«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЯқинда мусиқа эшитиш баҳонасида бир неча диск сотиб олдим. Асосан аралаш терма шаклдаги дисклар. Уларнинг афишасидаги номланишларни ўқиб, шунчалик ҳам эътиборсизлик бўладими, дея ҳайрон қолдим.
Аввалига дискларни қайтариб бермоқчи ҳам бўлдим, бироқ мен буларни қайтариб берганим билан нима ўзгарарди, яна шу ҳолат давом этаверади-да. Агарда ана шундай ачинарли вазиятни кенг жамоатчиликка билдирсам, уларнинг эътиборига ҳавола этсамгина бирор ижобий натижа бўлиши мумкин.
Ҳали ёш, устоз кўрмагани важидан ҳар мақомга йўрға лаётган қўшиқчиларнинг ўзларига нисбатан эътиборсизликлари, очиғи, мени ажаблантирди. Уларга реклама бўлса бўлди, ижод маҳсуллари интернет саҳифаларидан жой олса бас. Қолган нарсалар иккинчи даражалидек гўё. Ҳатто ўз исм-шарифининг замонавий порталларда қандай ифодаланаётгани ҳам уларни анчадан буён қизиқтирмай қўйган. Бугун қўшиқчини ҳам, қўшиқни ҳам ўзларининг наздича «хит» қилиб юбораётган мусиқа порталлари билиб-билмай маънавий жиноятга қўл уришмоқдаки, буни дискларнинг муқовасига қараб ҳам билиб олиш мумкин. Ўз исми хато ёзилгани билан ҳеч ҳам қизиқмаётган «юлдуз»ларимиз ердан шу қадар олислаб кетишганки, уларга нисбатан қилинаётган ҳурматсизликдан ажабланишмайди ҳам. Дисклардан бирини компьютерга қўйдим. 30 сонияли мусиқадан сўнг, аниқроғи, қўшиқчи энди хонишини бошлайман, деб турган пайтда ғалати вазиятга гувоҳ бўлдим. Тўсатдан кимнингдир ёқимсиз овози мусиқанинг ичидан чиқиб келиб, қўшиқчи хиргойисини бўлиб, «Уз клуб нуқта нетда экскульюзив премьера» ёки «Уз клуб нуқта нет юлдузлар биз билан яқинроқ», «Энг сара қўшиқлар бизда», «Сиз севган мусиқий портал, энг сара хит тароналар», «Энбике студиё нуқта уз», «Вой-дод нуқта нет тақдим этади»... дея қичқира бошлайди. Бу нима, ўз-ўзини мақташми ёки ўзига ўзи чапак чалиш?
Миллатимизнинг ахлоқ қоидаларида суҳбатдошнинг ёки сўзлаётган инсоннинг фикрини бўлиш қаттиқ танқид остига олинади. Гарчи унинг фикри нотўғри бўлса ҳам, у сўзини тугатгандан сўнггина сизга фикр билдириш имкони берилишига оила ва мактаб тарбиясида алоҳида эътибор қаратилади. Эҳтимол, буни порталларнинг ўзига хос рекламаси дегувчиларга, яна бир изоҳ. Ана ўша «ҳайқираётган» мусиқий порталлар санъаткорнинг хонишига луқма ташлашдан кўра, пештоқларига қўшиқчининг исм-фамилиясини бехато ёзишни уддалашса-чи?.. Қаерда, қачон гапиришни билган одамнинг имлоси ҳам бехато бўлиши керак эмасми?
Келинг, шундай имловий хатоларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этсак. Уларни қандай берилган бўлса ўшандай ҳолатда тақдим этдик: 173 ta qushiq, Yoshlar kuchligi 2, Ulugbek Rahmatullaev, Mango Guruhi, Shaxboz va Navruz, Umidsoh Uzbegim, Umidsoh Ft Sabina Umidsohdek bulmaydi, Jasur Gaipov Buldi, Hayolim senda, Jasur Gaipov Bir gap bular, Ummon – Uynagim farishtam, Ummon – Kungil, Ummon – Bum bum, Benom_-_ Yogadi_Yomgir, Benom_Sen_Yiglama _New_Version, Shohruhxon_ft_ Munisa_Rizaeva_Sen_Meni_Keragim, Shohruhxon_-_Yangi_qoshigim, Shohruhxon_-_Qalbim_Yiglar, Lola_-_ Korgim_Kelar, Shaxriyor_-_Isxor...
Бу каби илмоқ учига илинган имловий кемтикликлар кундан-кунга ошса ошяптики, асло камаймаяпти. Бугун ана шундай ачинарли имловий хатолар учрамоқдаки, ҳаттоки саводли инсонлар ҳам уларни кўриб, аслидаям шундаймикан-а, – дея таажжубланиб қолишмоқда. Наҳот бунга ҳеч ким чеклов қўя олмаса?! Нима бўлганда ҳам зийраклик ва ҳушёрликни қўлдан бермасликка уринайлик. Ана ўшанда кўзланган манзилимизга эсон-омон етиб оламиз. Ахир бу ёзма нутқимизга маънавий таҳдид эмасми? Назаримда, имло маданиятини, ёзма нутққа бўлган диққат-эътиборни ошириш мавриди етди.
Лобар КАРИМОВА,
ЎзЖОКУ Сиёсий-ҳуқуқий журналистика йўналиши магистранти
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил