнот берди. Баёнотда айтилишича, Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган «қамоқ эҳтиёт» чораси «уй қамоғи» эҳтиёт чорасига ўзгартириш юзасидан Чирчиқ шаҳар прокурори томонидан судга тегишли илтимоснома юборилган ва суд томонидан прокурор илтимосномаси қаноатлантирилган.
Энг қизиғи, «жанг»дан кейин яна «қаҳрамон» топилди: «Гулжаҳон Йўлдошева аёл киши эканлиги ҳамда қарамоғида 6 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олган ҳолда, прокуратура идора ларидан бошқа эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқишни сўрайди», дея Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирибди.
Афсуски, бундай мисоллар кўп. Мажбурий меҳнат дейсизми, ўқитувчиларни бошқа ишларга жалб этиш масаласи дейсизми, ички ишлар идорасида бир аёлга таҳқирона муносабат дейсизми… Аксариятида масала анча шов-шув бўлиб, давлат раҳбари шу ҳақда гапирганидан кейингина бошқа раҳбарлар «ғимирлаб» қолишган эди.
Хуллас, айрим саволларга қанчалик жавоб қидирмайлик, барибир ўша аёл қайтиб келмайди. Ўша вақтда аёл қаршисида турган қатор давлат хизматчиларидан бирини тўғри қарор қилишга ундай олмайди. Чунки бўлган иш бўлиб ўтди, вақтни орқага қайтариб бўлмайди.
Қачонки ҳамма соҳанинг хизматчиси ўз вазифаси доирасида адолатли қарор қабул қилмас, ҳар бир раҳбар масалага позициясини белгилашда «юқори»нинг имо-ишорасига қараб тураверар экан, қанча ҳамюртларимиз адолатсизлик олови ичида қолиши давом этаверади.
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔13
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔71
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔195
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил